Фаросат луғатда “фаҳмлаш”, “ўткир ақл” каби маъноларни англатади. Шунинг учун ҳам халқимизда “Фаросат ярим каромат”деган ҳикматли сўз бор. “Туҳфатул аолий” китобида фаросат турларга ажратилиб шарҳланган:
– Иймоний фаросат, банда қалбига солган Аллоҳ таолонинг нури бўлиб, қалбни чулғаб оладиган идрокдан иборат бўлади. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади.
– Риёзий фаросат, тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ўзини хилватга олиб ёлғиз бўлиш каби ишлар билан ҳосил бўлади. Мазкур ишларни қилиш натижасида кишида фаросат ва атрофдаги нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунчалар юзага келади. Ушбу фаросат фақатгина мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан кофир кишида ҳам ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди, шунингдек, фақатгина ҳақиқатни ҳам, доимо тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
– Холқий фаросат Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган боғлиқликлардан хулоса чиқариш истеъдоди бўлиб, мазкур боғлиқликларни тўғри илғай олган кишиларда ҳосил бўлади.
Каромат тушунчасининг ғайриоддий ишларга қўлланилиши ҳақида қуйидаги сўзлар айтилган: “Кароматнинг ғайриоддий ишларга нисбатан қўлланиши мажозийдир. Зеро, Аллоҳ таоло ана шундай ғайриоддий ишларни тақводор мўмин учун иззат-икром сифатида зоҳир қилади. Кароматнинг зоҳир бўлиш ҳикмати эса валийнинг дунёда зуҳдга бўлган азму қарорини кучайтириш ҳамда уни нафсу ҳаво чақириқларидан ажратишдир”.
Ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари бўладилар, улар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъоми бўлади. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъи амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришганлар. Чунки шариат аҳкомларини яхши тушунмаслик ва тушунишга жиддий ҳаракат қилмаслик Аллоҳ таолонинг дўстлари шаънига тўғри келмайди. Қолаверса, жаҳолат билан қилинган амалларда шариат кўрсатмаларидан чиқиб кетиш кўп учрайди. Шариат кўрсатмаларига номувофиқ ҳолатда риёзат чекиш эса тоат бўлмайди. Сўфи Оллоҳёр бобомизни Аллоҳ раҳмат қилсин, бу масалани икки оғиз сўз билан қалбга нақшлаб қўйган:
Шариат ҳукмидин ташқи риёзат
Эмас тоат, қабоҳатдур, қабоҳат.
Яъни қанчалик машаққат билан қилинган бўлмасин шариатга тўғри келмаган риёзат ибодат саналмайди. Балки бемаъни хатти-ҳаракатлар бўлади. Тоат ибодат учун аввало шариат ҳукмини ўрганиш лозим.
Валийлар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар каромат деб номланади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий ишлар эса “эҳтиёжини қондириш” деб номланади. Бу ҳақида мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” да шундай ёзган:
“Аммо Аллоҳ таолонинг душманлари томонидан бўладиган, масалан, Иблис, Фиръавн ва Дажжол кабилардан содир бўлганлиги ва (бундан кейин) бўлиши хабарларда ривоят қилинган нарсаларни мўъжиза ҳам, каромат ҳам демаймиз. Лекин ўша нарсаларни улар учун эҳтиёжни қондириш деймиз. Чунки Аллоҳ таоло душманларининг ҳам ҳожатларини “истидрож” (дўзахдаги ўрнини янада чуқурлаштириш) ва жазолаш маъносида рўёбга чиқаради”.
Аллоҳ таолонинг душманлари тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишларни, масалан, Иблиснинг бир лаҳзада машриқу мағрибга бориб кишиларни васвасага солиши, Одам болаларининг қонларида айланиши, қиёматга яқин чиқадиган Дажжолнинг бировни ўлдириб тирилтириши каби ғайриоддий ишларнинг барчаси мўъжиза ҳам, каромат ҳам дейилмайди. Сўфи Оллоҳёр бобомиз айтганидек:
Шариат ҳукмин этмай истиқомат,
Таажжуб ишлари бўлмас каромат.
Яъни мўъжиза ва кароматлар фақатгина шариатда истиқомат қилган Аллоҳ таолонинг дўстларига берилади. Аллоҳнинг душманлари томонидан содир бўлган ғайриоддий нарсалар ўша кофиру фожирлар учун каромат эмас, балки қазои-ҳожат бўлади. Аллоҳ таоло Ўз душманларининг разилона истакларини ҳам уларнинг охиратдаги уқубатлари зиёда бўлиши учун бу дунёда даражама-даража амалга оширишларига имкон беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло қуйидагича хабар берган:
“Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса, (улар) билмайдиган жиҳатдан “даражали” қилиб (ўз ҳолига вақтинча қўйиб бериб) турамиз”[8].
Байзовий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида: “Уларни билмайдиган томонларидан аста-секин тутиш уларга неъматларни кўплаб бериш билан бўлади. Улар буни Аллоҳ таоло томонидан ўзларига бўлган лутф-иноят деб ўйлайдилар. Натижада адашган йўлларига баттар шўнғийдилар, ҳаттоки азоб калимаси устиларига содир бўлади”, деган.
Истидрож ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон Аллоҳ таолонинг бир бандага маъсиятларига қарамасдан дунёдан яхши кўрадиганини ато қилаётганини кўрсанг, албатта, ўша истидрождир” – дедилар-да, сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи васаллам тиловат қилдилар: “(Улар) эслатилган нарса (синов кунлари)ни унутганларида уларга ҳар нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Токи уларга берилган нарса (нозу неъмат)лар билан шоду хуррам бўлиб турганларида, уларни бирдан забт этдик. Бас, (энди) улар ноумиддирлар”.
Хулоса қилиб айтганда, валийларнинг кароматлари, яъни Аллоҳ таолонинг Ўз дўстларига қилган иззат-икроми ҳақ бўлгани каби душманларига қилган истидрожи ҳам ҳақдир.
ТИИ Модуль таълим шакли
битирувчиси Азизов Мансур