Рабза Мадинадан 170 км шарқда жойлашган жой. Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур саҳобаларидан бири Абу Зарр Ғифорий номи билан машҳур Жундуб ибн Жунода, Усмон разияллоҳу анҳу даврида, ҳижрий 32 йилда вафот этган.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Ғифор қабиласидан бўлиб, Ислом келгунига қадар бу қавм вакиллари йўлларда талончилик билан шуғулланиб, Қурайш карвонларидан ўлпон йиғар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари бошланмасидан олдин ҳам Абу Зарр Ғифорий ота-боболарининг бутпарастлигидан воз кечиб, ҳаниф — Иброҳим алайҳиссаломнинг тавҳид динида эди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Исломга чақираётганини эшитиб, Абу Зарр Маккага келиб, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёрдами билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашди, Исломни қабул қилди, сўнг ўз қабиласига қайтиб, Ислом таълимотини тарқатди.
У зот ҳижратдан кейин мусулмонлар жамоаси билан ҳаётнинг барча жабҳаларида елкама-елка бўлди, Бадр, Уҳуд, Хандақ каби жангларда қатнашди, Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинганда, ўз қабиласининг байроқдори бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Шомга кўчиб ўтди.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу тақводор ва зоҳид киши бўлган ва 281 та ҳадис ривоят қилган. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу даврида Рабза қишлоғига кўчиб ўтди ва ўша ерда қолган умрини ёлғизликда ўтказди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у ҳақда: «Аллоҳ Абу Заррни раҳм қилсин, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади, ёлғиз тирилади», дедилар.
Рабзада Абу Заррга ўлим келди, унинг ёнида хотини ва хизматкоридан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ўлимидан олдин уларга васият қилиб, деди: “Мени ювиб, кафанга ўранглар ва йўлнинг ўртасига қўйинглар ва ўтаётган биринчи йўловчидан: “Бу Абу Зарр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидир! Уни дафн этишимизга ёрдам беринг!”, деб сўранг.
У зот вафот этгач, васиятига кўра, йўлнинг ўртасига қўйишди. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ва умрани адо этиш учун Ироқдан келаётган бир гуруҳ зиёратчилар ўтиб қолдилар.
Туяда келаётган одамлар йўл ўртасида кафанланган одамни кўрдилар. Хизматкор уларга яқинлашиб: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Абу Зарр. Уни дафн этишимизга ёрдам беринг”, деди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу йиғлай бошладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғри айтганлар, ёлғиз юрди, ёлғиз ўлди ва ёлғиз қайта тирилади”.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев