islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Уламолар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир

Биз биламизки, илм Ислом динининг асоси бўлиб, бу дин инсониятни доимо илмга тарғиб қилиб келган. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратганидан сўнг, унга исмларнинг барчасини таълим берди. Шу илм билан Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан устун тарафини намойиш этди. Қуръони Каримнинг аввалги нозил бўлган ояти ҳам «Ўқинг» деган сўз билан бошланган. Илм билан инсон юқори мартабаларга эришади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм эгаларини мақтаб шундай деган:

قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9-оят).

Яна бошқа оятда шундай дейилган:

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба) ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала, 11-оят).

Улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳар сафар шу оятни ўқисалар, «Эй, одамлар! Бу оятни яхши англанглар, у сизларни илмга тарғиб қилади», дер эканлар.

Илм эгаларининг фазилати ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عن أبي أمامة الباهلي قال : » ذكر لرسول الله صلى الله عليه و سلم رجلان أحدهما عابد والآخر عالم فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم : » فضل العالم على العابد كفضلي على أدناكم » ثم قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : » إن الله وملائكته وأهل السماوات والأرض حتى النملة في جحرها وحتى الحوت ليصلون على معلم الناس الخير » . رواه الترمذي

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг обидга нисбатан фазли, сизларнинг энг пастингизга кўра, менинг фазлимга ўхшайди», дедилар, сўнгра, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари ва ер ва осмон аҳли, ҳатто ўз инидаги чумоли ва ҳатто кит ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтади», дедилар. Термизий ривояти.

Ҳа, олимлик шундай улуғ фазилат бўлиб, уни Аллоҳ хоҳлаган бандасига насиб этади. Аллоҳ таоло бундай олимларни ҳар бир замонда ўзининг изни билан чиқариб қўяди. Бизнинг юртимиз шундай олиму уламолар юртидир. Аввалдан бизнинг диёримиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абул Баракот Насафий ва бошқа уламолар етишиб чиққан ва бу анъана яна Аллоҳ хоҳласа давом этади. Яна қанчадан қанча олиму фозиллар етишиб чиқади.

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Уламолар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар бирор динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким уни оладиган бўлса, катта насибани олибди», дедилар.

Ушбу ҳадисда айтилганидек, олим бандалар пайғамбарлар меросхўри ҳисобланадилар. Чунки, бу уламолар доимо дин ва илмнинг ғамида бўладилар. Ўзларининг ортидан катта илм ва кўплаб шогирдлар қолдиради. Аллоҳ таолодан уламоларимизнинг мартабаларини бунданда юқори қилишларини сўраб қоламиз.

Каримулло Мирзаахмедов, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Манба: Kukaldosh.uz 

111620cookie-checkУламолар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: