Ўзининг Каломи шарифида ҳалолликни амр қилиб берган, инсонни бекорчиликдан кўра ер юзи бўйлаб ҳалол касб қилишни амр этган, мўмин киши шу ҳалол касби билан ҳам жаннатга кириши мумкинлигини айтган, чунки ўз аҳлини ҳаромдан асраб ҳалол едириб-ичирса, ҳалолдан улғайтириб илм олдирган ота-онага Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб отасига садақаи-жория ўлароқ қолишини мадҳ этган Аллоҳга ҳамд-у-санолар бўлсин. Ўз суннати санияларида касб-ҳунар қилиб биз умматларига энг олий ўрнак бўлган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат ва касб қилишни мерос қолдирган барча пайғамбарларга Аллоҳнинг саломи бўлсин. Барча ёмон ва бемаъни ишлар ҳам аслида бекорчилик ва ишсизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳар бир киши мустақил касб-ҳунар соҳиби бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Касб-ҳунари қайси соҳага оид бўлишидан қатъий назар. Муқаддас динимиз ислом дини ҳам бу муҳим жиҳатни эътиборсиз қолдирмаган. Ўтган барча пайғамбарлар ҳам ўзлари мустақил касб-ҳунар билан шуғулланиб, ўз умматларига ҳалол касб қилиш борасида чиройли намуна бўлишган. Хусусан, Одам алайҳиссалом деҳқон бўлганлар ва шу билан бирга биринчи мураббий хамдирлар. Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни ўрганганлар, Довуд алайҳиссалом моҳир темирчи бўлиб, мустаҳкам совутлар ясаганлар, Мусо алайҳиссалом саксон йил қўй боққанлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам пайғамбар бўлмасликларидан аввал қўй боққан ва тижорат билан шуғулланганлар. Қуръони Каримда ҳалол касб қилиш ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У (Аллоҳ) сизларга ерни хокисор (бўйсунувчи ) қилиб қўйган зотдир. Бас у Ернинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳ) берган ризқлардан тановул қилингиз, (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир”. Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳалол касб ҳақида қуйидагиларни айтганлар: “Мен Маккаликларнинг қўйларини боқар эдим” Имом Бухорий ривояти. “Дарҳақиқат, Аллоҳ касб билан шуғулланувчи кишини яхши кўради”. Имом Термизий ривояти. “Шубҳасиз сизларнинг бирингиз арқон олиб, елкасида ўтин кесиб келиши одамлардан сўрашидан – сўраган нарсасини берсалар ҳам, бермасалар ҳам – яхшироқдир”. Имом Бухорий ривояти. “Ҳеч ким ўз қўли билан ишлаб топган таомдан ҳам яхшироқ таом емаган”. Ибн Можжа, Аҳмад ва Бухорий ривояти. “Ҳалол касб фарздан кейинги фарздир”. Табароний ва Байҳақий ривояти. Пайғамбаримизнинг ўзлари ҳам Шомга икки бор тижорат учун сафар қилганлар. Динимиз касб-ҳунарни қадрлайди ва кишининг ўз қўли билан қилган касбини Аллоҳга яқинлаштирувчи энг афзал ва шарафли амал деб ҳисоблайди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ишламайдиган одамларни учратиб, улардан нега ишламайсизлар деб сўрабдилар. Шунда улар: “Биз Аллоҳга таваккул қиламиз”, – деб жавоб берибдилар. Умар ибн Хаттоб уларга: “Йўқ, ёлғон, Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилувчи киши аввал ерга дон экиб қўйиб, сўнг Аллоҳга таваккул қилади. Ҳеч бирингиз эй Аллоҳ менга ризқ бер дея, ризқ изламай ўтириб олмасин. Ҳолбуки осмондан на олтин ва на кумуш ёғилур” – деб айтган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу камбағалларни садақаларга суяниб ишламай қўйишликларидан қайтариб шундай деганлар: “Эй камбағаллар, яхшиликларда мусобақалашинг, мусулмонларга боқиманда бўлиб қолманг”. Саид ибн Мансур Ибн Масъуддан ривоят қилади, у киши деди: “Мен на дунё ва на охират иши билан машғул бўлмаган бекорчи кишини кўришни ёмон кўраман”. Яна халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен бир кишини кўраман, у менга ёқади, сўнг ундан ҳунаринг борми деб сўрайман. Агар у йўқ деса ўша киши назаримдан қолади” – деган. Демак, динимиз касб-ҳунар эгаллашга, жамиятга фойдаси тегадиган иш билан шуғулланишга катта эътибор берган, бекорчиликни эса қаттиқ танқид қилган ва касб-ҳунар ўрганиш, илм олишга нафақат ундаган, балки буюрган. Бу мақсадга эришиш йўлида ота-она фарзандига боланинг салоҳияти ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда ёшлигиданоқ керакли кўрсатмаларни бериб, илм олиши ва касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериши лозим. Ёшларни бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, ўз касбининг...
Қаноат истеълоҳда ўзига тақдир қилинган нарсага рози бўлишдир. Қаноат иймоннинг мукаммаллигидан ҳамда исломнинг гўзаллигидан далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳим, мени ризқлантирган нарсаларингда қаноатли қилгин ва барака ато қилгин”, дер эдилар. Бундан ташқари Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким иймон келтирган бўлса, етарли ризқи бўлса ва Аллоҳ унга берган нарсага қаноат қилса, батаҳқиқ, нажот топибди”, дедилар. Қаноат саодатни асосидир. Мусулмон агар қаноат ва ризони ҳис қилсагина иймон ҳаловатини топа олади. Қаноатнинг фойдалари жуда кўп. Қаноат билан мусулмон ризо ва саодатга ва яхши ҳаётга етади. Инсон дунё ва уни ичидаги нарсаларни яхши кўришга мойил бўлади. Саодат инсоннинг барча хоҳлаган нарсаларга эришиши эмас, ўзини ҳузуридаги нарсага қаноат қилган инсон ундан бахтлироқ ҳисобланади. Саид ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўғлига: “Эй ўғлим, агар бойликни талаб қиладиган бўлсанг, уни қаноат билан талаб қил. Агар қаноат бўлмаса, мол-дунё сени тўйдирмайди”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким сизлардан қалби хотиржам, танаси соғ-саломат, ҳузурида бир кунлик таоми бўлса, дунё уники бўлибди” маъносидаги ҳадислари бор. Албатта, бу мақомга қаноат қилиш билан эришилади. Яна бир ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло тақводор, бой, холис бандасини яхши кўради”- дедилар. Бу ҳадисда келган “бой” сўзидан мурод – нафснинг тўқлигидир. Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “бойлик- нафснинг тўқлигидадир”, деганлар. Ибн Баттол бу ҳадис борасида шундай деганлар: “Бу сўзнинг маъноси: бойлик аслида молнинг кўплигида эмас. Чунки, Аллоҳ таоло мол-дунё берганларнинг кўпчилиги ўзига берилган нарсага қаноат қилмайди. У янада мол-дунёси кўп бўлиши учун ҳаракат қилади. Унга мол-дунё қаердан келаётганини фарқи йўқ. У инсон ҳирси кучлилиги сабабли, худди, камбағал инсон каби бўлади. Албатта, бойликни асл моҳияти нафснинг тўқлигидадир. Инсон ўзига берилган нарсага рози бўлиб, қаноат қилиши ҳамда мол-дунёга ҳирс қўймагани сабабли, у худди бой инсон кабидир. Ҳадисда “нафснинг тўқлиги” деб сифатланиши Аллоҳ унга ризқ қилиб берган нарсага қаноат қилиши, бирор ҳожатсиз мол-дунёга хирс қўймаслиги ва Аллоҳ таоло унга тақсим қилган нарсага рози бўлишлигидир. Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй бани Одам, Аллоҳ сизга тақсим қилган нарсага рози бўлинг, одамларнинг энг бойи бўласиз” деганлар. Аллоҳ таоло барчамизни қаноатли бандалардан бўлишимизни насиб қилсин! 1-курс талабаси Муниса Маҳмудова 275
Илм талаб қилиш динимиздаги энг муҳим ва аввалги буйруқлардан бўлиб, Қуръондаги биринчи нозил бўлган оят ҳам илмга тарғиб қилиш билан бошланди. Илм ўз соҳибини юқори мартабаларга кўтариб, Роббисини яхшироқ танишга ва У Зотдан қўрқишга олиб боради. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир (Фотир сураси, 28 оят). Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. Муслим ривояти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан: Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”. Абу Умома ал-Бохилий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид, бирлари эса олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олимни обидга фазли мени энг пастларингизга бўлган фазлим кабидир”. Термизий ривояти. Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди: Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким? Илм талаб қилувчи олим. Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм дарё, ҳикмат денгиз, уламолар дарё бўйида айланиб юрсалар, ҳакимлар денгиз ўртасида шўнғиб юрадилар, орифлар нажот кемасида сузиб юрадилар”. Яна дедилар: “Ким ўзини инсонларга имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин. Тили билан одоб беришдан олдин ўз сийрати билан одоб берсин”. Айтиладики – олим бу уммат табиби, дунё эса уммат касаллиги, агар табиб касалликни талаб қилса, бошқаларни қандай даволайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимни ҳалокати икки нарсада, илмни тарк қилиш ва мол дунё жамлаш”. У зотдан амалларни афзали сўралганда шундай дедилар: “Аллоҳ учун илм ўқиш ва динида фақиҳ бўлиш”. У зотга яна савол қайтариб: “Эй Расулуллоҳ сиздан амал ҳақида сўрасам илм ҳақида жавоб бердингиз. Шунда у зот: Илм билан озгина амал сенга фойда беради, жаҳолат билан кўп амал сенга фойда бермайди” дедилар. Айтилади, ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида юқорига кўтарила олмайди. Луқмони Ҳаким ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Уламолар билан ўтир, уларга яқин бўл, Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради”. Шаъбий (роҳматуллоҳи алайҳи) айтадилар: “Кимда икки хислат бўлса бу илмни талаб қилади. Ақл ва тақво. Агар тақволи бўлиб, ақлли бўлмаса, айтадики бу ишга фақат ақллиларгина эришади деб, уни талаб қилмайди. Агар ақлли бўлиб тақволи бўлмаса айтадики: бу ишга фақат тақволиларгина эришади...
Қуръони каримни ёд олган ва унга амал қилган қори Аллоҳ наздида ҳам, жумлайи олам наздида ҳам энг юксак шарафга сазовор инсонлар саналади. Аммо ушбу китобни ёдлаш инсонга бир қатор масъулият ва вазифаларни юклайди. Бир киши Иброҳим Нахаийга: “Мен Қуръонни ҳар уч кунда хатм қиламан (тўлиқ ўқиб тугатаман)“, деди. Шунда Иброҳим Нахаий: “Кошки сен уни ҳар ойда тугатсанг ва ўқиган барча нарсангни англасанг”, деди. Демак, бу гапдан бизга шу маълум бўладики, Қуръонни тадаббур ва тафаккур билан ўқиш лозим. Қуръон ўқувчи учун уни қанча муддатда ўқиб тугатиш муҳим эмас, балки муҳими, оятлар инсоннинг қалбига қандай таъсир қилгани, Қуръоний кўрсатмаларни ҳаётига қай даражада татбиқ қила олганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Сизнинг сочларингиз тез оқарди“, дейилди. У зот: “Сочимни Ҳуд сураси ва унинг шериклари оқартирди“, дедилар. Ҳуд сурасида Қиёмат куни қўрқинчлари, гуноҳкор бандаларнинг ўша кундаги ҳолатлари зикр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳабиби бўла туриб, бу қўрқинчлардан шунчалар таъсирланганлари биздек дунёни охиратдан устун қўйган одамлар учун гўзал ибратдир. Қуръони карим ўқувчи учун Аллоҳ кўплаб фазилатлар, манфаатлар ваъда қилган. Ҳорис Аъвар деди: Менга Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтиб берди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳнинг Китобида сизлардан аввалгиларнинг яхшиси, сизлардан кейингиларнинг хабари, ўртангиздаги ҳукм бордир. У фаслдир (ажратувчи), ҳазил эмасдир. У шундайки, у билан ҳавойи нафслар адашмайди, уламолар ундан тўймайди, кўп тарқалиш ила эскирмайди, ажойиботлари тугамайди.У шундайки, уни тарк этган золимлардандир, Аллоҳ уни ҳалок қилгай. Ким ундан бошқасида ҳидоятни истаса, Аллоҳ уни адаштиргай. У Аллоҳнинг метин арқони, улуғ зикр ва тўғри йўлдир“. Сўнг Али розияллоҳу анҳу деди: “Уни ўзингга лозим тут, эй Аъвар“. Қуръони карим ўзини ёд олгувчига унга амал қилишни вожиб қилади. Салафи солиҳлар илмни амал учун ўрганганлар, илмни амал қилиб олмаганлар, илм олганлари билан фахр-ифтихор туймаганлар. Улар илмни Аллоҳ розилигига етиш, унга холис ибодат қилишга бир восита сифатида кўрганлар. Амал қилинмаган илмни фойдасиз санаганлар. Айниқса, барча шаръий илмлар манбаси ҳисобланган Қуръонга ғоятда кучли эҳтимом билан қараганлар. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бир оят нозил бўлса, биз уни ёдлашдан аввал ҳалол-ҳаромини, буйруқ ва қайтариғини ёдлар эдик“. Аммо таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб, Қуръонни амал учун эмас, инсонлар наздида обрўси ортиши учун ёки тирикчилик учун ёдлаётган инсонлар кўпайди. Набавий ҳадисларда худди шу кун ҳақида башорат қилинган ҳадислар бор: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Албатта забониялар санамларга ибодат қилганлардан кўра Қуръонни кўтарган фосиқларга азобни тезроқ қиладилар. Улар (қорилар) Роббиларига шикоят қиладилар. Шунда У: “Билган одам билмагандек эмас“, дейди“, дедилар. Ва яна У зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинади: “Тез орада умматимда шундай қорилар ўтадики, Қуръонни ўқийдилару, томоқларидан нарига ўтмайди, овдан ўқ чиққани каби диндан чиқиб кетадилар. Улар халойиқнинг энг ёмонларидир“. Аллоҳ барчамизни бундай ҳолатларга тушишдан асрасин! Аслида эса, Қуръони карим бизни дўзахга тушишимизга ҳужжат учун эмас, йўлларимизни ёритиш учун нур, Пайғамбар алайҳиссалом шариатларини тасдиқловчи далил, тиловати ила қалблар хотиржамлик топадиган неъмат сифатида нозил қилинган. Қуръони каримни ёдлаган, кўтарган инсонлар борасидаги энг гўзал гаплардан бирини Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Қуръонни ҳамл қилувчилар 3 хилдир: Биринчиси уни буюм қилиб олиб, бир шаҳардан иккинчи шаҳарга ўтиб, у орқали инсонлар ҳузуридаги нарсаларни талаб қилувчи киши, иккинчиси ҳарфларини ёдлайди-ю, ҳадларини зое қилади, у орқали ҳокимлардан фойдаланади, юртининг аҳолисига у сабабидан такаббурлик қилади. Қуръонни кўтарувчилар орасида бу хилдагилар кенг тарқалгандир, Аллоҳ уларни кўпайтирмасин. Учинчиси шундай кишики, Қуръонни ўқийди, унинг шифоси билан қалбининг касалини даволайди, тунларини бедор ўтказади, кўз ёш тўкади, хушу билан зийнатланади, виқор либосини кияди, маҳзунликни ҳис қилади. Аллоҳга қасамки, Қуръонни ҳамл қилганларнинг бу хили қизил фосфордан ҳам камроқдир.Аллоҳ улар сабабидан ёмғир ёғдиради, нусрат юборади ва балоларни даф қилади“. Барчамизга ана...