2017 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида 1982–1989 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идиний бошқармасига муфтийлик қилган, 1975-1982 йилларда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори вазифасида фаолият юритган шарқшунос олим, дин ва жамоат арбоби, дипломат Шамсиддинхон Бобохонов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб нашр этилган фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимовнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китобининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди. Тақдимотда ЎзФА академиги, филология фанлари доктори, профессор Неъматуллоҳ Иброҳимов, иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Тадбирда муфтийлар (Бобохоновлар) сулоласи вакили Шамсиддинхон Бобохоновнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, шарқшунос олимлар, уламолар, имом-хатиблар, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари қатнашди. Тадбирда сўзга чиққан “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китоб муаллифи, профессор Саидмухтор Саидқосимов Бобохоновлар сулоласининг оғир ва таҳликали даврларда Ислом дини ҳимояси йўлида чеккан заҳматлари ва ўз навбатида шоду хурсандчилик онларини ўзининг мазкур китобида содда ва халқчил тилда ифода этганини баён қилди. Асар қизиқиш билан “бир нафас”да ўқилиб, катта таассурот қолдириши, унда Шамсиддин Бобохоновнинг ҳаёт йўли ва мазмунли фаолияти билан бирга Бобохоновлар сулоласи, улар билан замондош бўлган давлат ва жамоат арбоблари, олим ва ёзувчилар билан боғлиқ ҳаётий лавҳалар ҳам ўрин олгани тўғрисида профессор Нурислом Тухлиев тадбир иштирокчиларига маълумот берди. Анжуманда сўзга чиққан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шамсиддинхон Бобохонов 1982–1989 йиллардаги муфтийлик фаолиятлари шўролар давлатида парокандалик бошланган, қалтис бир даврга тўғри келгани, даҳрийлар ҳийла-найранг қилиб, кўп жабру ситамлар ўтказганини алоҳида таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, мана шундай замонлар ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб туришга қиёсланганини изоҳладилар. Шунингдек, Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб хабар қилингани (Шарҳ, 6) ва яна бир ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва Аллоҳ йўлига тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, охиратда нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200) деб таъкидланганини муфтий ҳазратлари тадбир иштирокчиларига тушунтирдилар. Сўзга чиққан нотиқлар одамлар мана шундай олимларнинг ҳаётларидан ибрат олиши ҳақида тўхталиб, мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг “Олимлар ҳақида ҳикоя қилиш, улар билан бирга ўтириш мен учун кўп фиқҳ ўқиш ва ўрганишдан яхшироқдир. Чунки, бу ҳикоялар қавмнинг одобу ахлоқлари манбаидир”, деган сўзларини келтиришди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир”, деган ҳадисни маърузачилар атрофлича шарҳлашди. Тадбир якунида Шамсиддин Бобохоновнинг фарзанди Жамолиддин Бобохонов “Улуғ инсонлар маънавияти” китобидан Тошкент ислом иститутига ҳадя қилди. Администратор 517
Бугун, 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг катта мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти устоз ва талабалари, Тошкент шаҳридаги масжидларнинг имом-хатиблари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятини ходимларга етказиш мақсадида тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбирга Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Беҳзод Наримонов маърузачи сифатида таклиф этилди. Тадбирда сўзга чиққан Б.Наримонов Фармон ҳақида гапирар экан, унинг замирида халқимизга хос бағрикенглик, инсонпарварлик ғоялари ётганини алоҳида таъкидлади. Юртбоши томонидан кўрсатилган бундай ғамхўрликдан мамнун бўлган маҳкумлар, бугунги кунда, ўз оиласи бағрига қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиб бораётганларини ҳам алоҳида қайд этди. Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан диний идоранинг Ҳуқуқшунослик бўлими бошлиғи Икром Мардонов Амнистия акти ва Афвнинг бир-биридан фарқи ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумотлар берди. У ўз нутқида, мазкур Фармоннинг қабул қилингани, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар, аслида, инсонпарварлик тамойилига асосланганини алоҳида айтиб ўтди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди. ЎМИ Матбуот хизмати 333
2012 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган халқаро UNESKO ташкилотининг 190-сонли сессиясида Саудия Арабистони таклифига биноан 18 декабрь Халқаро араб тили куни сифатида эълон қилинди. Шу йили мазкур ташкилот биринчи маротаба 18 декабрни байрам сифатида нишонлаган. Шуни таъкидлаш лозим-ки, 1973 йил декабрь ойида БМТ бош ассамблеясининг 3190-рақамли қарори билан араб тили ташкилот расмий тиллари қаторига қўшилган. islamcenter.uz 330
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ташрифлари билан ансорлар шарафга эришди. Бу улуғ зотлар Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) меҳмон қилиш учун ўзаро мусобақалашардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ансорлар ва уларнинг уйини мақтаб бундай дедилар: “Ансор хонадонининг энг яхшиси Бану Нажжор, сўнг Бану Абдулашҳал, Бану Хорис ва БануХазраж, сўнг Бану Соидадир. Ансорларнинг ҳар бир хонадонида хайр бордир”. Тўлиқ исми: Салмо бинти Қайс ибн Амр ибн Убайда ибн Молик ибн Ади ибн Омир ибн Ғанам ибн Ади ибн Нажжор. Куняси: Умму Мунзир. Таниқли саҳобия Салмо (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталари тарафидан хола бўлади. Салмо бинти Қайс (розияллоҳу анҳо) уйидаги янги пишган ва қуритилган хурмолари билан мадиналикларни меҳмон қилиши туфайли шуҳрат қозонган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам унинг уйига тез-тез келиб, унинг таомларини баракали ва фойдали, деб мақтардилар. Салмо (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меникига Али (розияллоҳу анҳу) билан келдилар. У бетоб эди. Сўрида узумим бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ва Али (розияллоҳу анҳу) ундан ея бошлашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):”Эй Али, бўлди қил. Сенга мумкин эмас”, дедилар. Али (розияллоҳу анҳу) қайтиб, жойига ўтирди. Мен қандлавлаги ва арпани пишириб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) олдиларига қўйдим. У зот (алайҳиссалом) Алига (розияллоҳу анҳу): “Мана бундан егин, сенга фойдали”, дедилар (Имом Термизий). Шунингдек, Умму Мунзир (розияллоҳу анҳо) жума куни қанд лавлаги ва арпадан таом тайёрлаб, саҳобаларни меҳмон қиларди. Саҳл (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жума намозидан сўнг унинг уйига бориб, салом берардик. У олдимизга овқат қўярди”. Овқатида ёғ бўлмаса ҳам, жума куни бўлгани учун қувонардик”. “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев 734
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ТИИ буйруғига биноан 4-курс табаларидан Ҳасанов Улуғбек, Аҳмаджонов Иброҳим, Тўхтасинов Рўзимуҳаммад, Низаматдинов Есенгелди, Муратбаев Нурислом, Ғаниев Акмалхон ва Намозов Нусратиллолар Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Муҳаммад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртига педогогик амалиётга жўнатилдилар. Улар мазкур таълим даргоҳида мадраса томонидан бириктирилган ўқитувчилар назоратида педагогик амалиётни ўтамоқдалар. Мазкур талабалар педагогик амалиётнинг дастлабки кунларида тингловчи сифатида таълим муассасаси мударрисларининг дарсларига кириб, улардан тажриба ва педагогик маҳорат ўргандилар. Шундан сўнг орттирилган маҳорат ва тажриба асосида мударрислар назорати остида мустақил тарзда талабаларга мутахасссислик фанларидан дарс ўтиб келмоқдалар. Шунингдек, улар мадраса ётоқхонасида талабалар билан бирга яшаб, уларга дарсларни ўзлаштиришда яқиндан ёрдам бермоқдалар. Мадраса миқёсида ташкиллаштирилган мавлид ва сийрат тадбирларда фаол иштирок этдилар. 2017 йилнинг 11-14 декабрь кунлари “Тиллар” кафедраси мудири Фахриддин Маманасиров мазкур талабаларнинг педагогик амалиётдаги фаолиятларини назорат қилиш ва улар ўтказадиган очиқ дарсларини таҳлил қилиш мақсадида “Муҳаммад ал-Беруний” номли ўрта махсус ислом билим юртига хизмат сафарида бўлиб қайтди. Ф.Маманосиров 13,14 декабрь кунлари амалиётчи таалбаларининг Қуръон қироати ва тажвид, тафсир, фиқҳ, ақоид ва араб тили каби мутахассислик фанларидан ўтган очиқ дарсларини кузатди. Барча очиқ дарслар ўтказилганидан сўнг мадраса мударрислари билан ўтказилган очиқ даслар таҳлил қилинди. Дарсларнинг ютуқ ва камчиликлари бўлажак ўқитувчиларга кўрсатиб берилди ва уларнинг келажак фаолиятига Аллоҳдан барака сўраб, дуо қилинди. Шунингдек, Ф.Маманасиров билим юртида ўтказилган маънавий тадбирда қатнашиб, талабаларга “Диний фанларни ўзлаштиришдаги муҳим жиҳатлар” мавзусида суҳбат қилиб берди. Умуман олганда мазкур етти нафар педамалиётчи талабаларнинг фаолиятидан “Муҳаммад ал-Беруний” мадрасасининг жамоаси хурсанд ва рози эканликларини изҳор қилишди. 490