islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Талабалик даврида Аллоҳ таолога бўйсиниш завқи

Низомул-мулк Тусий раҳматуллоҳи алайҳ Низомия мадрасасини қурган пайтида талабаларнинг илмий савияси аъло даражада булишига алохида эьтибор берган эди. Шу боис узок йиллар давомида мадрасанинг илмий даражаси ниҳоятда юқори бўлди. Бир куни амирга мадраса талабалари орасида дунёга мухаббат кучайгани, уларнинг фикри бузилгани ҳақида хабар етиб борди. Низомул-мулк «Толиби илмларда ният узгарган бўлса, мадрасанинг фойдаси булмайди» деб, ўзи уларни имтиҳон қилмоқчи бўлди. Оддий кийим кийиб, мадрасага келди. Бир гурух талабаларнинг олдидан ўтиб, «Илм олишдан максадингиз нима?» деб суради. Уларнинг бири: «Менинг отам муфтий, мен ҳам отамга ўхшаб муфтий бўлиш учун ўқияпман», деди. Иккинчиси: «Менинг отам шаҳарнинг хатиби, мен ҳам ўкиб, отамнинг ўрнига хатиб бўлмоқчиман», деди. Учинчи талаба эса: «Менинг отам подшоҳнинг маслаҳатчиси, мен ҳам ўқишни битириб, саройда ишламоқчиман», деди. Хуллас, учовининг ҳам мақсади дунё экан. Амир бу сўзларни эшитиб, шундай фикрга келди: «Бу мадрасага сарф килинадиган пулни бошқа яхшироқ ўринга сарфлаганим яхши экан, бу ерни эса тезда ёпиш керак». У шу хаёлда мадрасадан чиқиб кетаётган эди, бир толиби илмнинг берилиб китоб ўкиб ўтирганини кўриб қолди. Унинг олдига бориб, салом берди, энди ёнига ўтирмокчи эди, талаба саломга алик олиб, «Узр, бу ерга ўтирманг», деди. Амир ҳайрон бўлиб: «Биз билан икки оғиз суҳбатлашмайсанми?» деди. «Мен бу ерга сиз билан суҳбатлашиш учун келганим йўқ», деди талаба. «Хўш, нима учун келгансан унда?» сўради амир. Талаба у ердан кетмоқчи бўлиб, шундай деди: «Мен бу ерга Роббимни рози қилиш учун ва У Зотни қандай рози килишни ўрганиш учун келганман. Бу китобларни ўқиб, шу нарсаларни билиб оламан. Шунинг учун сиз билан суҳбатга чалғимай, мана шу китобларимни тезроқ ўқиб олишим керак». Амир Низомул-мулк Тусий раҳматуллоҳи алайҳ талабанинг бу сўзларини эшитгач, ўзига ўзи: «Битта бўлса ҳам мана шундай талаба бор экан, мен бу мадрасани ёпмайман», деди.

Йиллар ўтиб, ўша талаба Имом Ғаззолий деган ном билан бутун дунёга танилди.

Субханаллох!

Шайхул-ҳадис, мавлоно Муҳаммад Закариё раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзадилар: «Бир одамнинг динда мақбул ёки номақбул эканини унинг талабалик даврига караб билиш мумкин. Агар илм олиб, унга ўша заҳоти амал қила бошласа, демак, мақбул кишилардан. Лекин диндан маҳрум одам бўлса, шайтон уни «Сен аввал ўкиб олавергин, амални кейин қиларсан», деб аврайди».

Биродарим! Мадрасанинг файз-футуҳи ичида, масжиднинг ёнида, баракотли устозларинг орасида, илм файзи устингдан ёғилиб турган, толиби илм бўлганинг учун фаришталар оёғинг остига қанотини тушаб, денгиздаги балиқлар ҳам ҳаққингга истиғфор айтиб турган пайтда сенга амал тавфиқи берилмаса, бу файзли манзилдан чиқиб, дунё зулматларига кирганингда сенга амал тавфиқи қаердан келиши мумкин? Шундай экан, толиби илм дўстим, илмни ўқиган заҳотинг унга амал қилишни бошлагин!

 

Тошкент ислом институти талабаси

Отажонов Насруллоҳ

“Талабалик даврини қандай ўтказмоқ керак?” китобидан

 

419080cookie-checkТалабалик даврида Аллоҳ таолога бўйсиниш завқи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: