Ҳижрий 9 йил! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам, қудратда тенгсиз бўлган Рум ипериясига қарши 3000 та жангчидан иборат қўшинни жиҳозлашга буюрдилар. Кимдир озиқ-овқат олиб келса, кимдир қурол аслаҳа берар, яна кимдир от, бошқаси эса туя ва ҳар ким борича ҳисса қўшар эди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу уйига югуриб келди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг отаси Абу Қуҳофа кўзлари ожиз бўлиб, ҳеч нарсани кўрмай қолган даврлар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу отасига: «Отажон! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қўшинни жангга тайёрлашга ёрдам беринглар, дедилар. Мен ҳам ўзимнинг ҳиссамни қўшай деб келдим», деди. Кейин тилло тангалар турадиган токчадаги барча тиллоларни олдида, югурганича уйдан чиқиб кетди. Отаси: «Ҳой Абу Бакр! Болаларингни ҳам ўйла. Уларга ҳам бирор танга қолдир!» деб қичқирганича қолаверди.
Абу Қухофа розияллоҳу анҳу ўғли Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамма олтинларни олиб кетгач: «Ҳой Асмо! Уйдамисан! Аллоҳга қасам ичиб айтаман, отангиз сизларга сариқ танга ҳам қолдирмасдан, барчасини олиб кетди», деди. Воқеани чеккадан кузатиб турган Асмо бинти Абу Бакр тезда ташқарига чиқдию, ерда ётган ҳар хил майда тошларни йиға бошлади. Икки ҳовучини тошларга тўлдириб келиб, тиллолар турадиган токчага қўйиб, устига бир мато ёпди. Худди тиллолар уюми турганга ўхшатиб, кейин бобоси Абу Қуҳофанинг олдига бориб: «Бобожон! Нималар деяпсиз!? Отамиз бизга қолдириб кетгани, олиб кетганидан кўра кўпроқ. Ишонмасангиз мана ўзингиз ушлаб кўринг!» дея бобосининг қўлидан етаклаб, усти ёпиқ тошларга олиб келди. Бобоси ёпилган мато устидан тошларни қўли билан пайпаслаб, кўриб: «Ҳа! Асмо қизим! Отангиз ҳақиқатдан олиб кетганидан кўра кўпроғини сизларга қолдирибди», деди.
Асмо розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳга қасамки, отамиз ўша куни уйда сариқ танга ҳам қолдирмаган эди!»
Аллоҳ таоло отага берган бу улкан даражани қизига ҳам берган эди.
Тошкент ислом институти талабаси
Боқижонов Ҳожиакбар