Тошкент ислом институтида “Январь – Араб тили ва Балоғат фанлари ойлиги” муносабати билан “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси Иззатуллоҳ домла Юлдашев 1-курс талабалари иштирокида “Балоғат илмига асос солган уламолар” мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказди.
Давра суҳбатида балоғат илмини келиб чиқиши ҳамда унга асос солган уламолар ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди.
Манбаларда келтирилишича Балоғат фани бўйича китоблар ҳижратнинг II асридан бошлаб ёзилган. Энг биринчи бўлиб “Илми Баён” ҳақида китоб ёзилган. 206 ҳижрий санада дорул бақога риҳлат қилган Абу Убайда Маъмар ибн ал-Мусанний ал-Басрийнинг “Мажозул Қуръон” китоби илми баённинг биринчи бўлиб алоҳида илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйди. Абу Убайда Халил ибн Аҳмаднинг шогирди бўлиб, ҳазрат Сибавайҳнинг шайхи ҳисобланади.
Илми маоний ҳақида эса биринчи бўлиб қалам тебратган олим ким эканлиги маълум эмас. Бу борада кўплаб муаллифларнинг асарлари мавжуд. Лекин, услубида ягона бўлган, адиблар сардори дея танилган Абу Усмон Амр ибн Баҳр ал-Жоҳизнинг (вафоти 255 ҳижрийда) “ал-Баён ват-табйин” ҳамда “Иъжозул Қуръон” номли китоблари улар орасида алоҳида ажралиб туради. У кишидан кейин Абу Аббос ал-Мубаррад “ал-Комил” асари билан, ибн Қутайба “аш-Шеър ваш-шуаро” китоби билан бу фанга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Балоғатнинг бадиъ илми бўйича биринчи бўлиб асар ёзган олим халифа Абдуллоҳ ибн ал-Муътазз ибн ал-Мутаваккил ал-Аббосийдир (в. 296 ҳ.). У гап безаги, яъни бадиий тасвир воситаларини чуқур ўрганиб, улардан ўн еттитасини ўзининг “ал-Бадиъ” асарида келтириб ўтади. Кейинги асрларда ҳар бир олим бу илмни ривожлантирди. “Ас-Саноъатайн” асари соҳиби Абу Ҳилол ал-Аскарий, “ал-Умда” соҳиби ибн Рашиқ, буюк ватандошимиз муфассирлар устози “ал-Кашшоф” асари соҳиби Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий ва бошқаларни санаш мумкин. Балоғат илми чўққисини эса, шайх имом Абдулқоҳир ибн Абдурраҳмон ал-Журжоний (в.471 ҳ.) ўзларининг “Далоилул-иъжоз” ва “Асрорул-балоға” китоблари билан забт этдилар. У кишидан кейин беназир шоҳсупага форс ўғлони Абу Яъқуб Юсуф ас-Саккокий (626 ҳ.) чиқдилар. Китобларининг номи “Мифтоҳул-улум” бўлиб, академик Карачковский балоғат илмини айнан мана шу асар билан ўз камолига етган дея баҳолайди. Кейинги асрларда муаллифлар асосан Саккокийнинг “ал-Мифтоҳ” асарига шарҳ ва ҳошиялар ёза бошладилар.
Суҳбат сўнгида талабаларга балоғат илмини ўрганиш зарурлиги ва уни осон ўрганишга олиб борадиган услублар ва тавсиялар берилди.
ТИИ Тиллар кафедраси
кабинет мудири Анваров Элёр