islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Iyul 11, 2018

Day

Муаллимларга насиҳат (3 қисм)

Мукофотлаш ва жазолаш йўлларини бир меъёрда қўллаш. Шунда тиришқоқ ўқувчининг ғайрати ва рағбати ошади, дангасалар эса жон куйдиришга мажбур бўлади. Мукофатлашнинг қуйидаги турлари бор: 1. Моддий мукофот, масалан, китоб ёки нақд пул. Ота-она фарзандига билдирмасдан муаллимга бирор ҳадя олиб келиб бериб, талабалар олдида фарзандини мукофотлашни илтимос қилиши мумкин. Талабаларга гўё бу ҳадя муаллим тарафидан берилгандек туюлиши керак. 2. Мақтов сўзлар билан тақдирлаш. «Аъло», «тасанно», «баракаллоҳ» каби сўзлар билан мақташ. Бу мақтовлар талабани янада юксакларга чорлайди, бошқаларни ҳам муаллимдан шундай мақтов эшитишга ундайди. 3. Баракот ва муваффақият тилаб дуо қилиш. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви тайёрлаб берганида у зот: «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин», деб дуо қилганлар». Лоқайд, дангаса талабага фойда бўладиган, ҳаддан ошмасдан, ўч олмасдан жазолаш туркумига қуйидагилар киради: 1. Дўқ-пўписа. Сиртдан қараганда қаттиққўллик, негизида эса панд‑насиҳат бўлган услубда, сўкмасдан дўқ-пўписа қилиш. 2. Талабанинг ёлғиз ўзига танбеҳ бериш, насиҳат қилиш. Кўпчилик  олдида койиш болани шарманда қилишдир. 3. Норози эканини билдириб қўйиш, қовоғини солиб муомала қилиш. 4. Ёмон иш қилган талаба ўша ишидан тавба қилмагунича ундан юз ўгириш.  5. Жазо сифатида уйга қўшимча вазифалар бериш. Масалан, дарсни бир неча марта ёзиб келишни талаб қилиш. Аллоҳим, бизни розилигинга муваффақ айла! Муҳаммад Али МУҲАММАД ЮСУФ таржимаси Манба: Islom.uz 298

Муаллимларга насиҳат (2-қисм)

1. Талабага ёмон муомалада бўлиш. Бундай муомала талабада муаллимга нисбатан нафрат туйғуларини уйғотади, натижада у муаллимдан манфаат олишдан маҳрум бўлади, илмдан безиб қолади, ўқишни ташлаб, бирор касб билан шуғулланиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатдаги бола атроф-муҳитнинг таъсирида ёмон йўлга кириб кетиши ҳам мумкин. 2. Баҳс ва савол эшигини ёпиб қўйиш. Бу хато туфайли талаба зерика бошлайди, дарсда ўтилган тушунчалар зеҳнига ўрнашмайди. Муаллим эса талабалар у берган маълумотлар қанчалик тўғри ёки нотўғри фаҳмлаганини била олмайди. Ваҳоланки агар талабалар дарсни яхши тушунмаган бўлса, уни қайтадан, бошқа услубда шарҳлаши керак эди. Дарсда жонли, икки томонлама мулоқот бўлмаса, талаба бу жараёнда ўзининг ҳам ўрни борлигини ҳис қилмай қўяди, муаллим ҳам ўзи ҳисобга олмаган, аммо талабаларнинг эътиборидан четда қолмаган кўпгина мулоҳазалардан бехабар қолади. 3. Талабанинг ҳолатини билмасликка олиш. Бу хато талабани ноқулай вазиятларга солиб қўяди. Гоҳида талаба ўзининг ҳолатини ўртоқлари олдида очиқлаб беришга ийманади. Талаба топшириқ-вазифаларни бажаришда оқсагани, унутиб қўйгани ёки фикри тарқоқлиги ва ҳоказолар учун кечириш керак бўлган вазиятлар бор. Масалан, талабанинг яқинларидан бири вафот қилган бўлиши ёки оилавий муаммо гирдобида бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатларни ҳисобга олмаслик муаллимнинг жиддий хатосидир. 4. Аълочиларни тақдирламаслик. Бу хато илм чўққилари сари интилаётган талабанинг ҳафсаласини пир қилади, умидларини пучга чиқаради, дангасанинг эса яхши томонга ўзгаришига туртки бўлмайди. 5. Талабанинг қобилиятини ҳисобга олмаслик. Бу хато айрим талабаларни ранжитиши мумкин, чунки уларнинг ақлий ва фаҳмлаш қобилиятлари ҳар хил бўлади. Шунинг учун муаллим маълумотларни ҳамма тушунадиган қилиб тақдим қилиши керак, чунки зеҳни пастроқ ўқувчилар ҳам дарсдан зеҳни ўткирлардек баҳраманд бўлиши лозим. 6. Дарсга атайлаб кечикиш. Дарс пайтида шахсий ишлар билан машғул бўлиш (масалан, муаллиманинг пардозланиши). Қўл телефонидан заруратсиз фойдаланиш. 7. Айрим талабаларни бошқаларидан ўзгача кўриш. Ўқитувчи бу хато туфайли ўқувчилар орасига адоват уруғини экади. 8. Бир кишининг қилмиши учун ҳаммани жазолаш, уларни муваффақиятсизликда айблаб, келажаги йўқлигини айтиш. Аксинча, йўл қўйилган хатони биргалашиб бартараф қилишга ундаш, уларнинг руҳини кўтариб, юксак ютуқларга эришишга истеъдодлари борлигини уқтириш керак. 9. Дарс мавзусидан узоқлашиб, талабалар учун бефойда нарсаларга ўтиб кетиш. 10. Дарсга тайёрланиб келмаслик. Бу хато тутилиб қолишларга, саволларга нотўғри жавоб бериб қўйишга олиб келади.  Аллоҳим, сўз ва амалларимизда тойилишдан Ўзинг асра! Муҳаммад Али МУҲАММАД ЮСУФ таржимаси Манба: Islom.uz 580

Муаллимларга насиҳат

1. Муаллим Аллоҳ уни таълим олиш ва таълим беришдек шарафга муяссар қилганини, умматнинг оёққа туриши учун таянч қилганини унутмаслиги керак. У талабаларга таълими ва кўрсатмалари орқали катта таъсир ўтказади. Бугунги талабалар – бизнинг келажагимиздир, чунки уларнинг ичидан жамият ва уммат ривожига каттаҳисса қўшадиган  зотлар – имом-хатиблар, вазирлар, депутатлар, қозилар, маслаҳатчилар, ҳарбийлар, миршаблар, ҳокимлар, табиблар, муҳандислар, иқтисодчилар, тадбиркорлар, муаллим-устозлар, ихтирочилар ва ҳоказолар етишиб чиқади.  2. Ихлос билан таълим бераверинг, Аллоҳ даражангизни юксалтиради. Вазифангизга лойиқ маош берилмаса ҳам, ихлосингиз, фидокорлигингиз туфайли Аллоҳ сизга ризқ эшикларини очади, сиз маҳрум бўлган  нарсаларнинг ўрнини тўлдириб беради. Айрим юртларда муаллимнинг ҳақини еб, ҳазм қилиб юборишади. Бу эса тараққиётнинг устуни бўлган муаллимларга нисбатан катта жиноятдир. Сизга ўрнак сифатида анбиё алайҳимуссаломларнинг текинга, Аллоҳдан ўзгадан бирор ҳақ талаб қилмай таълим берганларини келтириш мумкин. 3. Мактаб-мадраса дастурларини талабаларга етказишга ижтиҳод қилинг. Шундай қилингки, улар сиз дарс берадиган фанни севиб қолишсин. Уларга бу борадаги қийинчиликларни енгиш йўлларини ўргатинг, иштиёқ билан таълим олишга қизиқтиринг. Уларга умматни жаҳолат уйқусидан уйғотишда тутган ўринларини, ҳимматлари фақат шаҳодатнома олиб, шунинг орқасидан тирикчилик қилиш бўлиб қолмаслиги кераклигини тушунтириб беринг. 4. Нозик сиёсат билан синфни тартибга солишга ҳаракат қилинг. Шахсиятингиздаги заиф нуқталарни уларга кўрсатманг. Тағин баъзи қитмир талабалар буни ўзингизга қарши ишлатиб, таъбингизни хира қилиб, дарс беришдан, ўзгаларга фойда улашишдан тўсиб қўймасин.  5. Сиз талабаларингизга ўрнаксиз. Айниқса улар сизга меҳр қўйиб қолишса, ҳар бир хатти-ҳаракатингиз улар учун намуна бўлиб қолади. Шунинг учун тўғри бўлинг, шунда улар ҳам тўғри бўлишади. Эгри бўлманг, улар ҳам эгри бўлиб қолишмасин. Уларга ҳурмат билан муомала қилинг, асло масхара қилманг. Уларнинг ютуқ ва муваффақиятларга эришганини кўришдан қанчалик севинишингизни айтинг. Уларнинг олдида зинҳор ҳақоратли сўзлар ишлатманг, ножўя ҳаракатлар қилманг. 6. Талабаларингиз олдида ўзингизни мақтаманг, қаҳрамонликларингизни сўзлаб берманг. Сиздаги илм-маърифат, хулқу саховатни ўзлари кашф қилсин. Тўғри, баъзан уларга муваффақиятли тажрибангиз ҳақида сўзлаб бериш керак бўлиб қолади. Шунда ҳам буни камтарлик билан айтиб беринг, бундан мақсад фахрланиш, иззатталаблик бўлиб қолмасин. Аллоҳим, барчамизни Ўзинг ёқтирган ва яхши кўрган амалларга муваффақ айлагин!  Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси Манба: Islom.uz 387