islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Тарихдан сўзловчи обидалар

Ватанимиз мустақил бўлгач халқимиз хаёти тубдан ўзгарди. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида тараққиёт ва одимлаш кузатилмоқда. Ҳар қайси соҳага кўз тиксангиз унинг ривожи учун бўлаётган ҳаракатларни кўрасиз. Айниқса мустақилликдан сўнг маънавий қадриятларни қайта тиклаш ва уларни асраш борасида жиддий ва кенг кўламдаги ишлар олиб борилмоқда. Юртимиз азалдан илм-фан ва маданият ўчоғи саналиб келган. Бунинг исботи ўлароқ юртимиздан етишиб чиққан буюк уламоларни эслаб ўтишимизнинг ўзи кифоя. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Замахшарий ва Беруний каби саноқсиз аждодларимиз дунё тамаддунига улкан хиссаларини қўшганлар. Бундай инсонларни юзага чиқарган ўзбек халқи яна шундай зотларни тарбиялаганки улар номи асрлар оша эл, нафақат эл балки бутун дунё ардоғига сазовор. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳриддин Муҳаммад Бобур каби аждодлар илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшиш билан бирга давлатчилик соҳасида ҳам улкан ишларни олиб борганлар. Диний ва маданий соҳаларнинг ривожига салмоқли хиссаларини қўшганлар. Темурийлар давлатчилигига асосчиси саналмиш Амир Темур қилган ишларга назар соладиган бўлсак шунга амин бўламизки, дунё цивилизациясини бизнинг тарихимизсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ана шундай буюк боболардан бизга мерос қолган, тарихимизнинг буюклигидан дарак бериб турувчи қадимий обидаларимиз, замонлар оша қадди букилмай келаётган муҳташам иншоотларимиз бизнинг қалбимизда янада улкан фахр ҳиссини уйғотади. Бу обидалар халқимизнинг маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутади. Уларга назар солган инсон аждодларимизнинг  муҳандислик  қобилиятларига яна бир бор таҳсинлар айтади. Масжид ва мадрасалар, турли илмий муассасалар ва ҳашаматли саройлар инсон ақлини лол қолдирадиган даражада мухташам ва ҳайратланарлидир. Биргина Бухоро шаҳрининг ўзида жуда кўп мана шундай биноларга кўзингиз тушиши мумкин. Хусусан, Пои Калон меъморий мажмуасини бир қисми саналмиш Масжиди Калонни айтишимиз мукин. Масжид  Самарқанддаги Бибихоним масжидидан кейин Ўрта Осиёдаги иккинчи энг катта масжиддир. Масжиднинг усти очиқ йирик ҳовлиси, унинг ажойиб пештоқлари, усти ёпиқ айвонлари кишида унутилмас таассурот қолдиради. Мажмуанинг яна бир бетакрор ва беназир биноси бу Мир Араб мадрасасидир. Бу мадраса собиқ шўролар даврида ягона фаолият юритган ислом билим юртидир. XII аср меморчилик санъати бўлган Калон минораси ҳам шулар жумласидандир. Шаҳарнинг марказида Лаби Ҳовуз жойлашган бўлиб, униг атрофида бир қатор обидалар, жумладан Кўкалдош мадрасаси, Нодир Девонбеги мадрасаси ва хонақоси қад рослаган. Бу мажмуалардан илгарироқ, яъни X асрда қуриб битказилган Исмоил Сомоний мақбараси Бухородаги энг қадимий ва энг чиройли ёдгорликлардан биридир. У хозирги вақтда ҳам аввалгидек чиройли кўринишга эга. Мустақилликдан сўнг миллий қадриятларни тиклаш ва тарихий-меъморий обидаларни асраш мақсадида Масжиди Калон, Чорбакр, Арк қалъаси каби Бухорода жойлашган қатор обидалар таъмирланиб асл қиёфасига келтирилди.  Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳлари обод этилди. Бундай қадимий ва муқаддас биноларни Самарқандда ҳам минглаб топиш мумкин. Буларнинг барчаси бутун оламга бизнинг шонли тарихимиздан дарак бериб турибди. Юртимизнинг бу икки шаҳри ҳақида Самарқанд сайқали рўйи замин аст Бухоро қуббати исломи дин аст. деб мадҳ этилиши бежиз эмас.  Ислом дунёсини ҳамиша ўзига чорлаган ва уларга ўз истакларини тақдим этган Бухоро, Самарқанд “очиқ осмон остидаги музей”, дея тарифланган. Хива ва уларнинг асрлар оша кўркига кўрк, ҳайбатига ҳайбат қўшиб келаётган муҳташам обидари хусусида ҳар қанча таъриф ва мақтовлар кам. Асосийси, биз буюк аждодларнинг авлодлари эканимизни, уларга муносиб издошлар бўлишимиз зарурлигини доимо ёдда тутишимиз ва бунга муносиб тарзда интилишимиз даркор. Тошкент Ислом институти битирувчиси Шоҳ Мирзо Иброҳимов 433

ЎЗБЕК ТИЛИ

Мозийлардан бергайдир хабар, Битикларни ўқисак агар. Неъмат ичра мисоли шакар, Ўзбек тили – бобомнинг тили, Ўзбек тили – момомнинг тили.   Гўё ипга тизилган маржон, Шодасинда топилмас нуқсон. То қиёмат қолгайдир омон, Ўзбек тили – отамнинг тили, Ўзбек тили – онамнинг тили.   Олам аро порлар зиёси, Танҳо эрур, йўқдир қиёси. Аждодларнинг теккан дуоси, Ўзбек тили – инимнинг тили, Ўзбек тили – синглимнинг тили.   Юзимизда чеки йўқ сурур, Қалбимизда ўзгача шуур. Хитоб қилсак топгаймиз ҳузур, Ўзбек тили – оғамнинг тили, Ўзбек тили – тоғамнинг тили.   Шоирлари шеър битган ёниб, Ишқ жомидан ичгандир қониб. Фарзандимиз қолмасин тониб, Ўзбек тили – холамнинг тили, Ўзбек тили – боламнинг тили.   Эркин ҚУДРАТОВ, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, Тошкент Ислом институти Махсус сиртқи бўлим 1-курс талабаси 365

Тақводор ўғри

У илмни то насибасини олгунигача излади. Шайх унга ва уни дўстларига: “Инсонлардан баландда бўлманглар, албатта олим модомики қўлини дунё матоҳларига чўзар экан, унда яхшилик йўқдир. Ҳаммангиз боринг ва отангизни касби билан шуғулланинг, бунда Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Ўша йигитлардан бири онасини ёнига бориб отаси қайси касб билан шуғуллангани ҳақида сўради. Онаси ажабланди ва: “Отанг Аллоҳнинг ҳузурига кетган бўлса уни касбини сўраб нима қиласан. Бориб бошқа касб топ, отангнинг ишини қўй”, деди. Боласи мажбурлайвергач, отасининг касби ўғрилик бўлганини хоҳламайгина айтди. Ўғли унга: “Шайхимиз бизни отамиз қилган барча ишни қилишга ва бунда Аллоҳдан тақво қилишга буюрдилар”, деди. Онаси оҳ тортиб юборди ва ўғрида қандай қилиб тақво бўлиши мумкинлиги айтиб ўкинди. Бола ғафлатда эди ва: “Шайхим шундай деган”, деди. Сўнг кетди ва ўғрилар ўғрилик қилишда қўллайдиган усуллар ва ўғрилик йўлларини ўрганди. Ва илк ўғрилигига киришди, ҳуфтон намозини ўқиди ва инсонларни уйқуга кетишларини кутди. Ва отасини касбини шайхи айтганидек тақво билан қилиш учун чиқди. Ён қўшнисидан бошлади, бирдан шайхининг тақво билан қилинг, деган гапи ёдига тушди ва қўшнига озор бериш тақводан эмас деб, кейинг уйга ўтди ва ўзига ўзи айтди: “Бу етимларнинг уйи бўлса, Аллоҳ уларни молларидан ейишни ман этган”. Йўлида давом этди, бой тижоратчининг уйига бориб тўхтади. Бойнинг биттагина қизи бўлиб, одамлар уни ҳожатидан ортиқ моллари кўплигини билар эди. Ва шу уйга киришга қарор қилди. Эшикни очди ва ичкарига кириб кенг уйларни, кўп хоналарни кўрди, моллар турадиган жойни топгунча уйда айланди. У ердаги олтинлар ва кумушларга тўла сандиқни очди. Энди олмоқчи бўлиб турганда шайхининг гапи ёдига тушди ва бу тижоратчи ҳали закотини адо қилиб улгурмаган бўлса-чи, деган хаёлга борди. Бойнинг дафтарини олиб ўзи билан олиб кетган кичик фонарни ёқди ва ҳисоблай бошлади. У ҳисобга жуда моҳир эди. Ҳисоблаб бўлгач, закот учун ажратилган пулларни бир четга олиб қўйди, ҳисоблашга шунчалик киришиб кетганидан вақт ўтганини сезмай қолди. Қараса, бомдод вақти бўлибди. Тақво қилиб аввал намоз ўқийман, деб ҳовлига чиқиб таҳорат қилди ва намозга иқома айта бошлади. Уй эгаси уни эшитиб чиқди, ҳайратда лол қолди. Фонар ёқиқлиги учун сандиқ очилганини кўрди ва: “Сен кимсан?”, деди. Ўғри эса: “Аввал намоз кейин калом”, деди. Таҳорат қилиб кел бирга намоз ўқиб олайлик, уй эгаси имомлик қилиши керак”, деди. Уй эгаси унда қурол бўлса-чи деган ҳадикда айтганини қилди. Аллоҳ билади қандай намоз ўқиганини. Намоз тугагандан сўнг ўғридан кимлигини ва нима қилаётганини айтишини сўради. У ўғрилигини айтди. Бой эса дафтарини нима қилганини сўради. Ўғри унга олти йилдан буён чиқармаган закотини ҳисоблаганини ва жойига қўйиш учун ажратиб қўйганини айтди. Тижоратчи эсидан айрилай деб: “Бу нима деганинг, жинни бўлганмисан?”, деди. Ўғри ҳаммасини айтиб берди. Тижоратчи унинг гапларини эшитиб бўлгач унга яхшилаб назар солди ва уни чиройли ва ақлли эканини кўрди. Хотини ёнига бориб бўлган воқеани айтиб, қайтиб ўғрини олдига келди ва: “Сенга қизимни никоҳлаб берсам, ўзингни эса шахсий ҳисобчим қилиб олсам, нима дейсан? Онанг биз билан шу ерда яшайди”, деди. Ўғри рози бўлди, тонг отгач гувоҳлар чақирилди ва никоҳ аҳди боғланди. Али Тантовийнинг “اللص التقي” номли ҳикояси Арабчадан Тошкент Ислом институти талабаси Робия Маннобжонова таржимаси 409

“Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак”

Кишининг фаолияти ғоя билан суғорилмаган бўлса, қупқуруқ ва ғарибдир. Н. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Агар сенга ғоя ёқиб қолса, ундан руҳлан. Чунки Инсонда руҳланиш қобилияти бўлиши керак. Э. ТEЛМАН Зарур бўлганда жон фидо этмаган кишини оқил дейиш хато. Г. БИЧEР Олижаноб ғояларсиз инсоният яшай олмайди. Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ Одамзод бахти учун ҳамма нарсадан воз кечишга ўргатадиган ажиб ғояларни кишиларга сингдириш буюк санъатдир. СТEНДАЛ Инсониятнинг бутун мақсадлари, бутун меҳнатлари муҳаббатсиз нимага ҳам арзирди? М. Ю. ЛEРМОНТОВ Ғоядан қўрққан одам бора-бора ўз тушунчасини ҳам йўқотади. ГЁТE Инсонда изчил ва онгли эътиқод, фақат ё жамият таъсири остида ёки адабиёт ёрдамида ривожланиши мумкин. Н.Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Тирик жон кучли эътиқодга эга бўлмаслиги мумкин эмас… Эътиқодсиз кишиларгина эътиқодни амалга ошира олмайдилар; калтафаҳм одамлар ёки виждонсиз одамларгина эътиқодсиз бўладилар. Я. Г. ЧEРНИШEВСКИЙ Ғояни фойдали деб эътироф эта туриб, лекин ундан фойдалана билмаслик ҳам мумкин. ГЁТE Ўз эътиқодингни айтмоғинг учун журъатли бўлишинг керак. Я. М. СEЧEНEВ Ҳар бир киши ўз эътиқодини ҳимоя қилиши учун мард бўлиши керак. А. ГУМБОЛДТ Эътиқод ўзимизники бўлгани учун эмас, балки ҳаққонийлиги учунгина қимматлидир. В. Г. БEЛИНСКИЙ Ҳар қандай қатъий эътиқодларимиз ҳам билимларнинг янада юксалиши туфайли улоқтириб ташланиши ёки жуда бўлмаганда ўзгартирилиши мумкин. Т. ГЕКСЛИ Фақат тентаклар ва мурдаларгина ҳеч қачон ўз фикрларини ўзгартирмайдилар. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқод ўз табиатига кўра фаолсиз маънавий бойлик бўлолмайди. В. А. СУХОМЛИНСКИЙ Агар эзгу ишларга бошламаса, энг зўр маънавий истаклар ҳам уч пул. Ж. ЖУБEР Инсоннинг энг юксак хоҳишлари, ғоялари, ниятлари ва туйғулари кундалик ҳаётда ўз бурчини кўнгилдагидек бажаришга уни ундамаса, сариқ чақага ҳам арзимайди. Г. БИЧEР Ҳаётини ўз эътиқодига бағишлаган одам янги металлни ихтиро этган ёки янги газни топган тадқиқотчига қараганда ҳам инсониятга кўпроқ хизмат қилган бўлади. Ж. ЛОУЭЛЛ Эътиқодсиз одам нотавон, ҳар бир аъмоли йўқ одам ғариб кимсадир. Я. Е. РEПИН Жиддий одамнинг ғоялари кўп бўлмайди. Ғояси кўп одам ҳеч қачон жиддий бўлолмайди. П. ВАЛEРИ Салгина эпкинга ҳам айланаверадиган онгсиз пирпиракка ўхшамаслик керак. Ж. ЛОНДОН Менинг эътиқодларим юрагимнинг урушига қараб ўзгараверса, унда ҳолимга вой. Ф. ШИЛЛEР Биринчи учрашган кимсага ёқиш учун ўз фикрини дарров ўзгартираверадиган одамни биз бўлмағур, пасткаш, ҳеч бир ихлоси йўқ одам деймиз. Н. А. ДОБРОЛЮБОВ “Маърифат гулшани” китоби асосида тайёрланди “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчи Пўлатхон Каттаев   451

Зикр фазилатлари

Зикр – Аллоҳ таолонинг қудрати, неъматлари ва атроф оламга ибрат назари билан боқиб Буюк Яратувчини ёдга олишдир. Қуръони каримда Аллоҳ таолони зикр қилишга алоҳида буйруқ келган: فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ «Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман», (Бақара сураси, 152-оят). Аллоҳ таолони эслаш – зикр қилиш У зотга бўлган муҳаббат белгиси, бахту-саодатнинг боши ва асосидир. Зикрнинг фазилатлари шунчалар кўпки, уларни санаб адоғига етолмаймиз: Зикр – Аллоҳ розилигига эришишнинг воситасидир; Зикр – шайтонга зарба бўлиб, унинг кучини заифлаштиради; Зикр – қалбдаги ғам-ташвишларни кетишига сабаб бўлади; Зикр – ожиз бандага қувват бағишлайди; Зикр – қалб ва юзнининг нурли бўлишига сабаб бўлади; Зикр – ризқнинг мўл бўлишига сабаб бўлади; Зикр – қалбни ғафлатдан уйғонишига сабаб бўлади; Зикр – гуноҳ ва маъсиятлар ўчирилишига сабаб бўлади; Зикр – Аллоҳнинг сакинати ва раҳмати тушишига сабаб бўлади. Зикр – қалбдаги хавотирлар кетишига сабаб бўлади; Зикр – турли тил офатларидан ва бекорчи сўзлардан узоқда бўлишга сабаб бўлади; Зикр – дунё ва охират саодатига эришишга сабаб бўлади. Зикрнинг бундан бошқа биз билган ва билмаган фойдалари, фазилатлари бисёрдир. Зеро, кимгаки Аллоҳ зикр қилувчи тил,  уйғоқ қалб, теран фикр ато қилган экан унга кўп яхшиликни ато қилинган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни зикр деб аталмиш неъматда бардавом қилсин! 3-курс талабаси Ниёзалиева Мунаввар 548
1 187 188 189 190 191 230