islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Oktabr 19, 2019

Day

Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур

Аллоҳ таоло инсонни бошқа мавжудотлардан фарқли равишда нутқ – гапирувчи, сўзлашувчи маҳлуқот қилиб яратди. Сўзлашиш қобилияти Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада гапирамиз ва бунга одатий бир нарсадай ўрганиб ҳам қолганмиз. Лекин тафаккур қилиб кўрилса, нутқ-овоз чиқариш ниҳоятда мураккаб, нозик бир жараён эканлиги маълум бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар (шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағрифат қилур. Ким Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат этса, бас улуғ бахтга эришибди” (Аҳзоб сураси, 70-71). Шу билан бирга Аллоҳ таоло башариятни турли тилда сўзлашувчи ҳалқлар қилиб яратди. Аллоҳ айтади: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13 оят). Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, ўз она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг сўзлари билан айтганда, “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам “Тил бойлиги – эл бойлиги” дейишади. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи, вазифаси ҳисобланади. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф одатларигача илғаб олишган. Адиблардан бири: “Тил – миллатнинг юрагидир” деган эди. Ўзбек тили Мавлоно Лутфий, Хазрат Алишер Навоий, Бобур мирзолардан то шу кунларгача машаққатли ва олис йўлни босиб ўтди. Аждодларимиз, олимларимиз асрлар давомида ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишди, яратганга беҳисоб шукрки бундай неъмат билан Аллоҳ бизни сийлаб қўйди. Ҳолбуки, ҳамма тилни хурматлаш одобини нутқ маданиятини ўрганиш ҳар биримиз учун зарур омил ҳисобланади. Зеро, оғзаки нутқ маданиятини билиш, ўрганиш, тилга хурмат – элга хурмат маъносида ҳам юксак фазилат ҳисобланади. Хазрат Навоий айтганларидек: Тилга эътибор – элга эътибор. 2019-йил 18-октябр куни Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедрасида “Ўзбек тилига -давлат тили мақоми ” берилганига 30 йил тўлиши муносабати билан “Олтин мерос” жамғармаси раҳбари, атоқли шоир, публистик журналист Амирқул Карим билан адабий учрашув бўлди. Тадбирда шоир тилимизнинг аҳамияти, уни асраб-авайлаш, ривожлантириш ҳақида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Шунингдек, ўзининг гўзал шерлари билан барчани хушнуд қилди. Тошкент ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси кабинет мудири, Фатҳ жоме масжиди имом ноиби Адҳамжон Юсупов. 818

СЎНГГИ КАЛОМ

Заҳабий имом Абу Зуръа Розийнинг таржимаи ҳолини баён қилар экан, у зотнинг вафотлари ниҳоятда таъсирли бўлганини шундай ҳикоя қилади: «Абу Зуръа ўлим тўшагида ётган эди. У зотнинг икки шогирди Абу Ҳотим Розий билан Муҳаммад ибн Муслимлар устозни зиёрат қилмоқчи бўлишди. Аммо ўлим тўшагида ётган устозга калимаи шаҳодатни талқин қилишга хижолат бўлиб, бироз тараддудланиб қолишди. Абу Зуръа улуғ муҳаддис, бутун Ислом оламига машҳур имом эди, шунинг учун шогирдлар устозга очиқчасига шаҳодат калимасини айтинг дейиш ёки уни талқин қилиб туришдан уялишарди. Ниҳоят, бир тўхтамга келиб, «Устознинг ҳузурида «Кимнинг охирги каломи «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлса, жаннатга киради» деган ҳадисни ривоят қиламиз. Шояд у зот ўша ҳадисни эслаб, шу баҳона калимаи шаҳаодатни айтсалар», дейишди. Гапни бир жойга қўйиб, устознинг ҳузурига киришди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, мақсадга ўтишди. Муҳаммад ибн Муслим: «Заҳҳок ибн Махлад менга Абдулҳамид ибн Жаъфардан ҳадис айтиб берди, у Солиҳдан…» деб гап бошлади, аммо ҳолатнинг оғирлиги, кўз ўнгида ўлим тўшагида ётган устозига ачингани боис, хижолат тортиб, дудуқланиб, гапира олмай қолди. Шундан сўнг Абу Ҳотим сўз бошлади. Бироқ, «Бизга Бундор ҳадис айтиб берди, у Абу Осимдан, у Абдулҳамид ибн Жаъфардан, у эса Солиҳдан», деди-ю, у ҳам дудуқланиб, гапира олмай қолди. Шунда Абу Зуръа секингина: «Мени ўрнимдан тургазинглар», деди. Шогирдлар унинг елкасидан, қўлтиғидан тутиб, ўтирғизишди. Абу Зуръа ҳорғин овоз билан пичирлай бошлади: «Бизга Бундор ҳадис айтиб берди, у Осимдан, у эса Абдулҳамид ибн Жаъфардан ривоят қилади. У Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Мурра Ҳадрамийдан ривоят қилади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимнинг охирги сўзи Лаа илааҳа иллаллоҳ…». Абу Зуръа ҳадисни охиригача айта олмади. Унинг жони узилган эди». Умрини ҳадис тўплаб, ҳадис ривоят қилишга бағишлаган бу буюк зотнинг сўнгги лафзи «Лаа илааҳа иллаллоҳ» бўлди». Аллоҳим! Ўзинг Раҳмонсан, Раҳимсан, бизга ҳам «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деган эътиқод билан яшаб, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» лафзи билан кўз юмишни насиб этгин! Нодирбек Хидиров 293