islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Динимиз аҳкомлари

Бўлимлар

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (учинчи мақола)

Демак, ушбу қарашларни айтган уламоларнинг наздларида барча нарсалар ўзларининг тилларида сўз билан тасбеҳ айтиб турадилар. 2. Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалардан чиқадиган овозлар уларни биладиганлар учун ҳақиқатан тасбеҳдир. Уларнинг бу тасбеҳларини фақат пайғамбарларгина биладилар. Ақлсиз мавжудотларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади, деган уламолар ўзларининг қарашларини қуйидагича тушунтирганлар: “Осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтадилар. Яъни, мўмин инсонлар “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” дейдилар. Аммо ақлсиз ҳайвонлар ва жонсиз нарсалар сўз билан тасбеҳ айтмайдилар. Балки уларнинг борликлари ва ақллар ҳайратда қоладиган даражадаги хусусиятлари Буюк Яратувчининг ягоналигига ва мислсиз улуғлигига гувоҳлик беради. Ана шу далолат уларнинг тасбеҳлари ҳисобланди. Зеро ҳикматли сўзда: لِسَانُ الْحَال أَفْسَحُ مِنْ لِسَانِ الْقَال “Ҳол тили (ҳолат далолати) қол тилидан (тил билан айтишдан) кўпроқ маъно англатади”, дейилган. Мазкур мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари икки хил тафсир қилингани сабабли оят давомида келган “Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” деган сўзнинг маъноси ҳам табиий равишда икки хил тафсир қилинган: 1. Уларнинг тилларини тушунмаганларингиз сабабли айтаётган тасбеҳларини англамайсизлар, ёки уларнинг айтаётган тасбеҳларини идрок қилиш сизларга оғир бўлгани сабабли англамайсизлар; 2. “Яхшиликка далолат қилувчи уни адо этувчи каби бўлади”, дейилгани сингари уларга ақл юритиб назар солувчиларнинг ҳайратдан тасбеҳ айтиб юборишларига сабаб бўлганларининг ўзи уларнинг тасбеҳларидир. Шунинг учун сизлар уларнинг тасбеҳларини эмас, уларни кўриб тасбеҳ айтаётганларнинг сўзларини англайсизлар. Барча махлуқотларни Ўзига тасбеҳ айттириб қўйган Зотга ҳамду санолар, тасбеҳ айтувчиларнинг улуғи бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 759

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (иккинчи мақола)

Мазкур нарсалар ичидан наботот ва ҳайвонот каби ақлсиз мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари қандай бўлишини уламолар икки хил тафсир қилганлар: 1. Сўз билан тасбеҳ айтадилар. Яъни барча махлуқотлар ўзларининг тилларида Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб турадилар. Уларнинг тасбеҳларидан хос бандалар хабардор бўлишлари мумкин. Бу қараш аксар уламоларнинг қавли ҳисобланади; 2. Уларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Яъни, ақлсиз мавжудотларнинг ақллар ҳайратда қоладиган таркибий тузилишлари-ю ташқи кўринишлари уларни шундай яратган Зотнинг барча нуқсонлардан холи эканига далолат қилиб туради. Уларнинг ана шу далолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Ақлсиз мавжудотлар ҳам сўз билан тасбеҳ айтадилар, деган уламолар уларнинг тасбеҳ айтишларини икки хил маънода тушунтирганлар: 1. Аллоҳ таоло осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсаларда тасбеҳ бўлиб зикр қилинадиган нарсани яратган. Аммо биз ҳам, уларнинг ўзлари ҳам тасбеҳ айтаётганларини англамайдилар. Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтми ёки ундан бошқасими барча руҳи бор нарсалар тасбеҳ айтиб туради”, деган. Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтлар ва униб чиққан барча нарсалар тасбеҳ айтадилар. Улардан кесиб ташлангани эса тасбеҳ айтмайдиган ўликка айланади”, деган. Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан: “Мана бу хонтахта ҳам тасбеҳ айтадими?” – деб сўрашганида: “Дарахтида турган пайтида тасбеҳ айтган, ҳозир эса айтмайди”, деб жавоб берган. Баъзи уламолар: “Ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, асл ҳолатидан ўзгартирилса тасбеҳ айтишдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари дарахтда ўсиб турганда тасбеҳ айтади, кесиб олиниб бирор буюм ясалгач, тасбеҳ айтишдан тўхтайди”, дейишган. Баъзи уламолар: “Дарахт новдаси синдириб олинганда ҳам то қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туради”, дейишган. Бу сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахт новдасини бўлиб икки қабрга қадаб қўйганларини далил қилишган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 978

ОСМОНЛАРУ ЕРДАГИ НАРСАЛАР ҚАНДАЙ ТАСБЕҲ АЙТАДИЛАР? (биринчи мақола)

“Тасбеҳ” луғатда “улуғлаш” маъносини англатади. Истилоҳда эса “Аллоҳ таолони барча нуқсонлардан холи деб эътироф этиш” маъносига тўғри келади. Тасбеҳ айтиш фақатгина инсонларга хос эмаслиги, балки инсонлар яратилмаган вақтда ҳам атроф-оламдаги барча нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтиб турганлари Қуръони каримда шундай баён қилинган: “Осмонлардаги ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди” (Ҳадид сураси, 1-оят). Уламолар: “Ушбу оятда “Аллоҳга тасбеҳ айтди”, дея ўтган замон шаклида хабар берилиши инсонлардан олдин яратилган осмонлар, Ер ва улардаги барча нарсалар тасбеҳ айтиб туришганига далолат қилади”, – деганлар. Бошқа бир оятда эса осмонлардаги ва Ердаги нарсаларнинг Аллоҳга тасбеҳ айтишлари ўтган замонга хос эмаслиги, балки доимо тўхтовсиз бардавом бўлиб туриши бундай баён қилинган: “Унга етти осмону ер ва ундаги кимсалар тасбеҳ айтадилар. Унинг ҳамди билан тасбеҳ айтмаган бирор нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳларини англамайсизлар” (Исро сураси, 44-оят). Ушбу оятда “тасбеҳ айтадилар”, дея ҳозирги ва келаси замон шаклида хабар берилиши осмонлару ердаги фаришталар, инсонлар, ҳайвонлар, набототлар барча-барчаси Аллоҳ таолога доимо тўхтовсиз тасбеҳ айтиб туришларига далолат қилади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 755

АЛЛОҲНИНГ ИРОДАСИ (учинчи мақола)

Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”. Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?” Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”. Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Аллоҳ таолога қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Аллоҳ таолонинг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Аллоҳ таолонинг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғиликларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлади ва: “Аллоҳим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Аллоҳ таолонинг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан ҳамд айтиб туради: – Аллоҳим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан. Агар бу амалларим учун мукофот берсанг, фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир… Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 834

АЛЛОҲНИНГ ИРОДАСИ (иккинчи мақола)

Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади? Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан. У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 749
1 45 46 47 48