islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 2, 2020

Day

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари: У зотнинг жасадлари кимлар томонидан, қаерда ва қачон ювиб кафанланган?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз пайғамбарлик вазифаларини тўла бажариб, ҳижратнинг 11 йилида, Рабиул-аввал ойининг 12-куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари қаерда ва қачон ювилди Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …”, дер қайтарарди (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган, қизи Оишанинг хонасига кирди. Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешонасидан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз, деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:“إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ “Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар”. Сўнг: “Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз”, деб хонадан чиқди (Ибн Ҳишам, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209). Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: “Муҳаммад ўлмаган!..” Абу Бакр ундан ўтиришни сўради. Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир”. Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди: وما وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٞ قَدۡ خَلَتۡ مِن قَبۡلِهِ ٱلرُّسُلُۚ أَفَإِيْن مَّاتَ أَوۡ قُتِلَ ٱنقَلَبۡتُمۡ عَلَىٰٓ أَعۡقَٰبِكُمۡۚ وَمَن يَنقَلِبۡ عَلَىٰ عَقِبَيۡهِ فَلَن يَضُرَّ ٱللَّهَ شَيۡـٔٗاۚ وَسَيَجۡزِي ٱللَّهُ ٱلشَّٰكِرِينَ “Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам Пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар” (Оли Имрон сураси,144) (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280). Ушбу нутқдан кейин ҳамма Умарни ўз ёнларига олган ҳолда тинчлантиришди. Гарчи бу жуда қайғули бўлса-да, лекин улар реал ҳаётга, ҳақиқатга тик қарашлари керак эди. Уларнинг юракларини тўлдирган оғриқ кўз ёшлари билан чиқа бошлади. Ўша пайтда Абу Бакрга ансорларнинг бир қисми Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидидан беш дақиқалик масофада жойлашган Бану Соъида қабиласидан Саъд ибн Убода ҳовлисида тўпланганликлари ҳақида хабар келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафоти, Византия таҳдиди, Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик пайтида пайдо бўлган баъзи қавмларнинг муртадлик ҳолатлари каби масалаларнинг бир нуқтада жамланиши ва ушбу вазиятлар борасида чиқариладиган юзаки қарорлар тузатиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши ва мусулмонлар ўртасида бўлинишларга олиб келиши мумкин эди. Умарнинг таклифига биноан ансорларнинг мақсадларини билиш учун Абу Бакр, Абу Убайда ва Умар...

Устоз қандай ҳурмат қилинади?

Имом Абу Ҳанифа* раҳмутуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Устозим Ҳаммодни ҳурмат қилиб, мен оёғимни устозим ҳовлиси томон узатмадим. Ҳолбуки, менинг ҳовлим ва устозим ҳовлиси орасида етти кўча бор эди. Устозим Ҳаммод вафот этганидан бери, ҳар намозим ортидан ота-онамга қўшиб у учун ҳам Аллоҳдан мағфират сўрадим. Зеро, менга таълим берган ҳар бир киши учун Аллоҳдан мағфират сўрайман”. (Имом Муваффақ Хоразмий, Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет) =================== Имом Абу Юсуф* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Дуо қилганимда мен олдин устозим Абу Ҳанифа, сўнг ота-онам ҳаққига дуои хайр қиламан. Дарҳақиқат, устозим Абу Ҳанифадан: “Ота – онамга қўшиб устозим Ҳаммод ҳаққига дуои хайр қиламан”, деганини эшитганман”. (Имом Муваффақ Хоразмий. Маноқиби имом Абу Ҳанифа: 2-жуз/7-бет) ================== Имом Аҳмад ибн Ҳанбал* раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади, у киши айтади: “Мана ўттиз йилдирки, тунда уйқуга кетишдан олдин устозим Имом Шофеъий* ҳаққига дуои хайр қиламан ҳамда у учун Аллоҳдан мағфират сўрайман”. Шунда Имом Аҳмаднинг ўғли ундан: “Отажон, Шофеъий деганлари қандай зот эдики, унинг ҳаққига кўп дуои хайр қилаётганингизни эшитаман?”, деб сўради. Имом Аҳмад: “Имом Шофеий гўё дунёга нур сочаётган қуёшдек эди”, деб жавоб берди. (Хатиб Бағдодий, Тарихи Бағдод: 2-жуз/62-бет) “Ҳадис ва ислом тарихи” фанлари кафедраси ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов * Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳим – буюк мужтаҳид, фақиҳ ва муҳаддис олимлардан бўлишган. Аҳли сунна ва жамоа эътиқодига кўра, улар эътироф этилган тўртта фиқҳий мазҳабнинг учтаси: ҳанафий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари соҳибларидир. * Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ – Имом Абу Ҳанифанинг икки буюк шогирларидан бири. Аббосий халифа Ҳорун Рашид даврида илк бор Ислом оламида “Қозилар қозиси” унвонини олган. 374

Муфтий ҳазратлари тошқиндан азият чекканларни моддий-маънавий қўллаб қувватлаш мақсадида сирдарёликлар билан учрашди

Бугун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов куни кеча 1 май куни Сирдарё вилоятида юзага келган фавқулодда ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган иккита юк мошинаси билан ушбу вилоятга етиб бордилар. Ушбу сафарда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ Турматов ҳамроҳлик қилмоқда. Сафарнинг аввалида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида уламоларимиз томонларидан мазкур нохуш ҳодисанинг салбий оқибатларини Аллоҳ таборака ва таолодан бартараф этишини сўраб, Қуръони карим оятларидан тиловат ўқилиб, муборак Рамазон кунларида дуою илтижолар қилинди. Шунингдек, бир бош қорамол сўйилиб, кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, етим-есирлар ва дуоси мустажоб инсонларга тарқатилди. Маълум қилинишича, “Вақф” хайрия жамғармаси ҳисобидан юборилаётган мазкур инсонпарварлик ёрдамининг умумий ҳажми 30 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – 20 қоп ун, 9 қоп шакар, 5 литрлик 150 дона ўсимлик ёғи, бир неча қути чой каби биринчи эҳтиёж учун зарур бошқа маҳсулотлар мавжуд.Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги уламолар дастлаб, Гулистон шаҳридаги юридик коллежига ташриф буюрдилар. У ерга вақтинча жойлаштирилган аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиб, бундай синовли кунларда муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмаслигини билдирдилар.Мана шундай машаққатли шароитда энг асосийси саросимага тушмасдан, елкама-елка туриб, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошга келган ташвишни сабр-матонат билан енгиш ўта муҳим экани таъкидланди.Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муборак Ислом динимизда мана шундай машаққатли кунларда сабр қилишга улуғ ажрлар ваъда қилингани, бундай синовларни тезроқ ўтиб кетишига умид боғлашга чақирилганини сўзлаб, Ҳақ таборака ва таолодан ушбу нохуш воқеанинг салбий оқибатларидан паноҳ сўраб, Яратган Парвардигорга дуо қилдилар. Шунингдек, аҳоли вакилларига “Вақф” фонди томонидан етказилган инсонпарварлик ёрдамлари топширилди. Сафар давом этмоқда.     Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати 275

“Инсонларни Исломга сўзамоллигингиз, далил ва фалсафангиз боғламайди, балки ахлоқингиз ва омонатдорлигингиз боғлайди”

Бир киши мусулмон бўлмаган бир аёлга уйланди. Хотинининг онаси бор эди. Ногаҳон у аёл тўшакка михланиб қолди. Унинг бу хотиндан бошқа яна бешта ўғли бор эди. Хотинларининг зуғуми билан улардан биронтаси онасини уйига олиб кетишга рози бўлмади. Унинг ўрнига қариялар уйига олиб бориб ташлашга қарор қилдилар. Лекин биргина қизининг эри бўлган мусулмон инсон уни ўз уйларига олиб келишини хотинидан талаб қилди. У инсон менга айтади: “Аллоҳга қасам, устоз! Қайнонамга бир оғиз, бирор калима Ислом ҳақида сўзламадим. Лекин у Исломга кирганини эълон қилди ва мусулмон бўлди.” Сабаб шуки, ўзининг қорнидан тушган болалари ундан деярли воз кечдилар. Аммо мусулмонга турмушга чиққан қизи уни олиб кетди ва қаради. У уларга ўрганди ва Исломга кирди. Сизларга биринчи, иккинчи, учинчи бор айтаман: “Инсонларни Исломга сўзамоллигингиз, далил ва фалсафаларингиз боғламайди.Балки ахлоқингиз, омонатингиз, тўғри яшашингиз, ростгўйлигингиз ва олди-сотдидаги ўзгалар учун хайрихоҳлигингиз боғлайди”. Муҳаммад Ротиб Нобулсий Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Жўрабоев тайёрлади 339

Ёлғончи аёл (32-ҳадис)

Шу куни маҳкамада бир эркак ва аёлнинг шикояти кўриб чиқилиши керак эди. Қози жаноблари ўз ўрнини эгаллагач, бўлиб ўтган ишни тинглашни бошлади. Биринчи бўлиб аёлга сўз берилди. Аёл кўз ёшлари билан ёнида ўтирган нимжонгина кишига ишора қилиб: “Мана бу инсофсиз мени пулларимга тажовуз қилиб ўзимни шарманда қилди. Ундан шикоятим бор”, -деди. Эркак эса ўзини оқлаш учун гапга қўшилиб: “У нотўғри гапираябди, ҳурматли қози жаноблари! Мен бозорда қўйларимни сотиб сўнг ундан тушган пулларни санаётганимда тўсатдан бу аёл келиб унга пул беришини талаб қилди. Агар бермасам менга нисбатан ёмонлик қилишини айтиб таҳдид қилди. Уни гаплари менга таъсир қилмаётганини сезгач, йиғлаб атрофдаги одамларни тўплади”-деди. Қози уларни сўзларини тинглаб бўлгач ким ҳақ ва ким ноҳақ эканлигини тушуниб олди. Сўнгра у эркакка юзланиб: “Сен қанчалар ҳам тубан иш қилгансан. Ўзинг бу аёлнинг пулларини тортиб олиб яна унга тухмат қилябсан! Тезда унинг пулларини қайтариб бер!”-деди. Қозининг ҳукми барчани лол қолдирди. Аёл хурсанд бўлиб пулларни олди-да, қозини дуо қилганича маҳкамадан чиқиб кетди. Шундан сўнг қози эркакка ўша аёлнинг ортидан чиқиб пулларини қайтариб олиб қўйишни айтди. Ҳеч нарсага тушунмаётган эркак ўз пулларини қайтариб олиш умидида югурганича ташқарига чиқиб кетди. Бир оз вақтдан сўнг у иккаловини яна маҳкамага олиб келишди. Эркак зарба еган ва тимдаланиб кетган юзларини силар ароҳатларидан эса қон оқиб турар эди. Яна биринчи сўз аёлга берилди. У жуда қаттиқ ғазабланган эди. Ўзини тутиб тура олмасдан бақира кетди: “Қози жаноблари, бу ярамас яна менга ташланиб, сиз олиб берган пулларни тортиб олмоқчи бўлди”-деди. Қози босиқлик билан:”Яхши, олиб қўя олдими?”-деди. Аёл эса мийиғида кулиб: “Йўқ, албатта. Мен шунақа нимжон одамга пулини бериб қўядиган аёлга ўхшайманми?”-деди. Шунда қози ҳайқириб деди: “Эй маккора аёл! Сен бироз аввал ўзингни ҳақ эканлигингни даъво қилиб бу эркак сени пулларингга ташланганини айтдинг. Агар чиндан шундай бўлганида эди, ҳозиргидан да қаттиқроқ ўз пулларингни ҳимоя қилган бўлар эдинг. Қани, энди ҳозироқ бу кишининг пулларини қайтар!”-деди. Тухматчи аёлга жазо тайинлаш асносида қози жаноблари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини айтиб ўтди: إياكم و الكذب فإن الكذب يهدي إلي الفجور و إن الفجور يهدي إلي النار “Ёлғондан сақланинг! Чунки ёлғон бузуқликка бузуқлик эса жаҳаннамга бошлайди” (Муслим “Бирр” 103) Рус тилидан Охунжон Аҳмад ва Муаттар Абдулқаюм таржимаси 378
1 2 3