6. У зотни ҳимоя қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш у зотга бўлган муҳаббатнинг энг улкан аломатларидан ҳисобланади. Тарих китобларида саҳобаларнинг у зотни душман ўқларидан таналари билан тўсганлари баён қилинган. У зот вафотларидан кейин эса душманларнинг бўҳтонларидан у зотнинг пок сийратларини ҳимоя қилиш ҳар бир мусулмонга лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳимоя қилиш тушунчаси бир қанча ишларни тақозо қилади: – Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг саҳобаларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади. Шунинг учун саҳобаларни пайғамбарлардан кейинги инсонларнинг энг афзаллари, деб эътиқод қилиб, уларни фақат яхши сифатлар билан ёдга олиш лозим. – Расулуллоҳни ҳимоя қилиш у зотнинг аёлларини ҳам ҳимоя қилишни тақозо қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламниннг аёлларини Аллоҳ таоло охири замон пайғамбарига жуфт бўлишини ихтиёр қилган энг афзал аёллар, деб эътиқод қилиш ва улар ҳақидаги турли бўҳтонларни рад қилиш лозим. 7. У зотнинг суннатларини ҳимоя қилиш. Расулуллоҳнинг суннатларини ҳимоя қилиш, деганда уларни ёдлаш ҳамда бузғунчи ва жоҳилларнинг нотўғри талқин қилишларига қарши курашиш тушунилади. 8. У зотнинг суннатларини ёйиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини инсонларга таълим бериб, уларнинг ёйилишига хизмат қилиш, у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зотнинг ўзлари суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳақларига дуо қилганлар: عَن ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَى اللهُ عَلَيهِ وَ سَلَّمَ يَقُولُ: « نَضَّرَ اللهُ امْرَأً سَمِعَ مِنَّا شَيْئاً، فَبَلَّغَهُ كَمَا سَمِعَهُ ، فَرُبَّ مُبَلَّغٍ أوْعَى مِنْ سَامِعٍ ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Биздан бир нарсани эшитиб, эшитганидек етказган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Эҳтимол хабар етказилган киши эшитувчидан кўра фаҳмловчироқдир”, деяётганларини эшитганман”. Термизий ривоят қилган. Хулоса қилиб айтганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва суннатларини муҳаббат билан ўрганиш асосий мақсадга элтувчи восита ҳисобланади. Асосий мақсад эса ўрганган суннатларни ҳаётга татбиқ этиш ва одатга айлантириб олишдир. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 229
Учта аёл қўлларида катта саватлар билан бозордан қайтар эди. Улар йўл четидаги ўриндиққа дам олиш учун ўтириб фарзандлари ҳақида гап бошладилар. Бири ўғли жисмонан жуда бақувват экани ва бир неча дақиқа давомида қўллари орқали юра олиши мумкинлигини айтди. Иккинчиси эса фарзанди хушовоз экани ва ҳамма унинг ажойиб қўшиқларига маҳлиё бўлишини айтиб мақтанди. Учинчиси эса жимгина уларни эшитиб ўтирар эди. Аёллар ундан нега жим ўтирганини сўраганларида: “Менинг фарзандимда айтишга арзирлик бирор қобилият йўқ” – деб жавоб берди. Шу пайт аёлларнинг бу суҳбатига гувоҳ бўлиб қолган нуроний отахон уларнинг изидан юриб кетди. Кўчанинг муюлишига етиб келишганида аёллар ҳаммаси саватларини ерга қўйиб ёрилган қўлларию, толиқиб кетган белларини уқалай бошладилар. Шу тобда уларни кўрган фарзандлари югуриб келдилар. Шунда бир бола онасининг олдида ўмбалоқ ошиб қўлларида юра бошлади. Иккинчиси бир ҳарсанг тошни устига чиқиб олиб онаси ёқтирган қўшиқни айта бошлади. Аёллар уларни маъқуллаб олқишладилар. Учинчи бола эса онасининг олдига келиб: “Онажон, чарчамадингизми, келинг мен сизга ёрдамлашаман,”- деб онасининг саватини қўлига олди. Аёллар ёниларидан ўтиб кетаётган бояги отахондан фарзанларининг қобилияти борасида фикр билдиришини сўрашди. Отахон эса: “Мен бу ерда фақат биттагина қобилиятли болани кўрдим. У онасига ёрдам беришга шошилган боладир. Зеро у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтгандек иш тутди. Зеро, у зот шундай деган эдилар: أوصي إمرأ بأمه Ҳар бир кишига онасига яхшилик қилишни васият қиламан. Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 268