islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Ягона олимпиада-2018”нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

Аввал хабар берганимиздек, бугун 15 май куни Тошкент ислом институтида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларининг битирувчи курс талабалари ўртасида “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўтказилди.

Олимпиада Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 30 мартдаги “2017-2018 ўқув йилида Ягона олимпиада якуний босқичини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 01А/041-сонли буйруғига кўра ташкил этилди.

Айни пайтда 9 та ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчи курс талабалари иштирок этган “Ягона олимпиада-2018”нинг якуний Республика босқичи ўз ниҳоясига етди.

Имтиҳон ва тест синовларига Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон Давлат санъат музейи мутахассиси жалб қилинди.

Танлов низом талаблари асосида холис, шаффоф ва адолатли ўтиши ЎМИ, ТИИ кузатувчилари томонидан назорат қилинди.

Олимпиада якунида ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов сўз олиб, олимпиада натижалари юзасида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Сўнг ректор У.Ғафуров имтиҳон натижалари билан таништирди.

Ҳакамлар ҳайъати ҳисоб-китобларига кўра, биринчи ўринни “Хадичаи кубро” аёл-қизлар ЎМИБЮ талабаси Рокия Юсуфий Саиджамол қизи эгаллаб, 1-даражали диплом ва Тошкент ислом институтига конкурссиз тўлов-шартнома асосида ўқишга кириш имкониятига эга бўлди.

2-ўринни “Ҳидоя” ЎМИБЮ талабаси Маҳамадалиев Мусоҳон Ғуломжон ўғли қўлга киритди, у 2-даражали диплом ҳамда телевизор билан мукофотланди.

3-ўрин Сaййид Муҳйиддин мaxдум ЎМИБЮ талабаси Кобулов Оятиллоҳ Фарходбек ўғлига насиб этди, унга 3-даражали диплом ҳамда ташкилотчилар томонидан микротўлқинли печь совға қилинди.

Қолган иштирокчиларга мақтов ёрлиқ ва эсдалик совғалари тақдим қилинди. Совға, диплом ва фахрий ёрлиқларни ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Ж.Нуриддинов, бўлими мутахассислари А.Дўсматов ва С.Шерхонов топширдилар.

Ягона олимпиадада талабалар қуйидаги фанлардан ўз билимларини синовдан ўтказдилар:

–  Маънавият ва маърифат (ижодий имтиҳон);

– Араб тили (ижодий имтиҳон);

– Фиқҳ (тест);

– Қуръон ва тажвид (тест);

– Тарих (тест);

Хабарингиз бор, олимпиада доирасида Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига олиб келинган янги китоблар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Кўргазмага ЎМИ томонидан тақдим қилинган диний-маърифий мазмунда 21 турдаги 25 дона араб, инглиз, рус ва турк тилларидаги газета ва журналлар ҳамда ЎМИ, “Мавароуннаҳр”, “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” ва “Ҳилол” нашриётлари томонидан олиб келинган 85 турдаги 95 дона китоблар иштирокчилар ва меҳмонларга намойиш қилинди.

Эслатиб ўтамиз, эртага “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови ҳам ўтказилади.

 

36820cookie-check“Ягона олимпиада-2018”нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: