Абу Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжаж Нишопурий қадимги Хоразм ўлкасига қарашли, бугунги кунда Туркманистон билан чегарадош Эрон шимоли-шарқий қисмида жойлашган Нишопур шаҳрида милодий822 йилда (ҳижрий 206 йил) туғилган.
Бўлажак олим 12 ёшидан бошлаб исломий илмларни ўрганишни бошлади. Дастлабки илмни ўғлининг тарбияси ва таълимига катта эътибор қаратган отасидан олди. Ёш олимнинг устозлари мазҳаб асосчиси имом Аҳмад, дунёга машҳур муҳаддис Имом Бухорий ва Исҳоқ ибн Роҳовайҳ каби машҳур уламолар эди.
Имом Муслим Имом Бухорий билан яқин муносабатда бўлиб, бир куни у Имом Бухорийга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, пешонасидан ўпди ва оёқларини ўпиш учун рухсат сўради, аммо камтарин муҳаддис рухсат бермади. Имом Муслим ҳадис саҳиҳлиги борасида Бухорийнинг илми ва салоҳиятига қойил қолар ва уни ўзининг устози деб биларди.
Имом Муслим ўзининг севимли иши, савдо билан шуғулланган ва ўз эҳтиёжларини қондириш ва ҳадисларни йиғиш учун турли шаҳарларга сафар қилишга учун етарли маблағга эга бўлган. Имом Муслим Яқин Шарқ мамлакатларига ташрифидан кўплаб илмий баракага ноил бўлди, хусусан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал билан, Мадина шаҳрида Шайх Саид ибн Мансур билан, Мисрда Умар ибн Довуд билан, сўнгра Ўрта Осиё бўйлаб саёҳати давомида Бухор ва Самарқандда йирик олимлар билан учрашди.
Имомни машҳур қилган китоб, бу ҳақли равишда «Саҳиҳ Муслим» деб номланадиган саҳиҳ ҳадислар тўпламидир. Бу китоб ҳақида олимнинг ўзи шундай дейди: «Мен бу тўпламни тузиб, эшитган 300 минг ҳадисдан 7190 дан зиёдроғини тўпламга киритдим. Улардан 2200 ҳадисни такрор келтирдим».
Олимларнинг якдил нуқтаи назарига кўра, “Саҳиҳ Муслим”, “Саҳиҳ Бухорий” каби Қуръондан кейин Исломдаги энг нуфузли китоб ҳисобланади.
Баъзи олимлар “Саҳиҳ Муслим”ни Бухорийнинг саҳиҳ ҳадислари тўпламига қараганда устунроқ ҳисоблайдилар. Бироқ, машҳур олим Имом Нававий бу ҳақда шундай деган эди: «Шу каби фикрларга қарамай, Имом Бухорий тўпламидаги ҳадислар ишончлилигига қўйилган талабларга кўра устунроқдир. Шу билан бир қаторда, Имом Муслимнинг китоби ҳам иснодларнинг тафсилотларини тушунтириш жиҳатидан яхшироқ ҳисобланади» (Таҳзибул асма ва луғат, 2/289).
Имом Муслим “Саҳиҳ”ини 52 та бўлимга ажратган (никоҳ, мерос қоидалари, қурбонлик, пайғамбарлар, ахлоқий ва тиббий мазмундаги ҳадислар ва бошқалар). Ҳадислар муайян мавзуларда тақсимланган. Уламолар, ҳар бир бўлимда берилган биринчи ҳадис, асос бўлиб хизмат қилади, қолганлари эса унга шарҳ беради, деганлар.
Муҳаддис милодий 875 йилнинг (ҳижрий 261 йил) Ражаб ойида 55 ёшида вафот этди. Имом она шаҳри Нишопурга дафн этилган.
Имом Муслим ибн Ҳажжож бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда хурмо истеъмол қилганлиги сабабли вафот этди. Китоб саҳифаларини ўқир экан, ҳадисларни тадқиқ этишга берилиб кетиб хурмолардан қанча миқдорда еганини билмай қолган эди.
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси
Пўлатхон Каттаев
Манба: http://islam.ru/content/person/51144