Пойтахтимизнинг Олмазор туманида яна бир кўркам иншоот – Имом ат-Термизий жомеъ масжидининг янги биноси тез орада фойдаланишга топширилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 21 апрель куни пойтахтимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш жараёнида Юқори Себзор маҳалласида бўлиб, Имом ат-Термизий жомеъ масжидини қайта қуриш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
1876 йилда ушбу маҳаллада яшаган сувоқчи Исмоил ота бошчилигида ҳашар йўли билан қурилган масжид 1989 йилда қайта таъмирланган. 2007 йилда эса битта қўшимча хонақоҳ қурилган. Шу маҳалладан ҳам алломалар, Термизийлар чиқсин, деб яхши ният қилинган ҳолда масжид номи шундай атала бошланган. Ҳайит намозларида анча гавжум бўладиган масжид айвонига бир вақтнинг ўзида мингга яқин намозхон сиғар эди.
“Ижод-Ижод” хусусий корхонаси мутахассислари томонидан қарийб бир йил давом эттирилган қурилиш ишларидан сўнг ушбу маҳалла ва масжид қиёфаси тубдан ўзгарди. Усталарнинг айтишича, қурилиш ишларининг етмиш фоизи ниҳоясига етган. Айни вақтда ички ва ташқи безак ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Юртимизнинг барча ҳудудларидан жам бўлган икки юздан зиёд уста, муҳандис, ҳунарманд, безакчи ва бошқа мутахассислар тарихий обидани қайта тиклашда фаол қатнашмоқда.
– Сурхондарё вилоятидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳи қурилишида ҳам қатнашганман, – дейди уста Нурозхон Пўлатов. – Алломалар мажмуаси, зиёратгоҳи ёки масжидларни қайта қуриш жараёнида тарихни янада чуқурроқ ўрганамиз. Иш жараёнида бу жуда асқотади. Лойиҳалардаги фарқли жиҳатлар ёки ўхшаш томонларини солиштирамиз. Бу ўз-ўзидан фарзандларимизга ҳам шу ҳақда маълумот беришга ундайди. Уларнинг саволларига иккиланмай жавоб бера оламан.
Биринчи қавати ертўла, иккинчиси асосий айвон ва учинчиси қўшимча айвон шаклида қурилаётган масжиднинг баландлиги 23 метр. Бу ерда 1800 ўринли катта хонақоҳ, кутубхона ва бошқа хизмат хоналари барпо этилган. Масжидга ёндош жойдан аёллар учун алоҳида ибодатхона бунёд этилди. Унда бир вақтнинг ўзида юздан зиёд аёл намоз ўқиши мумкин.
– Баҳор кўкаламзорлаштириш фасли, – дейди маҳалла оқсоқоли Шомаҳмуд Шоалиев. – Маҳалла фаоллари усталарга ёрдам беряпти. Улар нафақат қурилиш бўлаётган ҳудуд, балки бутун маҳаллани ободонлаштириш ва тозалашда қатнашмоқда.
Ушбу маскандаги қурилиш-бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини тез орада якунлаш режалаштирилмоқда. Маҳалла аҳли бу йил Рамазон ҳайити намозини янги масжидда ўқишни ният қилган.
Барно Мелиқулова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА