islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Истиқоматда бўлинг!”

Диннинг асосий мақсадларидан бири инсонга ёмонликнинг зарарларини баён қилиб, ундан асраб қолиш ҳамда ёмон йўлга кириб кетганларни тўғри йўлга чорлашдир. Тўғри йўлда юриш одобий тараққиётнинг сабабидир. Қайси жамиятда шу иш яхши йўлга қўйилса, ўша жамиятнинг аҳволи ниҳоятда яхши бўлади. Агар инсонда тўғри йўлдан юриш рағбати бўлмаса, унда яхшиликка интилиш сўнади ва ёмонлик ботқоғига ботиши осонлашади. Шунинг учун ҳам Исломда тўғри йўлдан юришга алоҳида эътибор берилган. Бундай масалаларни ҳам Қуръони карим муолажа қилади.

Ҳеч шубҳа йўқки, халқларнинг ўз хусусиятларини сақлаб қолишларида ахлоқ асосий омил ҳисобланади. Шунинг учун ҳам барча уламолар ва файласуфлар бир овоздан: “Ёлғиз кишиларнинг ва барча жамиятларнинг фойдаси учун ахлоқ ниҳоятда зарур”, деганлар. Шунинг учун ҳам барча пайғамбарлар кишиларни яхши ахлоқларга чорлаганлар. Қуръони карим бу масалага алоҳида эътибор берган. Чунки ахлоқ охират неъматларига етказувчи асосий нарсалардан биридир. Бу ҳақиқатни мусулмон бўлмаганлар ҳам тан олишган. Мисол тариқасида доктор Густав Лобоннинг қуйидаги сўзларини келтириш мумкин: “Қуръони каримдаги ахлоқ асослари бошқа барча дин таълимотларидан устун туради”.

Қуръон бажаришга буюрган яхши хулқлар ҳақиқий инсоний фазилатлар бўлиб, дунёдаги барча файласуфлар ва ислоҳчилар кишиларни шу нарсаларга чақирган. Агар инсонлар шу нарсаларга амал қилишса, ўзлари учун жуда ҳам катта бахтга сазовор бўлардилар.

Қуръон инкор қилган ёмон хулқлар разолатдан иборат бўлиб, ўзаро келишмовчилик ва душманликнинг сабабидир. Бу дунёда инсон ёмонлик ва яхшилик ўртасида талашда қолади. Бир ички ёки ташқи сабаб туфайли ё у тарафга, ё бу тарафга бурилиб кетади.

Шунинг учун ҳам Исломда тўғри йўлдан юришга алоҳида эътибор берилган. Тўғри йўлда юриш диний китобларимизда “Истиқомат” ва шу ўзакдан олинган бошқа сўзлар билан келтирилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Истиқомат”ни кўп мақтаган. Мисол учун, Аҳқоф сурасининг 13-оятини олайлик:

Албатта, Роббимиз Аллоҳдир” деган, сўнгра бунда мустақим турганларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга иймон келтирдим” дегин, сўнгра “истиқоматда бўл” (доимо тўғри йўлда юриш), деган эканлар.

Истиқомат фақат ўз-ўзини ислоҳ  қилиш ва қалбни поклаш бўлмасдан, гуноҳ ишларни қилиб қўйганлар учун умид эшигини очади ва уларни янги саодатли ҳаётга бошлайди. Бу нарсалар ундай кишини ноумидликдан қутқаради. Ноумидлик одамларни ҳеч яхшилик кутиб бўлмайдиган, доимо ёмон ишлар билан машғул бўладиган қилиб қўяди. Бу таълимотлар ҳозирги замон психология илмининг барча кашфиётларини ўзида мужассамлаштириб келган.

Тошкент ислом институти талабаси

Турсунбоев Абдулаҳад

363500cookie-check“Истиқоматда бўлинг!”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: