islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

Хушхабар! Институтимиз қория талабаси 30 пора Қуръонни бир кунда тўлиқ ўқиб берди!

Бугун, 27 октябрь куни Тошкент Ислом институти 4-“В” курс толибаси Нажмиддинова Робия ўттиз (30) пора Қуръони каримни бир кунда, бир ўтиришда 12 соат мобайнида ёддан ўқиб беришга муваффақ бўлди. Талабанинг Қуръони каримни ёддан ўқиш жараёнини “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, устозлардан Исломхон қори Убайдуллаев, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев, Абдулбосит қори Қобилов, Муҳаммадсолиҳ қори Мажидов, ҳамда талаба қизлар кузатиб бордилар. Нажмиддинова Робия эрталаб тонгдан Қуръони каримни ёддан ўқиб беришни бошлаб, Шом намозида якунлади. Хатми Қуръон дуосини Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва бир гуруҳ устоз ва талаба қизлар билан биргаликда қилинди. Маълумотларга кўра, Нажмиддинова Робия 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб Қуръони каримни “Таҳфизул Қуръон” ўқитувчиси устози Зафар қори Маҳмудовга кунига бир бетдан ёдлаб топширишни бошлаган ва охирги маротаба 15 бет топширган. Қарийб 6 ой мобайнида Каломуллоҳни тўлиқ ёд олиб, икки ярим йилда тўлиқ кўтаришликка муваффақ бўлиб, бугун эса бир ўтиришда бутун Қуръони каримни устозлари гувоҳлигида ёддан ўқиб топширди. Эслатиб ўтамиз, Нажмиддинова Робия 2016 йил, Ўзбекистонда таълим муассасалари ўртасида ўтказилган Қуръони карим мусобақасида “Зийнат қория” сифатида иштирок этган. 2017 йил,Таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичининг мужаввид йўналиши бўйича олий ўрин соҳибаси. 2018 йил, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси-2018”да ҳифз йўналиши бўйича мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб олий ўрин соҳибаси бўлди. 2018 йил, Малайзия Қироли Муҳаммад (V) Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақасида мураттаблик йўналиши бўйича кучли еттиликдан жой олган. Бугунги дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда қори ва қорияларимизни қуллаб қувватлаётган Юртбошимиз Ш.М.Мирзиеёвга ва таълим муассасаларидан етишиб чиқаётган бу каби иқтидорларга шароит яратиб бераётган Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Тошкент Ислом институти мутасаддиларига ўзимизнинг чуқур миннатдорлигимизни билдириб қоламиз. Барчамиз учун урфга айланиб бораётган Қуръони каримни тўлиқ ёддан бир ўтиришда ўқиб бериш анъанаси бундан кейин ҳам ривожланиши ҳамда юртимиздан мана шундай қори ва қориялар кўплаб чиқишини Аллоҳ таоло Ўзи осон ва муваффақ айласин! Юртимиз мусулмонлари ва Тошкент ислом институтига яна бир мураттаб қория муборак бўлсин! Тошкент Ислом институти “Тахфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Зафар Маҳмудов 382

Тошкент ислом институти ректори “XXI аср таълим муҳитида ислом қадриятлари” мавзусида ўтказилган XI халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди

Жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Уфа шаҳрида Россия марказий мусулмонлар диний идорасининг 230 йиллик юбилейига бағишланган «XXI аср таълим соҳасида ислом қадриятлари» деб номланган XI Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.Анжуманда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров «Экстремистик ғоялар тарқалишига қарши курашда маърифий исломнинг ўрни (Ўзбекистон тажрибаси)» мавзусида маъруза билан иштирок этди.Россия мусулмонлари марказий диний идорасининг Росссия ислом университети ва М.Акмулла номидаги Бошқирдистон давлат педагогик университети ташкилотчилигида ўн бир йилдан буён узлуксиз ўтказиб келинаётган навбатдаги халқаро илмий-амалий анжуманда Россия Федерациянинг турли субъектларида фаолият кўрсатаётган мусулмонлар диний ташкилотлари, ислом таълим муассасалари раҳбарлари, дин соҳасидаги мутахассислар, Рус православ черкови, яҳудийлар жамоалари раҳбарлари билан бир қаторда Туркия, Миср, Иордания, Тунис, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,  Испания, Грузия каби мамлакатларнинг дин ва диний таълим масалалари бўйича эксперт-мутахассислари иштирок этдилар.Анжуман иши асосан 5 мавзуга йўналишида олиб борилди:   Россияда ислом тарихи. Россия мусулмонлари марказий диний бошқармасининг 230 йиллиги. Россияда теология ва ислом таълим тизими: анъаналар, янгиликлар ва истиқбол режалар. Ислом ахлоқи: анъанавий қадриятлар ҳамда уларнинг Россия кўпмаданиятлилик муҳитида татбиқ этилиши. Россия ва дунёда давлат ва дин муносабатлари: ислом жиҳати. Ёшлар тарбияси ҳамда экстремизм ва асоциал (ғайриижтимоий) ҳолатлар олдини олишда исломий таълимнинг роли. 437

Фасл ва васл мавзусида очиқ дарс ўтказилди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2018 йил 24 октябрь куни “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Ғиёсиддин Баратовнинг 4-курс талабаларига “Балоғат” фанидан “Фасл ва васл” мавзусида очиқ дарси бўлиб ўтди. Ўқитувчи дарсга оид тақдимот слайдини интерактив доска орқали намойиш қилиб, янги мавзуни мисоллар орқали тушунтириб берди, сўнг талабалар томонидан берилган саволларига ҳам батафсил жавоб берди. Очиқ дарсда Тиллар кафедрасидан Акмал Мирҳамидов, Козимхон Асроров, Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедрасидан Мўминжон Сайидалиев, Баҳодир Аъзамов, Пўлатхон Каттаев, Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедрасидан Сайқал Аҳмедов, Таҳфизул Қуръон кафедрасидан Жаҳонгир Неъматов каби ўқитувчилар иштирок этиб, дарс жараёнини таҳлил қилдилар. «Тиллар» кафедраси   423

“Мўйи Муборак” меъморий ёдгорлиги биносида “Усмон розияллоҳу анҳу даврида олиб борилган ишлар” мавзуида дарс бўлиб ўтди

Доно халқимиз “Тарихсиз келажак бўлмайди” дейди. Ҳақиқатан ҳам мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли эрур. Чунки инсон ўз тарихини, ота-боболари эришган ютуқ-камчиликларини ўрганар экан ўзига зарур хулосаларни чиқаради, улар забт этган марраларданда юқори чўққиларни эгаллашга, уларнинг хатоларини қайта такрорламасликка ҳаракат қилади. Шунинг учун тарихни ўрганиш, хусусан, ислом тарихини билишнинг аҳамияти катта. 2018 йил 25-октаябр куни Тошкент ислом институти 3-А  гуруҳ талабалари устоз Пўлатхон Каттаев бошчилигида “Усмон розияллоҳу анҳу даврида олиб борилган ишлар” мавзусида Ислом тарихи дарсини “Ҳазрати Имом” мажмуасида жойлашган “Мўйи Муборак” меъморий ёдгорлиги биносида ўтди. Дарс жараёнида бино ичидаги “Усмон мусҳафи”нинг жамланиши, унинг нусҳаларининг сони, бизгача етиб келган нусхаси ҳақида маълумотлар берилди. Дарс мобайнида Усмон Мусҳафи 1989-йил 14-мартда Ўрт Осиё ва Қозоғистон диний назорати кутубхонасига олиб келингани ҳақида ва ҳозирда Мўйи Муборак музейида 47 тилдаги Қуръони карим сақланаётгани ҳақида маълумотлар берилди. Таржималар ичида Ўрта Осиё халқларининг тилларидаги таржима нусҳалари мавжуд. Ҳадис ва ислом тарихи кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 462

ЎЗБЕК ТИЛИГА ДАВЛАТ ТИЛИ МАҚОМИ БЕРИЛГАНИГА 29 ЙИЛ ТЎЛДИ

Бугун «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонун қабул қилинганига 29 йил тўлди. Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида давлат тилига ҳуқуқий мақом бериш масаласи кун тартибига қўйилди ва 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди. Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ҳам турли жамоат ва таълим муассасаларида, тегишлича тадбирлар ўтказилмоқда. Шунга асосан 24 октябрь куни Тошкент ислом институтида “Тил – миллат ғурури” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мутахассиси С.Шерҳонов, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси, таниқли шоир ва журналист Амирқул Карим, Республика маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси К.Султонов, Тошкент ислом институти проректори Ж.Мелиқўзиев, “Ижтимоий” фанлар кафедраси профессори Н.Жабборов, “Тиллар” кафедраси мудири Ш.Чўлпонов, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Азамов, “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров ҳамда институтнинг устоз-ходимлари ва 75 нафар 1-2 курс талабалари иштирок этди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланиб, савоби ўтганларнинг руҳониятларига бағишланди. Тадбирда сўзга чиққанлар 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши том маънодаги жасорат ва истиқлол сари қўйилган илк қадам сифатида улкан аҳамиятга эга эканлиги, она тилнинг бетакрор жозибаси ҳамда дунё миқиёсида тутган ўрни ҳақида фикр билдириб ўтдилар. Шунингдек тадбирда 2-курс талабалари томонидан “Ўзбек тилим – миллатим ғурури” мавзусида саҳна кўринишини намойиш этилди. Унда 1980 йиллар акс эттирилган бўлиб, ўша даврда ўзбек тилига бўлган салбий муносабат томошабинлар учун муҳим ва қизиқарли маълумот сифатида гавдалантирилди. Мазкур кун муносабати билан “Тиллар” кафедраси томонидан 21-октябрь куни талабалар ўртасида ўзбек тилида “Шеърлар” танлови эълон қилинган бўлиб, танлов ғолиблари 24 октябрь тадбир жараёнида жумладан, 1-ўрин 4-курс талабаси Ш.Халилов ва 2-ўрин 3-курс талабаси Ш.Акбаровлар кафедра томонидан муносиб тақдирланди. Тошкент ислом институти Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 417
1 567 568 569 570 571 686