Араб тили ва адабиётининг буюк олими Хоразмлик Саккокийнинг тўлиқ исмлари – Сирожиддин Абу Ёқуб Юсуф ибн Абу Бакр Мухаммад ибн Али Ал-Хоразмий Ал-Ханафий Ас-Саккокий бўлиб, улар 555 ҳижрий (1169 милодий) йилда туғилиб, 626 ҳижрий (1229 милодий) йилда Хоразмнинг Кандий қишлоғида вафот этадилар. (Ал-Аълам китоби: 8-жуз, 222-бет. Зириклий)
“Сирожиддин Саккокий” лақабли Шайҳ Юсуф Хоразмий араб бўлмасалар ҳам “Мифтаҳул улум” китобларида араб илмларидан 12 турининг мураккаб қоидаларини зикр қиладилар. Умрларининг бошида темирчи бўлганлар. Ўзларининг устахоналарига ажойиб қулф ясайдилар. Устахоналарининг нархи қулфи билан ҳисобланганда 1 қиротдан ошмасди. Ўша устахонани ўз замонларидаги подшоҳга ҳадя қиладилар. Буни кўрган подшоҳ ва аъёнлари уларнинг камтарона ҳадяларини қайтаролмай мажлисларида қатнашишга рухсат берадилар. У киши турган пайтларида яна бошқа бир киши кириб келади. Подшоҳ у кишини ҳурматлаб ўрнидан туриб, ўзининг ўрнига ўтиришига ижозат беради. Шунда Саккокий у кишининг кимлигига қизиқиб сўрайдилар. “У киши уламолардан”, деб жавоб беришади. Саккокий ичларида ўйлаб кўриб, агар бир инсон шундай аллома бўлса, демак фазлу-марҳамат ва эҳтиромда подшоҳга бор-будини берган одамдан ҳам яқин ва улуғроқ эканлигини кўрадилар. Ўша кундан бошлаб илм олиш талабида мадрасага боришни бошлайдилар. Ўша пайтда улар 30 ёшда эди.
Саккокийнинг илм олишда қийналаётганларини кўрган мударрис:
– Зеҳнингиз сизга илм олиш йўлида панд бераётганини кўраяпман. Балки сиз илм оладиган ёшдан ўтиб қолгандирсиз, – дейди.
Сўнг уларга Имом Шофеъий мазҳаби масалаларидан ўргата бошлайди ва шундай дейдилар:
– Шайҳимиз айтадиларки: Итнинг териси ошлаш билан покланади. Қайтаринг! Такрорланг!
Саккокий ушбу жумлани бир неча бор такрорлайдилар, ва эртаси куни мударрис Саккокийдан:
– Кечаги ўтилган масалани айтиб беринг! – деб сўрайди.
Шунда Саккокий шошилиб:
– Ит айтди: Шайҳнинг териси ошлаш билан покланади, – дейди.
Ён-атрофда ўтирган талабалар кулиб юборишади. Буни кўрган устоз уларга бошқа илмларни ўргатишни бошлайди. Шу аснода Саккокий мадрасада 10 йил машаққат билан таҳсил оладилар. Ўзларини 10 йилдан кейин ҳам бирор бир илмда чўққига чиқолмаганларини кўриб, қаттиқ сиқилиб, умидсизланиб водий ва тоғларда яшашга қарор қилиб мадрасадан кетадилар. Бир куни тоғ ёнбағрида ўтирганларида тепадан томчилаб тушаётган сувга назарлари тушади. Қатра-қатра тушаётган томчилар катта ҳарсангтошни устига тушаверганидан, тошни ўйиб чуқурча ҳосил қилганини ва ўйилиб тошнинг тагидан тешиб сув сизиб чиқаётганини кўрадилар ва бундан қаттиқ ибратланадилар. Шунда ўзларига ўзлари: “Қалбим шу тошдан ҳам қаттиқроқ бўлмаса керак, эслаб қолиш қобилиятим кетиб, миям қотиб қолмагандир, ҳали ҳам илм олишимдан мени нима тўсаяпти”,- деб, иккинчи марта қаттиқ ишонч ва холис азму-қарор билан мадрасага қайтадилар.
Шу даражада илму-маърифат эшикларига интиқиб борганларидан Аллоҳ таоло уларга ушбу эшикларни очиб қўяди. Ҳаттоки, ўз замоналаридаги мисоли йўқ кибор олимлар ва улуғ аъёнлардан ҳам кўра кўпроқ ҳурматга сазовор бўлишга эришадилар. Аллоҳ уларни бизларга ташлаб кетган катта илмий мерослари туфайли Ўзи улуғ мартаба жаннатлари билан мукофотласин.
Саккокий араб тилида бир неча китоблар ёзганлар, улар ёзган энг машҳур асарларидан “Мифтаҳул улум” ва “Китабут тибян” китобларидир. Бу китоблар балоға илмидаги мисли йўқ китоблардан ҳисобланади. Бу китобга араб тилшуносларини ҳам, дин уламоларини ҳам доим эҳтиёжлари тушади. Уларнинг китоблари мунозара илмида жуда муҳим манбаъ ҳисобланади. Уларнинг ўзлари ёзиб қолдирган китобларидан машҳурлари қуйидагилар:
– “Мифтаҳул улум” Саккокийнинг араб тилида ёзган биринчи китобларидан;
– “Китабут Жамал” Журжонийнинг “Жамал” номли китобларига ёзган шарҳларидир;
– “Китабут тибян” китобида араб грамматикасига оид қоидалар араб тилида ёзилган.
– “Тилсим” китобини Саккокий форс тилида ёзганлар;
– “Рисала фий илмил муназора” араб тилида ёзилган.
“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Озода Маҳкамова