Мусаффо динимизда кекса ва ёши улуғларнинг мартабалари аввало Аллоҳ таолонинг ҳузурида, қолаверса, жамият олдида олийдир. Зеро, ёши улуғ зотлар дейилганида кўз олдимизга аввало сизу-бизнинг дунёга келишимизга сабаб бўлган мушфиқ ота-оналаримиз келади. Чунки, уларнинг сочлари бизнинг ғамимизда оқарган, нурли юзларига биз сабаб ажин тушган, нурафшон кўзларининг нури бизнинг йўлимизда сарф бўлган Зотлардир.
Муборак ҳадиси шарифда келтирилишича:
عن ابن عباس رضي الله عنهما عن الرسولأنه قال: الخيرُ مع أكابركم وفي رواية: البركة مع أكابركم أخرجه إبن حبان
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан нақл қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Яхшилик (бошқа ривоятида: барака) катталарингиз билан биргадир”. Ибн Ҳиббон ривояти.
Шунинг учун ҳам кекса бор хонадон баракали, нурли бўлади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
وروى أبو هريرة رضي الله عنه أن رسول الله قال: الا أنبئكم بخيركم قالوا نعم يا رسول الله قال خياركم أطولكم أعماراً وأحسنكم أعمالاً (رواه )الحاكم
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга яхшиларингиз ким эканини билдирайми?”,-деганларида, “Ҳа, эй, Аллоҳнинг Расули!”,-дедилар. “Сизларнинг яхшиларингиз – ёши улуғларингиз ва амаллари гўзалроғингиздир”, – дедилар. Ҳоким ривояти.
Мусулмонлар ўзларининг гўзал сифатлари билан ажралиб туришади. Ёши улуғларни ҳурмат қилиш шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёш жиҳатидан катталарни ҳурматлаш ва улуғлашга кўп бора чорлаганлар. Доно халқимиз бежизга катталарга ҳурматда, ёшларга иззатда бўлишга чақирмаган. Сиз ва бизнинг дуогўйларимиз бўлмиш кекса ва ёши улуғларни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ва динимиз одобларидандир. Чунки, қариялар биз босиб ўтмаган давонлар борасида тажрибага эга бўлишади ҳамда ақллари ва одоб – ахлоқлари камолотга етиб, ёшлик-бебошликнинг бефойда қизиқишлари, тезлик ва шошқалоқликлари тўхтаган бўлади. Ёши улуғлар билан кўпроқ суҳбатда бўлганларда виқор ва босиқлик ҳамда ҳамма нарсага ақл билан ёндошиш каби хислатлар шаклланади. Ёшларнинг ёши улуғларга салом бериши ёки автобусда жой беришидан тортиб, сиёсий эътибордан уларга давлат тарафидан ойлик нафақалар ажратилиши уларни ҳурмат қилиш ва эъзозлашдир.
عن أبي هريرة رضي الله عنه أن رسول الله قال: من لم يرحم صغيرنا و يعرف حق كبيرنا فليس منا(رواه البخاري في الأدب المفرد
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган ва катталаримизнинг ҳақларини билмаганлар биздан эмас”. Бухорий “Адабул-муфрад” китобида ривоят қилган.
Ҳадисдаги “…биздан эмас”, – деб айтилган жумлани уламолар “катта гуноҳ” маъносида, дейишади. Демак, ёши улуғларнинг ҳақларини пой-мол қилганлар улкан гуноҳ қилган бўлишади.
Бошқа ҳадисда эса бу ҳақида шундай дейилади:
وعن ابن عباس رضي الله عنهما عن الرسولأنه قالما أكرم شاب شيخًا إلا قضى الله له عند سنه من يكرمه رواه الترمذي
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Қайси ёш киши кексани икром қилса, у ёш кишига Аллоҳ таоло кексанинг ёшига етганида уни икром қиладиган кишини тақдир қилади”. Термизий ривояти.
Уламоларимиз ушбу ҳадиснинг шарҳида кексаларни ҳурмат қилган кишининг ҳам умри узайиб, у ҳам кексалик ёшига етиш шарафига муяссар бўлади, дейишади.
Зайнул Обидин ёши улуғларнинг ҳақлари ҳақида шундай дейди: “Дарҳақиқат, кексаларни ёши сабабли улуғлаш, Исломни биздан олдин билган ва таниганлари учун ҳурмат қилиш, тортишмаслик, тик қарамаслик, олдинда юрмаслик, жоҳил, яъни, илмсиз деб ҳисобламаслик, баъзи ҳолларда жоҳиллик қилсалар уни кўтариш ва Ислом ҳаққи-ҳурмати уларни икром қилиш уларнинг ҳақларидандир”.
عن أنس رضي الله عنه أنه قالجَاءَ أَبُو بَكْرٍ بِأَبِيهِ أَبِي قُحَافَةَ إِلَى رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ فَتْحِ مَكَّةَ يَحْمِلُهُ حَتَّى وَضَعَهُ بَيْنَ يَدَيْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لِأَبِي بَكْرٍ لَوْ أَقْرَرْتَ الشَّيْخَ فِي بَيْتِهِ لَأَتَيْنَاهُ (رواه أحمد
Анас розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: “Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макка фатҳ қилинган куни отаси Абу Қуҳофани кўтариб келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қўйди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга: “Қарияни уйларида қолдирганингизда уни олдига ўзимиз борардик”,-дедилар”. Имом Аҳмад ривояти.
عن معاذ بن جبل أن رسول الله قال:إذا أتاكم كبير قوم فأكرموه
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривояти қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг олдингизга бир қавмнинг каттаси келса уни икром қилинглар”.Табароний ривояти.
Яна бир ҳадисда эса:
عن أبي موسي الأشعري قال: من إجلال الله إكرام ذي الشيبة المسلم…
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Сочига оқ тушган мусулмонни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”. Табароний ривояти.
وفي الموطأ عن سعيد بن المسيب رحمه الله أنه قال: كان إبراهيم عليه السلام أول الناس ضيَّف الضيف، وأول الناس اختتن، وأول الناس قصَّ الشارب، وأول الناس رأى الشيب فقال: يارب ما هذا ؟ فقال الله تبارك وتعالى: وقار يا إبراهيم، فقال: يارب زدني وقاراً
Муватто китобида Саид ибн Мусайяб раҳматуллоҳи алайҳдан шундай ривоят келтирилади: “Иброҳим алайҳиссалом энг аввал меҳмон қилган, энг аввал хатна қилинган, энг аввал мўйловини қисқартирган, энг аввал сочига оқ тушган одам эдилар. Шунда: “Эй, Раббим! Бу (яъни, сочдаги оқ) нима”,- дедилар. Аллоҳ таоло: “Виқор, ё, Иброҳим!”,-деди. “Иброҳим алайҳиссалом: “Раббим! Менга виқорни зиёда қил”,-дедилар
Ота-онамиз ёши улуғлар ичида юқорида келтирилган икром ва одобларга энг лойиқ ва ҳақлироғидирлар. Зеро, уларнинг мартабаси ва ҳурматини Аллоҳ таолони Ўзи белгилаб берган. Ҳатто, ота-онамиз севган ва қадрдон тутган инсонларни севиш ва икром қилиш ота-онамизни икром қилишдандир. Бу ҳақида шундай дейилади
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله قال: إن من أبر البر صلة الرجل أهل ودِّ أبيه
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан шундай нақл қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Дарҳақиқат, яхши ишларнинг энг яхшиси киши отасининг қадрдонлари билан алоқаларни боғлашидир”. Муслим ривояти.
Аллоҳ ҳаммамизга ота-оналаримиз, уларнинг қадрдонлари, кекса ва ёши улуғларимизни мартабасини билиш, уларни икром қилиш каби яхши амалларда кўмакичи бўлсин. Улар сабаб устимизда турган баракани кўтармасин!
Жаҳонгир Убайдуллоҳ,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси,
Олмазор тумани “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби