Рукни ёки маҳаллига халал етган савдо ёки асли ва васфи шаръий бўлмаган савдо ботил савдодир. Бошқача қилиб айтганда, савдо қилувчи савдо қилишга лойиқ эмас ёки савдо моли савдога лойиқ эмас бўлса, савдо ботил бўлади. Бундай савдо, агар сиртдан савдога ўхшаб кўринса ҳам, савдо бўла олмайди ва асло мулкни ифода қила олмайди. Мисол учун, вояга етмаган ёш бола ёки жинни одамнинг савдоси ёки мол ҳисобланмайдиган ўлимтикнинг гўшти, тутамлик мол бўлмаган чўчқа гўшти ва ароққа ўхшаш нарсалар савдоси ботил савдо бўлади. Ботил савдонинг турлари: 1. Йўқ нарсани сотиш. Барча фиқҳий мазҳабларнинг имомлари йўқ нарсанинг ва йўқ бўлиш хавфи бор нарсанинг савдоси ботил эканига иттифоқ қилганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан риовят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳомиланинг ҳомиласини сотишни ман қилдилар. Бу жоҳилиятдаги бор савдо эди. Бир одам туяларни туққунча ва унинг қорнидаги ҳам туққунча сотиб олар эди”. Бешовлари ривоят қилган. Жоҳлият вақтида бир одам бошқасига туяси қорнидаги ҳомила туғилиб, ўсиб катта бўлиб, у ҳам туғадиган боласини ҳам сотиши мумкин эди. Бу мутлақо бўлмаган савдо эканлигидан Ислом уни ҳаром қилди. Аввало туянинг қорнидаги туғиладими йўқми биров билмайди. Яъни, ўлиб қолиши мумкин. Қолаверса тирик ҳолида туғилган чоғида эркак бўладими, урғочими буни ҳам билиб бўлмайди. Фаразан урғочи туғилганда ҳам қачон ҳомиладор бўлиши, нима туғиши маълум эмас. Қисқа ва очиқроқ қилиб айтганда, боридан кўра йўғи кўпроқ нарса. Бундай ноаниқ нарсани сотиб бўлармиди? 2. Қўлига тутқазиш мумкин бўлмаган нарсани сотиш. Мисол учун, эгасининг қўлидан қочиб кетган қушни сотиб бўлмайди. Имом Аҳмад Ибн Масъуддан қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сувдаги балиқни сотманглар. У алдашдир”, деганлар. 3. Ғафлат савдоси. Бунда харидорни ғафлатда қолдириш учун турли услублар ишлатиш бўлади. Бу каби ботил савдога мисоллар ҳадислардан кўплаб келтирилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш савдосидан ва ғафлат савдосидан қайтардилар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. “Тош отиш савдоси” дегани сотиладиган нарсани тош отиш билан белгилаш ила бўладиган савдодир. Мисол учун, мана шу пулингга ушбу кийимларга фалон жойдан тош отамиз, нечтасига тош тегса шуни оласан, дейилади. Ёки, шу пулингга ушбу ерни отилган тош тушган жойигача оласан, дейилади. 4. Нажас ва нажас аралашган нарсаларни сотиш. Ҳанафий мазҳаби бўйича ароқ, чўчқа, ўлимтик ва қонни сотиб бўлмайди, чунки, бу нарсалар мол ҳисобланмайди. Инсоннинг ахлатини сотиш макруҳдир. Ахлатхонага ташланган нарсаларни ва ҳайвонларнинг тезагини сотса бўлади. Чунки булардан ўғит сифатида фойдаланса бўлади. Ит, йўлбарс, шер, қоплон, бўри ва мушук каби озиқ тишли йиртқичларни сотса бўлади. Чунки булардан фойдаланса бўлади. Фойдали нарсалар эса мол бўла олади. Ҳашарот ва илон ҳамда чаёнга ўхшаган нарсалардан фойдаланиш имкони бўлса, уларни ҳам савдога қўйиш мумкин. Нажас аралашган нарсалар озуқадан бошқа мақсадда, ошлаш, мойлаш ва бошқа мақсадларда савдога қўйса бўлади.турдаги Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мирзаходжаев Рамзиддин 1 161
“Фасх” арабча сўз бўлиб, бекор қилмоқ, бузмоқ, йиртмоқ, ажратмоқ маъноларини англатади. Забидий ўзининг “Тожул урус шарҳул қомус” китобида фасхни ақл ва бадандаги заифлик, ташлаш, айириш, фикрнинг бузилиши, нодонлик каби маъноларини айтиб ўтган. Никоҳ, олди-сотди ва азму қарор бузилганда ҳам мажозан фасх калимаси ишлатилади. Ҳадис китобларида Пайғамбаримиз соллоллоҳу алйҳи ва салламнинг ҳажга эҳром боғлаб йўлга чиққан саҳобаи киромларга эҳромдан чиқиб, умрага ният қилишларига берган рухсатларини “фасх” сўзи билан ифода этилган. Истилоҳда эса келишувни бекор қилишни ҳам, келишувнинг ҳукмини худди келишув бўлмагандай буткул йўққа чиқаришни ҳам фасх дейилади. Яъни фасх сўзи хиёр ҳолатида келишувни бузишга ўхшаш, келишувнинг ҳукмини худди келишув бўлмагандай буткул йўққа чиқаришга ҳам, шунингдек, жоиз ёки мажбурий бўлмаган ақдлардаги каби, келишувни келажакка нисбатан бекор қилишга ҳам ишлатилади. Ақд боғлангандан кейин уни бузишликка ҳеч қандай йўл йўқ, фақатгина баъзи ҳолатларда уни бузишга рухсат этилади. Масалан, байъдаги ихтиёрларда, иқолада, сотилган нарсани харидор қўлига олишидан олдин ҳалок бўлганда, келишув лозимий бўлмаганда фасх қилиш мумкин. Бу нарса келишганларнинг, ёки улардан бошқасининг хоҳши билан ўз ниҳоясига етади. Келишганларнинг ҳар бири келишувдан олдинги ҳолатларига қайтадилар. Агар битим савдода бўлган бўлса, сотувчига сотилган нарса, ҳаридорга эса пул қайтарилади. Имом Суютий ўзларининг “Ал-Ашбоҳ ван Назоир” китобида фасхга шундай таъриф беради: “Фасхларда ақдларда кечирилмайдиган нарсалар кечирилади. Шу сабабдан у қабулга муҳтож бўлмайди. Ва яна фасхлар ақдлардан фарқли ўлароқ таълиқларни қабул қилади”. Ислом дини инсонларни доимо аҳдга вафо қилишга буюрган. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Битимлар (аҳдлар)га вафо қилинг!” Ояти каримадаги “Битим” (келишувлар) сўзидан икки томон ўзаро келишиб тузиладиган ва имзолаб тасдиқланадиган ҳозирги урфдаги келишувларнигина тушунмаслик керак. Балки бу ерда барча зарурий ва жоиз келишувлар назарда тутилган. Уларнинг аввалида банданинг ўз Парвардигорига берган аҳдлари туради. Буни иймон аҳдномаси дейилади. Бу Аллоҳнинг ягона илоҳ, Робб ‒ яратувчи, тарбия этувчи ва Ҳоким ‒ буткул ҳукмрон эканини эътироф этишни ҳамда У Зотга бандалик қилиш, итоат этиш ва тўла таслим бўлишга аҳд қилишни ўз ичига олади. Бу аҳднома ‒ мийсоқ ҳар бир инсон учун бевосита тааллуқлидир. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Мирзаходжаев Рамзиддин 629
Ўз бандаларига ҳар бир ишда ният ихлос ва илмни шарт қилган Аллоҳ таолога жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин! Ўз умматларига ният, ихлос ва илмда яхши ўрнак кўрсатган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловоту саломлар бўлсин! Тошкент шаҳри мадрасалари ХIХ асрнинг иккинчи ярмига келиб Тошкент шаҳри манзарасига кўрк бериб турувчи асосий меъморий иншоотлар, шубҳасиз масжидлар ва мадрасалар бўлган. Бундан ташқари, улар Тошкентнинг таълим масканлари вазифасини бажарибгина қолмай шаҳар маданий-маънавий ҳаёти вакиллари ўзаро фикр алмашадиган даргоҳ ҳам эди. “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкент шаҳридаги мадраса ва масжидлар ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисида бошқа манбаларда учрамайдиган маълумотлар келтирилган. Тошкентдаги мадрасалар сони тўғрисидаги архив, ўша давр матбуоти ёки ана шу йилларда шаҳарда бўлган рус ўлкашуносларнинг маълумоти бир биридан анча фарқ қилади. Хусусан 1868-йилда Тошкентда бўлган А.П.Хорошхин тошкентлик суҳбатдошларидан тўплаган маълумотга асосланиб, шаҳарда 17 та мадраса борлигини шунингдек, Ф.Ҳелвалд ҳам 17 та, П.И. Пашино 15 та, Ҳ.А. Маевеса 1876 йилда Тошкентда жами 11 та мадраса борлигини таъкидлайди. “Туркенстанские ведомости” газетасининг 1876 йилги 48-сонида Тошкент мадрасалари тўғрисида берган расмий маълумотида 13 та, Туркистон ўлкаси таълим тизимини ўрганган К.Э. Бендриковнинг тадқиқотида 14 мадраса тилга олинган. Муҳаммад Солиҳ хўжа эса Тошкентдаги 20 та мадраса тўғрисида бошқаларга нисбатан тўлиқроқ маълумот беради. Хўжа Ахрор мадрасаси. Тошкент мадрасалари орасида қадимийси бўлган Хожа ахрор мадрасаси 1451-йилда қурилган бўлиб, Муҳаммад Солиҳ хўжанинг ёзишича, Хожа Ахрор жомеъ масжидининг, шимолида пишиқ ғишт ва йўнилган тошлардан бино қилинган. Кўкалдош мадрасаси. Муҳаммад Солиҳ хўжанинг ёзишича, Бароқхоннинг ўғли дарвишхон томонидан бунёд этилган. Эшонқули додҳоҳ мадрасаси. “Тарихи жадидайи Тошқанд” асарида батафсил тавсифланган ва тарихий воқеаларда энг кўп тилга олинган мадраса Эшонқули додҳоҳ мадрасаси бўлиб, у рус манбаларда шайҳонтоҳур мадрасаси деб ҳам қайд этилган. Бароқхон мадрасаси. Себзор даҳасидаги қадимий мадрасалардан бири бўлган Бароқхон мадрасаси Қаффол Шоший мақбараси яқинида қурилган. ХIХ асрда бу мадрасалардан бошқа бир қанча мадрасалар Тошкентда фаолият юритган. Мадрасаларда таълим тизими энг асосан диний фанлардан ташкил топган ва ҳар бир фаннинг мутахассис олиму уламолари дарс бериб, муқаддас динимизга бениҳоят катта хизмат қилишган. Аллоҳ таоло динимизга хизмат қилиб ўтиб кетган барча олиму уламоларимизни ўз раҳматига олсин. Тошкент ислом институти битирувчиси Жўраев Далер 2 677
Алломанинг тўлиқ исми Абул Муин Маймун ибн Муҳаммад ибн Мўътамад ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн ал-Фазл ан-Насафий ал-Макҳулийдир. Бу ном у кишининг таржимаи ҳолларини зикр қиладиган бир қанча китобларда аниқланган. Лекин ушбу китоблардаги маълумотлар алломанинг фаолияти ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишимиз учун имкон бермайди. Чунки, ушбу китоблардаги маълумотларнинг деярли барчаси бир-хил бўлиб, улар бир-биридан кўчирилганлигини кўрсатади. Маълумки, собиқ шўролар тузуми мафкурасига кўра ислом динига ҳамда улуғ аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросга муносабат бутунлай бошқача эди. Юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий-диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб,ўзларининг сермаҳсул ижодлари ислом динининг турли соҳаларига бағишлаб кўплаб асарлар ёзиб қолдирган алломаларимизнинг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш энг долзарб масалалардан бирига айланди. Бинобарин, буюк алломаларимиз ҳаёти ва уларнинг бой маънавий меросларини ўрганиб тадқиқ қилишда мамлакатимиз олимлари томонидан талай ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда. Чунончи, бу тарздаги тадқиқотлар жамиятимиз учун ҳар томонлама муҳим бўлган маънавий комил инсонларни тарбиялаш, қолаверса уларда соғлом диний тафаккурни шакллантиришда ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Абул Муин ан-Насафий қаламига мансуб асарлар ҳақида бир қанча тарихий, қомусий манбаларда маълумотлар келтирилган. Улардаги маълумотларга таяниб, биз алломанинг ўн бешга яқин асарларини билишимиз мумкин. Лекин айни дамда алломага тегишли ушбу асарларнинг учтасидан бошқалари ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз. Қуйида Абул Муин ан-Насафийнинг, асосан, бизга маълум бўлган мазкур учта асари ҳақида тўхталиб ўтишга[1] ҳамда айрим энциклопедик манбаларда унга нисбат берилган асарлар ҳақида ҳам маълумотлар беришга ҳаракат қилинди. Алломанинг энг катта асари, шубҳасиз, унинг “Табсиратул-адилла фи усулид-дин ала тариқатил-Имом ал-Мотурудия”дир.( Далилар билан шарҳлаш)”. Бу китобнинг муҳимлигини “Кашф аш-зунун” китобининг муаллифи Ҳожа Халифа шундай баён қилади. “Калом илми соҳасида “Табсиратул адилла”китоби 508 йили вафот этган Абул Муин Маймун Муҳаммад ан-Насафийнинг катта ҳажмли китобидир. Унинг аввали “Ҳамд айтаман Аллоҳ таолога неъматлари учун” деб бошланади.” Алломанинг қолдириб кетган улкан илмий-маънавий меросини ўрганиш жамиятимизда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, ушбу мавзу қуйидаги жиҳатлардан долзарб ҳисобланади. Ҳар бир юртнинг ҳар томонлама равнақ топиши учун ўз ҳиссасини қўшган юрт фарзандлари бўлади. Ана шундай етук инсонлардан бири Абул Муин ан-Насафий бўлиб, кўплаб илмий мерослар қолдириб кетган. Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, боболаримиз ҳаёти ва ижоди, қолдириб кетган илмий меросларини ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш вақти келди. Абул Муин ан-Насафий ёзган асарлари шариат илмларининг турли соҳаларини қамраб олган. Лекин, алломанинг ақида бобида ёзган асарлари алоҳида таҳсинга сазовордир. Хусусан, алломанинг калом илми борасида ёзган “Ат-тамҳид ли қавоидит-тавҳид” асари ҳам муҳим манбалардан ҳисобланади. Бугунги кунда дунё миқёсида ўзаро фикрлар ва ғоялар жанги бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди. Шу боис диёримизда азалдан жорий бўлиб келаётган Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодининг мотрудия таълимотига зид бўлган оқимларга биз ўрганаётган манба раддия вазифасини ўтайди. Ақида ҳақидаги илмлар мусулмонлар учун ҳар бир замонда долзарб мавзу бўлиб келган. Абул Муин ан-Насафийнинг калом илмига бағишланган учта буюк асарлари (“Табсиратул-адилла”, “Баҳрул-калом”, “ат-Тамҳид ли қовоидит-тавҳид”) бизгача етиб келган ва замонамиз тадқиқотчилари томонидан тадқиқ этилиб нашр қилинган. Тарихда яшаб ижод қилган юртимиздан чиққан кўплаб алломаларимизнинг илмий мерослари каби Абул Муин ан-Насафийнинг илмий-маънавий мероси ҳам халқимизнинг маънавий юксалишига хизмат қилиши шубҳасиздир. Исломий илмлар мўъминлар ҳаётининг ажралмас бир қисми бўлиб, асрлар мобайнида ўзгартирилмасдан асл ҳолатда ўрганилгани каби юртимиз мустақиллиги шарофати билан миллий-диний қадриятларимизнинг тикланиши ва узоқ ўтмишда яшаб, ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан ўргатилиб келинмоқда. Калом илми эса у диний эътиқодни исботлаш ва мудофаа қилиш учун хизмат қилади. Мана шу илм орқали инсон диний ақидаларни ҳужжатлар келтириб исботлашга ва шубҳаларни кетказишга қодир бўлади. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Рахматуллаев Довудхон 1 163
НУБУВВАТ (“Хабар бериш”)-Сўфийлар нубувватни фарқли тарзда шарҳлаганлар. Ҳаким Термизий, парданинг кўтарилиши ва ғайб сирларидан воқиф бўлиб Аллоҳни билиш, Аллоҳ нури билан ўралган ашёнинг моҳиятига басират кўзи билан разм солиш, дея шарҳлаган. Кейинги давр мутасаввифлари бу масалага фалсафий жиҳатдан муносабат билдирганлар. Масалан, Фарғонийга кўра, набий – Аллоҳнинг зотидан, сифатларидан, исмларидан, ҳукмларидан ва муродларидан хабар берувчи кишидир. Сўфийлар назарида, нубувват – Муҳаммад алайҳиссаломнинг бир ҳақиқати, зоҳирий борлиғи. Фарғоний “Руҳул аъзам” деган нарсага Ибн Арабий “Ҳақиқати Муҳаммадия”, “Нури Муҳаммадия” деган. ВАЛОЯТ – “Дўст” маъносини билдирувчи валий (кўплиги “авлиё”), Қуръони каримда икки хил маънода келган: 1. “Ишларини Аллоҳ таоло кўриб турадиган ва уни нафси билан ёлғиз қолдирмайдиган киши” сифатида; 2. “Аллоҳга ибодат ва тоатини ўрнига қўйган киши” маъносида. Набийлар “маъсум”, валийлар эса “маҳфуз”дирлар. Воситийнинг айтишича, валийнинг тўрт сифати-аломати бор: 1. Ўзи билан Парвардигори орасидаги сирларни сақлайди. 2. Кароматини яширади, риёга йўл қўймайди. 3. Аллоҳнинг яратганлари томонидан етказилган азият ва зулмга сабрбардош қилади ва уларга юк бўлмайди. 4. Аллоҳнинг бандаларини уларнинг табиати ва феъл-атворларига кўра бошқаради. ХОТАМУЛ АВЛИЁ масаласи. Бу масалани илк бор ўртага қўйган, сўфийларнинг долзарб мавзусига айлантирган Ҳаким Термизий бўлиб, бу мавзуда “Хатмул авлиё” номли кўзга кўринган асар ёзган. Пайғамбарларнинг бир-биридан устунликлари бўлганидек, валийлар орасида ҳам даражалар бор дейди. Валийларнинг энг устуни хотамул авлиёдир. Термизийнинг фикрича “валоят байроғини қўлида тутган хотамул авлиё, Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошқа пайғамбарларни шафоат қилиши каби, бошка авлиёларни ҳам шафоат қилиш ҳуқуқига эга. Ўша пайт валийлар унинг орқасида, набийлар эса олдида бўладилар”. Термизий бошлаган бу тушунча тобора кенг ёйилди ва Ибн Арабий томонидан янада тартиблироқ ҳолга келтирилди. Ибн Арабий хатми валоят масаласини изоҳлар экан, набийлик ниҳоясига етган, валийлик эса давом этмоқда, дейди. Чунки Аллоҳнинг исмларидан бири – Валий. Шунингдек, “валий набийдан устундир” деган фикрни ҳам ўртага ташлайди. Хотамул авлиё тушунчасини энг қаттиқ қоралаганлардан бири Ибн Таймиядир. У Ибн Арабийни шу фикрлари учун “кофир” деб эълон қилган. Тошкент ислом институти 4-курс талабаси Тўхтаев Насрулло 891