Йўл оммага тегишли, бинобарин, унга зарар етказиш мумкин эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўлга ўз ҳақини беринглар», деб марҳамат қилдилар. У зот йўловчиларнинг ҳақини эътиборга олиб, йўл ўртасида намоз ўқишдан қайтардилар, сафарларида бирор жойда тўхтаганларида бошқа йўловчиларга халақит бермаслик чора-тадбирларини кўрдилар. Жамиятнинг саломатлигини тўлиқ таъминлашга хизмат қилувчи ҳукмларни фуқаҳолар Қуръон ва ҳадис маънолари асосида ишлаб чиқишган. Баъзи уламолар бу фиқҳий қоидаларни ўн еттита деса, бошқалари уни тўрттага қисқартиришган. Изз ибн Абдуссалом уларни иккига жамлаб, «манфаатни жалб қилиш» ва «зарарни даф этиш» қоидалари билан изоҳлаган. Айрим мутааххир уламолар буни ҳам қисқартириб: «Манфаатни жалб қилиш барча шаръий аҳкомларга асосдир, чунки зарарни қайтариш ҳам манфаатни жалб қилиш ҳисобланади», деганлар. Йўл-танспорт ҳодисаларининг олдини олишдан мақсад ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, автомобилларни турли талофатлардан асраш, яъни, инсоннинг жонини ва молини муҳофаза этишдир. Зеро, бундай ҳодисалар инсонларнинг ҳаётига зомин бўлиши, саломатлигига путур етказиши, шунингдек, ортиқча сарф-харажатларга олиб келиши ҳам мумкин. Йўл ҳаракати қоидалари инсон ҳаётини сақлашни таъминлашга қаратилган. Ислом шариатининг талаб ва мақсади ҳам айни шу. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаган киши, аввало, ўзининг жону молини хатарга қўйган бўлади. Бу эса Ислом динида ҳаром амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» (Бақара, 195). Уламоларимиз йўл ҳаракати қоидалари Ислом шариатининг талаб ва мақсадларига хизмат қилишини, уларга ҳамоҳанг эканини таъкидлайди ва уларга амал қилишни вожиб дейишади. Шунинг учун ҳам, барча ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишлари, уларга хилоф иш тутмасликлари зарур. Динимиз аҳкомларида инсоннинг дини, жони, шаъни, ақли ва молининг ҳимояси мақсад қилинган. Зеро, умримиз мазкур нарсалар устига бино қилинган бўлиб, ўшаларнинг тўлиқ муҳофаза этилиши, дахлсизлиги, уларга нисбатан ҳар қандай тажовузнинг бартараф этилиши билан фаровон ва осойишта кечади. Тошкент ислом институти битирувчиси Ҳасанхон Абдумажидов Манба 231
Диний адабиётларда “салаф, халаф” атамаларини учратамиз. Бу сўзларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари қуйидагича: Салаф (سلف) сўзи луғатда олдин яшаб ўтган аждодларга ишлатилади. Кўплик шакли “сулоф”, “аслоф” (سلاف، اسلاف) сийғаларида келади. Халаф (حلف) деб луғавий жиҳатдан, бир асрдан кейинги аср авлодларига айтилади. Агар яхши авлод бўлса уларга ломнинг фатҳаси билан “халаф” деб айтилади. Мабодо аждодларига муносиб авлод бўла олмаган бўлса, уларга ломнинг сукуни билан “халф” (حلف) дейилади. Ушбу оятга эътибор қаратамиз: فَخَلَفَ مِن بَعْدِهِمْ خَلْفٌ وَرِثُواْ الْكِتَابَ Бас, улардан сўнг, ортларидан китобни меросга олган бир ўринбосарлар келдики… (Аъроф, 169). Имом Қуртубий шу оят тафсирида: танқид қилишда ломнинг сукуни билан “халф” дейилади. Мақташда эса “халаф” деб ломнинг фатҳаси билан ўқилади,-деган. Илмий истилоҳда эса “Салаф” сўзи умумий ишлатилганда дастлабки уч аср авлоди—уммати муҳаммадиянинг энг афзал пешқадам авлоди кўзда тутилади. Улар ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим. Кейин улардан кейинги авлод. Кейин улардан кейинги аср авлоди, –деганлар. (Бухорий, Муслим, Аҳмад). Шу уч аср авлодининг яхшилиги шундаки, улар шу умматнинг устозлари, энг афзал ва хайр эгалари бўлган. Уларнинг бошида тўғридан тўғри Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан таълим олган саҳобалар туради. Саҳобалардаги бу фазилатга етадиган шараф йўқ! Кейинги авлод эса тобеъинлар бўлиб, улар саҳобаи киромларнинг шогирдлари ҳисобланган. Уларнинг ортидан учинчи авлод–табаъ тобеъинлар келди. Мана шу уч авлоднинг фидокорлиги билан ислом дини бизгача соғ-саломат етиб келди. Ҳақиқий шараф ўша уч авлодга доирдир! Иброҳим ал-Лаққоний “Жавҳара”да айтади: “Салафи солиҳ” калимаси қайдланмасдан умумий ишлатилса, ундан саҳобаи киромлар тушунилади. Чунки саҳобаларнинг ҳаммаси адолатли, ишончли олимлар эди. Уларнинг ҳар бир ривояти, гарчи хато бўлса ҳам қабул қилинади. Чунки уларнинг хатоси ижтиҳод билан бўлган. Мужтаҳиднинг хатосига эса Аллоҳ савоб беради. Саҳобалар шу умматнинг энг ҳурматли устозлари эди. Уларнинг орасида бидъатчи, адашган аҳли залолат битта ҳам бўлган эмас. Аммо саҳобалардан кейинги авлод ичида ишончли уламолар кўп бўлиши билан бирга, бидъатчи ва ҳадис тўқийдиган уйдирмачи ваззоълар ҳам бор эди. “Салафи солиҳ” атамаси яна саҳобалардан кейинги даврга мансуб фақиҳлар, муҳаддис ва муфассирлар каби ўз даврининг пешво уламоларини ҳам қамраб олади. Масалан, тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш имом Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳни. Шунингдек, имом Авзоъий, Мужоҳид, Суфёни Саврий ва Суфён ибн Уяйналар ҳам “Салафи солиҳ” атамаси ичига киритилади. “Халаф” сўзининг фиқҳий истилоҳий маъноси эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган уч асрдан кейин то қиёматгача бўлган жамики раббоний олимлар, фозиллар ва солиҳлардир. Халафларнинг ичида худди салафлар давридаги каби ишончли диний уламолар бўлади. Бироқ, улар ичида яхшилардан кўра ёмонлар, ҳавосига эргашган бидъатчилар кўп бўлади. Аммо, Аллоҳ таоло Ўз динини Ўзи сақлаб олади. Ҳар даврда ҳар қанча динбузар кўп бўлмасин, барибир битта бўлсада ҳақгўй солиҳ халаф топилади! Аллома Ибн Ҳажар “Завожир” да Имом Заҳабийдан нақл қилиб айтади: мутақаддим уламолар билан мутааххир уламолар орасини ажратиб турувчи чегара учинчи асрнинг сўнггидир! Яъни дастлабки ҳижрий уч аср. Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжид имом-хатиби Авазбек Мўминов 263
Ҳаё – гўзал ишларга ундовчи ва қабиҳ амаллардан тўсиб турувчи фазилат бўлиб, нафснинг мақтовли сифатларидан ҳисобланади. У – олийжаноб хулқларнинг тожи, иймон зийнати, Ислом шиоридир. Зеро, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Муҳаққақки, ҳар бир диннинг ўз хулқи бўлади, Ислом хулқи эса ҳаёдир” (Ибн Можа ва Имом Молик ривояти). Демак, ҳаё сифати динимизнинг асосий хулқларидан, доимо сезилиб, билиниб турадиган фазилатларидан экан. Ҳаё – ўз соҳибидаги эзгуликка далолат қилувчи, қалб саломатлигидан дарак берувчи ва маломат тошларидан ҳимоя қилувчи бир қўрғондир. Ваҳб ибн Мунаббеҳ айтади: “Иймон бамисоли яланғоч тан кабидир. Унинг либоси тақво, безаги ҳаёдир”. Машойихлар дейдиларким, “Кийими ҳаёдан тикилган кишининг айби халойиққа кўринмас”. Шоир айтади: Сақлагил ҳаёинг ҳар дам, ҳар нафас, Кишининг фазлига далилдир ҳаё, Юзнинг суви кетса, қилинмас ҳавас, Ўликдир у инсон, мурдадир гўё. Ҳа, қалб қанчалик тирик бўлса, ҳаё хулқи ҳам шунчалик кучли ва мукаммал бўлади. “Ҳаё” билан “ҳаёт” сўзининг ўзаги бир эканлиги ҳам бежиз эмас, албатта. “Ҳаё” тириклик маъносини англатувчи “ҳаёт” сўзидан олинган бўлиб, халқ назарида хунук саналган, айбситиладиган бирор ишни қилганда кишига етадиган эзилиш, синиқиш ва юздаги ўзгаришни англатади. Бу нарсанинг “ҳаёт” сўзига қандай алоқаси бор деган саволга имом Замахшарий шундай жавоб беради: “аслида арабча “حي” ёки “استحيى” (“ҳаё қилди”) дегани мажозан “ҳаётига нуқсон етди, иллатланди”, деган маънони ифода қилади. Чунки, қилган ишидан уялиб, хижолатга ботган кишига етадиган эзилиш, сиқилиш туфайли у бамисоли дармони кетиб, ҳаётига нуқсон етган каби бўлади. Халқ орасида кенг тарқалган “مات فلان حياء” “фалончи уятдан ўлди”, “уятдан тамом бўлди”, деган сўзлар ҳам шу маънони тасдиқлайди” (“Ал-Лубоб фий улум ал-китоб”). Ҳаё сифати ўзига хос фазилат ва хусусиятларга бағоят бой бўлгани учун ҳам динимиз кишиларни у билан хулқланишга чақиради. Ҳатто бу сифат иймон шохчаларидан бир шохчадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “иймон етмишдан ортиқ шохчадан иборат. Уларнинг энг афзали (энг юқориси) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” сўзи бўлса, энг пасткиси йўлдан зарарли нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймон шохобчаларидан бир шохобчадир” (Саҳиҳайнда ривоят қилинган). Юқоридаги ҳадисда иймон калимаси бўлмиш “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ!” сўзидан кейин кишининг мўминлигига далолат қилувчи бошқа ишлар ҳам борлиги, бўлиб ҳам анча-мунча эканлиги ижмолий тарзда баён қилингач, йўллардаги азиятни бартараф қилиш ҳамда ҳаёли бўлиш ҳам иймон бўлакларидан бир бўлак эканлиги алоҳида қайд қилинган. Бу ҳам бўлса, ҳаёнинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутганлигидан далолат беради. (Бўлак дейилар экан мажозий маъно ирода қилинган. Иймон тақозоси бўлган амаллардан эканлиги назарда тутилмоқда. Зеро, иймон аслида бўлакларга бўлинмайди). Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинади: “ҳаё билан иймон бир-бирига чамбарчас бириктирилган, агар уларнинг бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади”, (Имом Бухорий: “ал-адаб ал-муфрад”; Ҳоким: “ал-Мустадрак”). Ҳаё билан иймоннинг бир-биридан айрилмаслиги, ўзаро жипс боғлиқлигининг сири, уларнинг ҳар иккисининг ҳам эзгуликка чорлаб, ёмонликдан узоқлаштирувчи нарсалар эканлигидадир. Шунинг учун ҳам орифлардан бири “ҳаётда қанча-қанча хунук ишларни қилишимдан фақат ҳаёгина тўсиб қолган”, деган эди. Шундай экан, бирор кимсада ўта журъаткорлик, ахлоқсизлик ҳамда беодоб ва бепарда сўзларнинг кўп гапирилишига гувоҳ бўлсангиз, билингки, бунинг асосий сабаби ҳаёнинг йўқлигидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “илк нубувват ўгитларидан инсонларга шу бугунга қадар (ўзгармасдан) етиб келган ҳикматли сўзлардан бири: “агар уялмасанг, билганингни қил!”, деган сўздир” (Имом Бухорий ривояти). Яъни, Одам алайҳиссалом давридан то Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом...