Аллоҳнинг иродаси. Бу гапнинг маъносига эътиқод қилиш ва унинг тақозосига кўра ҳаёт кечириш мусулмончиликнинг заруриятларидан ҳисобланади. Шунга кўра, дунё ва охиратдаги биз учун фойдали ёки зарарли барча-барча нарсалар Аллоҳ таолонинг иродаси билан юзага келган деб эътиқод қиламиз. Аллоҳнинг иродаси ҳақидаги ушбу эътиқодни тўғри тушуниш кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода уламоларнинг ушбу эътиқодимизга тааллуқли саволларга берган жавобларининг хулосалари билан танишиб чиқамиз: Савол: Банданинг гуноҳ содир этишини Аллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бўлса, кейин уни ўша гуноҳни қилгани учун жазолаши зулм эмасми? Жавоб: Аллоҳ таоло банданинг гуноҳ қилишини ирода қилиб, сўнг уни ўша қилган гуноҳи учун жазолаши зулм бўлмайди. Чунки зулм ман этилган ишни қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолонинг ишларида эса ман этилган иш бўлмаслиги сабабли бу иш зулм ҳисобланмайди. Қолаверса, банда Аллоҳ таолонинг унга нимани ирода қилганини билиб, кейин ўша ишни қилмайди. Балки шариат талаб қилган ишларни бажаришга ва ман этган ишлардан сақланишга буюрилганини билади. Шунга кўра, бандага бериладиган жазо Аллоҳнинг иродасини амалга оширгани учун эмас, балки талаб қилинган ишларни бажармагани ва ман этилган ишни содир этгани учун берилган бўлади. Савол: Аллоҳ таоло иродасига кўра банданинг гуноҳ содир этиши аслида итоат қилиш ҳисобланмайдими? Чунки ирода қилинган нарсани бажариш, аслида, итоат қилиш бўлиб қолади-ку”. Жавоб: Агар Аллоҳ таоло бандага гуноҳ иш қилишни ман қилмаганида банданинг гуноҳ ишни содир этиши итоат қилиш бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло эса бандани гуноҳ ишлардан ман қилган. Шунинг учун банданинг гуноҳ ишни қилиши ман қилинган ишни содир этиш саналади. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 349
«Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам “юқори” нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди» (Бақара сураси, 26 оят) Миттигина, кўзга кўринмас махлуқнинг бутун оламни қамраб олиб, ҳаммани уйда қолишга мажбур этиши… Дунё аталмиш катта карвонни тўхтатиб қўйиши… Бутун бошли мегаполис шаҳарлар, катта-катта майдонларнинг бўшаб қолиши… Бундай ҳолатни биз-ку: эллик ёшнинг нари-берисидаги кишилар, ҳатто юз билан юзлашган боболаримиз ҳам, момоларимиз ҳам эслай олишмайди. Ҳақиқий мўмин ҳар қандай вазиятдан унумли фойдаланишни билиши керак. Ҳар қандай инқироз, ҳар бир фалокат Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан содир бўлишини чуқур англаб етмоғимиз лозим. Бежиз “Ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдандир” деган ақида имон рукнига киритилган эмас. Шарҳ сурасининг 6-оятида: «Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бордир», дейилади. Бу тин олиш натижасида Ер курраси ҳавоси анча тозаланди. Ер шари бирров “нафас олди”. Денгизлар нисбатан тозаланди. Вирус орқали Аллоҳ таоло инсониятга “Тўхта!” деб амр қилди. Ваҳоланки, кунига 16–20 соатлаб елиб-югураётганлар қанча эди орамизда. Бу тўхташ, тин олиш бани башарни бир муддат ўйлашга, фикрлашга мажбур қилди. Кўз олдига ўлимни келтириб кўришига фурсат ҳозирлади. Пул билан сотиб олиб бўлмайдиган нарсалар ҳам борлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Ҳолбуки, умримизни, вақтимизни пулдан кўра пастроқ санаб сарфлаётганимизнинг фарқига бордик. Коронавирус сабаб кўпчилигимиз моддий-молиявий манфаатлар кўзимизни кўр қилиб қўйган бир даврда оиламиз борлиги ва улар билан биргаликда вақт ўтказишимиз муҳим аҳамиятга эга эканлигини очиқ-ойдин тушуниб етдик. Аҳли оиламиз ва фарзандларимиздан масъул эканимизни, уларнинг тарбияси қанчалик муҳим, бу тарбияда ота-онанинг ўрни беқиёслигини англадик. Ошна-оғайни, дўсту ёронлар билан йиғилиб, гап-гаштак, чойхонаю сўрилар… Ҳаммаси бўм-бўш ҳозир. Одамлар бир-бирини бағрига босиш у ёқда турсин, ҳатто қўл бериб сўрашолмай қолди. Икки метр масофада туриб, ниқоб остидан гаплашмоқда. Пулимиз бўлса ҳам баъзи хоҳишларимизга эришолмай қолдик. Еган-ичганларимизга ҳаром, шубҳа аралашганми-йўқми деб ўйламайдиганларимиз ҳам, ҳар луқмамизни алоҳида назорат қила бошладик. Демак, нима содир бўлса бўлсин, бизнинг вазифамиз ҳеч тараддудга, ҳеч ваҳимага тушмасдан ўз вазифамизни адо қилиш экан. Чунки имонимиз комилки, содир бўладиган ҳар бир жараён Аллоҳнинг изни биландир. Зеро, Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат бошланса ҳам қўлингдаги ниҳолни экиб қўйгин!” деганлар. Бу бир фурсат, бу бир имконият. Маънавий камчиликларимизни тўғрилаш имконияти, амалларимизни сарҳисоб қилиш фурсати. Амал дафтаримизни қўлимиздан олинишидан олдин, Аллоҳга етказилишидан аввал тафтиш қилиб олиш имтиёзидир бу… Маънавий, руҳий, онг ва шуурда, ақлий уйғониш даври бу. Мана, қанақа баҳоласак бўлади вазиятни! Қанчалаб инсонлар пешонасини саждага қўйишга фурсат тополмаётган эди. Битта сура ёдлаш учун вақт йўқ эди. Қазо намозларини ўқишга, таҳажжудга, зикр қилишга-чи?! Мана бизга имконият, мана вақт. Дунёвий илмларнинг аҳамияти ҳам ҳеч булардан кам эмас, албатта. Бугун мактабда ўқимаган, дарсда эътибор бермаган илмларимизни уйда фарзандларимиз билан ўқиб, ўрганишга мажбур бўляпмиз. Ҳурмат-эҳтиромини вақтида жойига қўймаган устоз-мураббийларнинг ҳолига ўзимиз тушдик. Буларни бажаришимиз учун Раббимиз бизни бир муддат ташқи дунёдан узиб, иҳоталаб қўйди. Масжидларимизнинг ёпилишига ўзимиз сабабчимиз. Аллоҳнинг уйига бориб ҳам ўнгланмадик. Ҳазрат Али розиаллоҳу анҳудан сўрашди: “Бошимизга келаётган балолар имтиҳонми ёки жазоми?” У Зот жавоб бердилар: “Агар бу бало сизни Аллоҳга яқинлаштирса, имтиҳондир! Агар Аллоҳдан узоқлаштирса, жазодир!”. Динимизда мусибатнинг зоҳирий ва ҳақиқий сабаблари бор. Бугунги кунда зоҳирий сабаби коронавирус. У ҳолда ҳақиқий сабаби нима? Тақдири илоҳий не боис бизга бундай ҳукм қилди? Қиссадан ҳисса: узоқ тарихда Фиръавнга битта ҳашарот билан ҳадди билдирилган....
Табиатнинг мўъжизавий ва фуснкор фасли бўлмиш гўзал баҳор мусаффо ҳаво билан тўйинди. Аммо бу галги навбаҳор нафақат она табиат уйғониши билан, балки бутун инсоният тафаккури, ҳаёт тарзи кўз ўнгимизда янгиланиши билан ҳам тарихий тарзда кечмоқда. Коронавирус кириб келиши муносабати билан юртимизнинг кескин ва таъсирчан чоралар кўрилди, барча ҳудудларида кечаю кундуз дезинфекция ишлари олиб борилмоқда, автомобиллар ҳаракати тўхтатилди, касаллик юқишининг бош омили бўлган инсонлар ўртасидаги бевосита мулоқотлар чекланмоқда. Албатта, кўпчиликка бундай тақиқ ва чекловлар манзур бўлмаслиги аниқ. Лекин бу биринчи навбатда уларнинг, оила аъзоларининг, атрофдагиларнинг сиҳат-саломатлиги ва хавфсизлиги учун эканлигини чуқур англаб етмоқлари даркор. Ҳар ёмонда бир яхши, деганларидек, карантин вақтида сайёрамиз иқлими ва табиатида мисли кўрилмаган ўзгаришлар ҳам кузатилаётгани эътиборга молик. АҚШнинг NASA агентлиги тарқатган хабарларга кўра, давлатлараро ва мамлакатлар ичида ҳаво ва ер транспорти алоқалари, автомобил ва темир йўл қатнови кескин камайиши оқибатида, атмосферага чиқарилаётган ис газлари миқдори сезиларли даражада камайган. Натижада атмосферанинг кейинги 30-40 йил ичида «яраланган» озон қатлами тикланаётгани кузатилмоқда. Қуёшдан Ер сайёрасигача авваллари етиб кела олмаётган шифобахш, микроб ва вирусларни йўқ қилиб юборадиган ултрабинафша нурлар яна Ер сиртига қадар етиб кела бошлади. Айрим экспертлар бу жараённи ижобий баҳолаб, яқин бир ой ичида барча хавфли микроблар ва вируслар ҳалок бўлишига умид боғлашаяпти. Олимларнинг мазкур кузатувлари хулосалари нечоғлиқ тўғрилигини, албатта, вақт кўрсатади. Аммо шу кунларда биргина пойтахтимиз мисолида оладиган бўлсак, кўчалар полиэтилен идишларию, турли кўринишдаги чиқиндилардан, автомобилларнинг адоқсиз шовқинларию ёнилғи ёқишларидан чиқадиган зарарли моддалардан, одамларнинг талотўпларидан, кечаси билан ўйин-кулгу тинмайдиган, эҳтиросу тийиқсизликларни тарғиб этадиган тунги клублар карахтлигидан дам олгандай гўё. Башарият ўзи туганмас ҳою ҳаваси, кундалик эҳтиёжлари, нафси билан коинотнинг номаълум манзиллари сари ўз бағрига солиб бизни олиб кетаётган Она сайёрамизни қайсар ва қулоқсиз бола каби қийнаб қўйган эканмиз. Ернинг танасига игнадай санчиб, унинг қаъридаги қанчадан-қанча табиий ресурсларни ва қимматбаҳо бойликларни очил дастурхон билиб, пала-партиш фойландик, лекин эвазига бўш турган жойда биргина дарахт экишни ҳам хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Қудратли атом қуролларию баллистик ракеталарни бизни кўтариб турган беминнат замин устию остида портлатиб, кучимизга маҳлиё бўлиб қувондик. Тириклик бахт этиб турган ўрмонларни кесдик-ёқдик, миллионлаб йиллар ёнимизда табиий ҳамроҳ бўлиб келган ҳайвонотни ўлдириб лаззат топдик, денгизу уммонлар тубидаги жамики жонзотни еб юбормакка тутиндик. Бир гуруҳ кўзи тўймас, бойлигу ҳашамларга ўч «аристократлар» бутун башариятни қашшоқлаштириш ҳисобидан давлатининг чегаларини йўқотиб қўя бошлади. Шу маънодаки, карантин қандайдир чегара-тўсиқ эмас. Уйдан кўчага чиқа олмай, чуқур мулоҳаза қилишга тўғри келиб қолганида, бу қилмишларимиз оқибатларини қайта идроклай бошладикми?! Коронавирус шунчаки дард эмас. Инсониятнинг ички руҳий мувозанати, хотиржамлик посангиси тенглашмагунча йўқолиб кетмайдиган дардга ўхшайди. Ҳаёт тарзимиз йўсинини ўзгартириш даври келди. Шукрки, синовли ушбу кунларда унутилаёзган ўзаро меҳр-муҳаббат, хайру саховат каби муқаддас туйғулар қайта тикланаёнганига гувоҳ бўляпмиз. Пок иймонли ва чинакам ватанпарвар юртдошларимиз бугунги кунда боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож якка-ёлғизлар, бева-бечораларга, саломатлигини тиклашга қурби келаётган ночор оилаларга, чет давлатларда қолиб кетган ишсиз ҳамюртларимизга, хайру эҳсон қилишаётгани ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Сўнгги йилларда анчайин қадрсизланган ва мўрт бўлиб қолган оилавий ришталар — эр-хотиннинг ўзаро меҳр-муҳаббати, ота-онага эҳтиром, фарзандларга эътибор каби улуғ фазилатлар мустаҳкамлана бошлади. Уларнинг барчаси бу кунларни тўкин дастурхон атрофида жамулжам ва болажонлар китоблар билан дўсту ошно тутинишмоқда. Тожли вируснинг ҳар қандай ҳужуми тафаккури кенг, ўзлигини англаган элларнинг...