islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ҚИРОАТЛАРНИ ЖАМЛАШ ВА УЛАРГА ИЖОЗА ОЛИШ

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда бизнинг диёрда ҳам қироат илми жадал равишда ривожланиб бормоқда. Бундан бир-неча йиллар олдин кўпчиликда ижоза нима эканлиги ҳақида тушунча анча саёз эди. Агар бирор масжидда ёки бирор йиғинда қайсидир қори бошқа қироатларда ўқиса, унинг қироати хато деган тушунчага бориб қолинарди. Ҳозир эса бу илм борасида ҳолатимиз ижобий томонга анча ўзгарди. Бу ҳолатга етишишда бизнинг қироат устозларимизнинг хизматлари жуда юқори. Қироатларни ўрганиш, ўқиш, ижоза олиш борасида баъзи тушунчаларни тақдим қилсам. Қироатларни бир ўтиришда, бир ўқишда бир нечтасини аралаштириб ўқиши мумкинми? Ушбу савол қадимдан уламолар ўртасида катта баҳсларга сабаб бўлиб келган. Биз уларнинг хулосаларини айтиш билан кифояланамиз.
Қироатларни аралаштириб ўқишни “қироатларни жамлаш” деб юритилади. Қироатларни жамлаш икки ҳолатда бўлади: таълим пайтида ва тиловат вақтида. Қироатларни жамлаш даставвал бўлмаган бўлса-да, узоқ замонлардан бери қироат соҳасида қўлланиб келади. Доктор Фатҳий Убайдий имом Жазарийнинг тадқиқотларига асосланган ҳолда айтишича, қироатларни таълим ва тиловат пайтида жамлашнинг ҳар иккиси ҳам тўртинчи-бешинчи ҳижрий асрларда илк бор йўлга қўйилган.
Қироатларни таълим ўрнида жамлаш жоизлигига барча уламолар иттифоқ қилишган. Бунга кишилар ҳаётининг мураккаблашиши, илмлар доирасининг кенгайиши, толиби илмларда олдингилардаги ҳиммат ва ғайрат топилмаслиги каби омиллар сабаб бўлган. Чунки ҳар бир қироатни алоҳидадан, битта-битта хатм қилиб ўрганиш учун йиллар давомида қироат билан машғул бўлиш керак. Бунга эса аксар инсонларнинг қурби, имконияти етмайди. Шу боис, уламолар қироатларни жамлашга рухсат берганлар. Агар шундай қилинмаса, қироатлар унутилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас эди. Мутавотир қироатларни сақлаш эса Ислом умматига фарздир. Зеро, қироатларни сақлаш Қуръонни муҳофаза қилишнинг айни ўзи. Бу эса уммат зиммасидаги фарзи кифоядир.
Аммо қироатларни тиловат учун жамлашга келсак, буни айрим уламолар макруҳ санашган. Бироқ кўпчилик олимлар, қироат устозлари, жумладан, имом Жазарий ҳам жоиз деб билганлар ва уни ман қилишга ҳеч қандай шаръий асос йўқ, чунки уларнинг ҳаммаси ҳам Қуръон, фақат маълум шартларга амал қилса бўлди, деб айтганлар.
Қироат илми уламолари қироатларни жамлашнинг бир қанча шарт ва одобларни ҳам ишлаб чиққанлар ҳамда ушбу мавзуга бағишлаб алоҳида китоблар ҳам ёзганлар. Улардан хулоса қилиб айтганда, қироатларни таълим ёки тиловат ўрнида жамлашнинг асосий тўртта шарти бор:
1. Вақф тўхташ қоидаларига риоя қилиш. Чунки бу бевосита оятнинг маъносига дахл қилади.
2. Ибтидо бошлаш қоидаларига риоя қилиш. Бу ҳам вақф каби аҳамиятга эга.
3. Қироатларни бир-бирига кириштириб юбормаслик. Яъни бир ўқишда бир қироатдан битта қоидани, иккинчисидан бошқа бир қоидани олиб, аралаштириб ўқиш мумкин эмас.                Шу боис, бир нафасда бир қироатда ўқиш лозим.
4. Қироатни гўзал адо эта билиш. Яъни тажвид қоидаларига қатъий амал қилиш, қоидаларни чалкаштирмаслик. Энг муҳими, қироатларни жамлаш, тиловатнинг равнақини, гўзаллигини оширишга хизмат қилиши, унинг шукуҳига футур етказмаслиги шарт. Ўйин, енгилтаклик, ўзини кўрсатиш каби салбий ҳолатлар аралашмаслиги лозим.
Қироатларни мазкур шартлар асосида жамлаш учун қорида қуйидагисифатлар топилиши лозим:
Биринчи: ахлоқий шартлар. Қироатларни жамламоқчи бўлган қори мусулмон, оқил, ишончли, мўтабар, омонатдор, ката-ю кичик гуноҳлардан ўзини сақлаган тақводор, одамгарчиликка футур етказадиган ишлардан холи инсон бўлиши керак. Акс ҳолда, у Қуръонга зарар етказиши мумкин.
“Қироатларни жамлаш усули шаҳарларни, шайхларни, Қуръонни ўқиб бериш муддатида вақтниниг миқдорини турлича бўлиши билан ва ижоза талабида бўлган қорининг ҳимматига қараб у ҳам турлича бўлади. Аввало, мен қироатларни жамлаш усули қандай бўлгани, қироатларни ривоят қилувчи унга лойиқ бўлиши учун қироатларни жамлашда нималар лозим эканлигини баён қиламан. Сўнгра мен билган ва эшитган баъзи давлатлардаги шайхлар қўллайдиган усулларни баён қиламан”– дейди Ёсир Иброҳим Мазруий ўзининг “Тибён лиман талаба ижазатал-Қуръон” китобида. “Ижоза олмоқчи бўлган толиб қироатлар илмини ўрганишдан олдинги асл нарса у Қуръонни машҳур ривоятлардан бирида ёд олган бўлмоғи лозим. Авлоси Ҳафс ривоятида ёд олган бўлишидир”. Чунки бу ривоят машҳур бўлиб, кўп мусулмон ўлкаларда айни шу ривоятда ўқилади.
Шайх ижоза олувчига қироатларни таълим беришидан олдин қоридан Ҳафс ривоятини эшитиб кўради. У, қори аввал ёдлаган ривоятида унга ҳеч қандай чалкашлик бўлмаслигига аниқ ишонч ҳосил қилгандан сўнг қироатларни таълим беришни бошлайди.
Аввало, қори Шотибийя матнини усуллари ниҳоясига етгунча ёд олади ва сураларни фаршига киришади (қироатда усул ва фарш бўлади. Усул умумий қоидалар. Масалан, изҳор, идғом, имола, мад каби. Фарш эса махсус калимларни махсус кўринишда ўқилиши. Масалан, Ҳафс қироатида Ҳуд сурасида “مَجْراهَا” калимаси имола қилинади, Фурқон сурасида“فِيهِ”ишбў қилинади. Ҳолбуки, имола ва ишбў асли қоидасида йўқ). Қироатларни жамлаш турли кўринишга эга бўлади. Қироатларни жамлашда сизларга Ёсир Иброҳим Мазруийни “Ижоза олмоқчи бўлган киши учун баён” китобида келтирган энг тўғри, асл йўлни келтираман. Қоидаларни ўрганиб, шотибийя туруқидан сураларни махсус кўринишда ўқилишларини ўрганиб, қоидалр матнини ёд олиб бўлгандан сўнг, ўз имомидан ривоят қилувчи ҳар бир ровийни қилган ривоятида тўлиқ бир марттадан Қуръонни ўқиб беради (келгусида хатм қилиш сўзини ишлатганимизда қори шайхга Қуръонни бир мартта тўлиқ ўқиб беришини тушунилади). Бу ҳақида Имом Ибн Жазарий ўзининг “Тоййибату ан-Нашр фил Қироатил Ашар” матнидаги қироатларни алоҳида қилиш ва жамлаш бобида қуйдагича келтирганлар:

وَقَدْ جَرَى مِنْ عَادَة الْأَئِمَّةِ إِفْرَادُ كُلِّ قَارِئٍ بِخَتْمَهْ
حَتَّى يُؤَهَّلُوا لِجَمْعِ الْجَمْعِ بِالْعَشْرِاَوْ أَكْثَرَاَوْ بِالسَّبْعْ

Яъни: “Батаҳқиқ Имомлар одатидан жорий бўлди, ҳар бир қори ўн ёки кўпроқ ёки еттитани ҳаммасини жамлашга лойиқ бўлгунча хатмни ифроқ (алоҳида-алоҳида) қилмоғи”.
Охири Шотибийя туруқидан етти қироат учун ўн тўртта хатм қилиш билан ўн тўрт ривоят тамом бўлади. Сўнгра ҳар бир имомни икки ровийсини ривоятида битта қилиб ўқийди. Бунда қори ҳаммаси бўлиб етти марта хатм қилган бўлади. Сўнгра қори етти қироатни битта хатмда жамлаб ўқийди.
Кейин эса қоидаларни ўрганиб, сураларни фарш қилиб бўлгач, ўн қироатни тугал қилувчи уч қироат туруқи билан тамомлайди ва “الدرة المضية في القراءات الثلاث المتتمة” матнини ёд олади. Олти ровийдан ҳар бир ровий учун биттадан тўлиқ хатм қилади. Сўнг ҳар бир имомни икки ровийси билан қўшиб биттадан хатм қилади. Ҳар бир имомни икки ровийси билан қўшиб биттадан хатм қилгандан кейин, у учта марта хатм қилган бўлади. Шундан сўнг учта қироатни битта хатмда жамлаб ўқийди. Сўнг етти қироат ва уларни тугал қилувчи уч қироатни битта хатмда жамлаб ўқиб беради. Шунда у, кичик ўн қироатни ўттиз учта хатм билан жамлаган бўлади.
Кейин иккинчи йўл тоййиба туруқи билан жамлашни бошлайди. Қоидаларни ўқийди ва Имом Жазарийни “Тоййиба ан-Нашр фил қироатил Ашр” матнини ёд олади. Ва бунада ҳам ҳар ровий учун тўлиқ бир мартадан хатм қилиб чиқади. Ровийларни адади бўйича у йигирма мартта хатм қилган бўлади. Сўнгра ҳар имомни икки ровийси билан қўшиб ўқийди. У ўн марта хатм қилган бўлади. Сўнг ўн қироатни битта хатмда жамлаб ўқийди. У ўн қироат учун ҳаммаси бўлиб, ўттиз битта хатм қилади. Бу ва олдинги хатмларни ҳаммаси ҳисобланса, олтмиш тўртта хатм қилган бўлади. Бу барча қироатлар, кичик ва катта ўн қироатга ижоза олишнинг ниҳоясидир. Шундан кейин қори қироатларни аъло даражада бажарган бўлади. Лекин бизни асрда бундай усул билан қироатларни жамлайдиган кишилар камдан-кам топилади. Аллоҳ таоло барчамизга олий ҳиммат, тавфиқ, ўзининг буюк фазлидан берсин.

4-курс талабаси Мадаминжонов Азимжон.

“Ат-Тибян лиман толаба ижаазатал Қуръаан”

китоби асосида тайёрланди.

283130cookie-checkҚИРОАТЛАРНИ ЖАМЛАШ ВА УЛАРГА ИЖОЗА ОЛИШ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: