islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
May 20, 2019

Day

ШИҲОБУДДИН МАРЖОНИЙ – МОТУРИДИЯ МАКТАБИНИНГ ДАВОМЧИСИ

Ҳозирги кунда глобал муаммолардан бирига айланган ақидапараст оқим ғояларига қарши иммунитетни шакллантиришда мотуридия таълимоти тарихи, ривожланиш босқичларини ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, бой миллий маънавий қадриятларнинг тарихини ўрганмай туриб, уларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиш ва келажаги ҳақида фикр юритиш мушкил. Имом Мотуридий асос солган ақидавий таълимот ўз даврида халқни саросимага солган муътазила, карромия каби фирқа ғояларига қарши туриб бера олган. Мотуридий қарашлари бизгача олимнинг “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳл ас-сунна”, Абул Муъин Насафийнинг “Табсира ал-адилла”, “Баҳр ал-калом”, “ат-Тамҳид” асарлари орқали етиб келган. Мазкур асарлар негизида кейинги давр олимлари соҳага доир турли ҳажмда асарлар битишган. Улар томонидан ёзилган китоблар ҳозиргача олимларнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Шундай асарлардан бири Умар Насафий томонидан ёзилган “ал-Ақоид” китоб бўлиб, унга араб, турк, форс ва урду тилларида шарҳлар битилган. Улар орасида Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия” асари етакчи ўрин тутади. Чунки, ушбу китобга ёзилган изоҳ ва ҳошияларнинг аксарияти у шарҳ билан бевосита боғлиқ. Шундай шарҳлардан бири – XIX аср охирларида Шиҳобуддин Маржоний томонидан ёзилган “ал-Ҳикма ал-балиға” саналади. Олимнинг илмий-маънавий меросига доир маълумотлар Заҳабий[1], Зириклий, Бағдодий[2] кабиларнинг асарларида учрайди. Олимнинг фалсафий қарашлари И.Камалов[3], М.Юсупов[4], А.Юзеев[5], Ф.Амрхон[6] каби тадқиқотчилар томонидан ўрганилган. Маржонийнинг тўлиқ исми Шиҳобуддин Ҳорун ибн Баҳоуддин ибн Субҳон ибн Абдулкарим ибн Абдуттаввоб ибн Абдулғаний ибн Абдулқуддус ибн Ядаш ибн Ёдгор ибн Умар Маржоний (1233-1306/1818-1889)дир. Унинг боболаридан Абдулқуддус Қозондаги “Маржон” қишлоғига асос солганлиги учун олимнинг барча авлодига “Маржоний” нисбаси берилган. Шиҳобуддин Маржоний Қозоннинг Япанчи қишлоғида 1233/1818 йил туғилиб, 1889 йил 73 ёшда вафот этган ва Қозондаги қабристонга дафн қилинган. Бағдодийнинг “Ҳадия ал-орифин” асарида олимни 1223/1808 йил туғилган, деб келтирилган[7]. Олимнинг отаси Баҳоуддин ибн Субҳон (ваф. 1856) Бухорода таҳсил олган ва Бухоро амири Ҳайдар ибн Маъсумнинг қасридаги илмий халқаларда иштирок этган. Кейин юртига қайтиб келиб, дастлаб Япанчи, сўнгра Тошкичу қишлоғида дарс берган[8]. У дастлабки таълимни отасидан олиб, сўнгра ўз замонасининг машҳур шайхларига шогирд тушган. Ўша вақтда Қозон мадрасаларида араб тилидан Жомийнинг “ал-Фавоидуз-зиёия”, фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “Шарҳ ал-Виқоя”, калом илмидан Тафтазонийнинг “Шарҳ ал-Ақоид ан-Насафия”, мантиқдан Қутбуддин Розийнинг “Шарҳ аш-Шамсия”, усулул фиқҳдан Садр аш-Шариъанинг “ат-Тавзиҳ” ва Тафтазонийнинг “ат-Талвиҳ” асарлари ўқитилган[9]. Маржоний ўн етти ёшидаёқ мадрасада талабаларга дарс бера бошлади ва у таълимни ривожлантириш мақсадида мадрасадаги мавжуд дарсликларга қўшимча янги китобларни жорий қилди. Олим яшаган даврда қозонлик талабалар Бухорога бориб таҳсил олиб келишган. У мадрасани тамомлагач, таълимни давом эттириш мақсадида 1254/1838 йили Бухорога жўнаб кетди. Қозонликлар илмий соҳада ўша даврда бухороликлар билан алоқа ўрнатганликлари сабабли аксарият татар талабалари ўзларининг илмий салоҳиятларини ошириш мақсадида Бухоро ва Самарқандга ташриф буюришар эди. Олим Бухорога 1838 йил етиб келгач, Ниёзқулихон Туркманий мадрасасига жойлашиб, Мирзо Солиҳ Аълам Хўжандий (ваф. 1840)га шогирд тушди[10]. Кейинчалик у Бухородаги “Кўкалдош” мадрасасида ўқиди[11]. Шунингдек, Маржоний дарс олиш билан бир қаторда ёзда Бухоро яқинидаги “Қора кўл” қишлоғида дарс бериш билан шуғулланган. У Бухорода олти йил яшагандан кейин илм талабида Самарқандга жўнаб кетди[12]. Маржоний Самарқанддаги Шердор[13] мадрасасига келиб, у ерда илм олишни давом эттирди. Дастлаб, Самарқанд қозиси Абу Саъид Абдулҳай ибн Абулхайр Самарқандийдан дарс олган. У аксарият вақтини устозининг кутубхонасида ўтказиб, у ердаги мавжуд китоблардан ўзи учун нусха кўчириб олган. У Бухородан Самарқандга калом ва фалсафа илмларини чуқур ўрганиш мақсадида келиб, у ерда ўзининг...

Вакилларимиз Туркияда ўтказиладиган VII Халқаро Қуръони карим мусобақасида қатнашади

Шу йилнинг 19-27 май кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида VII Халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади. Мазкур мусобақа 2 йўналишда бўлиб ўтади: Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиш. Қуръони каримни тажвид қоидалари билан тиловат қилиб бериш. Мазкур мусобақада иштирок этиш учун бугун  юртимиз вакиллари Жасур Кулбоев (“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси) ва Муҳаммадали Ҳайитбоев (Тошкент ислом институти талабалари) Туркияга жўнаб кетди. Биз вакилларимизга ушбу нуфузли мусобақада совринли ўринларни қўлга киритишида Аллоҳдан муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз. Манба: muslim.uz 240
1 2