islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ таолонинг сифатлари билан бандаларнинг сифатланиши

“Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди бўйича Аллаҳ таолонинг сифатлари Унинг айни Ўзи ҳам, Ўзидан бошқа ҳам эмас. Сифатлари Унинг Ўзи эмас деган гапнинг маъноси шуки сифат деганда зотдан бошқа нарса тушунилади. Шу маънода Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг айни Ўзи эмас, дейилади.

Аллоҳ таолонинг сифатлари Унинг Ўзидан бошқа ҳам эмаслиги эса, Унинг бирор сифати азалда бўлмасдан кейин пайдо бўлган эмас ва абадий ҳеч қачон Унинг зотидан ажралмайди ҳам. Шу маънода Аллоҳ таолонинг сифатлари зотидан бошқа эмас, дейилади”.

“Сифат” деганда сифатланмишда бор бўлган ва ўша билан уни бошқалардан ажратиб олиш мумкин бўлган белги тушунилади. Қуръон ва суннатда баён қилинган Аллоҳ таолонинг сифатлари иккига бўлинади:

  1. Зотий сифатлар;
  2. Феълий сифатлар.

Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларининг барчаси ибтидосиз азалий ва интиҳосиз абадий сифатлар бўлиб, улар ҳеч қачон заволга юз тутмайди. Яъни Аллоҳ таолонинг сифатлари У зот томонидан яратилган ҳам эмас, махлуқотларни яратиш вақтида вужудга келган ҳам эмасдир.

Ҳаёт, илм, калом, қудрат, эшитиш, кўриш ва ирода каби сифатлар зотий сифатлар бўлади. Ушбу сифатлар Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли бўлганидан зотий сифатлар деб аталган.

Аллоҳ таолонинг хоҳишига тааллуқли бўлган яратиш, ризқ бериш, истиво қилиш, яхши кўриш, ёмон кўриш, ғазабланиш ва хурсанд бўлиш каби сифатлар феълий сифатлар ҳисобланади.

Аллоҳ таоло азалда “ирода” (хоҳлаш) ва “калом” (гапириш) сифатлари билан сифатланганми? Мана шу саволга мўътазилийлар: “Азалда сифатланмаган”, – дейишган. Ашъарийлар: “Азалда сифатланган”, – деганлар. Ана шу жавобдан зотий ва феълий сифатларнинг таърифидаги ихтилоф келиб чиққан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг сифатлари ичидан фаҳмлар учун зоҳир, тушунарли бўлганларинигина зикр қилганлар. Буларга илм, қудрат ва бошқаларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Сабаби, инсонлар ўзларининг илм ва қудратлари билан Аллоҳ таолонинг илм ва қудрат сифатлари ўртасида қайсидир маънода муносабат борлигини гумон қиладилар ва шу йўл билан Аллоҳнинг сифатларини тушунадилар.

Зеро, инсонларда ҳам илм, қудрат деб номланадиган сифатлар мавжуд. Буни улар қиёслаш, деб ўйлайдилар. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг сифатлари орасидан бандаларнинг сифатлари билан ҳеч қандай муносабати йўқларини зикр қилганларида, бандалар тушунмаган бўлишарди. Масалан, ҳалол оилавий муносабат лаззати ҳақида ёш болага ёки бундай муносабатга ноқобил кишига айтилса, бу лаззатни у фақат ўзи идрок қила оладиган емиш лаззатига қиёслайди ва уни шу муносабат орқалигина тушуна олади. Ҳақиқатда олиб қаралганда, бундай тушунишни тушуниш деб бўлмайди.

Аллоҳ таолонинг илми, қудрати билан банданинг илми, қудрати ўртасидаги фарқ муошарат лаззати билан ейиш лаззати ўртасидаги фарқдан улкандир. Умумий қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўзини ва ўзидаги сифатларни ўзида жорий мавжуд бўлиб турган ёки олдин бўлиб ўтган ҳолатлар, ҳиссиётлар орқали билади, англайди. Кейин шунга қиёсан ўзгалардаги бундай сифатларни тушунади. Сўнгра икки сифат ўртасида шараф, камолот жиҳатидан тафовут борлигини тасдиқлайди. Демак, инсон феъл, илм, қудрат ва ўзида мавжуд бошқа сифатларнигина Аллоҳ таолога исботлашга қодир. Бунда инсон Раббисининг сифатлари мукаммалроқ ва шарафлироқ эканини тасдиқлайди. Бироқ, банданинг ҳаёллари ва тасаввурлари кўпроқ ўзи сифатлари атрофида айланади, Рабб таолога хос бўлган улуғлик сифатларини англай олмайди.  Шу сабабли ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўз-Ўзингга сано айтганингдек, мен Сенга сано айтолмайман”, – деганлар. Бунинг маъноси, идрок қилганимни айтиб беришдан ожизман, дегани эмас. Балки бу Ҳақ жалолатининг моҳиятини идрок этиш борасида ноқисликни эътироф этишдир. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар айтадилар: “Аллоҳ таолони Ўзидан бошқа ҳеч ким ҳақиқатан таний олмайди”.

Аллоҳнинг қўли, кўзи ёки бошқа У пок зотга нисбат берилган сифатлар таърифида фитна қўзғаб, кишиларни залолатга кетказиш бошланди. Анчагина тоифалар бу масалада куфрга кетдилар. Энди салафи солиҳларга ва Имом Моликка ўхшаб, бу масалада савол бериш бидъатдир, деб фатво чиқариш иш бермайдиган ҳолга келди. Балки шунга ўхшаш масалада савол сўрамайдиган одамнинг ўзи қолмади. Ана шундай нозик бир пайтда Абу Мансур Мотурудий каби буюк алломалар ақиданинг софлигини сақлаб қолиш учун катта хизмат қилдилар.

Тошкент ислом институти

404 гуруҳ талабаси

Аметниязов Нурмуҳаммад

372380cookie-checkАллоҳ таолонинг сифатлари билан бандаларнинг сифатланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: