islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом иқтисоди

Шу йилнинг 7- январь куни Тошкент Ислом Институти устозлари учун қишки таътил кунлари ташкил этилган малака ошириш дарсларига  Абдуманнон Абдуллоҳ домла ташриф буюрди ва институт устозларига “Ўзбекистонда ислом иқтисодий амалиётларини жорий этилиши ва ва уларнинг турлари”  мавзусида дарс ўтиб берди. Дарс жараёнида ислом иқтисоди ҳақида батафсил маълумот берди ва унинг узига хос жиҳатлари, бу соҳани ривожлантириш йўлидаги муаммоларга тўхталиб ўтди. Абдуманнон Абдуллоҳ жумладан қуйидагиларни такидлаб ўтди; Ислом динининг асоси ақида, ибодат, муомилот, муошарот, ахлоқдан иборат. Ҳақиқий мусулмон диннинг бу беш жиҳатига мукаммал амал қилиши лозим. Зеро Аллоҳ таоло ояти каримда:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّة

“Эй, иймон келтирганлар исломга тўлалигича киринглар”, деб марҳамат қилган.

Яъни,  “ Эй, иймон келтирган инсонлар исломнинг кўрсатмаларига тўла амал қилинглар. Унинг айрим кўрсатмаларига амал қилиб бошқаларини эътиборсиз ташлаб қўйманглар”, деб бизларга кўрсатма берган.

Шундай экан, мусулмон киши ўз ҳаётида диннинг ёқоридаги беш йўналишига тўла амал қилиши лозим.

Динимизнинг иқтисодий жиҳатига эътибор қаратиш ва уни шаръий  ҳукмлар асосида ташкил этиш ҳам айни оятга амал қилиш ҳисобланади. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, “Ким иқтисод қилса ҳеч ҳам камбағаллик кўрмайди”, деганлар.

Дунёда иқтисод борасида асосан уч ҳил назария бор. Булар капитализм, социализм ва ислом назарияси.

Капитализм иқтисоднинг тўртта вазифаси бўлган эҳтиёжни танлаш, шу эҳтиёж учун ресурсдан тўғри фойдаланиш, кўрилган фойдани тақсимлаш ва ривожланиш кабиларини эркинлик бериш орқали ҳал қилишни ўйлайди.    Яъни талаб ва таклифни ўта эркин қўяди. Капитализм натижасида монополия кучаяди. Гарчи бу назария эркин рақобат ғоясини илгари сурсада, лекин бир муддат ўтганидан сўнг бу рақобат кичик тадбиркорларни суриб чиқаради. Бу эса дунёнинг ҳалокатига олиб боради.

Социализмда аксинча иқтисодни давлат назорат қилишидир. Социализмнинг натижасида  рақобат ва ривожланиш барбод бўлади. Бу эса иқтисоднинг ортга кетишига сабаб бўлади.

Ислом эса иқтисодга бу икки назария каби бир тарафлама эмас балки, кенгроқ эътибор қаратади. Бунда мулк Аллоҳники эканлиги жиҳатдан ёндошилади. Зеро Қуръони каримда марҳамат қилинишича Аллоҳ бандалардан уларга охиратда жаннат бериш эвазига молларини ва жонларини сотиб олган. Лекин инсонларга бу ҳаётдаги имтиҳондан ўтишлари учун уларга молни омонат сифатида топширган. Шунинг учун ҳам уни тасарруф қилиш чоғида айрим тақиқларни қўйган. Бу тақиқлардан бошқа ўринда молни ҳар қандай тарзда тасарруф қилиш мумкинлигини айтган.

Аллоҳ иқтисодда ҳаром қилган беш нарса бор. Булар нотўғри битим тузишдан, рибодан сақланиш, қимор, ғарарга йўл қўймаслик ва тақиқланган маҳсулотлардан фойдаланмасликдир.

  Шунингдек иқтисодда муҳим бўлган иккита нарса бор. Булар вақт ҳамда истеъдоддир.  Инсоннинг энг қиймати баланд дастмояси бу унинг вақтидир. Вақтнинг ҳар бир сонияси инсоннинг ёки фойдасига ёки зарарига ҳизмат қилади. Вақтдан унумли фойдаланиш борасида саҳобийлар жуда намунали инсонлар бўлганлар. Улар ҳар бир вақтларидан дунёлари ва охиратлари учун фойдали ишларга сарфлаганлар. Пайғамбаримизнинг суннатларига амал қилишга ҳарис бўлганлар.

Иккинчи муҳим омил бу инсонинг истеъдодидир. Ҳар бир нарсада, шу жумладан ҳар бир кишида Аллоҳ ўзига хос истеъдодни яширган. Унинг мувофақияти ўз истеъдодидан қанчалик тўғри фойдаланишига боғлиқдир.  Кўплаб истеъдодларни бекорга зоя бўлиб кетаётганлигининг сабаби ҳам айни ўз қобилиятига мувофиқ иш тутмаганидандир.

ТИИ“Ақоид ва фиқҳий фанлар”

кафедраси ўқитувчиси Жўраев Сойибжон.

269070cookie-checkИслом иқтисоди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: