“Ёки улар Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?!” (Нисо,54)
“Мўъминда ҳасад ва иймон жаъм бўлмайди.” (Байҳақий ривояти)
“Уч тоифа кишиларнинг дуоси қабул бўлмайди: қочоқ қулнинг, осий фарзанднинг, ҳасадгўйнинг.” (Абу Лайс ас – Самарқандий)
Аллоҳ таоло инсонни икки мураккаб унсур – руҳ ва жисмдан яратди. Унга турли хулқ – атвор, шакл-шамойилни ризқ қилиб берди. Пок фитратда туғилган гўдак шу икки асоснинг тарбия этилишига муҳтождир. Ўтган салафларимиз энг аввало рухий тарбияга эътибор қилганлар. Чунки бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жисмнинг роҳатда бўлиши учун, аввало ана шу рухнинг тозалиги катта аҳамиятга эгадир.
Маънавий дунёнинг хазиналаридан бўлган олий сифатлар билан бирга, инсонинг таназзулига сабаб бўлувчи ёмонлик, ёлғон, ғийбат, адоват каби разил хулқлар дунё яратилгандан бери Одам фарзандлари орасида яшаб, ҳар бир жараёнда ўз таъсирини кўрсатиб келмоқда. Шу иллатлар қаторида ўз ўрнига эга бўлган, кўплаб ёмон ишларнинг онабошиларидан бири – ҳасаддир.
Ҳасадга берилган таърифлар ичида энг мукаммалларидан бири бу таърифдир: “Ҳасад – бандага Аллоҳ томонидан берилган неъматнинг зойил бўлишини исташ, ҳатто йўқотишга ҳаракат қилишдир”.
Ҳасад – бу яширин рақобатдир. Рақобат бўлганда ҳам зарари умумий, натижаси надомат билан тугайдиган хили.
Ҳасад иблис алайҳиллаънадан бошланиб, инсоният орасида кўпайди. Бу иллат аввало, ўзи жой олган инсон танасини заҳарлаб, кейин зарарларини у орқали атрофга тарқатади. Натижада, турли ижтимоий парокандалик вужудга келади.
Аллоҳ таоло ҳасаддан, ҳасадчидан узоқ юриш, уларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюриб: “Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман) деб айт“ дея марҳамат қилди.
Қуръони карим қайтараётган, айтилиши осон, оқибати азобли бўлган бу сўз бора – бора мустаҳкам ришталарнинг узилиши, бақувват таналарнинг йиқилиши, интизомли давлатларнинг тарқаб кетишига сабаб бўлади.
Ҳасад инсоннинг ҳам, замон ва маконнинг ҳам фарқига бормайди. Чунки у нодонликнинг аломатидир. У бор жойда ақл анча сиқилади, баъзан аразлаб кетиб қолиши ҳам мумкин. Агар ҳасаднинг кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлмаганида, агар ақлни ўзига дўст тутганида Абдулатиф падаркушга айланармиди? Қобил ва Юсуф алайҳиссаломнинг биродарлари ўз жигарларининг жонига қасд қилармидилар?! У ақл четга сурилган, нодонлик бутун жисмни ишғол этиб, жилов шайтонир – ражимнинг қўлида бошқарилаётган, кўзлар фақат битта мақсадга қаратилиб, қулоқлар ҳар қандай қувватли қайтариқни эшитишдан ожиз бўлган ҳолатда майдонга тушган эди ўшанда.
Ана шундоқ вазиятларда ҳасад ўз вазифасини тўкис адо этади: У номига монанд, инсондан ақл ва тафаккур неъматларини арчиб, шилиб олади. Ақли бўлмаган киши эса, оқиллар қилиши лозим бўлган амаллардан четлатилади.
Булар шунчаки ёзилиб, қоғозда қолиб кетадиган баландпарвоз гаплар эмас, бу Одам болалари ўйлаб, танасига сингдириши лозим бўлган амалга чақириқдир. Биз, бир ота – онанинг фарзандлари нима учун ўзаро муносабатларимизни Аллоҳ буюрган тартиботлар асосида эмас, шайтон алайхиллаънанинг қабиҳ хулқи, Отамизга қилган адоватининг ҳосилалари устида бино қилишимиз керак? Иблиснинг измида, унинг буйруқларига кўниб яшаш, Қиёматда дунё аҳлининг олдида музтар бўлиб туришу, жаҳаннамга ўтин бўлишга арзийдими?!
Ҳасад ақлни чеклаб қўйиши фанда ҳам ўз тасдиғини топган масаладир. Днепропетровский университети тадқиқодчиси Эллина Владимировнанинг аниқлашича, ҳасад – чекланишдир. Бу ҳолатда инсон фақат битта мақсад учун ҳаракат қилади. Мотивациянинг бу тарзда чекланиши эса фикр доирасининг торайишига олиб келади. Оқибатда шахс шаклланиши бузилиб, ақлий жараён сусаяди[1]. Психолог Питер Куттер ўзининг “Ҳиссиётлар психоанализи”да аниқлашича, ҳасад натижасида қон томирлари торайиб, одам оқаради, артериал босим ошади.
Кўрдингизми, Одам Ато ва унинг болаларининг азалий душмани иблис алайхиллаъна шу ерда ҳам ўз душманлигини билдириб ўтди. “Шайтон қон томирларидадир“, у ана шу жойдан туриб, инсоннинг соғлиғига ҳам таъсир этади. Бу хиссий жунбушга келиш босқичи – алам ҳисси, ўз ҳолатидан норозилик, ғазабланиш ёки изтироб, тўлиқсизлик, тақдирнинг адолатсизлиги деган хисни вужудга келтиради[2]. Тақдирдан норозилик эса…
Ислом олимлари ҳасадни келтириб чиқарувчи 6 омилнинг бири деб, мақсадга эришолмасликдан қўрқишни ҳам кўрсатиб, уни кундошлар ўртасидаги муносабатга қиёслайдилар. Чунки улар бир инсонинг эътиборини қозониш учун ҳар қандай ишни амалга ошира оладилар.
Ҳасад инсонни занг темирни емиргани каби емиради. Бундаги зангдан мақсад -касалликлардир. Улар ёпишган ҳар қандай бақувват инсон ҳам аста – секин еқила бошлайди. Касалликларнинг кўпи феъл-атворга боғлиқ бўлади. Яъни, психологияда маълум бўлган феъл-атворларга ҳасад туйғусининг қўшилиши турли касалликларга олиб келади. Ҳасад феноми уч босқичда шаклланади ва хулқ-атворга таъсир кўрсатади.[3]
Инсонларга айниқса ўз душманига зарар келтириш истаги билан кечувчи агрессив феъл атвор – холерикларда томир торайиши, юрак тез уриши, асаб гипертонияси узатилади. Улар ўз ғазабига чидай олмай, уни амалга оширишга ҳаракат қилишади. Бу Абу Лаҳабнинг Исломга, Пайғамбаримизга қилган қабиҳликликларини эслатмайдими? Улуғ Парвардигорга ибодат қилувчи бир карамли кишини ундан тўсиш учун йўлларга тиканлар сочди, сажда қилаётганларида бошларидан ахлатларни ағдарди.
Меланхоликларда ҳасад туйғуси бўлса, улар зарарни биров орқали бажаради. Уларда муаммо кўпроқ ошқозон-ичак тизими касалликлари, жигар ва ошқозон яраси бўлади. Бундай кишилар ўз аламини фолбинлар, сеҳр-жоду ва қотиллар воситасида олишга уринадилар. Шулардан бири Лабид исмли яхудий бўлиб, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари ва тирноқларига сеҳр-жоду қилиб, шикаст етказмоқчи бўлган.
Сангвиниклар бошқа ҳарактерларга нисбатан ҳасадга камроқ мойил бўлади. Буларда ҳасад оқибатида юрак қон-томир касалликлари ва иммунитет бузилиши кузатилади.
Флегматиклар атрофга нисбатан лоқайд бўлишади, шу сабаб уларда ҳасадгўйлик кузатилмайди.
Биз ҳасаднинг шунчалик кўп жисмоний ва маънавий зарарларини билиб олдик. Энди ҳам бу дунёда, ҳам оҳиратда унинг зарарини татиб яшашдан сақланиш Оллоҳнинг изми билан ўз ихтиёримизга топширилди. Биз бугун ундан тийилиш лозимлигини билдик, демак уни қилмасликка мукаллафдирмиз.
Ҳасад, сеҳр, фолбинлик каби нарсаларга ишониш, мана шулар воситасида ўз ниятига ета олиш фикри кўпроқ аёлларда учрар экан. Улар бу ишлари билан қалбларга бироз таскин бериб, ором топа олар, лекин бир кун келиб, қилган ёмонликларининг жабрини фарзандлар тотганда кўзлари очилиб пушаймон қилиб қолмасмикинлар?
Қачонлардир, кимгадир қилган ҳасадимизнинг фалокати, не-не орзулар билан дунёга келтирган, масъум чеҳраси, беғубор кўзлари, ширин кулишлари билан қалбимизни шодликка тўлдириб турган жажжи гўдагимизнинг чекига тушса, қандоқ чидай оламиз?
Биз кимга эргашиб, кимга иқтидо қилишимиз керак: Отамизга ҳасад қилиб, жаннатдан туширилишга мажбур қилган ҳасадгўй Азозилгами ёки Аллох таолонинг буйруқларига итоат этиб, саодатга эришган солиҳларгами?
[2] ИльинЭ. П. “Эмоции и чувства” – “Петер” 2001