2.Ароқхўрлик ва гиёҳвандлик. Бу икки офат бир-бирига боғлиқ, десак хато қилмаган бўламиз. Кўпинча, эр Аллоҳ таоло ҳаром қилган ароқни ичиб маст бўлади. Маст бўлгандан кейин оилада жанжал кўтаради. Жанжал эса, хотинини талоқ қилиш билан ниҳоясига етади. Гуноҳ устига гуноҳ бўлади, оила бузилади, болалар тирик етимга айланадилар. Ароқхўрликнинг шунга ўхшаш зарарлари кўп бўлганлигидан, у динимизда ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай деб марҳамат қилади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ “Албатта, хамр, қимор, бутлар ва чўплар шайтон амалидан бўлмиш ифлосликдир. Бас, ундан четланинг. Шоядки, зафар топсангиз” (90-оят). Араб тилида “хамир” сўзи “тўсиш”, “беркитиш” маъноларни англатади. Истеъмол қилган кишининг онгига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача қилиб айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсани “хамир” дейилади. Шариатнинг барча буйруқ ва қайтариқларидан кўзланган мақсадлардан бири “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” бўлиб, хамр шу шариат мақсадига зид, бу нарса ҳаромдир. Мусулмон кишилар ундан четда бўлишлари, яқинига йўламасликлари лозим. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида яна бундай деб марҳамат қилади: إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ “Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафратсолишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайди. Энди тўхтарсизлар?!”(90-оят) Бу ояти каримада хамр билан қимор сабабли мусулмонлар орасида ўзаро адоват ва ёмон кўриш пайдо бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳаммага, ҳаттоки уни истеъмол қилувчиларнинг ўзларига ҳам маълумдир. Бу ҳақиқатларни бутун дунё- мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам яхши биладилар. Қаерда ичкилик бўлса, ўша жойда кўнгилсизлик келиб чиқади. Ичкилик туфайли оилаларнинг бузилади, ака-укалар, ота-болалар, дўстлар, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлади. Ишхона, маҳалла, тўйлар, жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва душманлик, уриш жанжалларнинг ҳисоби йўқ. Шундай экан, оиласи бузилмаслигини, фарзандлари хору зор бўлмасилигини, дунё ва охирати барбод бўлмаслигини холаган одам ароқ ичмайди. Гиёҳвандлик туфайли янги уйланган йигитлар келинга қўшила олмай, оилалар бузилиб кетишнинг ўзи катта мусибат. Гиёҳвандлик нафақат оилани, балки инсон зотини барбод қилувчи омиллардан бири экани аллақачон ҳеч кимга сир эмас,гиёҳвандлик ҳам “حفظ العقل”, яъни “инсон ақлини ҳимоя қилиб, уни сақлаш” га зид бўлиб, шариатда қатъиян ман қилинган. نَهَى رسول الله صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم عن كلِّ مُسْكِرٍ ، ومُفَتِّر. رواه أبو داود عن أم سلمة قالت: Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчидан қайтардилар”. Абу довуд ривоят қилган. Демак, истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Худди ҳадиси шарифдаги айтилган “бўшаштирувчи”лик сифати бошқа тилларда “наркотик” деб номланаётган гиёҳвандлик моддаларининг асосий сифатидур. Асрдош уламоларимиз гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳақида: “гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намози қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди” деб, ҳаммаси ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ 397
Ҳар-қандай жамиятни ривожлантирадиган, фаровонликка, бахт-саодатга етаклайдиган омиллар бўлиши билан бир қаторда, шу жамиятни парокандаликка, мавжуд фаровонликнинг кўтарилишига, бахтсизликка олиб келадиган сабаблар ҳам мавжуддир. Ана шундай мусулмонлар жамиятига зарарли бўлган иллатлардан бири бу- оилаларнинг ажралишидир. Оила бузилишининг баъзи сабаблари ва уларнинг муолажаси ҳақида сўз борар экан, албатта бунда ҳаётимизда бўлиб турган ҳолатларни ҳисобга олиб, қуйида келадиган асосий омиллар эътиборидан сўз юритилади. 1.Оила ва оилавий муносабатлар ҳақида илмнинг етишмаслиги. Бу борада биринчи ўринда турадиган омил оилавий ҳаёт, эр-хотин ораларидаги муносабатлар ва оила юритиш бўйича маданиятнинг етишмаслиги, тўғрисини айтганда, ўсиб келаётган ёшларга, бўлғуси келин-куёвларга турмуш маданиятини ўргатиш йўлга қўйилиши лозим. Минг афсуслар бўлсинки, кўпчилик келин-куёвлар тўйдан кейин ўз хоналарида ёлғиз қолганларида, уларда оилавий ҳаёт ҳақидаги олинган асосли, шаръий таълимотлар эмас, балки кўча-кўйда эшитган асоссиз маслаҳатлар қолади. Ваҳолангки ҳар бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш лозимдир. Мисол учун, тижоратчи савдо-сотиқ илмини, ота-она фарзанд олдидаги шаръий ҳуқуқ ва мажбуриятларини, эр хотини олдидаги ва хотин, эр олдидаги вазифаларини ўрганиши фарздур. Чунки: عن أنس بْنِ مَالِكٍ قَالَ :عن النبيِّ صلَّى اللهُ عليهِ وسلَّم أنه قالَ : طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ .رواه ابن ماجه ( 224 ) Анас ибни Молик розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмонга фарздур”, дедилар”. Ибни Можжа ривояти. Яъни, ушбу ҳадисдан ҳамманинг зиммасида ҳамма илмларни ўрганиш борлиги тушунилмайди, чунки бунга банданинг тоқати етмайди, шариъат эса бандага тоқатидан зиёда нарсани юкламайди. Демак, ҳар-бир мусулмонга ўз ҳолати қандай бўлса, шу ҳолатининг шаръий ҳукмини ўрганиб олиш фарздур. Жамиятимизда келин куёвликка номзод ёшларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тартиб билан керакли ҳажм ва савияда йўлга қўйишимиз жуда ҳам зарур. Албатта, оилани қуриш, у қай тарзда амалга оширилиши, оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши кераклиги ва бошқа зарур нарсалар ҳақидаги динимиз таълимотларини олдиндан билиб, уларга ихлос билан амал қилиш, ҳар бир мўмин-мусулмон учун, унинг бахт-саодати, оиласининг мустаҳкамлиги учун шартдир. Оилавий нохушликлар ва муаммоларнинг асл негизи ўша таълимотлардан бехабарлик ёки уларга амал қилмасликдир. Албатта, ҳар бир нарсани тушуниб етиб, билим асосида олиб бориш кўп яхшиликларнинг манбаси бўлади. Оила, эр-хотинлик муносабатлари жуда ҳам нозик нарсалар экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бу муносабатларга жиддий қарашимиз ва уларни юқори савияда тутишга ҳаракатда боўлишимиз лозим. Айнан шунинг учун ҳам фарзандларимизни оилавий ҳаётга ёшликларидан ўргатиб боришимиз, бу борада моддий тарафларига эътибор бериб, маънавий тарафларни унутиб қўймаслигимиз зарур. “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси Раҳимов Неъматуллоҳ 374
Ассалому алайкум вароҳматуллоҳу вабарокатуҳ! Ҳукмингизга ҳавола этмоқчи бўлган мақоламиз реал воқеаларга асосланган ибратли ҳикоя тарзда бўлиб, бир танишимизнинг ҳаёти тажрибаларидан олинган ва қоғозга ёзилган. Эсингизда бўлса ёпиқ мамлакат, Қизил Империя қулагандан кейин 90-йилларнинг аввалида хорижий завод-фабрикаларнинг мамлакатимизда қўшма корхоналари очилди. Жумладан бизнинг шаҳримизда ҳам текстил йўналишида фабрика очилиб, иш ўринлари ташкил қилинди. Мен ҳам ишга кирдим. Янги корхонада фаолиятимни бошлаганимдан кейин кўпчилик билан танишдим. Танишганларим орасида хориждан келган мутахассисларга ажратилган автомашинага ҳайдовчилик қиладиган бир ёшроқ йигит ҳам бор эди. Тушликни бирга қилардик, намозни ҳам бирга ўқирдик. Хулқи, одоби жуда яхши эди-ю, менга нимасидир қовушмагандай туюлаверарди. Эҳтимол ибодатимизни адо қилиб бўлганимизда ва тушликдан кейин қиладиган дуосидир. “Аллоҳим, мендек нотавон бир ғарибнинг дуосини ижобат қил. Сендан ҳар Жумъа кунида Умра ибодатини бажаришлигимни насиб қилишингни сўрайман!”-деб фотиҳа қиларди. Ичимда “Ол-а, бўладиган нарсани сўраса-чи!? Дуо ҳам сал ўхшаганроқ бўлсайди-да!”-деб қўярдим. Ҳатто ўзига ҳам “Биродар, дуоингиз ҳам ўзингизга ўҳшаган антиқароқ-а” деб қўярдим кулиб. Етти-саккиз йил бирга ишладик. Кейин корхона ёпилиб кетди. Ҳаммамиз ҳар ерга бўлиниб-бўлиниб ишларга кириб кетдик. Мен хусусий иш бошладим. Аллоҳ барака бериб, мустақилликдаги яратилган яхши шароитлар сабаб корхонам ривожланиб оёққа туриб олдим. Шундан кейин Муборак Ҳаж сафари тараддудига тушдим. Интизорлик билан кутган навбатим етиб келди. “Лаббайкаллоҳумма”ни айтиб сафарга чиқдик…… Биринчи тавофимни адо қилиб Ҳарам эшигидан чиқаётганимда бир киши танишдай кўринди. У киши мени ҳурсанд бўлиб қучоқлаб олиб тинмай “мени танидингизми?” дерди… Эҳ, эсладим! Бу ўша йигит! “Қаранг-а, ука! Сизга ҳам муборак сафар насиб қилибди-да! Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин. Кимлар билан келдингиз? Қайси меҳмонхонадасиз?”-дедим шошилиб. У менга: “Ака, мен шу ердаман. Келганимга анча йиллар бўлди. Эсингизда бўлса хорижликнинг машинасини ҳайдардим. Корхона ёпилгандан кейин у киши “хулқинг менга маъқул келиб қолди” деб мени ўзи билан олиб кетди. Бошқа давлатларда ҳам бўлдик. Айланиб келиб шу ерга жойлашиб қолдик. Оилам, фарзандларимни ҳам олиб келдим. Аллоҳдан сўраганларим ижобат бўлди, ҳар жумъа Ҳарамдаман!”-деди. Ишонсангиз тамом бўлдим…. Жавоб сўз айтишга тилим айланмасди… Ҳаёлларим чувалашиб кетган, у йигитнинг гаплари қулоғимга кирмасди. Мен унинг қилган дуосини ўзимча “сал бўладиганроқ дуо қилсангиз-у” деб энсам қотгани-ю, у эса тазарруъ билан ҳар жумъа умра сафари насиб қилишини канда қилмасдан сўраганлари кўз олдимдан лип-лип ўтарди. Кўзларим ёшга тўлди. Ичимда эса “Буюк Зотдан ҳиммат қилиб сўрашни ҳам эплолмасанг бу кунингдан баттар бўл” деб ўзимни ўзим койирдим… Шунинг учун ниятларни доимо ишонч билан Яратгандан сўрашни унутмайлик. Зеро, хар нарсага қодир Аллоҳ лозим топса, биз учун имконсиз туюлган ҳар қандай мўъжизалар, у учун оддий нарсадир. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Дилшод Насиров тайёрлади. 337
Қадим замонда подшоҳлардан бири кеч бўлганда аъёнларидан сўради: “Давлатимдаги энг бахтли кишини менга кўрсата оласизларми?”. Аъёнлардан бири: “Давлатда сиздан кўра бахтлироқ киши бўлмаса керак”, деди. Подшоҳ: “Мен ўз ҳолатимни яхши биламан. Сенга шуни айтиб қўяйки, мен энг бахтли киши эмасман”, деди. Мажлисдаги олимлардан бири подшоҳга: “Мени бир қўшним бор. Ўша киши энг бахтли одам бўлса керак. Унга қўшни бўлганимга бир неча йиллар бўлди. Унинг фақатгина ширин сўзини эшитамиз, очиқ чеҳрасини, чиройли муомиласини кўрамиз, ҳол-аҳвол сўрасак Аллоҳга хамд айтиб, шукр қилганини ва Аллоҳни берган неъматларига рози бўлганини кўрамиз”, деди. Подшоҳ кечанинг ўзидаёқ ўша бахтли кишини кўрмоқчи эканини айтиб ҳалиги олим билан қўшнисининг уйи томон йўл олишди. Етиб келгач бироз эшиги олдида тўхтаб қолишди. Чунки ичкаридан йиғи овози эшитиларди. Подшоҳ олимга қараб: “Бахт билан йиғини қандай жамлайсиз, бахтли киши йиғлайдими?”, деди. Олим шундай жавоб берди: “Бахт-саодат билан йиғи бир-бирига зид нарса эмас. Кўпинча кўз ёш тўкиш кулиб туришдан лаззатлироқ бўлади”. Подшоҳ ичкарига киришга изн сўради. Уй эгаси бўлган бир қария эшикни очди. Соқолларига томиб тушган кўз ёшларини артиб, подшоҳга ва қўшниси олим кишига салом бериб, ичкарига таклиф қилиб, тезда деворга қадалган шолчани меҳмонларнинг тагига тўшади. Қариянинг болалари шовқиндан уйғониб, ўрниларидан туриб, ўзлари ётган кўрпачаларни эса меҳмонларнинг тагига солдилар. Қисқа вақтда меҳмонларга егулик тайёрлаб, олдиларига дастурхон ёзиб, қўйишди. Икки меҳмон таом еб бир оз сув ичиб олганларидан сўнг, подшоҳ қариядан сўради: “Эшигингиз тагида бир оз тўхтаб турган эдик, уй ичкарисидан йиғи овозини эшитдик, нима бўлди тинчликми?”, деди. Қария: “Ўша пайтда кўзим ухлаб ётган болаларимга тушди, қарасам ҳаммалари тинч-омон ухлашяпти, ҳожатларим бажарилган, Аллоҳни олдидаги ўзимни бепарволигимни, Аллоҳни марҳамати олдида ўзимни унинг неъматларига тўла тўкис шукр қила олмаётганимни кўриб, ундан ҳижолат бўлиб йиғлаётган эдим”, деди. Қариянинг сўзини эшитган подшоҳ ҳам йиғлаб юборди. Подшоҳ қарияга: “Сиз ҳақиқатданам бахтли киши экансиз, холингиз танг аҳволда бўла туриб, учма-уч қилиб ҳаёт кечиряапсизлар-у, нолимасдан ўзингизни койияпсиз. Бундай бахтга қандай қилиб эришгансиз?”, деди. Қария шундай жавоб берди: “Эй подшоҳим, бу уч нарса билан бўлади: биринчиси – Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, иккинчиси – берганига қаноат қилиб яшаш ва учинчиси – қазои-қадарга рози бўлиш”. Қаттиқ таъсирланган подшоҳ чўнтагидан пул чиқариб қарияга тутди. Қария эса уни қайтарди, олмади ва “Аслидаку сиздан бирор нарса олиш мен учун шарафку, лекин ололмайман. Чунки мен ҳамма хожатларимни роббим Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ менга сўраганимни беради”, деди. Қиссадан қандай ҳисса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола… Иззатуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ, Тошкент ислом институти ўқитувчиси Манба: muslim.uz 353
Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишлари лозим. Бу ҳақда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларининг бирида шундай мархамат қилади: “Ҳақиқий мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизга меҳр-муҳаббатли бўлмагунингизча ҳақиқий мўмин бўлмайсиз. Сизларга бир нарсани ўргатайми, унга амал қилсангиз бир-бирингизга муҳаббатли бўлардингиз? Ўрталарингизда ўзаро саломни ёйингизлар”- дедилар . Яна бир ҳадисда эса :“Бир-бирингизга ҳадиялар беринг, ўзаро муҳаббатингиз зиёда бўлади” , деганлар. Бу ҳадисларда мўминларнинг бир-бирига бўлган муҳаббатлари жаннатга киришларидаги асосий восита экани айтилмоқда. Бу хусусда Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасининг 10-оятида: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар.” дейилган. Шунингдек зикр қилиб ўтганимиз ўзаро муҳаббат фақатгина мусулмонларнинг ўзларига хос, улар ўзларининг динларидан бошқа дин вакилларига нафрат ва адоватда бўлиши керак дегани эмас. Зеро, Қуръони каримда инсоният ўзи ҳаёт кечираётган бу дунёни обод қилишга, тинчлик ва адолат билан умр гузаронлик қилишга, инсонлар ўртасидаги муносабатни илиқ бўлишига, ўзаро муҳаббат ва ҳамжиҳатлик бўлишини тарғиб этувчи оятлар жуда кўп бўлиб, бунинг аксидан эса қайтариқлар бор. Зотан бу кўрсатмалар замирида жуда кўп ҳикматлар мужассам. Аввало бутун борлиқни, барча махлуқотни Аллоҳ яратган. Биз кўриб турган ҳар бир нарсани, наботот, жамодот, паррандаю дарранда, Еру осмондаги барча барчасини яратувчиси, ҳақиқий эгаси ва уларнинг тарбиячиси бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир. Дунёда 6 миллиарддан кўпроқ инсон бўлиб уларнинг дини ва ирқидан қатъий назар ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг бандаларидир, гарчи уларнинг айримлари буни (яъни Аллоҳга банда эканини) тан олмасалар ҳам ёки билмасалар ёхуд унутган бўлсалар ҳам. Мусулмон буни ҳеч қачон унутмаслиги, рўпарасида турган инсон ким бўлишидан қатъий назар уни Аллоҳ яратганлигини ва у Аллоҳнинг мулки эканини унутмаслиги зарур. Бир воқеа хотирамда жуда мустаҳкам ўрнашган. Тўртта дўстдан учтаси ақли ожиз бир йигитнинг гаплари ва қилиқларини кўриб унинг устидан кула бошлади ва ҳатто масхара қилишга ўтди. Шунда буларни кузатиб турган тўртинчиси дўстларини койиб: “Сизлар санъатни устидан кулаяпсизларми ёки Санъаткорни устиданми?” деди. Яъни бу билан сизлар гўё йигитнинг ақлини ожизлигидан кулаётгандексизлар аммо, уни Ўз ҳикмати билан шундай қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг устидан кулаяпсизлар-ку, демоқчи бўлди. Ниҳоятда теран фикр ва ўз ўрнида берилган бу танбеҳ ҳар сафар шу каби воқеъаларни гувоҳи бўлганимда хотирамда қайта-қайта акс этаверади. Ҳақиқатдан ҳам ақли ноқисни кўриб, киши ўзига берилган комил ақл учун Яратганга ҳамд айтиш ўрнига, ақлсиз устидан кулиш-энг катта ақлсизлик эмасми?! Ривоятларнинг бирида шундай ҳикоя қилинади: Аллоҳнинг буюк пайғамбарларидан бирлари бўлган Нуҳ алайҳис саломга тўфон воқеасидан кейин Аллоҳ тамонидан бир буйруқ бўлади. Унга биноан Нуҳ алайҳис салом ҳар куни лой қориб бир қанча кўза ясайди ва уларни оловда пиширади. Бу иш кўп йиллар такрорланиб кўзалар сони жуда кўпайиб кетади. Кунларнинг бирида: “Қўлингизга ҳассангизни олингда ўзингиз ясаган кўзаларни ҳаммасини уриб синдиринг” деган илоҳий фармон бўлибди. Буюк пайғамбар бу илоҳий фармонни эътирозсиз бажарган бўлсада, неча йиллик меҳнату машшаққатига ич-ичидан ачиниб кетибди. Шунда Аллоҳ у зотга: “Сизнинг дуонгиз билан дунёдаги барча инсониятни сувга ғарқ этиб ҳалок қилдим. Улар кофир бўлган бўлсалар ҳам Мен яратган бандаларим эди.”, деб хитоб қилди. Бу ривоят қанчалик ҳақиқат эканини билмайман. Лекин бу ривоят замиридаги ҳақиқат бизнинг юқордаги фикримиз хулосасига мувофиқ келади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг яратган нарсаларига ҳурмат назари билан қараш айнан Аллоҳнинг ўзига бўлган муҳаббат белгисидир. Ё.Бухарбаев, Тошкент ислом институти ўқитувчиси “Чаноқ” жоме масжиди имом хатиби 529