Уламоларнинг “ботқоқликни билмай юрган йўловчи унга ботиб қолади”, деган мазмундаги ҳикматли гаплари бор. Шу маънода диндан чиқишга сабаб бўладиган нарсаларни улардан сақланадиган даражада билиш ҳар бир ақли расо мусулмон учун дини талаби ҳисобланади. Мусулмон кишининг диндан чиқиш сабаблари уч турли бўлади: Нотўғри эътиқод сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таоло ҳақида ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ёки охират куни ҳақида ва ҳоказо динга тааллуқли экани аниқ бўлган қатъий маълумотлар тўғрисида шубҳа қилган киши диндан чиққан бўлади. Аммо унутмаслик лозимки кўнгилга келадиган турли бемаъни ўй-хаёллар шубҳа ҳисобланмайди. Айрим ишларни қилиш сабабли диндан чиқиш. Масалан, бут-санамларга сажда қилиш, қуёшга сажда қилиш ва Мусҳафи шарифни чиқиндихонага улоқтириш каби ишларни содир этган кимса диндан чиққан бўлади. Айрим сўзларни гапириш сабабли диндан чиқиш. Масалан, Аллоҳ таолонинг исмларини, ёки ҳукмларини ёки динни ва унга тегишли ҳукмларни мазах қилган кимса диндан чиққан бўлади. Ушбу учинчи турида олдингиларидан фарқли нозик жиҳатлари бўлгани учун ақоид китобларида бу тур алоҳида равишда кенг ва батафсил баҳс қилинган. Бу баҳсларнинг хулосалари қуйидагилардир: Сирожиддин Ўший раҳматуллоҳи алайҳ “Бадъул амолий” асарида куфр сўзини гапиришнинг ҳукмини бундай баён қилган: وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ “Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир”. Демак ихтиёрий равишда, яъни мажбурланмасдан туриб куфр сўзини айтиш диндан қайтиш, яъни куфр ҳисобланар экан. Куфр сўзини айтувчиларнинг ҳолатлари турлича бўлади. Баъзилари бу сўзни била туриб қасддан айтган бўлсалар, баъзилари билмасдан айтиб қўйган бўлишлари мумкин. Буларнинг барчасининг ҳукми бир хил бўладими ёки фарқли ҳукм бўладими? Бунга уламолар қуйидагича жавоб берганлар: Куфр сўзини гапирувчиларни қуйидаги уч турга ажратиш мумкин: Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтувчилар. Кимки айтаётган гапи куфр эканини билиб, шуни ўзи хоҳлаб, унинг маъносига эътиқод қилиб айтган бўлса, бундай кимса ҳеч бир ихтилофсиз аниқ кофирга айланган бўлади. Айтаётган гапи куфр эканини била туриб, аммо маъносига эътиқод қилмасдан айтувчилар; Кимки айтаётган гапи куфр эканини била туриб, ўз ихтиёри билан уни айтган бўлса-ю аммо эътиқоди ундай бўлмаса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган: – Ҳанафия мазҳабидаги мўътабар матнлардан бўлган “Фатавои Қозихон” ва “Фатавои Баззозия”лардаги ҳукмга кўра бу одам диндан чиққан бўлади; Баъзи уламолар: “Иймон ва куфр қалбнинг амалларидир, шунга кўра бу одам диндан чиққан бўлмайди”, деганлар. Айтаётган гапи куфр эканини билмасдан ва маъносига ҳам эътиқод қилмасдан айтувчилар. Кимки аслида куфр бўлган сўзни гапирса, аммо айтган гапининг маъносига ҳам эътиқод қилмаган ва унинг куфр сўз эканини ҳам билмаган бўлса, бу кимсанинг диндан чиққани ҳақида ихтилоф қилинган: Кўпчилик уламоларнинг фатволарига кўра бундай кимса кофир бўлади, унинг билмаслиги узр ўрнига ўтмайди. Фақат баъзи уламолар бундай киши иккита ҳолатда узрли бўлишини айтганлар: 1. Исломга яқинда кирган бўлса; 2. Уламолардан узоқда яшаган бўлса. Камчиликни ташкил қиладиган айрим уламоларнинг фатволарига кўра эса бундай кимса кофир бўлмайди, билмаслиги узр ўрнига ўтади. Аммо уламолар куфр сўзи айтилса ҳам айрим ҳолатларда истисно тарзда куфр ҳисобланмайди деганлар. Масалан бехосдан куфрга далолат қиладиган сўз оғидан чиқиб кетган бўлса, ёки эс- ҳушини йўқотган ҳолатда айтиб юборган бўлса, ёки маст ҳолатда алжираган бўлса, куфрга ҳукм қилинмайди. Ана шундай куфрга ҳукм қилинмайдиган ҳолатлардан бири бошқанинг куфр гапини ҳикоя тарзда айтиш ҳисобланади....
Демак, ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар. 2. Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалардан чиқадиган овозлар уларни биладиганлар учун ҳақиқатан тасбеҳдир. Уларнинг бу тасбеҳларини фақат пайғамбарларгина биладилар. Ақлсиз мавжудотларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади, деган уламолар ўзларининг қарашларини қуйидагича тушунтирганлар: “Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни, мўмин инсонлар “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” дейдилар. Аммо ақлсиз ҳайвонлар ва жонсиз нарсалар сўз билан тасбеҳ айтмайдилар. Балки уларнинг борликлари ва ақллар ҳайратда қоладиган даражадаги хусусиятлари Буюк Яратувчининг ягоналигига ва мислсиз улуғлигига гувоҳлик беради. Ана шу далолат уларнинг тасбеҳлари ҳисобланди. Зеро ҳикматли сўзда: لِسَانُ الْحَال أَفْسَحُ مِنْ لِسَانِ الْقَال “Ҳол тили (ҳолат далолати) қол тилидан (тил билан айтишдан) кўпроқ маъно англатади”, дейилган. Мазкур мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари икки хил тафсир қилингани сабабли оят давомида келган “Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” деган сўзнинг маъноси ҳам табиий равишда икки хил тафсир қилинган: 1. Уларнинг тилларини тушунмаганларингиз сабабли айтаётган тасбеҳларини англамайсизлар, ёки уларнинг айтаётган тасбеҳларини идрок қилиш сизларга оғир бўлгани сабабли англамайсизлар; 2. “Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этувчи каби бўлади”, дейилгани сингари уларга ақл юритиб назар солувчиларнинг ҳайратдан тасбеҳ айтиб юборишларига сабаб бўлганларининг ўзи уларнинг тасбеҳларидир. Шунинг учун сизлар уларнинг тасбеҳларини эмас, уларни кўриб тасбеҳ айтаётганларнинг сўзларини англайсизлар. Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, тасбеҳ айтувчиларнинг улуғи бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 310