islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Пуллар тарихи: тилла-кумуш ёмбилардан купюраларгача

Қоғоз пулларнинг такомиллашув тарихи

Маълумки, башарият ҳаётининг бошланғич босқичида одамлар нарсаларни айирбошлаш йўлини тутганлар. Лекин бу машаққатли услуб бўлиб, ундан умумий йўл сифатида фойдаланиш қийин эди, чунки у ҳамма замон ва маконга тўғри келмас эди.

Кейинчалик бошқа бир низом йўлга қўйилди. Бу низом “нақд савдо моллари низоми” деб аталди. Бунда одамлар ўзаро айирбошлайдиган савдо молларидан кўпроқ ишлатиладиганини айирбошлаш воситаси сифатида қабул қилишди  ва ўзаро молиявий ишларида шуни ўртага қўйишди. Бунинг учун пул ўрнига истеъмоли кўп бўлган, одамлар кўпроқ эҳтиёж сезадиган савдо молларидан баъзиларини, мисол учун, дон, туз, тери ва шу каби нарсаларни танлаб олишди. Лекин мазкур савдо молларини айирбошлаш жараёнида ҳам кўпгина мушкулотлар келиб чиқди. Мисол учун, уларни кўтариб юриш қийин эди. Инсоният тараққий этиб, эҳтиёжлар зиёда бўлиб, айирбошлаш ҳам шунга яраша кўпайганидан кейин, одамлар кўтариб юриш осон бўладиган бирон нарсани танлаб олишга эҳтиёж сездилар. Шу билан бирга, ўша нарса ишончли бўлиши керак эди.

Учинчи босқичда одамлар айибошлашда қиймат сифатида тилла ва кумушдан фойдалана бошладилар. Чунки тилла ва кумуш аслида қийматга эга нарсалар бўлиб, улардан зебу зийнат ва идиш-товоқлар ясалар эди. Шу билан бирга, уни кўтариб юриш ва сақлаб қўйиш ҳам осон эди. Ушбу икки маъдан кейинчалик қиймат ўлчовига айланди ва одамлар ҳамма юртларда шунга суянадиган бўлишди. Ушбу пул низоми “маъданий пуллар низоми” деб аталади. Вақт ўтиши билан бу низомга кўп ўзгартиришлар киритилди. Биз ўша жараённинг хулосасини қуйидагича тақдим қилишимиз мумкин:

1. Аввалига одамлар тилла ва кумушни нақд савдо моли сифатида ҳажми турлича бўлган бўлаклар суратида ишлата бошладилар. Уларнинг ҳажми, вазни ва софлиги турлича эди. У лом (ёмби) бўлса ҳам, қуйилган бўлса ҳам, зебу зийнат, тақинчоқлар, идиш-товоқ бўлса ҳам барибир, ишқилиб тилла ёки кумуш бўлса кифоя эди. Ўша пайтда бу икки маъдан воситасида муомала олиб бориш вазн асосида бўлган.

2. Кейинчалик одамлар баъзи юртларда тилладан, бошқа юртларда эса кумушдан пул, яъни танга зарб қила бошладилар. Бунда уларнинг ҳажми, вазни, софлиги бир хил бўлишига эътибор берилар эди. Кейин ўша қуйилган пулларнинг муомалага лойиқлиги расмий муҳр билан тасдиқлаб қўйиладиган бўлди. Тилла ёки кумуш танганинг қиймати унинг вазни билан ўлчанар эди, яъни ўша кумуш ёки тилла танганинг қиймати ўшанча вазндаги ёмбининг қийматига тўғри келар эди. Бундай низом “ёмби низоми”, “кумуш низоми” деб аталар эди. Бу услубни илк бор хитойликлар Масиҳ алайҳиссаломнинг туғилишларидан етти аср олдин қўллай бошлашган. Ушбу низом билан муомала юритувчилар ўз муомаларида эркин эдилар. Мисол учун, тиллани ёмби сифатида ишлатадими, эритиб ишлатадими ёки танга қилиб қуйиб оладими – ўзининг иши. Уни импорт қиладими, экспорт қиладими, бу ҳам ўзининг иши. Масалан, одамлар тилла ёки кумуш кўтариб келиши мумкин. Ёки тайёрланган соф тиллани кўтариб келса, уни зарб қилиб бериш мумкин. Шунингдек, баъзилар қуйилган тиллани олиб келиб, “менга буни эритиб бер, танга керак эмас”, деса, олиб, эритиб ҳам бериш мумкин.

3. Баъзи давлатларда икки маъданни ҳам ишлатишга қарор қилинган, тилла ёки кумушдан бирини қоида қилиб олишмаган. Бу бир вақтнинг ўзида икки маъданни ҳам пул асосига олиш ҳисобланади. Уларнинг қиймати “проба”сига, яъни маъданнинг қуйма таркибидаги миқдорига қараб белгиланади. Мисол учун, тиллани кумушга алмаштиришда унинг софлигига қараб муомала қилинади. Тилла катта пул бирлиги сифатида, кумуш кичик пул бирлиги сифатида ишлатилади. Бу низом “икки маъдан низоми” деб аталади. Лекин бу низом ҳам баъзи мушкулотларни пайдо қилди. Чунки тилла ва кумуш бўлакларининг қиймати бир юртда бошқача, иккинчи юртда яна бошқача бўлар эди. Ана шу эътибордан одамлар ўша пулларнинг ўзини тижоратга қўйишга қизиқиб қолишди. Мисол учун, Америкада бир бўлак тилла пул 15 кумуш тангага тенг бўлса, худди шу вақтнинг ўзида ўша тилла Европада 15,5 кумуш тангага тенг бўлади. Орадаги ушбу фарқ туфайли америкалик савдогарлар ҳар бир тилла тангадан ярим кумуш танга ютиш учун ўзларининг юртида тилла пулларини тўплаб, Европага юборишарди. Кумушни эса Америкага олиб бориб, тиллага сотиб, яна фойда чиқариб олишар, натижада орада мушкулот келиб чиқар эди. Мана шундай тижорат натижасида Американинг тилласи Европага оқиб кетадиган, яъни кумуш парчалар тилла пулларни ўз юртидан чиқарадиган бўлди. Шундан сўнг америкаликлар 1834 йилда бир бўлак тилла пул 16 кумушга тенг, деб белгиладилар. Натижада аввалги ҳолатнинг тескариси юзага келди.

4. Бошқа савдо молларига қараганда тилла ёки кумуш пулни кўтариб юриш осон, яна бошқа ўзига хос қулайликлари бор бўлса ҳам, ўзига яраша муаммолари ҳам йўқ эмас эди. Мисол учун, уларни ўғирлаш осон эди. Бойлар учун ўзлари тўплаган катта миқдордаги тилла ва кумуш пулларни сақлаш қийин эди. Шунинг учун улар ўғирлатиб қўйишдан қўрқиб, катта миқдордаги тилла, кумуш пулларини баъзи пул билан шуғулланувчилар ёки пул қуювчиларнинг олдига омонатга қўядиган бўлдилар. Пул қуювчи ёки сарроф маълум кумуш ёки тилла пуллар ўзининг ҳузурига қўйилганидан кейин пул эгаларининг қўлига “фалончи менга бунча пулни қўйди”, деб ишонч қоғози ёзиб берадиган бўлди. Бу низомга одамларнинг ишончи тобора ошиб борди, шундан кейин омонатга қўйилган тилла, кумуш пулларга ҳужжат сифатида бериладиган фактура қоғозларни савдо пайтида пулнинг ўрнига беришга одатланишди. Харидор нақд кумуш ёки тилланинг ўзини бериш ўрнига ўша тилла ё кумуш омонатга қўйилган жойдан берилган қоғозни берадиган бўлди. Бу қоғознинг енгиллиги, қулайлиги савдогарларга ҳам маъқул келиб, улар орқали савдо қиладиган бўлиб қолишди. Кейин ўша қоғоз пул қўйилган жойга олиб борилса, унинг асосида тилла ёки кумуш бериб юбориладиган бўлди.

Мана шу қоғоз пулларнинг жорий бўлишининг бошланиши эди. Лекин ўша дастлабки пайтларда мазкур қоғоз пулларнинг расмийлик мақоми йўқ эди. Уларни қабул қилиб олиш ёки қайтариб бериш ишлари одамларнинг бир-бирларига бўлган ишончларига асосланган эди.

5. Милодий XVII асрга келиб, мазкур фактураларни бозорда ишлатиш кенг оммалашиб кетгач, мазкур қоғоз пуллар расмий тус олди ва улар банкнот деб атала бошлади. Маълумотларга қараганда, биринчи бўлиб қоғоз пул чиқарган банк Швециянинг Стокгольм банки экан. Мазкур қоғоз пуллар ўша вақтларда уларни чиқарган банк томонидан тилла билан тўлиқ қопланадиган бўлди. Ўша банкнинг ҳузурида қанча тилла бўлса, шунча қийматдаги қоғоз пул чиқарилар эди. Шу билан бирга, банк ўзидаги бор пуллардан бошқа қоғоз пул чиқаришни ҳеч қачон ўзига эп кўрмасди. Мазкур қоғоз пулларни кўтариб юрган ҳар бир одам қачон хоҳласа, банкка бориб, қоғозни бериб, ўрнига тилла олиши мумкин эди. Ушбу низом “қуйма тилла стандарти” деб аталарди.

6. Банкнотлар кенг миқёсда оммалашиб кетганидан кейин давлатлар қоғоз пулларни қонуний қиймат деб эътироф қилдилар. 1833 йилдан бошлаб давлатлар қарз эгасига қарзни адо қилиш сифатида мазкур қоғозлар берилса, уларни қабул қилиши лозим, деб эътироф қилдилар. Айни пайтда маъдан пулларни ҳам қабул қилиш лозим бўлар эди. Кейинроқ тижорий банкларнинг мазкур пулларни чиқариши ман қилинди. Қоғоз пуллар фақат ҳукуматларнинг марказий банклари томонидан чиқариладиган бўлди.

7. Вақт ўтиб ҳукуматлар тинчлик ва уруш шароитида ўз режаларини молиялаштиришда мушкулотларга дуч келдилар. Чунки уларнинг пул захиралари кам эди. Шундай қилиб, қоғоз пулларни кўпроқ чоп қилиб чиқаришга мажбур бўлдилар. Чиқарилган пулларнинг миқдори давлат хазинасидаги тилланинг қийматидан кўпайиб кетди. Қайси давлатга пул керак бўлса, эҳтиёжига қараб пул чиқараверди. Натижада секин-секин муомаладаги пулнинг миқдори банкдаги тилланинг қийматидан кўпайиб бораверди. Чунки қоғоз пулларни чоп қиладиган банклар банкнотларни кўп чиқариб юборса ҳам, ҳамма бирданига қоғоз пулларни кўтариб келиб, “тилла қилиб бер”, демаслигини яхши билар эди.

Шундай қилиб, бозорда нақд қоғоз пуллар кўпайди. Уларнинг кўп қисмини тилла билан қопланмаган пуллар ташкил этадиган бўлиб қолди. Шундай бўлса ҳам, тожирлар билиб туриб, қоғозларни қабул қилаверишди. Чунки уларда ишонч бор эди. Қоғоз пулларни чиқарган тарафга бориб, “мана қоғоз пул, уни менга тилла қилиб бер”, деса, бериш имкони бор эди. Бу нақд қоғоз пуллар тўла тилла билан қопланмаганлиги учун улар “ишонч пуллари” деган номни олди.

Иккинчи томондан, давлатлар маъданлар билан муомала қиладиган пайтда ўша маъданни камайтиришга ўтишди. Аввало қуйма таркибидаги соф тилла ёки кумуш миқдорини камайтириб, унга бошқа моддалар қўшиб, аралаштириб чиқарила бошлади. Бориб-бориб, қанчаси тилла, қанчаси бошқа металл бўлиши кераклигини ҳам белгилайдиган бўлишди. Кейинчалик ҳалиги танга пуллар расмий пулга айланиб қолди.

8. Ишонч пуллари деб аталган пуллар, яъни аслида асосида тилла бўлмаса ҳам чиқарилаверган пулларнинг зиёда бўлиши шу даражага бориб етдики, баъзи вақтларда чиқарилган пулнинг миқдори давлат захирасида мавжуд тилла қийматидан бир неча марта кўпайиб кетадиган бўлди. Ҳатто ҳукуматлар агар мавжуд пулларни тилла билан қоплаш керак бўлса, етмай қолишидан қўрқадиган даражагача борди. Баъзи банклар гоҳида ўзларидан талаб қилинган тиллаларни топиб бера олмай қолди. Ана шундай ҳолатда давлатлар пулини тиллага айлантирмоқчи бўлган кишиларга жуда қаттиқ шартларни қўйишга ўтди.

1914 йилда бўлиб ўтган урушдан кейин Англия пулни тиллага айлантиришни бекор қилди. Сўнгра, 1925 йилда яна пулни тиллага айлантиришга рухсат берди. Лекин шарт шуки, ким пулини банк орқали тиллага айлантиришни истаса, талаб қиладиган миқдори 1700 стерлингдан кўп бўлмаслиги керак. Ушбу шартга кўра халқ оммасининг кўпчилик қисми ўзининг қоғоз пулларини тиллага алмаштиришга қодир бўлмай қолди. Лекин кўпчилик кишилар қоғоз пуллар кўплиги, бу пуллар асосан уларга тижоратларида фойда бериб тургани учун бу қонунга аҳамият беришмади.

9. 1931 йилда Британия ҳукумати қоғоз пулларни тиллага алмаштиришни мутлақо бекор қилди. 1700 стерлингни ҳам алмаштирмай қўйди ва халққа “Шу қоғоз пуллар тилла ўрнида юраверади”, дея эълон қилди. Одамлар барча ишларини қоғоз пуллар ёрдамида юритадиган бўлишди. Лекин ҳукуматлар ўзаро муносабатларида эҳтиром юзасидан тилла билан муомала қилишни давом эттираверишди. Улар ўз юртлари ҳудудида қоғоз пулни тиллага алмаштиришни ман қилган бўлсалар ҳам, давлатлараро ташқи муомаларда қоғоз пулни тиллага алмаштириб беришни ўзларига лозим деб билишарди. Мисол учун, Америка ҳукумати Англияга қоғоз пулларни бериб, унинг ўрнига тилла сўраса, Англия бундай таклифни рад этмасдан, қабул қилишда давом этаверди. Ушбу низом “тилла билан муомала қилиш қоидаси” деб номланди.

10. Ушбу қоидага амал қилиш АҚШ ўз долларининг нархида инқирозга учрагунича давом этди, яъни 1971 йилда тилла четга кўп чиқиб кетгани туфайли АҚШ ҳукумати долларни тиллага айлантиришни тўхтатиб қўйди. Бу иш 1973 йил 15 август куни содир бўлди ва шу билан қоғоз пулларни тиллага айлантиришнинг охирги шакли ҳам йўқ қилинди. 1974 йилга келиб, Халқаро валюта фонди бир фикрни ўртага ташлади. Бу таклифга биноан хос пул олиш ҳаққи эҳтиёж учун тиллани ушлаб туриш қоидасига ўринбосар бўлди. Натижада ушбу фондга аъзо бўлган давлатлар бошқа давлатлардан олган қарзларини тўлаш ниятида бошқа давлат валюталарини муайян миқдорда олиб туриш ҳақига эга бўлдилар. Шу маънода 888676 грамм тилла эталон (ўлчов) қилиб белгиланди. Яъни “Қарзимни тўлашим учун шунча миқдордаги тилланинг қийматига тенг пулни бериб туринг”, дейиладиган бўлди. Мана шу миқдордаги пулни олиш ҳақининг берилиши ўша эҳтиёж учун ушлаб туриладиган тилланинг ўрнига ўтадиган бўлди. Шундай қилиб, тилла пул бўлиш қоидасидан ташқарига чиқиб қолди. Тилла тангаларнинг ўрнини нақд қоғоз пуллар эгаллади. Бугунги кунда нақд қоғоз пуллар тилланинг ёки кумушнинг тимсоли эмас, балки фаразий харид қувватининг тимсолидир. Ушбу низомнинг пойдевори ҳали мустаҳкамланмади, яъни бу низом абадий бир низомга айлангани йўқ. Шунинг учун ҳам барча юртларда “Тиллани яна молиявий низомнинг асоси қилайлик”, деган чақириқлар ҳам қулоққа чалиниб турибди. Ҳаттоки қуйма тилла стандартига қайтишимиз керак, дейдиганлар ҳам бор. Чунки ҳеч бир давлат тилланинг эҳтиёжидан қутулиб кетдик, дея олмаяпти. Агар юқоридаги чақириққа амал қилиш йўлга қўйилса, давлатлар ўзларининг тилла жамғармаларини кўпайтиришга ҳаракат қилиб қолади. Бу эса жуда катта молиявий қудрат бўлиши турган гап. Турли ўзгаришлар бўлиб, молиявий соҳада беқарорлик бўлиб турса, бу нарсанинг фойдаси бўлади. Лекин жамғарилган тилланинг миқдори қанча кўп бўлса ҳам, у фақат ҳожат тушганда ишлатиладиган нарса, холос. Унинг қоғоз пулларга расмий равишда алоқаси қолмаган[1].

ТИИ Тиллар кафедраси

ўқитувчиси Қудратжон Ҳасанов

 

[1] Муҳаммад Тақий Усмоний. Буҳус фи қазоё фиқҳийя муъосира. –Дамашқ: Дорул-қалам, 2013. Ж.1. –Б.143-149.

326670cookie-checkПуллар тарихи: тилла-кумуш ёмбилардан купюраларгача

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: