islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Мақолалар

Бўлимлар

«Катта Лангар Қуръони» қандай қилиб Россияга бориб қолган?

Халқаро конгрессдан лавҳа. Фото: Рустам Жабборов Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтида Ўзбекистонга оид нодир қўлёзмалар намойиш этилди Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида, асов Нева дарёси соҳилида Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти жойлашган. Бу даргоҳда Ўзбекистондан келтирилган ёхуд ўзбек халқининг бой маданий меросига тааллуқли ўнлаб бебаҳо қўлёзмалар сақланади. Улардан бири милодий VIII асрда араб алифбосининг кўфий-ҳижозий хатида кўчирилган Қуръони карим нусхасидир. Қўлёзманинг бир нечта саҳифаси Ўзбекистонда, Қашқадарё вилоятида, Тошкент ва Бухоро шаҳарларида сақланмоқда. Қолган саҳифалар қаерда экани айни пайтгача номаълумлигича қолаётир. Маълумотларга кўра бу китоб бир пайтлар Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Катталангар қишлоғида, тасаввуфдаги ишқия тариқати шайхлари хонақоҳида сақланган. Шу боис ушбу қўлёзма илмий жамоатчилик орасида «Катта лангар Қуръони» номини олган. Китобнинг катта қисми – 81 саҳифаси қандай қилиб Россияга бориб қолгани ҳақида ҳам турли-туман тахминлар мавжуд. У Шарқ қўлёзмалари институтига ўтган асрнинг 30-йиллари охирида келтирилган. Кейинги йилларда бир қатор олимларнинг илмий изланишлари, замонавий текширувлар натижасида Ўзбекистон ва Россияда сақланаётган саҳифалар айнан битта қўлёзманинг таркибий қисмлари экани, улар чиндан ҳам бундан ўн уч аср муқаддам кўчирилгани аниқланди. Мутахассисларнинг фикрича, у Қуръони каримнинг ислом оламидаги энг қадимий ва мўътабар нусхаларидан бири ҳисобланади. 2017 йилда «Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида» лойиҳаси доирасида Европа технологиялари асосида «Катта Лангар Қуръони»нинг факсимиле нусхалари яратилди. Мазкур нусхалар ўтган вақт давомида мамлакатимиздаги бир қатор илмий ва диний муассасаларга тарқатилди. Ушбу нусхалардан бир нечтаси «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида Санкт-Петербургга келтирилди. Улардан бири қўлёзманинг асл нусхаси сақланаётган Шарқ қўлёзмалари институтига совға қилинди. – Бир қарашда бу бироз ғалати туюлиши мумкин, — дейди лойиҳа раҳбари, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раиси Фирдавс Абдухолиқов. – Аввало бу ушбу нодир қўлёзмадан нусха олиш имконини берган институт раҳбариятидан миннатдорлигимиз ифодаси. Қолаверса, мазкур қўлёзмани тадқиқ қилмоқчи бўлган олим ва мутахассислар учун факсимиле нусхаси жуда қўл келади. Асл нусха эса институтнинг бебаҳо хазинаси сифатида дахлсизлигича қолиши лозим. Ўзбекистондан борган делегация аъзолари институтга Ўзбекистондаги маданий ёдгорликлар ва улардаги битиклар ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомлар тўпламини ҳам туҳфа қилди. — Ўзбекистонга оид қўлёзмаларни ҳақиқий маънода институмизнинг фахри деб айта оламиз, – дейди Россия фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова. – Ўзбекистон ҳукумати ва илмий жамоатчилигининг ўз халқи маданий меросини тадқиқ этишга қаратилган ташабус ва ҳаракатлари таҳсинга лойиқ. Бизнинг институтимиз эшиклари ўзбекистонлик меҳмонлар, тадқиқотчилар, олимлар учун ҳамиша очиқ. Сиз билан ҳамкорлик қилишдан ҳамиша мамнуният ҳиссини туямиз. Санкт-Петербургда ўтаётган «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» иккинчи халқаро конгресси доирасида мазкур илмий даргоҳда «Шарқ қўлёзмалари институтида Шарқ китобат санъатининг нодир дурдоналари» номли кўргазма ҳам ташкил этилди. Кўргазма иштирокчиларига «Катта Лангар Қуръони»нинг асл нусхаси саҳифалари, Абу Райҳон Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар», Алишер Навоийнинг «Куллиёт»и,  «Лисонут-тайр», «Вақфия» сингари асарлари, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон сингари шаҳарларимизда яратилган китобат санъатининг нодир намуналари намойиш этилди. Рустам Жабборов, Санкт-Петербург Манба: Xabar.uz  490

Қуръон нозил бўлган ой. Қадр кечаси фазилатлари

Аллоҳ таоло Рамазонни ойларнинг энг улуғ ва шарафлиси қилиб қўйган. Ойларнинг саййиди Рамазон, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат сайлидир. У кўплаб фазилатларни ўз ичига қамраб олган. Жумладан, Исломнинг бош манбаи, инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури бўлмиш Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ушбу ойда бир фазилатли кеча борки, У кечанинг фазли ва барокати бемислдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазон ойининг Қадр кечасида нозил қилган. Ушбу муборак кунлар муносабати билан жорий йилнинг 8 июн куни Тошкент Ислом институти талаба қизлари иштирокида “Қуръон нозил бўлган ой. Қадр кечаси фазилати” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда институтнинг 4-курс талабаси Саидаҳмедова Барно талаба қизларга Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш, рўзадорларга ифторлик бериш каби солиҳ амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам лозим бўлишини таъкидлади. Шунингдек устозлар ҳам Қадр кечасининг фазилатлари ҳақида қизиқарли маълумотларни айтишди. Тадбир манфаатли ва савол-жавобларга бой бўлди. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 598

Қуръон мусобақаси ғолибларининг Умра зиёратидан лавҳалар

Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Республика босқичи ғолиблари Умра зиёратига ота-оналари ва ҳамроҳлари билан биргаликда бориш имкониятини қўлга киритганлари ҳақида маълум қилинган эди. Жорий йилнинг 6 июнь куни, муқаддас Рамазон ойининг 21-кунида эрта тонгдан Тошкент халқаро аэропортида бир гуруҳ талабаларимиз ўз яқинлари билан муборак Умра зиёратига кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистонлик қориларнинг зиёрати жараёнидан фотолавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Манба: Muslim.uz 454

Тошкент Ислом институтида ўтказилган азон айтиш мусобақаси ғолиблари аниқланди

Азон бу Аллоҳнинг тоатига, ибодатига, ҳидоятига, Унинг Даргоҳи олиясига бир чорловдир. Азон Аллоҳ севгисининг танларга нидоси, қалбларга тажаллисидир. Азон дил ва вужуддан шайтонни қувиш имкониятидир. Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент ислом институти асосий биносида “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ташаббуси билан талабалар ўртасида “Нажотга шошилайлик” шиори остида азон мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақанинг асосий мақсади – талабаларда азоннинг тарихи ҳамда унинг талаффузи ва  тараннуми,  фиқҳий қоидаларини ўзлаштиришларига қизиқтириш, талабалар азонни маҳорат билан айтиш малакасини ҳосил қилишларига кўмаклашишдир. Мусобақа икки шарт асосида ўтказилди: биринчи шартда иштирокчиларнинг азонни маҳорат билан айтиб бериши талаб этилди ва ҳакамлар овоз, тараннум ва тўғри талаффуз меъёрлари; иккинчи шартда иштирокчилар билет асосида азонга доир фиқҳий саволларга жавоб бердилар, ҳамда жавобларнинг тўлиқ ва мукаммаллигига алоҳида эътибор қаратилди. Якуний тўпланган баллар йиғиндисига кўра қуйидаги талабалар ғолиб деб топилдилар: 1-ўринни Мавланов Абдулаҳад, 2-ўринни Марданов Муҳаммад, 3-ўринни Зиёуддинов Муҳаммад Содиқ қўлга киритдилар. Мусобақа ғолиблари Тошкент Ислом институти томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Шунингдек, аввал хабар берганимиздек,  Вақф хайрия жамоат фонди ҳомийлигига кўра 1-ўрин соҳибига 1 000 000 сўм, 2-ўрин соҳибига 500 000 сўм, 3-ўрин соҳибига 300 000 сўм ҳамда қолган 11 нафар иштирокчиларга 100 000 сўмлик тўлов-шартнома маблағлари тўлаб бериладиган бўлди. Эслатиб ўтамиз, «Вақф» хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган бўлиб у ўз олдига масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишларни мақсад қилиб қўйган. Ахборот ва техник таъминот бўлими ходимаси Д.Каримова 476
1 590 591 592 593 594 686