Маълум бир муддат Лазгин домладан араб тилидан сабоқ олган эдим. Бу тахминан 1975 йил апрель ойидан 1976 йил май ойигача давом этди. Лазгин домланинг берган сабоқлари менинг ёдимдан ҳеч қачон чиқмайди. Сабаби Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек: Ҳақ йўлида ким санга, Бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак осон эмас, Ҳаққин адо юз ганж ила. Лазгин домла ҳаётидан баъзи бир лавҳаларни келтириб ўтамиз*: «Уларнинг тўлиқ исми шарифлари Сирожиддин ибн Исо Али (Сирожиддин Доғистоний) бўлиб, 1896 йил Доғистон ўлкасининг Хуна масканида таваллуд топганлар. Уларнинг оталари нақшбандия тариқати пешволаридан ҳисобланганлар. Лазгин домла олти ёшга тўлгач, тоғалари Исмоил мударрис қўлида савод чиқариб, сўнг тоғаси қурдирган Кумух мадрасасида таълим оладилар. Ўша пайтларда Кумух мадрасаси Кавказнинг маданий ва илмий маркази эди. Бу ерда Лазгин домла Абдулҳамид Кумухийдан тафсир ва ҳадисдан дарс оладидар. Ўн икки ёшга тўлгач, «Қофия», «Шарҳи Мулла Жомий» китобларини ёд олганлар, сарф ва наҳвда уламолар мунозарада қатнаша оладиган даражага етганлар. Шундан сўнг, устозлари уни Доғистонлик савдогар ҳомийлигида Мисрга юборадилар. Бу пайтда Лазгин домла ўн олти ёшда бўлганлар. Савдогарнинг Искандариялик дўкондор таниши домлани машҳур мударрисга олиб боради. Таътил вақти бўлгани сабабли мударрис Лазгин домлага китоб тутқазиб, бир ой мухлат беради. Бир ойдан сўнг эса мударрис Лазгин домлани имтиҳондан ўтказиб, Қоҳирага, ўз устози ҳузурига юборади. Шу тариқа Лазгин домла Қоҳирада етти йил қоладилар. Ўз юртларига қайтгач, мадрасада мударрислик лавозимида ўн йил ишладилар. Қатағон авжига чиққач, 30-йиллар охирида Лазгин домла Доғистонни тарк этиб, 1937 йили Ўзбекистонга келадилар ва умрбод шу ерда қолдилар. Улар Ўзбекистонда Лазгин домла номи билан машҳур бўлганлар. Жиззах ва Самарқандда уларни Қарачай домла дейишган. Лазгин домла бу тўғрида шундай деганлар: «Мен Ўзбекистонга келганимдан хурсандман, бунинг учун Аллоҳга шукрлар қиламан. Ўзбекистонда мен ғариб бўлмадим, дўстлар даврасида яшадим». Лазгин домла юртимиз уламолари ҳақида: «Мен Ўзбекистон уламолари орасидаги иттифоқдан шодман, бу иттифоқ давом этар экан, улар олий мартабаларга эришадилар», – деган эдилар. Ўша маҳал Лазгин домла ҳали Тошкентда муқим ўрнашмаган ва маълум муддат Бишкекда яшаганлар. Бишкекдан қайтгач, дўстлари кўмагида Бешёғоч бозорида мисгарлик дўкони очадилар. Кичкина бу устахона токчаларига обдаста, самовар, примус каби тузатилиши лозим бўлган ашёлар териб қўйилган. Устахонанинг бир дарчаси бўлиб, ташқарига таёқча билан очиб қўйилган. Ана шу дарчанинг ости ўзига хос «мадраса» эди. Лазгин домла болаларни шу пештахта остида яширинча ўқитганлар. Ўзлари устачилик билан банд кезлари болалар пештахта остида дарс ўқишган. II жаҳон уруши йилларида шу устахонада истиқомат қилганлар. Урушдан сўнг Лазгин домла Тошкент шаҳар Самарқанд дарвоза маҳалласи «Ромашка» кўчасида кичик бир ҳовлига кўчиб яшаганлар. Уларнинг ҳузурига турли институт ўқитувчилари, аспирантлар, илмий ходимлар ҳам сабоқ олгани келиб туришган». Шу кўчада мен амаким Маъмуржон Қорабоев хонадонида беш йил талабалик давримда яшаганман. Сирожиддин Алилов (Лазгин домла) 1981 йил 27 май куни Тошкентда вафот этганлар. Жанозани Шайх Юсуфхонтўра Шокиров ўқиганлар, Тошкентдаги Захариқ қабристонига дафн этилганлар. Домланинг вафотлари муносабати билан Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари қуйидаги марсияни ёзганлар: Во дариғо, кетдилар дорулбақога домламиз, Ташлабон илму адаб толиблариға домламиз. Чекдилар қанди ҳаёт даврида озору жафо, Сабр айлаб, ҳеч кима қилмай шикоят домламиз. Бу табаррук зотни қадрини билолмай қолибон, Эндиликда ёд этиб иззатга лойиқ домламиз. Дин сирожи эрди, аммо ўзини лазгин тутиб, Ҳарна билган илмини зоҳир этган домламиз. Ҳотифий қилди...
Зеҳн (ёки хотира) – инсонга Аллоҳ таолодан берилган буюк неъмат саналади. Шахснинг бирор нарсани эсда олиб қолиши, уни сақлаши ва қайта эсга тушириш қобилиятига зеҳн ёки хотира дейилади. Шаръий илмларни ўзлаштиришда зеҳннинг ўрни катта. Чунки бу соҳадаги аксар илмлар китоб таълиф этишдан кўра нақл (оғзаки) йўл билан етиб келган. Айнан шу боис бўлса керак, мутафаккир уламолар зеҳннинг ўткир ва кучли бўлишига катта эътибор берганлар. Зеҳнни кучайтирувчи воситаларга яқин бўлиб, уни сусайтирувчи омиллардан йироқ бўлишга ҳаракат қилганлар, шу билан бирга толиби илмларга ҳам буларни тавсия қилганлар. Аллоҳ таоло Шуро сурасининг 23-оятида шундай марҳамат қилади: «Ким яхшилик қилса, ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз». Шундай экан, зеҳн кучли бўлиши учун солиҳ амалларни кўпайтиришнинг аҳамияти ҳам катта. Хусусан тақвони кучайтириш – илм эшиги очилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Бақара сурасида шундай дейилган: «Ва Аллоҳдан қўрқинг, (шунда) Аллоҳ сизга ўргатади». Имом Шофеъий кучли зеҳн эгаси эдилар. Ўқиган нарсаларини бир кўришда ёд олиш қобилияти бўлган. Бир куни зеҳнларида сустлик сезиб, устозлари Ваки’ роҳматуллоҳи алайҳи ҳузурларига шикоят қилиб келадилар. Шунда устозлари Шофеъийга гуноҳ ва маъсиятлардан йироқ бўлишни буюрадилар. Чунки ҳифз Аллоҳнинг фазли бўлиб, осий Аллоҳнинг фазли билан ҳидоятлана олмайди. Шофеъий уларнинг айтганларига амал қиладилар ва қувваи ҳофизалари янада кучли бўлади. Зеҳнни кучайтириш учун қуйидагиларга амал қилиш тавсия этилади: Аллоҳ таолога ихлос ила дуо қилиш; Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловатни кўпайтириш; Қуръон қироати, айтиладики: Қуръони Каримни қараб ўқишдек ҳифзни зиёда қилувчи нарса йўқ. Қараб ўқиш афзал, негаки Шаддод ибн Ҳаким дўстларидан бирини вафотидан сўнг тушида кўрди ва унга: «Қайси нарсани ўзинг учун манфаатли эканини билдинг (вафотингдан кейин)?», деди. У: «Қуръонга назар солиб қироат қилиш», деди. Жидду-жаҳд; Давомийлик; Таомни озайтириш; Тунги намоз; Мисвокдан фойдаланиш; Асал тановул қилиш. Имом Зуҳрий айтадилар: «Асални канда қилма. Албатта у ҳифзни яхшилайди». Уни қора седана ёғи билан қўшиб ейиш овозни чиройли қилади ва балғамни кетказади. Чой ўрнига ялпиз қайнатиб, сўнг қора седана ёғидан бир неча томчи томизиб, катта қошиқда асалга қўшиб ейиш зеҳнга мусаффолик, жисмга тетиклик бағишлаб, танадаги қанд миқдорини камайтради; Шакар билан босвеллияни тановул қилиш. Босвеллия – христианларнинг диний маросимларида тутатиладиган исириқсимон ўсимлик; Ҳар куни эрталаб оч қоринга 21 дона қизил майиз тановул қилиш – бу зеҳнни кучайтириш билан бирга кўплаб касалликларга даво бўлади; Сут ичиш. Бир киши Али (розияллоҳу анҳу)нинг олдига тез унутиб қўяётганидан шикоят қилиб келганида: «Сигир сутини ичиб тур! У юракни ғайратлантириб, паришонхотирликни кетказади», деганлар. Замзам ичиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Замзам нимага ичилган бўлса, ўшангадир», деганлар; Пиширилган балиқ; Ловия. Шофеъий шундай марҳамат қилган: «Ловия мияни қувватлайди, мия эса ақлнинг бир бўлагидир»; Цирка тановул қилиш. Чунки унинг балғамга қарши кучи ва шаҳватни кесиши собит бўлган. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Цирка қандоқ ҳам яхши нонхўракдир», деганлар; Зеҳн намозини ўқиш. Жума куни кечанинг охирги учдан бир қисмида тўрт ракат намоз ўқилиб, зам сурага биринчи ракатда Ясин, иккинчи ракатда Духон, учинчи ракатда Сажда, тўртинчи ракатда Мулк сураси тиловат қилинади. Ташаҳҳуддан кейин саловатни айтиб, намоздаги ҳолатида Қуръон ёдлаш дуосини айтади: «Ё Аллоҳ тирик эканман, менга маъсиятларни доимо тарк этишим ила, ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳм қилгин. Сени рози қиладиган нарсага мени муваффақ қилгин. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй улуғлик, икром...
Хожа Аҳрор Валий (1404-1490). Маънбаларда ёзилишича, Хожа Убайдулло – Хожа Аҳрор 1404 йил март ойида (ҳижрий 906 йил рамазон) Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига қарашли Боғистон қишлоғида таваллуд топган. Хожа Убайдулло Хожа Аҳрорнинг насабномасида (шажара) у ота томонидан чоҳорёрларнинг биринчиси Абу Бакр Сиддиққа (632-634), она тарафдан чоҳорёрларнинг иккинчиси Умар ибн ал-Ҳаттобга (634-644) бориб туташади дейилган. Хожа Убайдулло Аҳрорнинг отаси Хожа Маҳмуддир, Хожа Маҳмуд Хожа Шаҳобиддиннинг ўғли бўлиб, хожа Шаҳобиддин уч ё тўрт авлод билан Хожа Номийга туташади. Ривоят қилинишича, Хожа Муҳаммад Номий асли Боғдодлик бўлиб тошкентлик аллома Ҳазрат Шайх Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффоли Шошийнинг муриди бўлган. Ҳазратнинг мулозамати туфайли Тошкентга (Шош) келиб, бу ерда турғун бўлиб қолган. Хожа Аҳрорнинг оналари Хожа Довуднинг қизи бўлиб, Хожа Довуд эса Ҳазрат Шайх Хованд Тоҳурнинг ўғилларидир. Хожа Убайдуллоҳнинг болалик ва ёшлик даври Тошкентда ўтади. У мактабда ўқиб сабоқ олган ва турли китобларни мутолаа қилган. У тошкентлик марҳум алломалардан Абу Бакр Қаффол Шоший, Шайх Ҳаванди Тоҳур ва Шайх Зайниддиннинг ҳаёти ва фаолияти билан қизиқиб, уларнинг марқадларини зиёрат қилиб турган. У туғилиб ўсиб вояга етган оила аъзолари ўз замонасининг ўқимишли, маърифатли, кишиларидан бўлган. Хожа Аҳрорнинг тоғаси Хожа Иброҳим кенг маълумотли киши бўлиб, у жияни Хожа Убайдуллонинг ҳам ўқишини давом эттиришини истарди. Ниҳоят, 1427 йили Хожа Иброҳим жияни Хожа Убайдуллони Тошкентдан Самарқандга олиб келиб, мавлоно Қутбиддин мадрасасига жойлаштиради. XV асрнинг иккинчи яримига келиб Мовароуннаҳр ва Хуросондаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётда Хожа Аҳрор юксак мавқега эга бўлади ва ниҳоятда мўътабар сиймолардан бирига айланади. Абу Тоҳир Хожа ўзининг “Самария” асарида ёзишича, Хожа Аҳрор илм аҳлини эъзозлар, анжумани ҳамиша олимлар билан тўла бўлган. Бинобарин, у илм аҳли учун Самарқандда бир мадраса қурдирди. Бу мадраса “Мадрасаи сафед (оқ)” номи билан машҳурдир. Бундан ташқари Тошкент ва Қобулда ҳам мадрасалар қурдирган. Бул зотнинг асл исмлари Убайдулло бўлиб, Аҳрор ибораси ҳур, олижаноб маъносидаги лақабдир. Мусулмон дунёси тарихида ўтган 356 нафар авлиёлардан фақат учтасигина “қутб ул-ақтоб” сифатида эътироф этилган. Мазкур уч авлиёнинг бири – Хожа Аҳрор бўлган экан. Тарихдан маълумки, Хожа Аҳрорни бир неча фахрли номлар билан аташган. Зотан, Ҳазрат Алишер Навоий бу зотни “Қутби тариқат” деб, эътироф этган бўлса, Абдураҳмон Жомий “Каъбаи мақсуд” – деб билган. Заҳриддин Муҳаммад Бобур эса, “Ҳазрат Хожа Убайдулло” – деб, ҳурмат билан тилга олган. Бундан маълум бўладики, улар ўртасида яқинлик ва ўзаро ҳамфикрлик ҳам бўлган. Хожа Аҳрор узоқ ва мазмунли умр кўради. У киши 1490 йил 20 февраль, шанба куни тонгда Самарқанднинг Камонгарон даҳасида оламдан ўтадилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ўткир СОБИРОВ 394
Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган. Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди. Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилган эди. Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади. 1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади. Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга кедди. Соҳибкирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда – Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди. Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл – майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халқаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунар-мандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди. Амир Темурнинг ҳар бир ҳарбий юришига туртки бўларлик сабаб бор эди. Бу сабаблар – ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, алдамчиларни жазолаш, бўйсунмаганларни итоат эттириш, ўзининг сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборат бўлганлигини тарихий манбалардан билиб олиш мумкин. Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришини олсак, Темур Тўхтамишхонга кўп илтифотлар, ёрдамлар кўрсатиб, 1379 йилда Урусхонни енгиб, Оқ Ўрда тахтига Тўхтамишхонни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди. У Мовароуннахрга бир неча бор талончилик ниятида бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши курашиш мажбурияти вужудга кедди ва 1395 йил 15 апрелда қундузчада Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмай, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал қилди. Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий...
Ватанимиз қадимдан олиму донишмандлар юрти бўлган. Диёримизда муқаддас динимиз исломнинг нурини таратган кўплаб мактаб ва мадрасалар фаолият юритган. Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Насаф, Фарғона ва бошқа илм марказлари чор атрофга машҳур эди. Чор Россияси босқинидан бошланган илмий таназзул 1928 йилга келиб энг мудҳиш кўринишига келди. Ўзбекистонда бирорта ҳам расмий диний таълим маскани қолмади, барчаси ёпилди. Ниҳоят 1945 йилга келиб, Бухорода “Мир Араб” мадрасаси, Тошкентда “Бароқхон”(1945 – 1961 й) очилган бўлса, 1971 йил октябрдан Тошкент ислом институти фаолиятини бошлади (олийгоҳ 1969 йили муфтий Зиёвиддин ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан ташкил этилган). Даставвал Олий диний мадраса номи билан юритилган таълим маскани, Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги шарафига Имом Бухорий номи билан аталади. Олий маъҳадда собиқ иттифоқ таркибидаги барча республикалардан келиб таълим олишган ва уларнинг аксарияти ҳозирда диний рутбаларда хизмат қилишмоқда. Ҳозирги кунда ҳам олий маъҳад республикамизда энг нуфузли таълим маскани бўлиб ҳисобланади. Бунинг асосий омили таълимнинг тўғри йўлга қўйилганлиги ва дарслар замонавий илғор методлар ёрдамида олиб борилиши, устоз мураббийларнинг жонкуярлигидир. Талабалар ичида ҳам ҳар томонлама ўрнак бўладиган етакчилари кўпчиликни ташкил этади. Биз сизни қуйида уларнинг бир нечтаси билан таништирамиз. Тоштемиров Ҳикматилла – ТИИ 4 курс талабаси, “Имом Бухорий” стипендияси совриндори. “Хожа Бухорий” номли ЎМИБЮ ва Қарши Давлат университетининг Иқтисод факультетини тугатган. 2014 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб талабаликка қабул қилинган. Қуйида сиз мазкур иқтидорли талаба билан яқиндан танишиш имконига эга бўласиз; – Ҳар бир шахснинг камол топишида унинг ортида оиласи туриши айни ҳақиқат. Оилангиз ҳақида гапириб берсангиз? – Оиламиз катта. Дадам ирригация инженери, онам тиббиёт ҳамшираси, ҳозир иккилари ҳам нафақада. Умрларини ҳалол-пок меҳнат билан ўтказганлар. Улар менинг давлатим, фахрим. Опам педагог, акам хусусий секторда ишлайди. Укам эса педагог- психолог. Ота-онамиз барака топишсин тўртала фарзандини ҳам олий маълумотли, уйли жойли қилишган. Ҳаммалари жамият учун фойдали, инсонларга севимли бўлиб камол топганлар. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари менга доим далда бўлиб келган. – Ёшлик даврининг инсон ҳаёти давомида муҳим ўрни бор. Ёшлигингиз қандай ўтган? – Ёшлигим Қашқадарё вилояти Қарши туманида ўтган, деярли бошқаларникидан фарқ қилмайди. 6 ёшимда мактабга бордим. 9 – синфгача қишлоғимизда, кейин уч йил Қарши шаҳридаги математика ва физикага ихтисослашган 28 – ўрта мактабда ўқидим. Фақат бир нарсани алоҳида айтишим керак, синфдошларим илм фанга ва спортга қизиққан болалар эди. Ҳатто уларнинг аксарияти ўз билим ва савиялари билан олий таълим даргоҳларига кириб, етук мутахассис бўлдилар. Бундай муҳитда таълим олиш мен учун Аллоҳ таолонинг инояти бўлган деб биламан. Улар сабаб илм-фанга, спортга қизиқдим, соғлом ҳаёт тарзига одатландим. Яна бир эътиборли ҳолат, мактабда битирувчи синфда ўқиб юрган кезларим Имом Бухорийнинг ўзбек тилига таржима қилинган “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” қўлимга тушиб қолди. Ёшлигимданоқ китоб ўқишни яхши кўрардим, бу китоб менда катта қизиқиш ўйғотди. Қайта-қайта ўқир эдим. Ҳалигача диний билимларни ўрганишга бўлган қизиқиш ўшанда пайдо бўлган бўлса керак деб, ўйлайман. Мактабни битиргач Қарши Давлат университетининг Иқтисод факультетига ўқишга кирдим ва 1999 йилда битирдим. Университетда ўқиб юрган пайтларимиз мамлакатимиз диний ҳаётида турли ихтилофлар, бошбодоқлик ва билимсизлик авж олган пайтлар эди. Ўзи олимлар кам, борига ҳам қулоқ осишни истайдиганлар оз эди. Ҳар ким ўзи билганича “сайрарди”. Булоқнинг сувини лойқалатишган эди. Айнан мана шу нарса мени Исломнинг зилол сувларидан, асл...