Мустақиллигимиз туфайли юртимизда муқаддас ислом дини равнақи йўлида кенг ислоҳотлар амалга оширилди. Эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадриятларимиз тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий обидалар, осори атиқалар қайта барпо этилди. Фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шароитлар яратилди. Бугун Ватанимизнинг кўп асрли шонли тарихида мутлоқо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигига 27 йил тўлди. Ушбу тараққиёт йўлимизга яна бир назар ташлар эканмиз, бугунги тинч, осуда ҳаётга, ёруғ кунларга, ютуқ ва марраларга қандай омиллар эвазига эришганимиз кўз ўнгимизда гавдаланиши табиий. Ўтган тарихан қисқа ва мазмунан бой йилларда ҳукуматимиз томонидан узоқни ўйлаб олиб борилган оқилона сиёсат туфайли асрларга татигулик ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, фаннинг барча соҳаларида, жумладан, маданий ва миллий меросимизнинг асоси бўлмиш ислом динини асл манбалар асосида ўрганиш ва уни холис таҳлил қилиш имконияти кенгайди. Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида дунёда муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазият динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан халқимизнинг маънавий меросини қадрлаш, маърифий ислом динини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буюк алломаларимиз асарларини ўрганиш ва чоп этиш, қадамжоларини обод этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Сурхондарё вилоятидаги Имом Термизий, Қашқадарё вилоятидаги Абу Мўъин Насафий мақбаралари, Навоий вилоятидаги Нурота зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар қайтадан тўлиқ таъмирланди. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида фиқҳ мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 23 июндаги қарорига мувофиқ бунёд этилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси марказида аждодларимизнинг улкан маънавий мероси, жаҳон илм-фани ривожига қўшган ҳиссасини ўрганиш ва илмий тадқиқ қилиш ишлари бошлаб юборилди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада амалга оширилаётган ишлар жамиятимиздаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамламоқда. Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини билдирди. Бу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликни таъминлашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Дархақиқат, бугун юртимизда том маънодаги диний ҳамда маънавий-руҳий эркинликларга жуда катта йўл очиб берилди. Миллий истиқлол мафкурасида муқаддас ислом динининг моҳияти, унинг инсонпарварлик ғоялари, динга соғлом муносабат масалари ўз ифодасини топди. Дин соҳасида оламшумул аҳамият касб этган уламоларнинг меросини ўрганиш, аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз томонидан...