Нақд пулсиз, пулини кейин тўлаш шарти билан бўлган ёки бўладиган савдо муомаласи тилимизда насия савдо деб аталади. Ўзбек тилининг изоҳли луғатида насия сўзи “муҳлатни чўзиш”, “кечиктириш”, “қарз” маъноларини англатади. Араб тилида бу савдо “بيع بالنسيئة” ёки “بيع مؤجل” дейилади. Насия савдо умумий бўлиб унинг бир неча турлари бор. Сотувчи ва олувчи нархни келажакда, маълум белгиланган жойда кечиктириб тўлашга келишиб олинган савдо туридир. Тўлов бир маротаба тўланадиган ёки бир неча маротаба бўлакларга бўлиб тўланадиган бўлиши мумкин. Шунга кўра: байъ муажжал – тўлов нархини кечиктириб тўланадиган савдо, байъ тақсит – тўлов нархини кечиктириб, бўлакларга бўлиб тўланадиган савдо. Савдода тўлов нархини эмас балки сотиладиган нарсанинг кечиктириб берилиши муажжал савдонинг тескариси бўлиб салам савдоси дейилади. Бу савдонинг жоизлигига Қуръони каримдан ушбу оят далил бўлади: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ “Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг”. (Бақара. 282) Суннатдан далил: عن عائشة قالت: اشترى رسول الله من يهودي طعاماً بنسيئة، فأعطاه درعاً له رهناً Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир яҳудийдан таомни насияга сотиб олдилар ва унга (яҳудийга) ўзининг совутини гаровга қўйдилар”. Муттафақун алайҳ. Насия савдо қилганда унинг муддатини белгилаш шарт: Юқоридаги оятга кўра Аллоҳ рухсат бераётган насия савдоси маълум муддатга бўлишига қайдланяпти. Яъни: “…маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда…” Ва яна Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу тўғрида қуйидагича кўрсатма берганлар: قال قدم النبي صلى الله عليه وسلم المدينة وهم يسلفون بالتمر السنتين والثلاث فقال من أسلف في شيء ففي كيل معلوم ووزن معلوم إلى أجل معلوم Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганларида Мадина аҳли ҳурмони икки йил ёки уч йилга насияга савдо қилишар эди. Бу ҳолатга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бирон нарсани салаф байи қилиб олди берди қилса, бас, ўлчами аниқ бўлсин ёки вазни аниқ бўлсин ва аниқ муддатга бўлсин”. Бухорий ривояти. Булардан билиндики, насия савдода пулни тўлаш муддати аниқ белгиланиши керак. Тошкент Ислом институти битирувчиси Робиа Муҳаммад Ризо қизи 2 190
Жорий йилнинг 29 май куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига “BBC” телерадиокомпаниясига қарашли “Heart and Soul” компанияси мухбирлари Рустам Қобил ва Наталья Голышева ташриф буюришди. Мухбирлар “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” Республика босқичи ғолиб ва совриндорлари бўлган ТИИ талабалари Й.Нуриддинов (олий ўрин соҳиби, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиев (2-ўрин, ҳифз йўналиши), Ҳ.Нажмиддинов (3-ўрин, тиловат йўналиши) ва талаба қизлар Р.Нажмиддинова (олий ўрин, ҳифз йўналиши), М.Сайдалиева (1-ўрин, тиловат йўналиши) билан учрашиб, улардан интервью олдилар. Интервью олиш жараёнида мухбирлар Р.Қобил ва Н.Голышева томонидан талабаларга Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида қилинаётган ишлар, мамлакатимизнинг бой маданий ва тарихий мероси ҳамда сўнгги йилларда дин соҳасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқлар ҳақида саволлар билан мурожаат қилдилар. Ўз ўрнида талабалар мазкур саволларга талаба ёшлар нуқтаи назаридан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Интервью сўнгида мухбирлар олиб борилган суҳбат ва яратилган шарт-шароит ҳамда имконият учун ТИИ раҳбарияти ва интервью берган талабалардан миннатдор эканликларини изҳор этдилар. 375
Бидъат янги пайдо қилинган иш бўлиб, дин камолига етгандан сўнг унга янги иш киритишдир. Бидъат бу шариатда унга ишора қиладиган асоси бўлмаган бирон ишни биринчи бўлиб янгидан пайдо қилинган ишдир. Шариатда унга далолат қиладиган асоси бўлса, у луғат жиҳатдан бидъат дейилсада, шаръий бидъат бўлмайди . Бидъат таърифи ва тушунчасини чегараси борасида уламолар кўплаб фикрлар билдирганлар: Ибн Ражаб айтади: “Бирор инсон олдин содир бўлмаган янги ишни яратиб уни динга боғласа ва динда бу иши учун бирон асос бўлмаса, у залолатдир. Диннинг бу ишга алоқаси йўқдир» . Имом Молик айтади: “Бу уммат ичидан олдин бўлмаган янги ишни яратган кимса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динга хиёнат қилди деб ҳисоблаган бўлади. Чунки Аллоҳ Таоло Моида сурасининг 3-оятида шундай дейди: “Бугунги кунда Мен сизнинг динингизни мукаммал қилиб бердим”. Ўша вақтларда дин бўлмаган иш, бугун ҳам дин бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло шариат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан олдин мукаммаллик даражасига етказилганлигини хабар бермоқда. Шу сабаб бир инсон келиб шариатда бирон иш ўйлаб топса унинг бу иши тасаввурга сиғмайди. Динга қўшимча (бидъат) киргизиш Аллоҳ Таолонинг ишига тўғирлаш киритиш ҳисобланади. У шариат ноқис (мукаммал эмас) деб даъво қилаётган бўлади. Бу эса Аллоҳ Таолонинг Китобида келган нарсага зид келмоқда. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Барча бидъат залолатдир. Гарчи инсонлар уни яхши деб ҳисобласаларда”. Байҳақий ривояти. Хасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи фосиқ билан ўтирма, акс ҳолда, қалбинг унинг гапига мойил бўлади ва натижада ҳалок бўласан. Унга қарши чиққан тақдирингда, қалбингга мараз киради” деганлар. Яҳё ибн Касир эса: “Агар йўлда бидъатчига йўлиқиб қолсанг, бошқа йўлга бурилиб кет!” деб айтганлар. Имом Аҳмад: “Бизнинг наздимизда суннатнинг асли Расулуллоҳнинг саҳобалари юрган йўлни маҳкам ушлаш, уларга эргашиш ва бидъатни тарк қилишдир. Ҳар бир бидъат залолатдир”. “Таблису иблис” китобининг муаллифи айтади: “Оиша розияллоҳу анҳудан баъзи сўзлар марфуъ тарзда ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтади: “Ким бидъатчини ҳурматини жойига қўйса, исломни бузилишига ёрдам берибди”. Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ривоят қилади. У Саид ал-Каририйдан ривоят қилади: “Сулаймон Таймий касалга чалинди. Касал ҳолида ётар экан қаттиқ йиғлади. Унга: “Сизни нима йиғлатмоқда? Ўлимдан қўрқяпсизми?”-дейишди. У: “Йўқ. Лекин мен бир қадарийни олдидан ўтаётиб унга салом бергандим. Шу сабаб Аллоҳим мени шу ишим учун ҳисоб сўрашидан қўрқмоқдаман”. Айюб ас-Сахтаёнийдан Ҳишом бин Ҳассон ривоят қилади: “Бидъатчи бир бидъатни кўпайтирар экан, Аллоҳдан янада узоқлашаверади”. Ворид бўлган ҳадис ва ривоятлар шариатдаги бидъат қораланганига ишора қилади. Шу сабаб мусулмонлар улардан сақланишлари лозим. Чунки янги пайдо бўлган эътиқодларни динга боғлиқ жойи йўқ. Динга боғлиқ бўлмаган нарсани динга кириши динга зарар етказади. Бу ниҳоятда хатарли ва Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи ишдир. Шу сабаб бу ишни қилганлардан ислом уламолари юқоридаги каби муносабатда бўлишган. Инсон бу каби эътиқодлардан узоқ бўлиши ва атрофдагиларни огоҳ этиши лозим. 4–курс талабаси Сайфуддинова Маҳфуза 592
“Имом Бухорий” номидаги Тошкент ислом институти 4-курс битирувчилари тўрт йиллик талабалик даврини тугатиб катта ҳаётга қадам қўйиш олдида турибдилар. Битирув арафаси талабалар охирги синовлардан ўтиш жараёнларини бошдан кечирмоқда. Бугун май ойининг 29 кунида Тошкент ислом институти бакалавриат битирувчилари учун “Араб тили” фанидан давлат аттестацияси бўлиб ўтди. Институтнинг ахборот ресурс маркази залида бўлиб ўтган имтиҳонга талабалар бирма-бир қатъий назорат асосида текшириб киритилди. Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғофуров очиб берди ва талабаларга тавсия, йўл-йўриқлар кўрсатиб, муваффақиятлар тилади. Тадбирда институт проректорлари, “Тиллар” кафедраси мудири, ўқитувчилари ва тўла 41 нафар 4-курс битирувчилари иштирок этди. Имтиҳон соат 10:00 да бошланди. Талабалардан иккита вакил чиқиб билетлар солинган конвертни очишди ва ҳар бир талаба учун алоҳида тайёрланган билетлар тарқатилди. Билетлар учта саволдан иборат бўлиб, араб тилида тақдим қилинган матнни таржима қилиш, наҳв қоидаларидан берилганини тўла ёритиш ва танлаб қўйилган мавзу доирасида араб тилида матн тузиш каби шартлар белгилаб қўйилган. Имтиҳон 12:30гача икки ярим соат давом этди. Қатъий назорат остида бўлиб ўтган имтиҳонда талабалар тўрт йил мобайнида ўзлаштирган илмларини синовдан ўтказди. Тадбир сўнгида устозлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, яхши дуолар билан якунланди. 460
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фондига Payme тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди. Бу ҳақда KUN.UZ’ga фонд матбуот хизмати хабар бермоқда. «Вақф» хайрия жамоат фонди халқимизга қулайлик яратиш мақсадида, Payme тўлов тизими орқали хайрия қилиш имконини тақдим қилади. Сиз Payme орқали хайрия, закот фитр, ушр ёки вақф учун маблағ ўтказишингиз мумкин. Шуни алоҳида қайд этишни истардик-ки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳисоб-рақам очилган бўлиб, келиб тушган маблағлар шариат кўрсатмасида айтилган ўринларга етказилиши таъминланади. Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади. Пул ўтказмасини амалга ошириш учун Payme иловасидан «Хизматга тўлов» тугмаси босилади. Сўнгра «Хайрия» бўлимидан «Вақф» хайрия жамоат фонди белгиланади. Тўлов турларидан бири танланади. Керакли сумма киритилади. «Олдинга» тугмасини босиш орқали тўлов тасдиқланади Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, фондга ҳозирги кунда «Новза» масжидининг имом-хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов раҳбарлик қилади. Манба: Kun.uz 472