Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли уламо Ҳомиджон қори Ишматбековнинг навбатдаги долзарб мавзудаги китоби нашр этилди.
Муҳтарам устоз Ҳомиджон қори Ишматбековнинг “Ислом – маърифат дини” деб номланган янги китобига муаллиф томонидан энг долзарб мавзуларда ёзилган мақолалари жамланган.
Китобга киритилган мақолалар мавзуси ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг қизиқарли, ишончли баён этилгани, очиқ-ойдин ҳужжатлар билан далиллангани билан ажралиб туради.
Тўпламнинг аҳамиятли жиҳати, муаллиф илм, олимлар, рамазон, тавба, мавлид, Расулуллоҳга муҳаббат, Қуръон қиссалари, сабр, дуо, қурбонлик, закот, садақа, оила, талоқ, қиёс илми каби мавзуларни ёритишда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар, ҳикматлар, уламолар сўзлари ила дақиқлик билан, атрофлича, тушунарли ҳолда баён этади. Ушбу китоб ўқувчини ҳаётни илму маърифатсиз тасаввур қилиб бўлмаслигини тушуниб етишга ундайди.
Зеро, маърифат – банданинг икки дунёсини ёритувчи нур. Исломий маърифат воситасида биз дунё ва охиратимиз нажоти сари йўл топамиз. Шу маърифат орқали Роббимизни, Унинг қудратини, махлуқотларини таниймиз, илоҳий Каломнинг ҳикматини англаймиз.
Ана шундай маърифатдан баҳраманд бўлган орифлар жамиятида нафақат инсонга, балки ҳайвонотга, жамодотга, бир сўз билан айтганда бутун жонли ва жонсиз мавжудотга гўзал муомалада бўлинади. Чунки маърифатли инсонгина ҳаётдаги ўз ўрни ва вазифасини англайди.
Аллоҳ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати