Бугунги кунда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик натижасида жуда кўп кўнгилсизликлар юз беряпти.Мавзуни фақат авто транспорт воситаларида тезликни меёрдан ошириш оқибатларини баён қилишга қаратмоқчиман. Ҳош бунга ислом динида қандай этибор берилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раҳмоннинг бандалари ер юзида тавозе ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганларида салом дейдиганлардир”(Фурқон сураси 63-оят).
Ҳа Аллоҳнинг суюкли бандалари- ҳақиқий мўминлар доимо хоҳ пиёда бўлсин, хоҳ уловда бўлсин, камтарона, мулойимлик, оғир босиқлик билан юрадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тез юриш мўминнинг чиройини кетказади”, деганлар.
Тез юриш пиёда юрувчининг чиройини бузгани каби, ҳайдовчининг ҳам чиройини бузади. Машинани тез ҳайдаш тиқилинч жойларда ва маҳаллаларда одамларга озор етказади, уларга қўрқув солади, кенг кўчаларда эса кишиларга зиён етказиш эҳтимолини кучайтиради.
Динимизда ҳар икки ҳолат ҳам жоиз эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ким ўз биродарига темир ўқталса, то уни қўймагунича фаришталар унга лаънат айтаверади”, дедилар.
Машинани бировларни қўрқитадиган, уларни ҳаётини таҳликага соладиган даражада тез миниш ушбу ҳадисда айтилган маънога тўла мос келади.
Кўпчилик ҳайдовчилар жарима тўлашдан қўрқиб белгиланган тезликга риоя қилиши мумкин, аммо тез ҳайдаш сабабли инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўяётганларига аҳамият беришмайди. Ушбу тезлик оқибатида кимлардир ҳаётдан кўз юмиши ёки бир умрга мажруҳ бўлиб қолиши мумкинлиги уларнинг ҳаёлига ҳам келмайди.
Тезликни чеклашда асосан ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳаётини сақлаш назарда тутилади.
Шу боис, Маккаи Мукаррама уламолари: “белгиланган энг юқори тезликдан ортиқча ҳаракат қилган ҳайдовчи агар тўқнашув сабабли вафот этса, ўзини ҳалокатга ташлаган бўлади. Агар бировни уриб юборса ёки шу сабабли ўлим содир бўлса буни ҳам қасддан қилган деб этибор қилинади”, деб фатво беришган. Мутаҳасисларнинг таъкидлашича, белгиланган тезликга риоя қилинганда, борди-ю тўқнашув содир бўлганда, зарар нисбатан анча кам бўлади ва деярли ҳалокат юз бермайди. Тезлик ошган сари йўл ҳодисасини юз бериш эҳтимоли ҳам ошади. Чунки машина тез юргани сайин уни бошқариш қийинлашиб, кескинлашиб боради.
Яна шуни айтиш керакки Ислом фиқҳи уламолари йўл ҳаракати қоидалари шариатнинг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини такидлайдиган ва уларга амал қилиш ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчисига шарият нуқтаи назаридан вожиб, уларни бузиш мумкин эмас, дейдилар. Хусусан тезликни меёрдан оширмаслик ҳам вожибдир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни йўл ҳаракатига амал қиладиган, инсонлар билан барча ишларда яхши муомила қиладиган солиҳлардан қилсин! Омин!
4- курс талабаси Азизов Нодирхон