Бир одам донишманднинг ҳузурига келиб: – Сиз мудом яхши кайфиятда юрасиз ва ҳеч қачон жаҳлингиз чиқмайди. Менга ҳам ўзингиз каби инсон бўлишимга ёрдам беринг, – дебди. Донишманд бироз ўйланиб унга картошка ва қоп олиб келишини буюрибди. У қопни олиб келгач: – Мабодо бирор кимса сени хафа қилгудек бўлса, ундан ғазаблансанг, ўша одамнинг исмини картошкага ўйиб ёзда, ўша картошкани қопингга солиб қўй”, – дебди. – Бор йўғи шуми? – ажабланибди у. – Йўқ, бу ҳали ҳаммаси эмас, ўша одамларнинг исми битилган картошкалар солинган қопни ўзинг билан бирга олиб юришинг керак! Маслаҳат сўровчи донишманднинг ҳузуридан кетаркан ўзидаги иллатдан қутилиш учун унинг айтганларини сўзсиз бажаришга жазм қилди. Шундан сўнг орадан бир оз вақт ўтди. Кунлар ўтган сари унинг қопи картошкалар билан тўлиб оғирлашиб қолди. Қопни доим ўзи билан олиб юриш ниҳоятда ноқулайлик туғдириб, ўйиб исмлар ёзилгани сабабли картошкалар ачий бошлади. Ана шундан сўнг бадбўй ҳид анқиётган картошкалардан фориғ бўлишнинг чорасини излаб яна донишманднинг ҳузурига бориб: – Бу картошкалардан қандай қутулишни билолмаяпман. Биринчидан қоп жуда оғир, иккинчидан, картошкалар ачий бошлади. Бошқа бирон нарса таклиф қилинг? – дебди. Бироқ донишманд унинг гапига унамабди, – Кўрдингми, инсонларнинг қалбида ҳам худди шу ҳолат вужудга келади, аммо биз буни илғамаймиз. Ишларимиз кўникишларга, кўникишлар феъл-атворга, феъл-атворимиз эса қабиҳ одатларни ўзлаштирувчи инсон бўлишимизга сабабчи бўлади. Мен сенга шу ҳодисани ўз кўзинг билан кўришинг учун замин ҳозирладим. Аразлаш ёки бировни хафа қилишдан олдин мана шу ҳодисани кўз олдингга келтир, – деб унга сабоқ берибди. Манбалар асосида Бахмал тумани «Бувайша» имом-хатиби Атқияев Ибодулло Манба: Muslim.uz 803
Тасаввуф таълимотига кўра, инсон қарама-қарши икки асос – модда ва руҳдан иборат. Шунинг учун инсонда ана шу икки асоснинг хусусиятлари мавжуд. Агар моддийлик ғалаба қилса, инсонда ҳайвонийлик ва агар руҳ томони устун келса, илоҳийлик ривожланади. Руҳ жисм қулига айланмаслиги керак, аксинча, жисм руҳ учун бир асбоб-улов, восита бўлиб хизмат қилсин. IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий – психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш тадбир-усуллари шаклланди, тариқат, маърифат, ҳақиқат деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуаси тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қapop топди. Сўфийлар дастлабки пайтларда тасаввуфни нуқул сир-у асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар “иборага келмайдиган ишоратлар” деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, сўфийларнинг одам ва олам моҳияти алоқа-муомаласи, тавҳид – ваҳдат масалалари мунозарага сабаб бўлди. Ислом дини пайдо бўлгандан сўнг унинг Қуръони карим ва ҳадиси шариф аҳкомларига мос равишда пайдо бўлган тасаввуф таълимотлари Х-ХI асрларга келиб Ўрта Осиёда ҳам кенг тарқала бошлади. Аҳмад Яссавий ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган илк тасаввуфий тариқатнинг асосчисидир. Хожа Аҳмад Яссавийнинг тасаввуф таълимоти тарихида тутган ўрни ғоятда катта, таъсир доираси жуда кенг эди. Яссавий тариқати ўз давридаёқ деярли Марказий Осиёга ёйила бошлаган. Мовароуннаҳрдан буюк Туркистон, Оқ Эдил, Кавказгача, Хуросон, Эрон, Румгача, Бадахшон ва Шарқий Туркистонгача кенгайиб борган эди. Асрлар давомида Яссавий тариқати муайян тарзда яшаб келди. Аввало, Аҳмад Яссавий ислом динининг етук алломаси, шариат аҳкомларининг тарғиботчисидир. Зеро, у ўз ҳикматлари воситасида туркий миллатларни мусулмонликка даъват қилишни кўзда тутган. Иккинчидан, Аҳмад Яссавий яссавийлик номи билан туркий халқлар орасида илк маротаба янги тариқатга асос солган машҳур шайх ҳисобланади. Яна ишонч билан айтиш мумкинки, Аҳмад Яссавий ўзбек тасаввуф шеъриятини бошлаб берган мутасаввуф шоирдир. Яссавий ҳикматлари халқчил, содда, равон ва ёд олиниши қулайлиги билан ажралиб туради. Исломнинг илк даврларида тариқат, маърифат ва ҳақиқат лафзлари истеъмолда бўлмаган, балки уларнинг маънолари бўлган. Булар кейинчалик мутасаввиф уламолари томонидан ижтиҳод қилинган атамалар. Қисқача айтганда, шариат Аллоҳ таоло буюрган амаллар (намоз, рўза, закот, ҳаж ва ҳоказо) ва қонун қоидаларни ўргатса, тариқат уларни амалга ошириш кайфиятини ўргатади. Маълумки, юқоридаги атамаларнинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида тасаввуфий асарларда кўп фикр-у мулоҳазалар билдирилган. Уларда шариат асос ва бирламчи экани, тариқат, маърифат ва ҳақиқатларнинг бир-бирига боғлиқ бўлгани қайд этилган. Шариат йўлида мукаммал бўлмаган кишига тариқат, маърифат ва ҳақиқат мартабалари насиб этмайди…Бежиз эмаски, орифлар: “Шариат бир дарахтдур, тариқат-унинг шохлари, маърифат-япроқлари, ҳақиқат-мевалари. Дарахт бўлмаса навда ҳам, япроқ ҳам, мева ҳам бўлмайди“, дея таълим берганлар”[1]. Орифлар султони Аҳмад Яссавий (р.а.):“Шариат зоҳирда аъзолар билан амал қилиш, тариқат қалб билан амал қилиш, ҳақиқат эса сир (қалбдаги жавҳар, кўнгил) билан амал қилишдир”, деганлар.[2] Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. “Тариқат” арабча сўз бўлиб “йўл” деган маънони билдиради. Яъни, илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар.Чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик[3] бажариши керак бўлган барча йўл-йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан.[4] “Маърифат” сўзи арабча “арафа” -сўзидан олинган бўлиб, луғатда “билиш”, “таниш” каби маъноларни англатади. Тасаввуф таълимотида эса, “маърифат” тушунчаси, асосан икки қисмга бўлинади. Улар айни пайтда бирлашиб, “маърифат”тушунчасини ҳосил қилади: 1.“Маърифатун-нафс”[5]2.“Маърифатуллоҳ”[6]Қачонки, “Маърифатун-нафс” ҳосил...
Халқимизда “ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшанг” деган ҳикматли гап бор. Бу гапнинг маъносини тўлиқ англаш учун дастлаб, ҳасад ва ҳавас маъноларини тўғри тушуниш лозим бўлади. Ҳасад сўзи луғатда “арчиш” ва “шилиш” деган маънони англатади. Чунки ҳасад ҳасадгўйнинг қалбини шилиб ачиштиради. Уламолар ҳасадни “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикиш” дея таърифлаганлар. Ҳавас эса “ўзгадаги неъматнинг завол топишига кўз тикмасдан ўшанга ўхшаш неъмат ўзида ҳам бўлишини орзу қилишдир”. Ҳасаднинг ёмон иллат экани Қуръони каримда ҳам ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган: أَمْ يَحْسُدُونَ النَّاسَ عَلَى مَا آتَاهُمُ اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ “Ёки Аллоҳ одамларга ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?”, (Нисо сураси, 54-оят). وَمِنْ شَرِّ حَاسِدٍ إِذَا حَسَدَ “Ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, деб айт”, (“Фалақ” сураси, 5-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига бу иллатдан сақланишни алоҳида таъкидлаганлар: عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: قَالَ « إِيَّاكُمْ وَالْحَسَدَ فَإِنَّ الْحَسَدَ يَأْكُلُ الْحَسَنَاتِ كَمَا تَأْكُلُ النَّارُ الْحَطَبَ ». رَوَاهُ اَبُو دَاوود. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган. Ҳасадчидаги бу иллат ҳасад қилинган кишидан кўра унинг ўзига кўпроқ зарарли бўлади. Чунки ҳасад қилинган инсонга унинг ҳасадидан зарар етмай қолиши ҳам мумкин. Аммо ҳасадчининг ўзи албатта қуйидаги ёмонликларга мубтало бўлиши тайин: Ҳасадчининг ғам узилмайди; Ҳасадчидан инсонлар нафратланади; Ҳасадчи Аллоҳнинг ғазабига йўлиқади; Дунёда ҳам, охиратда ҳам азобда бўлади; Унга тавфиқ эшиклари ёпилади. Шу ўринда табиий равишда савол туғилади: “Инсон ўзига шунчалик зарарли бўлган бу иллатга қандай чалинади?”. Уламолар бу саволга жавоб бериб шундай деганлар: Ҳасад қуйидаги сабабларга кўра юзага келади: Кўра олмаслик; Кибр; Мақсадга эришолмай қолишдан қўрқиш; Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик; Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ бўлиш. “Ҳар дарднинг даъвоси бор, деганларидек, ҳасад аталмиш бу дарднинг ҳам даъвоси борми?”- деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: Ҳасад икки йўл билан даволанади: Илм билан; Амал билан. Яъни, ҳасадчи инсон дастлаб ҳасаднинг нима экани ва унинг зарарларини ўрганади, сўнгра ҳасади буюрган ишни аксини қилади. Ана шунда иншааллоҳ бу иллатдан халос бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни турли маънавий ва жисмоний иллатлардан саломат сақласин. 3-курс талабаси Комилжонова Фотимахон 807
Маҳоратли жарроҳ ортида турган бўлажак навқирон ва илмга ташна шифокорлар тасвири XXI аср учун янгилик ҳисобланмайди. Чунки бундан 800 йил олдин Ислом олами ўзининг тиббиёт билимгоҳларига эга эди. Бу билимгоҳлар талабалар учун бирламчи назарий ва амалий дарсларни ташкил қиларди. “من تطبب و لم يعلم منه طب قبل ذلك فهو ضامن”. (رواه البخاري و مسلم) “Кимки билимга эга бўлмай туриб, табиблик қилса, у киши (етказган зарарига) зоминдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти) Ислом тиббиёт масканларида таълим жараёни ҳозирги кундаги каби талабалар билан индивидуал ҳолда олиб бориларди. Маърузалар шифохонанинг катта залида ташкил қилиниб, унда маърузачи минбардан туриб талабаларга дарс ўтган. Маъруза сўнгида бош шифокор ёки жарроҳ талабаларга савол берган ва ўз навбатида уларнинг саволларига ҳам жавоб берган. Мусулмон толиби илмлар замонасининг машҳур табибларидан таълим олишарди. Ислом оламида қоғоз саноати кенг тарқалгач, талабалар маърузаларни варақларга ёзиб борадиган бўлишди ва бу “талабанинг шахсий тиббий йўриқномаси” деб аталиб, ҳозирги кунгача сақланиб қолган. “Тиббиётни китобларсиз ўрганаётган киши денгизда харитасиз сузаётган кишига ўхшайди. Тиббиётни беморларсиз ўрганаётган киши эса, асло суза олмайди”. Уильям Ослер, канадалик шифокор (1849-1919) Таълимга қўшимча равишда талабалар ўзларининг олган билимларини амалий ўрганиш мақсадида шифохонанинг навбатчи шифокори ёки жарроҳига бириктирилар эди. Таълимнинг бундай жараёнига алоҳида эътибор бериларди. Чунки бу услуб илғор талабалар учун муҳим бўлиб, улар шифокор билан бемор ўртасидаги муносабатлари, беморга шифокор қўйган ташхис ва қўллаган муолажаларни ўрганиб боришарди. Ҳозирги кунда буни “pedagogical practice”, яъни “педагогик амалиёт” деб аташади. Дамашқдаги “Ан-Нури” шифохонаси юқорида айтиб ўтилган тиббиёт масканларидан бири эди. Унга XII асрда ҳукмронлик қилган Нуриддин ибн Занкий асос солган бўлиб, машҳур табиб Абул Мажд Боҳилий раҳбарлиги остида эди. Шу сабабли шифохона унинг номи билан аталган ва озиқ-овқатлар, турли дори-дармонлар билан таъминланган. Шифохонада махсус зал бўлиб, унда тиббиётга доир қимматли асарлар сақланган. “Ан-Нури” шифохонаси оламга машҳур бўлиб, унда табобат ҳаёти гуллаб яшнади ва равнақ топди. XIII аср бошларида, шифохонага Муҳаззибуддин Ад-Даҳвар номли табиб келди. Аввалига кам маош эвазига ишлаган табиб кейинчалик машҳур бўлди, довруғи атрофга таралди ва кўп бойлик топди. Натижада Дамашқда ўзининг тиббиёт таълим масканига эга бўлди. “Ан-Нури” таълим даргоҳида кўплаб машҳур табиблар дарс олишди. Улар баъзида султон Нуриддин ҳузурида тўпланишар, тиббиётга оид мавзулар тўғрисида баҳс қилишар, баъзида эса шифохона мудири Абул Мажд маърузаларини тинглашар эди. Бу маскандан етишиб чиққан машҳур мусулмон табиблардан бири Ибн Абу Усайбиадир. У XIII асрда яшаб ўтган ва ўзининг табиблар табақаси тўғрисида “Уйувнул анбаи фи тобақотил атиббаи” (“Табиблар табақаси тўғрисида хабарлар чашмаси”) номли машҳур асарини таълиф қилган. Бу асар ислом табобати тарихи тўғрисида муҳим манба ҳисобланади. Улардан яна бири Ибн Нафис бўлиб, у табобат оламида кичиқ қон томири кашфиётчисидир. Олимнинг бу кашфиёти кейинчалик инсон физиологияси тушунчасига янги қадам вазифасини ўтади. Манчестер Университети профессори Доктор Салим Ҳассанининг “Muslim heritage in our world” китоби асосида тайёрланди. Инглиз тилидан Халилуллоҳ Юсуф таржимаси Манба 1 000