islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37
Mart 27, 2020

Day

УЙДА ҚОЛИНГ, ДУО ҚИЛИНГ!

Бугун 27 март куни Тошкент ислом институтида жорий йил 19 мартдан бошлаб шу кунга қадар устозлар ва талабалар томонидан қилинган 121 та “Хатми Қуръон” ва 2 та “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадис тўплами хатми ҳамда минглаб мўътабар дуолар, истиғфорларнинг якуний дуосини қилдилар. Айни вақтда телеграмдаги “Uyda qoling | Qur’onni xatm qiling!” гуруҳининг 1000 дан ортиқ иштирокчилари ҳам ўз уйиларида қолиб, ўз оила аъзолари, қадрли устозларимиз, нуроний отахон ва онахонларимиз билан биргаликда Аллоҳ таолодан бу балони инсоният бошидан кўтаришини, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сўраб, шу кунларда тинимсиз меҳнат қилаётган тиббиёт ва бошқа мутасадди идоралар ходимларининг хизматларини қўллаб-қувватлаб уларни ҳақларига дуолар қилдилар. УЙДА ҚОЛИНГ, ҚУРЪОН ХАТМ ҚИЛИНГ, КИТОБ ЎҚИНГ, ИСТИҒФОР АЙТИНГ, ДУО ҚИЛИНГ, БИРГАЛИКДА КАСАЛЛИКНИ ЕНГАМИЗ! 292

РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИ АХБОРОТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори билан бир қатор чекловлар ўрнатилиб, муайян чоралар кўрилмоқда. Хусусан, 27 март соат 10:00 дан эътиборан вилоятлараро транспорт воситалари (автобус, автомобиль, шаҳарлараро такси, авиа, темир йўл транспорти)нинг ҳаракати (юк ташиш ҳоллари бундан мустасно) бутунлай тўхтатилади. Бунда муайян ҳудудга таалуқли автотранспортларнинг (транзит) ўз ҳудудларига кириб боришига руҳсат берилади. Бундан ташқари, вилоятлар таркибидаги шаҳар ва туманлараро транспорт қатнови ҳаракати ҳам вақтинча чекланади. Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда (хизмат фаолиятини амалга ошираётган давлат органлари ва муассасалари ҳамда жамоат ташкилоти ходимларидан ташқари), уйидан ташқарига чиқиши чекланади. Ўта зарур ҳоллардагина кўчага чиққанда (дорихона, озиқ-овқат дўконлари) – шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)да бўлиши шарт. Бордию фуқаролар уйидан ташқарига шахсий ҳимоя воситаси (ниқоб)сиз чиқса, қонунда белгиланган тартибда жаримага тортилади. Яъни, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баробари миқдорида – 1 115000 минг сўм жарима қўлланилади. Шунингдек, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда, фуқаролар ўзаро мулоқот чоғида икки метр масафо сақлаши шарт. Кўчада ва жамоат жойларида 3 кишидан ортиқ одамларнинг тўпланишига чеклов ўрнатилади. Бу таъқиқ бир вақтда ҳаракатланаётган оилага нисбатан қўлланилмайди. Республика ҳудудидаги барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан ресторан, кафе, ошхона, чойхона, сингари тадбиркорлик субъектлари (уйга етказиб бериш хизмати бундан мустасно) мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашмагунига қадар фаолиятини тўхтатмай, давом эттираётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан кескин жазо чоралари кўрилмоқда. Манба: @koronavirusinfouz 284

Коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш тўғрисида

Шу йилнинг 26 март куни сурункали касалликлари билан диспансер назоратида бўлган наманганлик 72 ёшли аёл коронавирус инфекцияси ташхиси билан Наманган вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 27 март куни ушбу бемор шифокорларнинг реанимацион муолажаларига қарамасдан ўткир миокард инфарктидан вафот этган. Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари ушбу ҳолат билан боғлиқ тегишли фатволар ва тиббиёт соҳаси мутахассислари билан кенгашган ҳолда коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн этиш борасида қуйидагиларни маълум қилади. Ислом динида бирор мусулмон вафот этса, уни шариат кўрсатмасига биноан ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга буюрилган. Ушбу амалларни бажариш жараёнида одамга зарар етиш эҳтимоли мавжуд бўлса, “исломда зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” ва “машаққат енгилликни жалб қилади” каби фиқҳий қоидаларига биноан, мазкур амалларни ижрочиларга зиён-заҳмат етказмаган шаклда бажаришга рухсат берилади. Чунки билиб туриб жонини хавф-хатарга қўйиш – ўзини ҳалокатга ташлашдир. Бу каби ўта юқумли ва хатарли касалликлар вафот этган мусулмонларни ювиш, кафанлаш ва дафн қилишда ўзига хос талабларга риоя этишни тақозо этади. Яъни ювувчи, кафанловчи ва дафн қилувчиларга вирус ўтиш эҳтимолининг олдини олиш зарур. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан мазкур масала бўйича Мисрнинг “Дорул-ифто” фатво уюшмаси фатвоси, Азҳар уламолари кенгаши фатвоси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатволари ўрганиб чиқилди. Ҳозирги кунда дунё мусулмон давлатлари тажрибасида маййитни ювиш, кафанлаш ва дафн маросими санитар ходимлар ёрдамида шариатга мувофиқ адо қилинмоқда. Ушбу амалларни бажаришда маййитнинг яқинлари иштирок этаётгани йўқ. Марҳумнинг яқин қариндошлари фақат жаноза ўқишда қатнашмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўзаро маслаҳат асосида, карантин ҳолатида маййитни имкон қадар шариатимиз кўрсатмаларига мувофиқ ювиш, кафанлаш ва дафн қилишга ҳаракат қилинади. Бу жараёнда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили иштирок этади. Мазкур амаллар фарзи кифоя маъносидаги ишлар бўлиб, баъзи мусулмонлар амалга оширишса, қолганларидан соқит бўлади. Демак, коронавирус касаллиги мавжуд бўлган маййитни дафн маросимини фақат яқин қариндошлари вакиллари иштирокида қилиш лозимдир. Дафн маросимида иштирок этувчилар тиббий кўрсатмаларга амал қилишлари, жумладан, ниқоблар ва қўлқоплардан фойдаланишлари ҳамда маросимдан сўнг карантин талаблари асосида дезинфекция ва шахсий гигиена амалларини бажаришлари лозим. Таъкидлаш жоизки, жаноза, дафн ва таъзия маросимларини ихчам тарзда ўтказиш баробарида эпидемия ҳамда карантин давридаги талаблар, хусусан, гигиена қоидаларига жиддий амал қилиш лозим бўлади. Шунингдек, махсус комиссия қарори асосида қатъий чекланган таркибда ўтказилади. Мўмин-мусулмонларимиз Ислом дини манбаларига таянган ҳолда баён этилган мазкур жиҳатлар ва тадбирларни тўғри тушунишларига қатъий ишонч билдирамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 312