Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг 2020 йилги закот миқдори бўйича ҚАРОРИ Маълумки, закот Ислом арконларидан бири бўлиб, моли нисобга етган киши бир йилда бир марта уни адо қилиши фарз ҳисобланади. Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус пандимеяси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, юртимизда карантин эълон қилиниши сабабли, заруратсиз уйдан ташқарига чиқиш мумкин бўлмай қолди. Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб-қувватлашнинг зарурати туғилди ва айни пайтда бу ажри-савоби кўп бўлган амалдир. Мана шундай вазиятда моли нисобга етган бой-бадавлат кишилар молларининг закотини ҳам ҳақдорларга беришлари айни савобли амаллар сирасига киради. Мазкурларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан биридир. Қолаверса, ҳозирги синовли даврда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, закотнинг савобини бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади. Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир. Аллоҳ таоло бойларнинг ҳимматига барака, фақирларга қаноат ато айлаб, Ўзининг раҳмати ила бошимиздаги бу иллатни тез орада даф қилсин. Омин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 13 апрель 2020 милодий сана 19 Шаъбон 1441 ҳижрий сана Юқоридаги маълумотларга илова сифатида шуни айтиш мумкинки, муҳтожларга хайру саховат қилиш билан бир қаторда илм талабида бўлган талабаларни ҳам қўллаб-қувватлаб уларнинг контракт пулларини тўлаб бериш ҳам улкан савоб ҳисобланади. 355
#Мен_китоб_мутолааси_билан_бандман #chellenj давом этади. Навбатдаги қатнашчи Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, филолог Шоазим Миноваров. – Халқимиз эътиқоди асоси – табаррук ислом динининг нозил бўлиши Аллоҳнинг “Иқро” – “Ўқи” буйруғи билан бошлангани ҳаммага маълум. Қуръони карим ва муборак ҳадисларда илм ва маърифатга, яъни билиш ва танишга, устозлар ва талаба шогирдлар мавзусига алоҳида ўрин ажратилган. Китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллат ўзлигини, эркини, маданиятини бой бериши муқаррар! Ислом цивилизациясининг буюк вакилларидан бири, Ғарбда Аверроес номи билан машҳур олим Ибн Рушд (1126-1198) умри давомида фақат икки кеча китоб ўқимаган экан: бири уйланган ва иккинчиси отаси вафот этган кечада. Тобеинлардан Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) ҳаётида бир марта китоб ўқишни, яъни Қуръонни ўқишни тарк қилган. Ўшанда қорасон бошланган оёғини кесиб ташланганда ҳушдан кетиб, китоб ўқий олмай қолган. Жадидчилик ҳаракатининг буюк намояндаларидан бўлган Мунавварқори Абдурашидхонов бундай деганди: “Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхоналарға сарф этмакдадурлар”. Ойбек эса: “Китоб ва мутолаа сизни қудратли ижод булоғига бошлайди. Китоб ва мутолаа сизни кўпдан-кўп янги босқичларга кўтаради” дейди. Мутолаанинг инсон учун манфаати чексиз. Хусусан, у шундай катта қудратга эгаки, инсоннинг руҳиятини тозалайди, уни тарбиялайди, адолатга томон чорлайди. Фарзандлар тарбияси ва уларни камолотга етказишда ҳам китобнинг аҳамияти бениҳоя. Китоб ўқишнинг инсон камолотидаги муҳим ўрнига Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 12 январь куни Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиши имзоланган эди. Фармойишда республикада нашр ишлари, ёзувчилар ва ноширларга зарур шароитлар яратиб бериш каби муҳим чора-тадбирлар қаторида аҳолининг китобхонлик маданиятини юксалтириш, жаҳон адабиётининг энг сара асарларини ўзбек тилига ва ўзбек адабиётининг энг яхши асарларини хорижий тилларга таржима қилишга аҳамият бериш ҳам таъкидланганди. Ўтган вақт ичида ушбу йўналишда жуда катта ишлар амалга оширилди. Халқи китобхон мамлакатга айлана бошладик. Жамиятимиз аъзолари, айниқса ёшларнинг маънавий дунёсини бойитишда Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида жойлашган нашриётлар томонидан катта ҳажмда китоблар нашр этилди ва тарқатила бошланди. Ҳар томонлама баркамол инсонни шакллантиришда нафақат миллий адабиётимиз, балки жаҳон адабиётининг жавоҳирлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда Чарлз Диккенснинг “Катта умидлар”, Ф.Мориакнинг “Илонлар комида” романларини инглиз ва француз тилларидан таржима қилдим. Уларнинг нашр этилишида иштирок этдим. Мактабда ва талабалик йилларимда ўқиган китобларим орасида ана шу икки буюк асар мени яхши маънода ларзага солганди. Миллий адабиётимизда эса А.Навоийнинг “Ҳайратул-аброр”, О.Ёқубовнинг “Тошкентликлар”, А.Қодирий романлари, Ғ.Ғулом, П.Қодиров, А.Қаҳҳор, А.Мухтор, С.Аҳмад асарлари ўзимнинг ҳам инсон, ҳам филолог бўлиб шаклланишимга катта таъсир кўрсатди. А.Қаҳҳор билан С.Аҳмаднинг ҳикоялари бемалол Мопассан ёки Чехов новеллалари билан беллаша олади, деб ўйлайман. Ёзувчи Шуҳратнинг “Шинелли йиллар” романи нафақат урушга нисбатан, балки умуман ҳаётга нисбатан кўзимни очди, деган фикрдаман. Фарзанд маънавий дунёсини бойитишда унга ёрдам берадиган асосий восита китоб эканини ҳар биримиз эътироф этамиз. Китоб билан дўстлашган қалблар ихтиролар кашф этади, ноёб қобилиятга эгалиги билан ажралиб туради. Шунинг учун доимо ўқиб-ўрганишдан чарчамаслик, ундан узоқлашмаслик лозим. Китоб ва билим инсониятга бахт ва омад келтиради, чунки китоб – инсоннинг маънавий қиёфасини очиб беришга, билим савиясини бойитишга хизмат қилувчи муҳим восита ҳисобланади. Китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб...
Маълумки, яқин кунларда мусулмонлар интиқиб кутадиган, муборак Рамазони шариф ойи кириб келмоқда. Ҳар йили юртдошларимиз Рамазон ойини алоҳида тайёргарлик ва хурсандчилик билан кутиб оладилар ва кўтаринки руҳда, ўзгача шукуҳ билан ўтказадилар. Чунки, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларнинг ризқига барака, амалларига улкан ажру савоблар ато этилади. Зеро, Аллоҳ таоло Рамазон ойида мўминларга кундуз кунлари рўза тутмоқликни фарз, тунлари таровиҳ намозини ўқимоқликни нафл қилиб берган. Рамазон ойида Қуръони каримни хеч бўлмаса бир марта бошидан охиригача ўқиб хатм қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларидандир. Рўзадорларга ифторлик қилиб бериш, муҳтожларга хайру садақалар улашиш ушбу ойга хос бўлган амаллардан саналади. Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам Коронавирус пандимеяси тарқалди. Бу касаллик кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида юртимизда карантин эълон қилинди. Маълумки, ушбу ҳолат вужудга келгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозим эканлиги етказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эъло қилинди. Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди. Юқоридагилардан келиб чиқан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради: Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” ҳайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади. Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам он-лайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсинлар. Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар. Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 307