Бугун мамлакатимизда ёшлар масаласига ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоялаш — юритилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, юрт тақдирига дахлдор масалаларда ёшларнинг иштирокини кенг таъминлаш ҳам бу борадаги ислоҳотларнинг туб моҳиятини англатади.
Ёш авлоднинг ҳар тарафлама етук ва комил инсон бўлиб вояга етишида нафақат ота-она балки жамият ҳам бирдек масъулдир. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг диний таълим муассасаларида талаба ёшлар билан учрашувлари эса уларнинг келажакка бўлган орзу ва мақсадларини янада жонлантиришга сабаб бўлмоқда.
Жорий йилнинг 18 февраль куни Тошкент ислом институтининг Ахборот-ресурс марказида институтнинг 1-2 курс талабалари билан “Ёшларни экстремистик ташкилотларига кириб қолишларини олдини олиш” мавзусида маънавий-маърифий учрашув ўтказилди. Ушбу учрашувда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов, ТИИ ректори У.Ғафуров, проректорлар Ж.Мелиқўзиев ва У.Ходжаев иштирок этдилар.
Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев маъруза қилиб, давлатимиз Раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор ва яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳақида ва бунга жавобан улар юртимиз тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшмоғи ҳамда бор диққат-эътиборини билим олишга қаратиши лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Нотиқ ўз сўзида бугунги кунда олий неъмат бўлган тинчлик-осойишталикка раҳна солаётган турли экстремист ва террорчи ташкилотлар, уларнинг сохта даъволари ва ғояларининг асл мақсади, уларнинг олиб бораётган тактик ҳаракатларини аниқ мисоллар орқали ёритиб берди.
Шу билан бирга, тадбирда ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиясига таъсир кўрсатадиган ахборот хуружларидан асраш, хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш учун
Президентимизнинг “жаҳолатга қарши маърифат” – улуғвор ғоясини бош мезон сифатида олиш кераклиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхонов ҳам сўзга чиқиб, талабаларга ўтказилган сўровнома нтатижалари билан фикр алмашди.
Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиш бир қаторда, мутахассислардан илмий ишларида фойдаланадиган зарур маслаҳат ва тавсиялар ҳам олишди.
А.Олимов,
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи