islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Матоф – тавоф майдони

Матоф (المطاف) Каъба атрофидаги очиқ майдон бўлиб, у ерда зиёратчилар айланиб Каъбани тавоф қиладилар. Асрлар давомида у сезиларли даражада ўзгарди ва кенгайиб борди.Зиёратчиларнинг сони кўпайиб боришини инобатга олиб Масжидул Ҳаром атрофида бир нечта қаватли тавоф йўлаклари қурилган. Ҳозирда, Каъба атрофи ва бинодаги биринчи қават билан қўшиб ҳисоблаганда Матофнинг умумий майдони 14 000 квадрат метрни ташкил қилади.

Матоф ҳудудининг марказида Каъба, Хатим ва Мақоми Иброҳим жойлашган. Матоф ҳудуди дастлаб қумлоқ эди ва биринчи марта Макка амири Абдуллоҳ ибн Зубайр томонидан сувоқ қилинган, шундан бери Матофда сон-саноқсиз қурилиш ва таъмирлаш ишлари амал оширилди. Ҳозирги Матоф юзаси дунёга машҳур (Италия тоғларидан олинадиган) Каррара оқ мармари билан қопланган.

Матоф ҳудуди ўзининг узоқ тарихи давомида бир неча марта таъмирланган бўлса-да, Усмонлилар ва ундан кейинги Саудия ҳукумати даврида катта ўзгаришлар амалга оширилди. 1940-1950 йилларда у айлана шаклида 40 метрдан 50 метргача кенгайтирилди. Ҳаж ва Умра зиёратини адо этувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Усмонлилар минбари, азон айтиладиган айвонли кичик бино ва бошқа иншоотлар Матофдан олиб ташланди.
Шиа йўналишига эътиқод қилувчилар Матофнинг, яъни тавоф чегарасини Мақоми Иброҳимгача деб ҳисоблайдилар, аммо сунний мазҳаб вакиллари эса, Матофнинг ташқи чегарасини чекламайдилар.

Боб Бани Шайба ва Замзам

Илгари Матоф ҳудудида бир нечта иншоотлар қурилган, жумладан Зам-зам биноси, Боб Бани Шайба, Усмонлилар минбари, Азон мезанаси мавжуд бўлган. Улардан баъзилари Масжидул Ҳаромнинг Саудия ҳукумати томонидан биринчи марта кенгайтирилиши пайтида олиб ташланган ва баъзилари тавоф қилишда ҳожиларга қулайликлар яратиш учун кейинчалик олиб ташланган.

Мақомат

Масжидул Ҳаром Саудия ҳукумати томонидан биринчи марта кенгайтирилгунга қадар 4 фиқҳий мазҳаб имомлари учун Каъбатуллоҳ атрофида тўртта меҳроб мавжуд эди. Бу тўртта “Мақомат” милодий 1326 йилда (ҳижрий 726 йил) ташкил этилган эди. Бу жойларнинг ҳар бирида тўрт мазҳаб – Шофеий, Ҳанафий, Ҳанбалий ва Моликий мазҳабига амал қилувчи имомлар намозга имомлик қилганлар, тегишли мазҳаб вакиллари уларга иқтидо қилганлар.

Икки Муқаддас масжид архитектураси кўргазмасидаги (معرض عمارة الحرمين الشريفين) мармар плитада Аббосийлар халифаси Абул Жаъфарул Мансур Биллаҳ ҳукмронлиги даврида Матоф қурилишининг санаси қайд этилган ҳижрий 611 йилга оид ёзув бор.

Саудия қироли Абдуллоҳнинг кенгайтириш ишларидан кейин Матоф ҳудуди ўтган 1500 йил ичида тарихидаги энг катта ҳудудга айланди. Каъбага энг яқин тавоф қилиш йўлагининг узунлиги тахминан 75-80 метрни, Каъба атрофини тўлиқ етти марта айланиб тавоф қилиш эса 525-600 метрни (тахминан ярим километр) ташкил қилади. Тавоф доираси Каъба бурчагидаги Қора тош, Ҳажарул асваддан бошланиб, тугайди.

Маълумки, агар имкон бўлса, мусулмонлар уни ўпишлари ёки қўл билан силашлари лозим, лекин зиёратчиларнинг кўплиги туфайли бу кўпинча имконсиздир, шунинг учун тавоф қилувчилар Қора тошдан узоқроқ масофада турган бўлсалар ҳам қўл ишоралари билан “истилом” қиладилар.

Маккадаги Масжидул Ҳарам Матофи 2019 йилда бошлаган ковид эпидемияси пайтида анча муддат ёпилиб турди. Кейинчалик очилганда ҳам, касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида Каъбага яқин ҳудудда тавоф қилиш ва Ҳажурул асвадни истилом қилишга йўл қўйилмади. Матофдаги тавоф ва намозларда оралиқ масофа сақлаш жорий қилинди.
Ҳозирги кунда ҳам Каъба эшиги, Рукнул Яманий, Ҳажарул асвад, мултазам ва хатимга яқин бориш мумкин эмас.

 

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

277710cookie-checkМатоф – тавоф майдони

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: