Самъонийнинг “Ал-ансоб” китобида ва Заҳабийнинг “Тазкиратул ҳуффоз” китобида сайёҳ, ҳофиз[1] Абул Фитён – Умар ибн Абдулкарим ибн Саъдувайҳ Диҳистоний Раввосий (427/1036−503/1110) раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида қуйидаги маълумотлар келади: “Ўз асрининг ҳофизларидан эди. Илм йўлида Хуросон, Ироқ, Шом, Ҳижоз, Миср, Арабистонга сафар қилиб, илм ўрганиб уларни китобларга битган олимлардан эди. Уни каллапуруш, деб ҳам номлашарди. Чунки, отаси Диҳистонда чорва ҳайвонларининг каллаларини сотар эди. Бир куни Абу Масъуд Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Бажалий, Розий Диҳистонга келиб, Абул Фитённинг отаси Абул Ҳасандан ейиш учун калла сотиб олади. Абул Ҳасан Абу Масъудга қараб: “Кўринишингиздан олим инсонга ўхшайсиз, сиздек инсон учун дўконда ўтириб нарса ейишингиз маъқул эмас, масжидга кирсангиз каллани ўзимиз олиб бориб берар эдик”, деди. Шунда Абу Масъуд масжидга кириб ўтиргач, Абул Ҳасан ўғли Абул Фитёндан қовурилган чиройли калла, сирка, пиёз ва ширмой нонни бериб юборди. Абул Фитён ўшанда ҳали ёшгина бола эди. Абу Масъуд мазкур ишдан мамнун бўлиб, Абул Ҳасаннинг қилган ишига тасанно айтди. Каллани еб бўлгач, унга ташаккурлар айтдида ва менга жуда ҳам чиройли муомала қилдинг. Менда бунинг эвазига сенга берадиган ҳеч нарсам йўқ. Агар хоҳласанг, ўғлингни олдимга жўнат, унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан айтиб бераман. Отаси бундан жуда ҳурсанд бўлди. Шу билан Абу Масъуд Абул Фитённи ўзи билан Диҳистон шайхларининг олдиларига олиб борар ва унга ҳадис айтиб берар ва уларнинг баъзиларини ўзгаларга айтишини буюрарди. Шундан сўнг Абул Фитёнга бу иш жуда ёқиб, унда илмга бўлган муҳаббат пайдо бўлди. Кейинчалик ўзи ҳам сафар қилиб, жуда кўп ҳадис тўплади. Ҳатто тенгдошлари билмайдиган ҳадисларни эшитиб жамлади. Ибн Нуқта айтадики: Аҳли илмларни жуда кўпидан эшитдим, уларнинг айтишича, Абул Фитён 3600 та шайхдан илм ўрганган экан. Адиб Хузайма ибн Али Марвазий айтади: “Умар Раввосийнинг бармоқлари сафарда юрганида совуқ сабабли узилиб тушган. Ҳофиз Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Али Ҳамадоний айтди: Бу диёрда Абул Фитёндан кўра зеҳни ўткир инсонни кўрмадим, балки бутун дунёда ҳам унга ўхшаши йўқ. Гўё саёҳатчи китоб эди. Дунёни ҳадис ўрганиб айланиб чиқди. Уни Маккада учратиб қолдим. Барча шайхлар уни мақташарди, у ҳақда гўзал сўзларни айтишарди. Сўнг Журжонда учратиб қолдим, шу ерда у билан қадирдон бўлиб қолдик. Бу фанда (ҳадис) кўзга кўринган пешволардан эди. Ҳаттоки устози Абу Бакр Хатиб Бағдодий ва Абу Ҳомид Ғаззолий ундан ҳадис ривоят қилган. Хусусан, Абу Ҳомид Ғаззолий бу зотдан икки саҳиҳ китобини ўтказиб олган. Шунингдек, Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Журжоний ва жуда кўп муҳаддису фақиҳлар ундан ҳадис ўрганганлар. Ибн Макуло айтади: Раввосий мендан ҳадис ёзиб олди ва айни пайтда мен ҳам ундан ҳадис ёзиб олдим. Уни заковатли эканини билдим. Самъоний айтади: “Аҳмад ибн Муҳаммад Сарахсийдан эшитдим: “Умар Раввосий Сарахсга келган пайтда у жойда ҳадис айтиб, талабаларга ёздирар эди. Унинг дарсига жуда ҳам кўп одамлар келар эди. Умар Раввосий дарслари ҳақида шундай дер эди: “Мен дарсимга келган талабаларнинг барчасини исмини биринчи бор келганларида ёзиб қўяман ва улар иккинчи бор дарсга келганларида уларнинг исмларини ёддан айтиб бераман. Улардан сўрашимнинг ҳам ҳожати бўлмайди”. Айтишларича: “У кишининг дарсига келган жамоат етмиш кишидан иборат бўлар экан”. Абдулғофур ибн Исмоил айтди: Умар Раввосий ҳадис санадларини яхши биладиган машҳур инсон эди. Кўп китоблар ёзган ва кўп маълумотларни бобларга ажратиб жамлаган, тез ёзадиган киши эди....
Шаъбон ойининг фазилати Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан аввалги ой ҳисобланади. Бу ойнинг бундай ном билан аталиши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади. У вақтларда араблар ҳар бир ойни ўша кунда рўй берган муҳим воқеа-ҳодиса ва ҳолатларга қараб номлар эдилар. Масалан, кетма-кет келувчи жумодал-увла ва жумодал-охира (биринчи жумодо ва кейинги жумодо) ойларини ўша вақт қишнинг энг совуқ пайтига тўғри келиб, сувлар ва ерлар музлаб қолганлиги учун шундай номлаганлар. Жумодо сўзи музлаш, қотиш маъносини англатувчи “тажаммада” феълидан олинган. Ойларга ном берилаётган даврда Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди. Унинг номланиш сабаби борасида турли хил қарашлар мавжуд бўлса-да уларнинг бари тарқалмоқ маъносини ўз ичига олувчи “ташаъъаба” сўзидан олинганлигини ривоятлар тасдиқлайди. Зеро, айнан шу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетардилар. Яна бир қавлга кўра бу вақтда араблар тарқоқ ҳолда турли ғорларга кириб олар эканлар. Бошқа бир қавлга биноан араблар шаъбондан битта олдинги уруш ҳаром қилинган ражаб ойида уруш-юришларни тарк этиб, уйда ўтириб қолганликлари боис шаъбон келиши билан яна жангу жадалларда қатнашиш учун тарқалиб кетарканлар. Шунингдек, шаъбон ойи ражаб билан рамазон ўртасида бамисоли шоҳ каби ўсиб чиқиб, уларни бир-биридан ажратиб турганлиги учун ҳам шундай ном билан аталган деган сўзлар ҳам бор. Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади (мазмуни): “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” (Бухорий: 1833-ҳадис; Муслим: 1956-ҳадис;). Шаъбон ойида кўп нафл рўза тутишга доир шу ва бошқа ҳадиси шарифлар мазкур ойда нафл рўзаларни кўпайтириш мустаҳаб эканлигига далолат қилади. Оиша онамиздан нақл қилинган баъзи ҳадиси шарифларда ҳатто шаъбоннинг ҳамма кунида рўза тутишлари, ривоят қилинган. Аммо, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутмаганликлари ҳақида бошқа ривоятлар ҳам мавжудлиги туфайли уламолар юқоридаги сўзни Набий алайҳиссалом шаъбонда тўлиқ бўлмаса-да бироқ аксар қисмида рўзадор бўлганликларига йўядилар. Зеро, бирор нарсанинг аксарини “ҳаммаси” дея ифода этиш араблар тилида жоиз ва учраб турадиган нарсадир. Набий соллаллоҳу алайҳи...
Фузайл ибн Иёз: Беш нарса бадбахтлик нишонасидир: аввали, кўнгил қаттиқлиги, иккинчи – кўздан ёш келмаслиги, учинчи – ҳаёсизлик, тўртинчи – дунёга рағбат қилмоқ, бешинчи – дунё учун узун ҳаёллар суриш. *** Ҳамиша очиқ кўнгилли бўлинглар. Чунки Аллоҳ очиқ кўнгиллиларни севади. *** Ҳар ким ўзини баланд тутса паст бўлур, паст тутса баланд бўлур! *** Икки нарса аҳмоқлик нишонасидир: бири ажойиб нарсани кўрмайин кулмоқ ва бири хабар сўрамасдан туриб хабар бермоқ. *** Оқил киши шуки, аҳмоқ билан ҳолва ейишдан сақланади. *** Уч нарса кўнгилни ўлдиради: кўп емоқ, кўп ухламоқ ва кўп гапирмоқ. Қуръон, ҳадис ва машойихларнинг сўзи бўлса ундоқ эмас. *** Агар бир киши сендан «Аллоҳни севасанми?» деб сўраса унга жавоб бермагин! Чунки агар севмайман десанг кофир бўласан, агар севаман десанг ва унга лойиқ амал қилмасанг ёлғончи бўласан! *** Суфёни Саврий: Кимки ихлос билан бир амални қилсаю, кейин ўша амалга мақтаниб, мен фалон ишни қилдим, деса, қабул бўлган ўша амали яхшилик рўйхатидан ўчирилиб, риё рўйхатига ёзилур… *** Боязид Бистомий: Ҳаёт – илмда, роҳат – маърифатда, завқ – зикрдадир. | Халқнинг ҳалокати икки нарсададир: биттаси – халқни ҳурмат қилмаслик, иккинчиси, Ҳаққа шукр қилмаслик. Ҳақ севгиси уч нарса билан белгиланади: саховатда денгизга, шафқатда қуёшга, тавозе ва мискинликда тупроққа ўхшайди. Иброҳим ибн Адҳам: Ҳар ким уч ўринда кўнглини ҳозир тутмаса, унга раҳмат эшиги очилмайди: Қуръон ўқилганда, иккинчи зикр айтилганда, учинчи, намоз ўқиётганда. *** Иброҳим ибн Адҳамдан насиҳат сўрадилар, деди: – сен боғлиқни очгин, очиқни боғлагин. У киши: – бу гапни тушунмадим. -Боғланган чўнтагингни очгин ва улашгин, яъни саховатли бўлгин ва очилган оғзингни ёпгин, яъни беҳуда ва бефойда сўзларни гапирмагин. 503
Шаъбон ойи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ойларидир. Шунингдек бу ой Ражаб ойида яхши амалларни эккандан сўнг уларни суғориш ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутар эдилар, кечалари тонгга қадар ибодат қилиб чиқар эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз бунинг сабабини сўраганларида: “Эй Оиша, бу ой малакул мавт – ўлим фариштаси Азроилга йил давомида вафот этадиганлар рўйхати ёздириладиган ойдир. Мен эса бу ойда исмимнинг рўзадор ҳолда қайд этилишини истайман”, деб марҳамат қилдилар. Саҳобаи киром ва авлиёуллоҳлар ҳам бу ойда кўп рўза тутишар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтишар, Аллоҳдан афву мағфират тилар эдилар. Бойлар камбағалларга закотларини бериб, уларнинг Рамазон рўзасини қийналмай тутишларини таъминлар эдилар. Йилнинг энг муборак, энг эътиборли, қадрланадиган кечаларидан бўлган Бароат кечаси Шаъбон ойининг энг муҳим кечасидир. Чунки бу кеча ер юзига илоҳий раҳмат, барокот ва хайр нозил бўлгани учун уни, ҳатто малаклар ҳам байрам қилишади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло бу кеча ширк келтирганлар, бир-бирларига гина, адоват тутганлар, дўсту қариндошларидан алоқани узганлар, сеҳргарлар, коҳинлар, сархушлар, юлғучлар, номуссизлардан ташқари кўплаб имон эгаларини мағфират қилади. Бароат кечасида ажаллар, ризқлар, ҳажга борадиганлар, вафот этадиганлар, саъидлар – охират саодатига эришувчилар, шақийлар – яъни охират саодатидан бенасиблар, йилнинг муҳим воқеалари қатъий белгиланиб ёзилади. Бароат кечаларининг бирида Ҳасан Басрий ҳазратларини юзи сарғайган ҳолда кўрганлар, унинг сабабини сўраганларида: “Аллоҳга қасамки, кемаси тўфонга учраган бир киши мендан ҳам баттар ёмон аҳволда бўлмаса керак. Чунки қилган гуноҳларимни биламан. Аммо яхши амалларим қабул қилиндими йўқми, аҳволим нима бўлади?, дея ташвишдаман”, деб жавоб берибдилар. Рамазон ойи ҳам яқинлашиб келмоқда. Бу ойга ҳар биримиз солиҳ амалларни кўпайтирган ҳолда ва ўз нуқсонларимизни ислоҳ қилган ҳолда кириш учун ҳозирданоқ тайёргарлик кўришимиз лозим. Ғанимат бўлган муборок ой ва кечалардан унумли фойдаланишимиз зарур. “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси Кенжабой Гулруҳ 430
Дунёдаги етакчи мамлакатларнинг сўнгги йиллардаги юксалиш хусусиятлари иқтисодий, маданий, илмий соҳалардаги тараққиёт Осиёга — Шарқ заминига кўчаётганини кўрсатяпти. Жаҳон геосиёсий саҳнасида ҳам бу минтақа мамлакатларининг таъсири тобора орт¬моқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги глобаллашув жараёни Шарқ ва Ғарб маданиятини бир-бирига қарама-қарши қўйиш эмас, балки улар ўртасида қадимдан мавжуд бўлган ўзаро таъсир, ҳамкорлик ва маънавий-маданий бойиш имкониятларидан оқилона фойдаланиш, ушбу икки минтақадаги давлатлар ва уларнинг тилини пухта ўрганишни талаб этмоқда. Тарихан Буюк Ипак йўлининг гавжум чорраҳаларидан бирида жойлашган юртимиз бир вақтнинг ўзида кўплаб маданиятлар билан ўзаро таъсир ва алоқада бўлган. Заминимизда серқирра ҳамкорлик, маънавий-маданий бойиш, энг муҳими, ўзаро тушуниш, эътибор ва ҳурмат сингари қадриятлар қарор топган. Бағрикенглик халқимиз менталитетининг бош фазилатларидан бири бўлиб келган. Шу боис қадимдан юртимизда чет тиллардан, асосан, анаткак (санскрит), табғач (хитой), тўхри (ўрта форс тили) тиллари ўргатилган бўлса, ўрта асрларга келиб, кўпроқ араб ва форс тилларини ўқитиш эҳтиёжи юзага келди. XIX асрнинг охирларидан бошлаб эса, рус тили ва маданиятини ўрганиш кун тартибига чиқди. Ўша кезлар буюк маърифатпарвар, жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналида “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи билан “Биз туркис¬тонийларға туркий, форсий, арабий ва русий билмоқ лозимдур” деган ғояни илгари сурди. Собиқ шўролар даврида чет тили сифатида, асосан, инглиз, немис, француз тилларини ўқитиш билан бирга пойтахт ва вилоят марказлари ҳамда йирик шаҳарларда Шарқ тилларига ихтисослаштирилган мактаблар ҳам фаолият олиб борган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўқитиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳақида гап кетганда, асосан, Ғарб тиллари, биринчи навбатда, инглиз тили назарда тутилди. Аслида, ўқитилаётган барча тилларга, шу жумладан, Шарқ тилларини ўргатишга ҳам бирдек шароит яратиш лозим эди. Амалда бундай бўлмади. Ўтган асрнинг 90-йилларидан Шарқ тиллари ўқитиладиган мактабларга муносабат ўзгарди. Айниқса, араб, форс тиллари диний оқимларнинг кириб келиши, ислом динининг кенг тарқалиши орқали ёшларда радикал қарашлар шаклланишига олиб келади, деган фараз илгари сурилди. Шарқ тилларини ўқитишдан кўра илғор Ғарб тилларини ўргатишга асосий эътибор қаратиш зарур деган ақида ҳукмрон бўла бошлади. Бирин-кетин Тошкент, Фарғона, Наманган, Бухоро, Хоразм, Самарқанд ва бошқа вилоятлардаги Шарқ тилларини ўқитишга ихтисослаштирилган бор-йўғи 2-3 тадан иборат умумтаълим муассасалари оддий мактабларга айлантирилди. Вазиятнинг бундай тус олиши ўқувчилар, ота-оналар ва жамоатчилик орасида тушунмовчилик келтириб чиқара бошлади. Бироқ ҳеч ким очиқ-ошкора эътироз билдира олмади. Натижада Шарқ тиллари, хусусан, араб тилини ўрганишга рағбати юқори ўқувчилар мақсади номаълум бўлган хусусий ўқув масканларида ўқишга мажбур бўлди. Бу эса, ўз навбатида, турли диний йўналишдаги рухсат этилмаган, лицензиясиз ўқув гуруҳларининг ташкил топишига йўл очди. Ўша кезлари машҳур шарқшунос олим Шоислом Шомуҳамедов, академиклар Азизхон Қаюмов, Алибек Рустамов ва бошқа кўплаб шарқшунослар бундай ҳолатдан ҳайрон бўлиб, эътироз билдирганига гувоҳ бўлганмиз. Чунки бўлғуси иқтидорли шарқшунослар етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган, республика бўйича бор-йўғи 30 тага ҳам етмайдиган хитой, ҳинд, араб, форс, урду тилларига ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг йўналиши ўзгартирилиб, фақат Ғарб тиллари, хусусан, инглиз тили ўқитила бошланди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги шарқ тилларига йўналтирилган 24-, 22-,119-,272-мактаблар бошқа фанларга ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларига айлантирилди. Шарқ тиллари бўйича иқтидорли ўқувчилар танлаб олинадиган фан олимпиадаси ҳам бекор қилинди. Ваҳоланки, юртимизда Шарқ тилларини чет тили сифатида ўқитишга йўналтирилган мактаблар кўп бўлмаса-да, номи дунёга таралган, хорижий мамлакатлардан келган делегациялар, олий мартабали меҳмонлар айнан шу мактабларга ташриф буюрар эди. Биргина Ҳиндистоннинг йирик давлат...