Дуо луғатда, “илтижо”, “ўтинч” каби маъноларни англатади. Истилоҳда банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган Аллоҳ таолога изҳор қилиб, манфаатларни жалб қилишни ва зарарларни даф қилишни сўраши дуо деб аталади. Дуо мусулмон кишининг ҳаётида ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган улкан ибодат ҳисобланади. Бу ибодатнинг қанчалар катта аҳамиятга эга эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай баён қилганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهَ وَسَلَّمَ قَالَ: « لَيْسَ شَىْءٌ أَكْرَمَ عَلَى اللَّهِ تَعَالَى مِنَ الدُّعَاءِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога бирор нарса дуодан кўра қадрлироқ эмасдир”, дедилар”. Термизий ривоят қилган. Чунки дуо қилувчи ўзининг ожизлигини ва Аллоҳ таолонинг барча нарсага қодирлигини эътироф этаётган бўлади. Шунинг учун мўмин киши доимо дуога ҳаракат қилиши лозим бўлади. Шунингдек, банда фойдали нарсаларга эришиш ва зарарли нарсалардан сақланиш учун имкониятидаги зоҳирий сабабларни яъни сабабият қонунларини юзага чиқаришга уриниши лозимлиги ҳам шариат талаби ҳисобланади. Демак, имкониятидаги сабабият қонунларини юзага чиқариш ҳам, ортидан дуо қилиб натижани Аллоҳдан сўраш ҳам шариатнинг талабидир. Шу маънода сабабият қонунлари ва дуонинг бир-бирларига алоқасини уч турга ажратиш мумкин: Сабабларга суяниб дуони тарк қилиш , беодобликдир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлган деҳқон ерини шудгорласа, уруғларнинг яхшисини танласа, экинларини ўз вақтида суғорса, қўйингки мўл ҳосил олишга сабаб қилиб қўйилган барча нарсаларни амалга оширса-ю, дуога бепарво бўлса, мўл ҳосилни фақатгина тайин қилиб қўйилган сабаблар яратади, деган ваҳм юзага келиб қолади. Бу эса барча нарсаларнинг тадбиркори бўлган Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик бўлади. Сабабларни юзага чиқаришга уринмасдан дуо қилиб ўтириш шариатни тушунмасликдир. Масалан, модомики, мўл ҳосил Аллоҳ таолонинг бериши билан бўлар экан ҳосилга сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш ўрнига У зотга дуо қилишга “зўр бериш” керак, бу ёғи Аллоҳга таваккул, деган тушунчада бўлиш шариатнинг кўрсатмаларини тушунмаслик бўлади. Чунки дуо қилишга буюрган шариат, сабабларни юзага чиқаришга ҳам буюргандир. Бу ҳақда Саҳл Тустарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ажойиб сўзлари бор: “Кимки ҳаракатни (сабабларни рўёбга чиқаришни) ҳақир санаган бўлса, суннатни ҳақир санаган бўлади, кимки таваккулни ҳақир санаган бўлса, иймонни ҳақир санаган бўлади. Таваккул Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидир, касб (сабабларни рўёбга чиқариш) у зотнинг суннатларидир. У зотнинг ҳолларига амал қилган киши асло суннатларини тарк қилмасин”. Сабабларни юзага чиқариб натижани Аллоҳдан сўраш шариат талабидир. Масалан, мўл ҳосил олмоқчи бўлганларга аввал мўл ҳосил олишнинг сабабларини юзага чиқариш, сўнгра мўл ҳосилни Аллоҳ таолодан сўраш шариат талаби ҳисобланади. Демак, дуо қилувчи сабабларга суяниб ҳам қолмайди, уларни бекорга ҳам чиқармайди, балки имкониятида бор сабабларни бажариб, натижани Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб боради. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 416
Ўзбекистонимизнинг ҳар бир хонадонида ўғил фарзанд ёки набира кўрсам, “Хатна” қилдираман ва “Суннат тўй” қилиб, халққа дастурхон ёзиб, қўни-қўшни, ёр-биродарларга ош бераман, деган орзуси бўлмаган киши бўлмаса керак. Халққа ош бериб, дуосини олиш яхши, албатта. Боланинг келажаги порлоқ бўлишини Аллоҳдан сўраб, одамларнинг дуоларини олишнинг нимаси ёмон ахир? Бу тўйнинг нега “Суннат тўй” деб аталганининг сабабини ҳамма ҳам билавермаса керак, менимча. Буни халқ ичида яна “Чукрон тўй”, “Чупрон, Чипрон тўй”, “Хатна тўй”, деган номлари ҳам бор. Бунинг сабаби қуйидагича: Ана ўша биз “Суннат тўй”, “Хатна тўй”, “Чукрон тўй”, деганларимизнинг асли битта. Фарзанд берганига “Аллоҳ таоло берган фарзандни дастлаб бобомиз Иброҳим алайҳиссалом бошлаб берган, Исломнинг шиорларидан бири бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ҳам умматига амалий суннат бўлган “Хатна” суннатини бажариб (йигит-қиз гўдакнинг аврат аъзосидаги кесилиши керак жойини кестириб), бир суннатга амал қилишни насиб қилганига шукрона тарзида яқинлар ва камбағалларни шодликка шерик қилиш ниятида қилинадиган зиёфатдир. Араб тилида уни “Азира” дейилар экан. “Суннат тўй” дейилишига сабаб шуки, бу зиёфат “Хатна” деган суннат ишни бажаргандан сўнг қилингани учундир. “Чукрон” эса “Шукрон” яъни шукрона тарзида деган сўзнинг бузилган шакли. Ҳар жой ўз шевасида турли айтади. Бу хатна муносабати билан зиёфат қилиш ўзи аслида Ибн Умар ва баъзи саҳобаларнинг суннати, одати, қилган ишларидир: Солим розияллоҳу анҳу: “Мен ва Нуаймни Ибн Умарнинг ўзлари хатна қилган ва бизга бир қўчқор сўйган. Мен Ибн Умарнинг бизни номимиздан қўчқор сўйганидан болаларга ўзимча қувониб, шодланиб юрганман” (Бухорий ривояти). Демак, суннат тўй яъни хатна муносабати билан қўй сўйиб, зиёфат бериш Пайғамбаримизнинг суннатлари эмас, балки баъзи саҳобаларнинг одатлари экан. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ўзлари эса набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳунинг номларидан битта қўй сўйиб “Ақийқа” қилганлар! Демак, “Ақийқа” билан “Суннат тўй” бир-биридан фарқли амаллар экан. Диққат! Бу “Суннат тўй” умуман суннат, вожиб ёки фарз иш эмас. Юқорида айтилганидек, баъзи саҳобаболарнинг бола хатна қилинганда қиладиган зиёфат, шодёнани нишонллаш одатлари. Унинг номи суннат, уни олдидан қилинадиган хатна (кестириш) амали суннат. Зиёфати суннат эмас, ихтиёрий амал! Қилинганда ҳам гўдакнинг отаси бировга оғирлиги тушмаган ҳолда қила олса қилади. Қайнота-қайноғасига солиқ солиш эвазига қиладиган бўлса, бидъат-у хурофот, зулм ишни қилган бўлиб, гуноҳкор бўлади. Хулласи калом суннат тўй у ёқда турсин, ҳатто ақиқа ҳам ҳеч қачон қарз олиб ёки келиннинг отасининг бўйнига қўчқор ё новвос ёки тойчоқ олиб келишни юклаб, қуда бечоранинг ёстиғини қуритиш эвазига қилинмайди! Бордию, шундай зулм қилинса ёки миллийлик унутилиб, “оммавий маданият” га мансуб урф-одатлар ва европача турли номаъқул ишларни қилиб туриб, яна уялмасдан буни “Ақийқа” ёки “Суннат тўй” деб аталса, бу иш суннат эмас, балки суннатга нисбатан очиқ туҳмат бўлиши аниқ эмасми, азизлар?! Чунки суннат дейиш – шу ишни Пайғамбаримиз қилганлар, деб У зотга бўҳтон ва уйдирма қилиш бўлади, Аллоҳ сақласин. Биздаги ҳолат: Шукрки, бугунга келиб, халқимиз анчагина ўзлигига қайтиб, тўй-маъракалардаги ҳамма ишини суннат ва миллийликка мос қилишга ҳаракат қилаётганлар сони ортмоқда. Лекин никоҳ, суннат тўй, бешик тўй борасида тўлалигича ўзликка қайтиб улгурдик, деёлмаймиз. Биргина мисол суннат тўй. Худо кўрсатмасин, турмушга берган қизи бош фарзандини ўғил туғса, отаси ва ака-укалари бечораларнинг шўри қурийди. Қизнинг акаси жиянимнинг суннат тўйига новвос олиб боришим керак деб, бечора ўзи ўттиз ёшга қараб кетаётган бўлса ҳам уйланолмай, эзилиб юраверади. Водийда новвос олиб...
Билгинки, инсондаги энг шарафли нарса –ҚАЛБДИР! Зеро, у Аллоҳни танувчи ва У Зотга интилувчи оламдир. Аъзоларинг қалбингнинг истак ва буйруқларига гўё қул ҳожасига хизмат қилганидек бўйсуниб, хизмат қилади. Агар аъзоларингни сақлашни истасанг қалбингни поклашга кириш! Кимки қалбини таниса Раббисини танийди. Минг афсуски, кўплар калбларини танимаслар. Зеро, қалбни, унинг сифатларини ва касалликларини таниш диннинг асли ва пиру-муршидлар йўлларининг асосидир. Билгинки, қалб бир бўлак бўлиб, агар у соғлом бўлса бутун бошли бадан соғлом бўлади. وعن النعمان بن بشير رضي الله عنهما قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول ((أَلا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ, وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ, أَلا وَهِيَ الْقَلْبُ)) Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинг! Жасадда бир бўлак гўшт борки, агар у соғлом бўлса жасад тўлиқ соғлом бўлади. Агар у айниса бутун жасад айнийди. Ана ўша нарса қалбдир”. Бухорий ривояти. Қалб арабча сўз бўлиб “айланмоқ”, “ағдарилмоқ”, “тўнтарилмоқ” маъноларини англатади. Ҳақиқатдан ҳам, қалбимиз доимо ўзгарувчандир. أم سلمة رضي الله عنها عندما سُئِلت عن أكثر دعائه إذا كان عندها قالت: كان أكثر دعائه: ”يا مقلب القلوب ثبت قلبي على دينك“ Умму Салама розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганларида Расулуллоҳ алайҳиссалом қайси дуоларни кўпроқ айтганлари ҳақида сўралганларида: “Расулуллоҳ: “Эй, қалбларни айлантириб турувчи Зот! Қалбимни динингда собит қилгин”,-дуосиникўпроқ айтардилар, дедилар. Термизий ривояти. Бошқа ҳадиси шарифда эса: “اللهمّ يا مصرّف القلوب صرّف قلوبنا على طاعتك“ “Ё, қалбларни йўналтирувчи Аллоҳим! Қалбимизни тоатинг(йўли)га йўналтиргин”,-дейилади.Муслим ривояти. Билгинки, Аллоҳ ундан ўзгаларга боғланган ҳамда ундан ўзгалар ташвишида бедор бўлган қалбларга Ўз муҳаббатини жойламас. Аксинча, Парвардигор Ўзига муҳтожликни бойлик деб билган, Усиз беҳожатликни муҳтожлик деб билган, У сабаб хорликни азизлик деб билган, Усиз азизликни хорлик деб билган, У сабаб қийинчиликни роҳат деб билган, Усиз роҳатни азоб деб билган қалбни муҳаббатига макон этиб танлайди. Билгинки, қалблар орасида фақатгина “қалби салим”[1] ўз эгасига қиёмат кунида фойда беради. Аллоҳ таоло шундай дейди: يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)”. Шуаро сураси, 88, 89. Билгинки, қалб гуноҳлар сабабидан қаттиқлашиб бораверади. Қалб қаттиқлашиб, қорайиб боргани сари қалб кўзи ҳам шунга яраша хиралашади ва охир оқибатда ожиз бўлиб қолиши мумкин. Билгинки, қалб ўрнашадиган олтита манзиллар бор. Уларнинг учтаси олий ва учтаси қуйи манзилладир. Қуйи манзиллар: 1) Қалб учун безаниб турувчи ДУНЁ; 2) Қалб билан доим сўзлашувчи НАФС; 3) Қалбни васваса қилувчи ДУШМАН. Олий манзиллар: 4) Ҳақни танитувчи ИЛМ; 5) Тўғри йўлга бошловчи АҚЛ; 6) Ибодат қилинадиган ИЛОҲ. Қалбингни танишга муваффақ бўлганингдан кейин уни унга киришга ҳаракат қилувчи ва эгаллашни хоҳловчи душманлардан ҳимоя қилишга бор кучингни аямагин. Қалб қасрини душманлардан ҳимоя қилиш унинг қуйида номлари зикр қилинадиган учта дарвозасига соқчи қўйиш орқали бўлади. Улар: Ҳасад дарвозаси; Риё дарвозаси; Кибр, ўз-ўзидан ажабланиш дарвозаси. Аллоҳ ҳаммамизни қалбимизни нопокликлардан Ўзи сақласин! Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Бидоятул Ҳидоя” асари асосида “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Жаҳонгир Убайдуллоҳ тайёрлади 370
Бирор мақола ёзиш иштиёқида хонамга кирганимда, хаёлимга ҳа деганда арзирли мавзу келавермади. Ҳайрон бўлиб у ёқ-бу ёққа аланглаб, бирдан девордаги тақвимга кўзим тушди-ю, мавзуни топдим: “Биринчи январ[1]!”. Сизнинг оилангизда “1 январ” ҳар доимги бошқа кунлардек ўтиб кетаверадими? Йўўғ-е! Ахир, унинг кечасида бир йил тугаб, тонгида бир йил туғилади-ку! Сафарга чиққан йўловчи маълум бир масофани босиб ўтгач, отининг аравасини узиб, бироз ҳордиқ чиқариш мақсадида юришдан тўхтайди-да, сал чарчоғи чиққач, қанча йўл босиб ўтганини билиш учун ортига, яна қанча йўл юриши кераклигига қизиқиб олдига бир обдон қараб қўяди. Тижорий йили якунига етиб қолган савдогар тарозисини тиклайди-да, қанча фойда қилиб, қанча зарар кўрганини билиш учун кирим-чиқимларини ҳисоблайди. Бу (1 январ) ҳаёт йўли узра сафаримиздаги янги бекат (остановка)дир. Умрнинг яна бир йили қўлдан кетмоқда. Келинг, кўзимизни каттароқ очиб, бироз тафаккур қилиб, ўтмишимизни хотирлаб, ўзимизни ҳисоб-китоб қилиб, ибрат олсак нима дейсиз? Арзирли таклиф-а? Бугун биз 2016 милодий йилнинг 1 январида турибмиз. Тонгда қарасак, бу кун кўзимизга жуда узундек туюлади ва унда хоҳлаган ишимизни қила оламиз, хоҳласак, дунёмиздан ҳузурланиб, ўйнаб-куламиз, охиратимзга ҳам хоҳлаганча керакли озуқаларни олиш имконимиз бор деб ўйлаймиз. Лекин буларнинг ҳеч бирини қилмасдан кунни ўтказиб, кечкиргач эса энди ундан умуман фойдалана олмаймиз, ҳузурланишга иложимиз қолмайди. Кунларни биз учун абадийликка берилган деб ўйлаб, унинг дақиқаларини исрофгар молини ўринсиз сарф этгани каби исроф қиламиз, соатларини беҳуда ўтказамиз, қўлдан бой бермагунимизча уни топа олмаймиз, яъни борлигида қадрига етмаймиз. Ўтиб кетганидан сўнггина уни бизга берилган катта неъмат эканини англаб етамиз. Ҳа, кунлар бошланди дегунча, ўтади-кетади. Сўнг ҳаргиз ортга қайтмайди. Ҳозир 2015 йилнинг 1 январини бир эслаб кўринг-а! Уни ҳам кутиб олаётганимзда жуда узун, ҳали унда кўп яхшиликлар қилишга улгурамиз, деб ўйлаган эдик. Қани энди ўша “1 январ”, бугун қаерга кетди? 2014 йилникичи? Биз кўрган, бизни доғда қолдириб кетган олдинги “1 январ”ларчи? Қаерда қолди улар? Улардан нима қолди қўлимизда? Йил ўтиб, кетидан бошқаси келаверади. Кимда-ким қайсидир йилда яхшилик қилолмаса, кейингисида қилаверади. Кундузи яхшилик қилолмай қолсангиз, унинг ўрнига тун бор, ана, унда яхшилик қилиб қолинг. Кетма-кет мавсумлар… Бирини бой бериб, экин эка олмасангиз, кейингисида экишга ҳаракат қилинг. Биринчи чорак имтиҳонидан ўта олмасангиз, иккинчи чоракда ўзингизни намоён қилиб, ўтиб олиш имконингиз бор ҳали… Тўғри, тирик экансиз, бугунингизга эрта, эртангизга индин (кейинги кун) ўринбосар бўлаверади. Аммо сиз ўзингизни қачонгача тирик туришингизни биласизми, дўстим?… ********************************** Йил ўтаверади. Сиз ўзингизча унда яшаб, умргузаронлик қилдим, деб ўйлайсиз-у, лекин аслида СИЗ УНДА ЯШАМАДИНГИЗ, ЎЛДИНГИЗ! Бу сўзимдан ҳайратланмай туринг, мана, ҳозир мисол билан исботлаб бераман: Сиз ўзининг бир ойлик таътилини олиб, дам олишга чиққан ишчисиз гўё. Таътилнинг ўн куни ўтгач, йигирма кун қолади. Йигирма кундан сўнг бир ойлик таътил унга энди ўн кунга айланади. Бир ой бўлгач, таътил тугайди-да, умуман таътил бўлмагандек, ҳеч гап йўқ-да. Яъни таътил ҳам ўша таътилга чиққан ойи тугаши баробарида тугаб тамом бўлди, ўлди гўё, у ҳам. Сизнингча мен фалсафани ҳам жуда оширвордим-а? Йўқ, адашасиз, қасамки, мен воқеъликни, ҳаётни гапиряпман холос. Ҳар қачон биримизнинг умри саноқда бир йилга ошса, ҳақиқатда, аслида эса бир йилга камаяди. То умр тугаб, ажал келади ва биз энди “ЎЛИМ” билан бошланувчи янги ҳаётни қарши оламиз. “Дил сўзлари” деган китобимни очиб, йигирма саккиз йил илгари 1988 йилнинг бошларида “Рисола”...
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кунини, хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган кишисини улуғ қилади. Ақлли бандалар Аллоҳ улуғ деб тайинлаган кимса ва нарсаларини улуғ деб билишлари лозим. Инсонлар ичидан пайғамбарларни улуғ қилди. Шу ўринда нима учун Аллоҳ пайғамбарларни «Саййид»лар, яьни улуғ зотлар қилиб танлаганини ҳам билиб қўйишимиз керак. Аллоҳ таоло лутфи карами билан барча пайғамбарларни гуноҳлардан сақлаган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, охири Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарлар Аллоҳнинг динига тўла-тўкис амал килиб, бутун инсониятга намуна ва ўрнак бўлганлари, қалблари мусаффо ғиллу ғишлардан, гина-ю кудуратлардан холи бўлиб, катта-ю кичик, бою-камбағал, яхши-ю ёмон демасдан ҳаммага бир хил муносабатда бўлиб, Аллоҳнинг ҳақ динини инсонларга мукаммал равишда етказганлари сабабидан улуғланганлар. Шу пайғамбарлар ичида янада улуғроғи Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида одам боласини саййиди менман. Барча инсонлар тириладиган қиёмат кунида биринчи бўлиб қабрдан бош кўтариб чиқувчи, биринчи бўлиб шафоат қилувчи, биринчи бўлиб шафоати қабул қилинувчи ҳам менман. Бу билан фахрланиш йўқдир”, деганлар. Изоҳ: “Фахрланиш йўқ” дейилгани. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни мартабаларини дунёю охиратда юқори қилишига қарамай, кибрланмасдан ва гердаймасдан ўзларини камтар тутиб фахрланиш йўқ, деганлари барча инсонларга ўрнак ва намунадир. Бу сўзлашув услубида айтиладиган “мақтаниш эмаску…, мақтанмоқчи эмасман…”, деган иборага тўғри келади. Имом Муслим ривоят қилган «Риёзус солиҳийн» китобининг 345-рақамли ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, мусулмонлар! Хонадоним ҳақида Худони ёдларингизга солурман”, дедилар. Зайд ибн Арқамдан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ким?” деб сўралганда, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин садақадан маҳрум этилганлар, яъни садақа ейиши мумкин бўлмаган зотлар”. “Улар кимлар?” дейишганда: “Али, Ақил, Жаъфар ва Аббосни авлодлари” дейилди. Ушбу китобдаги Имом Бухорийдан ривоят қилинган 346-рақамли ҳадисда: Абу Бакр Сиддиқ: “Эй, мусулмонлар! Аҳли байт ҳақида Расулуллоҳни ҳурмат қилинглар”, деганлар. Яъни аҳли байт билан муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам риоясини қилиб, уларни улуғлаб, ҳурматларини жойига қўйинглар. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси 33-оятида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонлари ҳақида: إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا “Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос”, деб марҳамат қилган, яъни Пайғамбар хонадони Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Уни кўп зикр қилишлари натижасида гуноҳлардан покланиб, улуғлик даражасига эришганлар. Пайғамбар авлодлари “саййид” дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 3-жуз). Айрим ўзбеклар орасида саййидларни тўралар ҳам дейилади. Саййидларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтганларидек, ўзларига садақани ҳаром қилган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос авлодлари киради. Айрим манбаларда Ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима разияллоҳу анҳодан туғилган фарзандлари “саййид”, бошқа хотинларидан туғилганлари “Хўжа” дейилади, деб ёзилган. Бу тўғри эмас. Ҳазрати Алининг бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари ҳам саййидлар дейилади. Саййидлар фақат Ҳазрати Али зурриёдлари эмас, юқорида номлари зикр қилиган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос зурриёдлари ҳам саййидлар ҳисобланади. Ушбу сўз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳадис билан тасдиқланган. Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан Пайғамбаримиз авлодларини яъни “саййид”ларни ҳурмат килишимиз лозим бўлади. Аммо ўзлигини унутиб, Яратганни амрларига бўйсунмасдан “айниган”, “диндан узоқлашган” бўлсачи? Унда уларни асло ҳурмат қилинмайди. Зероки, “саййид”лик даражаси уларга дин туфайли берилгандир. Динини унутиб, ибодат қилмаса, у кунига юз...