Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам хар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.
Аввало, фатво илмли, тақволи ва адолатли кишидан сўралади. Бу ҳақда машҳур ҳанафий фақиҳ Ибн Обидин ўзининг «Раддул Мухтор» номли китобида:
«Иттифоқ қилинганки, фатво аҳли илмнинг ичида ижтиҳод ва адолат билан танилган ва одамлар уни улуғлаб, фатво сўраб турган кишидан сўралади. Агар ижтиҳод ва адолатдан бирортаси бўлмаса ҳам, фатво сўралмайди», деган.
Кези келганда, фатво берувчи учун Ислом умматининг мужтаҳид уламолари томонидан қўйилган шартларни қисқача ўрганиб чиқишимиз фойдадан ҳоли бўлмас.
Фатво берувчида қуйидаги сифатлар бўлиши шарт:
Мухлис, тақводор мусулмон бўлиши.
Ақлли бўлиши.
Балоғатга етган бўлиши.
Адолатли бўлиши.
Яъни шариат кўрсатмаларидан чиқмайдиган бўлиши. Чунки фатво Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдан иборат. Фосиқнинг хабари дин сохасида қабул эмас.
Ижтиҳод.
Имом Шофеъий бу ҳақда қуйидагиларни айтганлар: «Фақатгина қуйидагиларни ўзида жамлаган кишигина Аллоҳнинг динида фатво бериши мумкин: Аллоҳнинг Китобини, унинг носих ва мансухини, муҳкам ва муташобиҳини, таъвийл ва танзийлини, маккийсини ва маданийсини яхши билган бўлиши ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билиши керак. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўзлаштирган бўлиши керак. Ҳадисдан ҳам Қуръондан билган нарсаларни билмоғи лозим. Араб тилини ва шеъриятини яхши билмоғи керак. У нарсаларни инсоф ила ишлатиши шарт. Турли диёр уламоларининг ихтилофларини ҳам англаб етган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўткир зеҳнли бўлмоғи хам керак, ана шундагина гапириши ва ҳалол ҳамда ҳаромдан фатво бериши мумкин. Бўлмаса, жим турсин».
Фатво берувчи олим ундан савол сўраган кишига нисбатан муршид ва устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўровчи у билан бўладиган муомаласида одобли бўлмоғи, уни илми учун улуғламоғи ва эҳтиром қилмоғи лозим. Faм-ғуссада бўлган, аччиқланиб ёки қалби машғул бўлиб турган олимдан фатво сўраш одобдан эмас. Олимдан савол сўраган пайтда унинг далили сўралмайди. Жуда сўраш лозим бўлса, бошка мажлисда ёки фатвони қабул қилиб олгандан бир оз ўтиб сўраса, жоиз.
Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:
Кўп савол сўраш.
Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.
Воқеъликда йўқ нарсани сўраш.
Қийин масалаларни сўраш.
Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш («Бомдод намози нима учун икки ракъат?», «Нимага икки марта сажда килинади?» кабилар).
Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.
Бошқалардан устун келиш учун қайсарлик қилиб сўраш, бир олимдан сўрагандан кейин бошкасидан яна ўша саволни сўраш.
Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб сўраш.
Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар бир нечта бўлсалар, сўровчи ўзи хоҳлаганига мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар: «Уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул», деганлар. Барча мусулмон халқлар қатори бизнинг халқимиз ҳам қадимдан мазкур фармони илоҳийга амал қилиб, динда билмай қолган масалаларини ўз уламоларидан сўраб келди. Уламолар эса, ўз навбатида бу сохада ихлос билан хизмат килдилар. Юртимиз фақиҳларининг фатво бобида таълиф килган китобларидан Ислом оламида хозирги кунимизгача унумли фойдаланиб келинмоқда.
Тошкент ислом институти
талабаси Нодирбек Шербоев