Миллий қадриятлар – миллат кўрки
Мамлакатимизда бугунги глобаллашув жараёнида ёшларни миллий қадриятлар асосида интеллекти юқори ва ватанпарвар қилиб тарбиялашга катта аҳамият қаратилмоқда.
Ҳар бир халқнинг миллий қадриятларини унинг тарихи, маънавияти, маданияти, ўзига хос урф-одатлари, анъаналарисиз тасаввур қилиш қийин. Миллий қадриятларни фарзандлар онги ва қалбига сингдириш оиладан бошланади. Жумладан, ёшлар катталардан: сувга тупурма, нон устига нарса қўйма, ноннинг увоғи ҳам нон, ёши улуғларнинг йўлини кесиб ўтма, ота-онангнинг гапини икки қилма, устозингни ҳурмат қил, атрофингга бефарқ бўлма каби насиҳатларни эшитиб, турли ривоят, мақол, ҳикматларни тинглаб, хотираларида сақлаб вояга етадилар. Ёшлар бизнинг келажагимиз, улар ота-она ва аждодларимиз ишининг давомчилари ҳисобланади. Бизнинг асосий мақсадимиз – миллий ва маънавий қадриятлар асосида комил инсонни тарбиялашдир.
Ўзбек халқи миллий, маънавий қадриятлар ва ахлоқ одобга бағишланган махсус теран таълимотларнинг меросхўридир. Жумладан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳиббат ул-хақойиқ” асарлари, Кайковуснинг “Қобуснома”, Бурҳониддин Марғинонийнинг етти китобдан иборат “Ҳидоя”, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Ахлоқи Муҳсиний” номли одоб-ахлоқ меъёрларини батафсил ёритиб берган асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини, долзарблигини йўқотмаган.
Миллий қадриятлар – миллат учун аҳамиятга эга бўлган этник жиҳат ва хусусиятлар билан боғлиқ хослик шаклидир. Дунёда ўзига хос қадриятлари бўлмаган миллат йўқ. Миллий қадриятлар миллатнинг тарихи, яшаш тарзи, маънавияти, маданияти билан узвий боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Кейинги вақтларда Ўзбекистонда миллий қадриятларга эътибор кучайди. Бу она юртга эҳтиром, авлод-аждодлар хотирасига садоқат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳаё, андиша каби хусусиятларнинг устуворлиги билан тавсифланади.
Миллий қадриятларнинг асоси бўлган маънавият ва маданият деганда, инсон хулқ-атворининг гўзаллиги, саховатлилиги, олийжаноблиги, ваъдасига вафодорлиги, ҳаёлилиги, билим олиши, донолиги, бағрикенглиги, одоблилиги, озода ва покизалиги, қалбининг беғуборлиги, хушмуомалалиги ва шу сингари инсоний хислатлар тушунилади. Ота-она ўз фарзандлари билан бевосита ва билвосита мулоқотда бўлиб, уларни маънан озиқлантирар экан, энг аввало, ўзлари ўзаро муомала жараёнида намуна бўлишлари ҳамда фарзандларини кўпроқ тинглаб, нутқий лаёқатини оширишга ҳаракат қилишлари сўнгра ўз фикрларини ахлоқ меъёрларига риоя қилган ҳолда суҳбатга оид ҳикматлар, мақоллар, ҳаётий мисоллардан келтириб тушунтиришлари жуда муҳимдир.
Ёш авлодни маънавий қадриятлар руҳида тарбиялаш, алломаларнинг ўгити, доно сўзлари, фикрларини қадрлаш, ўрганиш, ҳаётда қўллаш ёшларни фикр ва дунёқарашини кенгайтиради. Бугунги ёшлар – келажак пойдевори. Шундай экан, уларни ҳар томонлама етук, комил, ватанпарвар, юрт тинчлиги ва равнақи йўлида фидокор бўладиган фарзандлар қилиб тарбиялаш зарур.
Миллий қадриятларимиз таркибидаги баъзи исломий қадриятларимиз кишиларнинг яшаш жойлари, турмуш шароитлари билан боғлиқликда шаклланди. Шу сабабли ҳам минтақамизда шариатнинг ҳанафийлик йўналиши ривожланди.
Жаннатмакон юртимиз ва доно халқимизнинг буюк тарихи, бетакрор қадриятлари борки, улар миллий ва диний анъаналарни асрлар давомида ўзида ифода этиб келади. Мазкур қадриятларни ҳеч қандай куч, ташвиқот ва тақиқлар ўзгартиролмайди, чунки бу миллатимизнинг ажралмас қадр-қимматига айланиб кетган.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,
Янгийўл туман “Қирсадақ” жоме масжиди имом хатиби.