islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Долзарб мавзулар

Бўлимлар

Исломда даволанишнинг ҳукмлари

Уламолар даволаниш ҳукми борасида беш хил фикр билдирганлар. Имом Нававий турли касалликлардан даволаниш салаф жумҳур уламолари, (халаф)улардан кейингилар, шофеъийларнинг жумҳури ва баъзи ҳанбалий мазҳаби уламолари фикрига кўра мубоҳ ҳисобланади. Баъзи ҳанафий мазҳаби уламолари сўзига кўра, касаллик даволаниш билан тузаладиган бўлса, унга муолажа қилиш вожиб бўлади. Даволанилмай касаллик оқибати ёмон ҳолатга олиб келадиган бўлса, давони тарк қилиш ҳаромдир. Ибн Ҳажар Ҳайсамий айтади: “Агар касалнинг жароҳати оғирлашиб, унга зарар етиш хавфи бўлса, даволаниш вожибдир”. Бағавий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Агар бемор даволаниб шифо топишини билса, унга доволаниш вожиб бўлади”. Ибн Ҳазм айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг даволанишга буюришлари уни тарк қилишдан қайтариқ ҳисобланади. Бу эса даволанишнинг вожиб эканини ифода этади”. Жумҳур ҳанафий мазҳаби уламолари “даволаниш мубоҳдир” деган фикрни билдирганлар. Улар айтадилар: “Агар киши шифо берувчи Аллоҳ таолонинг ўзи деган эътиқодда бўлиб, шу билан бирга унинг даволанишида ҳеч қандай зарар йўқ”. Моликий мазҳабига кўра ҳам даволанишда ҳеч қандай зарар йўқ. Ибн Рушд баъзи уламолардан худди шу фикрни айтиб ўтган. Абулвафо, ибн Жавзий, Хаттобий ва бошқа ҳанбалий мазҳаби уламолари  ҳам юқоридаги фикрни қайд этганлар. Баъзи уламолар: “Даволаниш жоиз. Лекин Аллоҳ таолога суяниб, уни тарк этиш афзалроқдир” деганлар. Ушбу фикрни Имом Нававий ҳам билдирганлар. Имом Ғаззолий: “Баъзи ҳолатларда даволанмаслик афзалроқ. Агар даволаниладиган бўлса, жоиз бўлади.Бу унинг таваккулининг қувватига қараб бўлади” деганлар. Ибн Барзий Шофеъийнинг фатвосига кўра: “Бемор даволанишни тарк этиши афзалроқ. Бу унинг таваккули қувватини кўрсатади. Ким руҳан заиф, сабри оз бўлса, унга даволаниш афзал”. Абу Толиб Маккий айтади: “Даволаниш кенг рухсатдир. Уни тарк этиш торлик, ва азиматни лозим тутишдир. Касалликка даво излаш банда таваккулининг нуқсонли эканини кўрсатмайди. Уни тарк этиш кучлилар учун афзал ҳисобланади”. Ибн Жавзий кўп мутассаввифлар ушбу йўлни танлаганлари ҳақида айтиб ўтган. Бу тоифадагилар касал бўлганда даволанмай, Аллоҳ таологагина суяниб, Унинг имтиҳонига рози бўлиш керак, деган фикрни билдирадилар. Айний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай фикрдаги баъзи суфийларни зикр қилганлар. Имом Нававий бу фикрни динда чуқур кетиш, деб ҳисоблаганлар. Доктор Насимий айтади: “Ўтган салафи солиҳларнинг даволаниш борасида турлича фикр билдиришларининг сабаби, улар яшаган даврда тиббиёт ривожламаганлиги, касалликларга турли гумонлар билан ташхис қўйилиб, муолажа қилиниши ва турли касалликларга қарши дори-дармонларнинг жуда кам топилиши билан боғлиқ. Аммо бугунги кунда замонавий тиббиёт ва даволаниш борасидаги барча набавий ҳадисларга синчиклаб эътибор бериб, даволаниш борасида қуйидаги қуйидаги бешта ҳукм келиб чиқишини айта оламиз. Аллоҳ билгувчироқ. Турли саратон ва шу каби бедаво касалликларга гарчи даво бўлишига тўла ишонч бўлмасада мубоҳ нарсаларни қўллаб шифо излаш мубоҳ. Хусусан, баъзи касалликка бошланишидаёқ муолажа қилинмаган бўлса, вақт ўтгандан сўнг даволаниш фойда бермайди. Касаллик тузалишида фойда бўлиши мумкин бўлган ёки оғриқ қолдириши эҳтимоли бор бўлган дориларни оғриқли жойга қўллаш мандуб (динимизда тавсия этилган яхши амал) ҳисобланади. Бемор ўзи ёки табиб касаллик зўрайиб, оғирлашиб қолишидан қўрқадиган ўринларда тиббиёт мутахассислари тажрибаларида синалиб дардга шифо бўлиши аниқланган дориларни истеъмол қилиш вожиб бўлади. Дард инсон ҳаётига хавф соладиган ва бирор аъзога зарар етиши мумкин бўлган ўринларда ҳам даволаниш вожиб. Мубоҳ бўлган дори-дармонлар етарли бўла туриб, истеъмоли макруҳ бўлган нарсалардан тайёрланган дориларни ишлатиш макруҳ(динда қайтарилган)дир. Чунки бундай дорилар бир жиҳатдан фойдали кўринсада, бошқа аъзоларга зарар бўлади. Даволанишга умуман бошқа имконият бўлмаган пайтда эҳтиёж даражасидан ортиқ ва заруратсиз ҳаром нарсалар билан муолажа қилиш ҳаром...

Исломда тиббий масъулият

Бемор дардига шифо топишда албатта, тиббий мутахассис кўмагига муҳтож бўлади. Бу пайтда бемор ўзи учун моҳир, ўз ишининг билимдони бўлган табиб ёки шифокорга мурожаат этиши лозим. Худди шунингдек, табиб ҳам бировларни даволашлик учун етарли билим ва малакага эга бўлиши, ўз соҳасини яхши билиши ва беморларга керакли ташхисни қўйиб, шариатга мувофиқ тарзда даволаши керак. Биринчи навбатда беморнинг масъулияти керакли мутахассисга мурожаат қилишидан иборат. Аллоҳ таоло айтади: Бас,  Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз! Муфассир уламолар бу оят маъносини кенг маънода тушуниш яъни, турли соҳа ва илмларда ҳам билимдон, мутахассислардан ёрдам сўраш зарурлигини айтганлар. Бу фақат диний, ақидавий масалалар билан чекланиб қолмайди. Хусусан, беморлар касалликларига моҳир табибнинг кўрсатмаси билан муолажа қилишлари зарур. Зеро бу Ислом дининг тавсиясидир. Иложи борича моҳир мусулмон табибни топиб унинг тавсияси билан иш тутади. Агар бунинг иложи бўлмаса, бошқа дин вакили бўлган моҳир табибнинг хизматидан фойдаланиш жоиз. Чунки илм маълум бир макон ва дин вакилларигагина хосланмаган. Бунга мисол, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир саҳобаларини Ҳорис ибн Калданинг олдига бориб даволанишга тавсия қилганлар. Калда Ислом динини қабул қилмаган. Ҳадисда “Ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир. Уни қаерда топса, уни олишга ҳақлидир” дейилган. Лекин бошқа дин вакили бўлган табибнинг сўзига қараб дин амалларини тарк этилмайди ва истеъмоли ҳаром нарсалардан фойдаланмайди. Ислом дини кўрсатмасига кўра, касалликларга муолажа қилувчи кишилар табиблар бўладими ёки медицина ходимларими диний билимлардан ҳам хабардор бўлишлари лозим. Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада ҳам қилган тавсиялари ва кўрсатмалари бу шариат кўрсатмасидир. Касалликларга шифо излаб дори-дармонларни қўллаш қадарга имон келтириш ва таваккул ҳақиқатига асло зид келмайди. Зеро, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзлари даволанганлар ва бошқаларни ҳам баъзи муолажа ёки тавсиялари билан даволаганлар. Моҳир(ҳозиқ) табибнинг сифатлари ҳақида Доктор Шавкат Шаттий қуйидагиларни санаб ўтган: Моҳир табиб касалликнинг бошланиш сабаблари, қандай пайдо бўлгани ва касалликнинг босқичларини ўрганиши. Касалнинг куч-қувватига эътибор бериши. Табибнинг мақсади фақат касалликни кеткизиш бўлиб қолмаслиги керак. Балки унинг ортидан рўй бериши мумкин бўлган асоратларини ҳам бартараф этиб, қайта қўзғалмаслигига ишонч ҳосил қилиши лозим. Шунингдек, у беморга хушмуомалалик билан муносабатда бўлиши вожибдир. Муолажани енгил тарзда, босқичма-босқич олиб бориши лозим. Аввал оддий маҳсулотлар билан бошлайди. Эҳтиёж бўлганда дори-дармонларни, иложсиз қолганда эса мураккаб дори воситаларини қўллайди. Дориларнинг кучи билан касалликнинг даражаси ўртасидаги мувозанатга эътибор бериши лозим. Оғир касалликни тузатиш иложи бўлмаса, моддий манфаат умидида уни тузатишга уринмайди. Қалбдаги ва руҳий иллатларни даволашда кўникмага эга бўлиши керак. Бу баданни муолажа қилишда асосий жиҳат ҳисобланади. Чунки, қалб ва нафс тана аъзоларининг ўз вазифасини бажариши ва унинг табиатида катта таъсирга эга. Табиб беморига мулойим ва самимий муомалада бўлиши ва уни хотиржам қилиши лозим. Муолажа жараёнида ишлатадиган барча асбобларни яхши билиши ва ундан унумли фойдалана олиши зарур. Чунки баъзи дориларни махсус асбобларсиз етказиб бўлмайди. Юқоридагилар барча табиблар эътибор бериши лозим бўлган муҳим жиҳатлардир. 4-курс талабаси Умарова Мадина 1 021

Замонни айбламайлик

   Замонни айблаш, сўкиш, ҳақорат қилиш қабиҳ иш бўлиб, Ислом шариати бу ишни қилишдан қайтаради. Замонни сўкиш дастлаб даҳрийлардан сўнгра эътиқодда буларга мувофиқ бўлган араб мушриклари, Аллоҳни инкор этувчи кимсалардан содир бўларди. Даҳрийларнинг эътиқодича ҳар ўттиз олти минг йилда барча нарса ўз асл ҳолатига қайтади, яъни бизни фақат замон ўлдиради ва замон тирилтиради, фақат замонгина бутун мавжудотни бошқаради, дер эдилар. Бу ёлғон ақидани ёлғон эканини исботи ўлароқ ислом манбаи бўлган Қуръони карим ҳамда ҳадиси набавийда бир қанча далиллар келтирилган. Қуйидаги ҳадиси қудсий ҳам даҳрийларнинг ёлғон эътиқодига қарши ҳужжатдир. عن ابى هريرة رضى الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم قال الله تبارك و تعالى يؤذينى ابن آدم يسب الدهر و انا الدهر بيدي الامر اقلب الليل و النهار رواه البخاري Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ табaрока ва таоло деди: «Одам боласи менга озор беради. Замонни сўкади. Замон менман. Иш менинг қўлимда. Кеча ва кундузни мен айлантириб тураман». (Имом Бухорий ривоят қилган) Ушбу ҳадисни Ҳумайдий р.а ва Зуҳрий р.а Саййид ибн Мусаййибдан, Саййид ибн Мусаййиб эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Бу ҳадис қудсий ҳадислардан саналади. Аллоҳ таолонинг يؤذينى (юъзийний – менга озор беради)деган сўзи муташобеҳ сўзлардн бўлиб, буни Аллоҳнинг ўзига ҳавола қилиш ёки таъвил қилиш лозим бўлади. Шунингдек «қўл» ва «замон» сўзларини ҳам. Бу сўзларни таъвил қиладиган бўлсак, «азият бериш»ни Аллоҳга нисбат бериш бу Аллоҳга лойиқ бўлмаган иш. «Қўл»ни «қудрат» деб, «замон»ни эса замонни ўзгартириб турувчи, деб таъвил қилинади. (Умдатул қорий) Аллоҳ таолонинг «замонни сўкади замон менман» деган сўзи борасида Имом Хаттобий р.а: “Бунинг маъноси «мен соҳиби замонман, замонга нисбат берилган ишларни мен тадбир қилувчиман». Ким ушбу ишлар сабабидан замонни ҳақорат қилса, унинг ҳақорати ушбу ишларни ҳақиқий соҳиби Аллоҳга қайтади», дедилар. Аллоҳ таоло «иш менинг қўлимда, кеча ва кундузни мен айлантириб тураман» деган сўзи билан замон ҳодис(махлуқ) эканини, кеча ва кундузни айлантириб турувчи фақат Аллоҳ таоло эканини англатмоқда. Ушбу ҳадисдан келиб чиқадиган ҳукм, яхши ва ёмон ишларни замонга нисбат бериш мутлақо жоиз эмас. Ким агар шунақа эътиқодда бўлса, дарҳол тавба қилиб ўзига мағфират сўраши лозим бўлади. Бу эътиқод аҳли тавҳид эътиқодига зиддир. Афсус надоматлар бўлсинки, баъзи нодон мусулмонларнинг ҳаёт ташвишиданми, иши юришмагани сабабми ёки бошқа бир нарсалар сабаб замондан норози бўлиш ҳатто уни ҳақоратлашгача боришганини ҳаётда учратамиз. Бу нарса ўша мусулмон ақидасини мустаҳкам эмаслигига далолат қилиб қолмайдими? Демакки оғзимиздан чиқаётган ҳар бир сўзга эътибор қилишимиз лозим. Замон ҳақида айтаётган ҳар бир сўзимиз соҳиби замон бўлган буюк Аллоҳ таолога қайтаётганини эсдан чиқармайлик. 3-курс талабаси Аҳадов Иномжон. 829

Мазҳаб уммат бирлигида муҳим омил

Бир ернинг аҳолиси аҳли сунна ва-л-жамоанинг тўрт буюк фиқҳий мазҳабларидан бирига эргашган бўлсалар, ўша ерга яхши ниятда бўлса ҳам бошқа хилдаги фикрларни олиб кириб, мазкур мамлакат аҳолисининг минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ишларини нотўғрига чиқариш фитна ва ихтилоф юзага келишига сабаб бўлади. Қадим замонлардан бери аҳли илмлар у ёки бу фиқҳий мазҳабларнинг бирига мансуб бўлганлар, эргашганлар. Уларга эргашмасликка даъват қилаётганлар эса замондошларга тақлид қилмоқдалар. Бугун кўп масалаларда мазҳаб имомларига хилоф йўлни тутиб, гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бунисидан ҳукм олаётганларнинг аксари замондошлардан қайсидир бир аҳли илмга эргашаётган бўлади. Яъни, аҳвол шундайки, Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва уларнинг кибор асҳобларига тақлид қилишдан қайтара туриб, ўзлари улардан анча паст даражада бўлган айрим замондош уламоларга тақлид қилмоқдалар. Бу ерда бироз мантиқ етишмаяпти. Яқинда бароат кечасининг бидъатлиги ҳақида интернет тармоғи бўйлаб ўнлаб постлар тарқалиб кетди. Ваҳоланки, мазкур кечанинг бидъатлиги борасида қаттиқ турадиганларнинг  ўзлари улуғлайдиган ва эҳтиром этадиган Ибн Таймия ҳанбалий (р.ҳ) ҳам “иқтизоу-с-сироти-л-мустақим лимухолафати асҳаби-л-жаҳийм” (Туғри Йўлнинг жаҳаннам эгаларига хилоф йўл тутишни тақозо этиши) номли китобида мазкур кечанинг алоҳида фазилатга эга эканлиги ва умматнинг салафлари бу кечани ибодат ва зикру дуолар билан иҳё этганларини келтириб, унинг муфаззал кечалардан эканлигини таъкидлаб кетган. Аммо, керак ўринда қаттиқ улуғланадиган инсоннинг сўзи ҳам тарк этилиб, ундан пастроқ мартабадаги одамларнинг сўзларига ҳам эргашилаверади. Мазҳабсизликнинг яна бир хатари шундаки, у кўп ҳолатларда ўз соҳибларини шоз қавл ва фатволарни табанний этишга олиб боради. Мазҳабга эргашган одам эса шоз қавлга эргашган ҳисобланмайди. Чунки, бирор бир мазҳаб фақат ўша мазҳаб таъсисчисининг сўзларидангина иборат эмас балки, ҳар бир мазҳаб минглаб олимлар томонидан йиллар давомида илм ва тадқиқ қозонида қайнатиб, пиширилган сўзларни акс эттиради. Ҳеч қачон чуқур билим ва тадқиқотдан келиб чиқиб ёндашилувчи сўзлар инкор этилмаган балки, ҳурмат қилинган. Фалончининг ихтиёроти бундай, пистончининг ихтиёротлари бундай, дея илм сифатида мазҳаб китобларида ҳам айтиб кетилади. Аммо, улар муайян сабабларга кўра мазҳабда кўпчилик томонидан қабул қилинмаслиги, амалда бемалол қўлланилмаслиги мумкин. Ваҳоланки, ўша ўз мустақил фикрига эга бўлган кишилар ҳам мужтаҳид даражасидаги кишилар бўлганлар. Муфтий мақомидаги киши вазият тақозосидан ва муайян масалада ҳаражга юз тутган инсонни мусибатдан қутқариш учун ўз мазҳабидан бошқа мазҳаб олимининг сўзига тахрижан фатво бериши мумкин. Аммо, бу муфтий ва қози даражасидаги инсоннинг иши. Ҳамманинг иши эмас. Шунга аҳл бўлган ва илми ғоятда чуқур бўлган кимсанинг иши. Ва мазкур ҳолатдаги фатво фақат ўша инсон учун тўғри бўлади. Умумий кайфият касб этмайди. Бугун таассуб қилмаслик керак, Қуръон ва Суннатга эргашиш лозим деган асли ҳақ, аммо унинг билан ботил ирода қилинаётган ёхуд соддалик билан ўз йўлини тўғри деб билаётган айрим кишилар ўз фикрларини тўғрилаб олишлари ғоят муҳимдир. Зеро, фиқҳ бу кеча пайдо бўлиб қолган нарса эмас. Ўн йил бу билим билан шуғулланинг, ҳеч ким бўлмайсиз. Йигирма йил шуғулланинг яна-да илм доирангиз камлиги маълум бўлиб бораверади. Фиқҳни ўз илдизларидан узиб, фақат замондош олимларнинг таржиҳ ва ихтиёротларига боғлаб қўйиш ғоят осон аммо, таги мустаҳкам бўлмаган ёндашувдир. Киши юзлаб, минглаб ҳадисларни ёдлаган бўлиши, тақвоси кучли бўлиши лекин фақиҳ бўлмаслиги мумкин. Фиқҳ бу Аллоҳнинг раҳматидирки, ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бугун эса умуман бошқа маслакдан кириб келиб, фатво бераётганлар, асли бир тиббиётчи ёхуд инженер бўлган одамлар...

Қалб ҳаловати ва лаззати нима?

Ҳазрат Мавлоно Ориф Биллаҳ Шоҳ Ҳакийм Ахтар Соҳиб раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Ҳеч бир гуноҳ номаҳрамга қарашдек бандани Аллоҳ таолодан узоқ қилмайди. Бу гуноҳ билан дил қибласи буткул ўзгаради. 90 градусда Аллоҳ таолога юзланган қалб номаҳрамга қараш билан, 180 градус Аллоҳ таолодан бурилади, бу ҳолатда орқаси Аллоҳ таолога ва юзи номаҳрамларга қараб қолади. Шунда Аллоҳ таолонинг зикри қалбида бӯлиш ўрнига намозда ҳам, Қуръон тиловатида ҳам, ёлғизликда ҳам зеҳнига доим номаҳрамнинг сурати келаверади, бу ҳол  банданинг бадбахт бўлишига сабаб бўлади ва ҳеч бир гуноҳ қалбни бунчалик барбод қилмайди. Масалан, агар қалб намозни қазо қилиш, ёлғон гапириш ва бировга азият бериш билан 45 градусга Аллоҳ таолодан бурилган бӯлса, тавба қилиш, ҳаққини поймол қилган шахслардан узр сӯраш ва розилигини олиш билан яна қайтадан Аллоҳ таолога юзланади, лекин номаҳрамга назар солиш шу даражада хатарли гуноҳ-ки, ҳатто,инсон қалби Аллоҳ таолодан тамомила ғофил бӯлиб, гӯзал (номаҳрам)нинг орзуси унинг қалбида қаттиқ ӯрнашиб олган бўлади. Бу гуноҳ оқибатида неча-неча жонларнинг хотимаси хароб бӯлгандир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсида айтади: ‌‌ان النظرة سهم من سهام إبليس مسموم من تركها مخافتى ابدلته ايمانا يجد حلاوته فى.قلبه “Назар Иблиснинг ўқларидан заҳарланган бир ўқдир. Ким уни (номаҳрамга назар солишни) мендан қӯрқиб тарк қилса, мен унинг ўрнига шундай иймон бераманки, унинг ҳаловатини қалбида топади”. Ӯша шахс (واجد) топувчидир ва иймон ҳаловати, шубҳасиз, унинг қалбида бордир. Бу тасаввурот ва хаёлот дунёси эмас, балки илоҳий ваҳийдир. Ҳадисда “қалбингизга иймон ҳаловати келганини тасаввур қилинг” деб айтилмаган, балки (يجد) калимаси ишлатилган бӯлиб, маъноси сиз иймон ҳаловатини ҳақиқатан қалбингизда топасиз. Дӯстлар! Амал қилинг ва кӯринг! Қалбингизда шундай лаззат ва ҳаловат топасизки, унинг баробарида дунё салтанати ҳеч ва пучдир. Аллома Абул Қосим Қушайри раҳматуллоҳи алайҳ, “Рисолаи Қушайрийа”да шундай ёзадилар: “Аллоҳ таоло бандаларига назарни номаҳрамдан сақлашга буюриб, улардан кӯз лаззатини олиб қуйди, лекин унинг эвазига уларга доимий қалбнинг ҳаловатини ва лаззатини инъом этди”. Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: و قد ورد ان حلاوة الايمان اذا دخلت قلبا لا تخرج منه أبدا Яъни, ҳар қачон иймон ҳаловати қалбга кирса ҳеч қачон ундан чиқмайди”. Ва унинг шарҳида айтадилар-ки: “و فيه اشارة الى بشارة حسن الخاتمة له” , “ва бунда гӯзал хотимага ишора бордир.” Зеро, ҳар қачон иймон қалбдан чиқмаса инсоннинг хотимаси иймон билан бӯлади, шундай экан назарни номаҳрамдан сақлаш гӯзал хотиманинг кафолатидир. Дўстлар! Бугун гӯзал хотиманинг захираси бозорларда, аэропортларда, вогзалларда ва бошқа жойларда тақсимланяпти. Бу маконларда нигоҳингизни номаҳрамлардан сақланг, иймон ҳаловатини қалбда захира қилиб олинг ва гӯзал хотимани кафолатланг. Шунинг учун мен айтаманки, бугунги кунда ҳижобсизлик ва аврат ошкоралиги қанчалик кӯп булса, иймон ҳаловати ва лаззати эришиш йўлидаги жидду жаҳд ҳам шунчалик лаззатлироқ ва ширинроқ бўлади. Нигоҳингизни номаҳрамдан сақланг, иймон ҳаловатини ва лаззатини тотинг. «Аллоҳнинг Валийси қилувчи тўрт амал» китобидан 2-курс талабаси Нодирбек Одинаев таржимаси 1 023
1 155 156 157 158 159 234