Савол: “Ёмон ишлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига кўра вужудга келса, Аллоҳ таоло ёмон иш содир этган бўлиб қолмайдими?”. Жавоб: “Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган амалларнинг ёмон деб номланиши, Аллоҳ таолонинг иродасига кўра содир бўлишига нисбатан эмас, балки бандаларнинг ўша ишга ҳаракат қилгани ҳамда уларга зарарли бўлишига нисбатандир. Чунки амаллар Аллоҳ таолонинг иродасига тааллуқли бўлиши жиҳатидан ёмон иш ҳисобланмайди”. Савол: “Пайғамбарлар бандаларнинг иймонга келишларини хоҳлаган, шайтон эса бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаган. Шу маънода Аллоҳ таолонинг кофирларнинг иймонга келмасликларини ирода қилиши шайтоннинг хоҳишига мувофиқ бўлиб қолмайдими?” Жавоб: “Шайтоннинг бандаларнинг иймонга келмасликларини хоҳлаши ҳам, пайғамбарларнинг бандаларнинг иймонли бўлишини хоҳлашлари ҳам Аллоҳ таолонинг иродасидир. Шунга кўра, барча Аллоҳ ирода қилган нарсани хоҳлаган ҳисобланади”. Хулоса шуки, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлиш туфайли бандада доимо хурсандчилик пайтида ҳам, мусибат етганда ҳам барча ҳолатларда Аллоҳ таолога қуллик қилиш лаззатини татиш ва имкон қадар ибодатга уриниш юзага келади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши содир этган гуноҳ ва маъсиятларини Аллоҳ таолонинг иродасига тўнкаб ўзини оқлашга ўтмайди, балки тавбага шошилади. Чунки у Аллоҳ таолонинг ўзига нимани ирода қилганидан хабардор бўлиб, кейин мазкур “қилғиликларини” амалга оширишга “мажбур” бўлиб қолмаганини жуда яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши муваффақиятларга эришганида ҳовлиқиб ўзига бино қўймайди, балки ато этилган неъматларнинг шукронасини адо этишга шошилади. Чунки у бу неъматларга аслида ўзи ҳақдор бўлгани учун эмас, Аллоҳ таоло ирода қилгани учун эришганини яхши билиб туради. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор мусибатга дучор бўлса, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлади ва: “Аллоҳим бу сенинг иродангдир, бундан кўра каттароқ мусибатлардан сақлаганинг учун Ўзингга ҳамдлар бўлсин, биз Сеникимиз ва Сенинг ҳузуринга қайтамиз”, дея дуо қилишга ўтади. Ҳа, Аллоҳнинг иродаси ҳақида тўғри эътиқодда бўлган киши бирор ибодатни адо этар экан, бу иши Аллоҳ таолонинг иродасига кўра амалга ошганини ҳис этиб хурсанд бўлади ва ҳар бир амалида қалбан ҳамд айтиб туради: – Аллоҳим, мўминлигим Сенинг иродангдир, иймон муҳаббатини қалбимга солган ҳам, мени куфрдан узоқ қилган ҳам, мўминлик бахтига сазовор қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, ўқиган намозим Сенинг иродангдир, намозни менга маҳбуб қилган ҳам, намоз ўқиш бахтига муяссар қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, тутган рўзам Сенинг иродангдир, рўзанинг машаққатига муҳаббатли қилган ҳам, нафсим устидан мени ғолиб қилган ҳам, рўза тутиш бахтига мушарраф қилган ҳам Ўзингсан; – Аллоҳим, адо этган барча-барча амалларим Сенинг иродангдир, шунинг учун қилган бирор амалим эвазига ажру мукофот олишни ўзимнинг ҳаққим деб билмайман, балки бу амалларни адо этишимни ирода қилганинг учун Сенга ҳамду санолар айтишни зиммамдаги бурчим деб биламан. Агар бу амалларим учун мукофот берсанг, фақат ва фақат лутфу марҳаматингдир… Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 335
Савол: Нима учун куфр ва маъсият сингари Аллоҳ таоло рози бўлмайдиган гуноҳлар ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган дейилади? Жавоб: Чунки “ирода” сифати рози бўлинган нарсани ҳам, рози бўлинмаган нарсани ҳам ўз ичига олади. Чунки бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг мулки, Унинг мулкида фақат У зот хоҳлаган нарсаларгина вужудга келади. Шунинг учун яхшими, ёмонми бирор нарса У зотнинг иродасисиз вужудга келмайди. Бу масаланинг хулосаси мўътазилий фирқаси етакчиси ва Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми орасида бўлиб ўтган баҳсда яққол намоён бўлган: Мўътазилийларнинг етакчиларидан бири бўлмиш қози Абдулжаббор Ҳамадоний вазир Соҳиб ибн Ибоднинг ҳузурига кирибди. Унинг ҳузурида Аҳли Сунна вал-Жамоа имомларидан бири бўлган Абу Исҳоқ Исфароиний ўтирган экан. У Исфароинийни кўриши билан: “Ўзи рози бўлмайдиган ишлардан пок бўлган Зотга тасбеҳ айтаман”, – деди. Исфароиний буни эшитибоқ орқасидан: “Ўзининг мулкида фақат Ўзи хоҳлаган нарсагина амалга ошадиган Зотга тасбиҳ айтаман”, – деб жавоб берди. Мўътазилий етакчиси: “Нима Аллоҳ таоло Ўзига исён қилинишини хоҳлайдими, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Бўлмаса Аллоҳ таолога мажбурлаб исён қилинадими?”, – деди. Мўътазилий етакчиси: “Нима деб ҳисоблайсиз, Аллоҳ таоло мени ҳидоятдан тўсиб, залолатга кетишимни ирода қилган бўлса, менга яхшилик қилган бўладими ёки ёмонлик қилган бўладими”, – деди. Аҳли Сунна вал-Жамоа имоми: “Агар сизни ўз-ўзингизники бўлган нарсадан тўсган бўлса, ҳақиқатан сизга ёмонлик қилибди, аммо Ўзиники бўлган нарсадан сизни тўсган бўлса, Ўзининг нарсасини кимга хоҳласа ўшанга беради-да”, деди. Мўътазилий етакчиси каловланиб қолди. Чунки бу ҳеч қандай эътирозга ўрин қолдирмайдиган даражада нишонга аниқ урилган гап эди. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 311
Аллоҳнинг иродаси. Бу гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга кўра, дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз: Савол: Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми? Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра, бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади. Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш, аслида, итоат қилиш бўлиб қолади-ку”. Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 349
Иймон луғатда “рост деб билиш” ва “омонлик бериш” маъноларини англатади. Мотуридия мазҳабида “рост деб билиш” маъноси мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни рост деб билиш ва уни тил билан ифодалаш иймон деб аталади”. Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида эса иймон зиёда ва кам бўлиши мумкин ҳисобланади. Аслида, ушбу фарқ икки мазҳаб ўртасидаги “амаллар иймоннинг бир қисми ҳисобланадими ёки йўқми” борасидаги баҳслардан келиб чиққан масаладир. Ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари ўзларининг мазкур қарашларига ақлий ва нақлий далиллар келтиришган. Ақлий далиллари: иймон ҳақиқати зиёда ва кам бўлмайди, дейиш оддий авомнинг, балки фосиқ кимсанинг иймонини пайғамбарлар ва валийларнинг иймони билан тенг дейиш бўлиб қолади. Буларнинг иймонлари тенг эмас дейиш эса иймоннинг зиёда ва кам бўлишини тақозо қилади. Нақлий далиллари: кўплаб оятларда иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган маънолар очиқ-ойдин баён қилинган. “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир” (Анфол сураси, 2-оят). Шу каби далилларга кўра, ашъария мазҳабининг жумҳур уламолари наздида иймон зиёда ва кам бўлиши мумкин ҳисобланади. Мотуридия мазҳаби уламолари: “Иймон зиёда ва кам бўлмайди” – деганлар ва ўзларининг бу қарашларига кўплаб ақлий ва нақлий далиллар келтиришган. Ақлий далиллари: иймон деганда тўлиқ 100% бўлган ишонч тушунилади. Агар ишонч 100% га етмаган бўлса “зон” (катта эҳтимол) даражасидаги ишонч бўлиб қолади. Бундай ишонч эса иймон ҳисобланмайди. Ана шу эътибордан иймон (яъни 100% ишонч) ўзи тўлиқ бўлгани учун бошқа зиёдаликни қабул қилмайди. Бу даражадан кам бўлса иймон бўлмай қолиши эътиборидан камайиши ҳам мумкин эмас, деб эътиқод қилинади. Нақлий далилларга жавоблари: “Иймонларини зиёда қилувчи” маъносидаги оятлар мўмин кишининг Қуръон оятлари тиловат қилинган пайтда иймон нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боришини англатади. Яъни мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар. Масалан, мевали дарахтлар бир-биридан кўп ё кам мева беришда фарқли бўлади, аммо мевали дарахт деган ном уларнинг барчасига тенг ишлатилади. Зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар: 1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилиб зиёда бўлган. Шунга кўра, олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади; 2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни, иймоннинг ўзи эмас иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб боради; 3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб боради. Шунга кўра мотуридия мазҳабига кўра иймоннинг асли эмас, балки унинг нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боради деб тушунилади. Яъни, мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 1 298
Ҳар бир балоғатга етган ақли расо мусулмон учун дастлаб соғлом ақидани ўрганиши фарз бўлади. Шунингдек, Исломни қабул қилган кишига ҳам амалий ҳукмларни ўргатишдан олдин соғлом ақида ҳукмлари ўргатилади. Бунга Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадис далилдир. Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида бундай деганлар: إِنَّكَ تَقْدَمُ عَلَى قَوْمٍ أَهْلِ كِتَابٍ فَلْيَكُنْ أَوَّل مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ عِبَادَة اللَّهِ عَزَّ وَجَلَّ فَإِذَا عَرَفُوا اللَّهَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللَّهَ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِى يَوْمِهِمْ وَلَيْلَتِهِمْ “Сиз аҳли китоб бўлган қавмга боряпсиз, уларни аввал чақирадиган нарсангиз Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилиш бўлсин. Қачон Аллоҳни танисалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилганини хабар беринг”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида мусулмон киши энг аввал тўғри ақидани ўрганиши лозимлигини хабар берганлар. Соғлом ақида Ислом динининг асоси бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларидан сўнг деярли ўн уч йил давомида у зотга, асосан, ақидага тааллуқли ҳукмлар ваҳий қилинган. Уламолар “Соғлом ақидани қисқача қилиб Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳдан эканига ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон келтиришдир”, деб тушуниш мумкин, деганлар. Мазкур нарсаларга қатъий равишда ишониш соғлом ақиданинг асослари бўлиб, иймон келтириш лозим бўлган барча нарсалар мазкур асослардан келиб чиқади. Баён қилинган ушбу ақида турли замонлар ва маконлар туфайли ўзгармаган, юборилган барча пайғамбарларда фарқланмаган ягона қатъий эътиқоддир. Соғлом ақиданинг аввали Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига ва комил сифатлар билан сифатланганига иймон келтириш ҳисобланади. Мусулмон киши номусулмон кишидан “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқлигига гувоҳлик бераман) деб шаҳодат калималарини айтиши ва уларнинг тақозосига кўра ҳаёт кечириши билан ажралиб туради. Ушбу гувоҳлик бериш мусулмонликнинг асоси ҳисобланиб, мусулмон кишининг ҳамма қарашлари мазкур асос устига қурилади. Шунга кўра, соғлом ақида мўминнинг ҳаётида мислсиз аҳамиятга эгадир: – соғлом ақида мўмин банда ва Аллоҳ таоло ўртасидаги алоқанинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунтириб беради. Уламолар соғлом ақидали мусулмоннинг тасарруфи қандай бўлишига қуйидагича мисол келтирганлар. “Бир кишига дўсти маълум миқдорда маблағ бериб уни қаерларга сарфлашини тайинласа, дўсти мазкур жойларга ортиқча қийналмасдан, ичи ачишмасдан сарфлайди. Чунки унда қўлидаги маблағ тўғрисида “бу маблағ менинг шахсий молим эмас, менинг қўлимда турган омонатдир, мен уни фақатгина эгаси тайинлаган жойларга сарфловчиман холос” деган соғлом ақидаси бўлади. Шу маънода соғлом ақидали мўмин киши ўзидаги барча нарсаларни Аллоҳ таолонинг унга берган омонати деб билади. Молидан закот ё ушр ёки етим-есирларга бирор эҳсон қилар экан, ўз ёнидан бераётгандек оғриниб эмас, балки зиммасидаги омонатини адо этаётганидан хурсанд бўлиб сарфлайди. Бу эса ундаги соғлом ақиданинг самараси ҳисобланади; – соғлом ақида қилинган ибдатларнинг қабул бўлишига сабаб бўлади. Чунки соғлом ақидасиз қилинган амаллар қабул бўлмайди; – дунёда саодатли ҳаёт кечириш соғлом ақидага боғлиқ; – соғлом ақида кишини нафси талпинаётган ҳаром ишлардан тўсиб туради; – соғлом ақида кишини доимо Аллоҳ таолога ибодат қилишга чорлаб туради. Чунки эътиқодий ҳукмлар ва амалий ҳукмлар пойдевор ва унинг устига қурилган бинодек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам эътиқодий ҳукмларга қалб боғланмасдан туриб амалий ҳукмларни ҳаётга тўғри татбиқ этиб бўлмайди. – охиратда нажот топиш соғлом ақидага боғлиқ. Демак, дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга киришни хоҳлаган инсон, албатта, соғлом ақидани ўрганиши ва унинг тақозосига...