Бисмиллаҳ, деб тутдим қалам,
Сенга ҳамдлар Парвардигор.
Раҳим қилгин, эй меҳрибон,
Ҳам кечиргин Ғофур, Ғаффор.
Ғамга чўкса, жами олам,
Бизни ёлғиз ташламагил.
Пок суннатни қилгин ато,
Ул Набийга уммат қилгил.
Унда экан бор камолот,
Хулқи азим, йўли нажот.
Дунёдаги жами одам,
Ундан олар кўмак, ёрдам.
Биз умматлар ўзни билсак,
Ана шудир тўкис омад.
Қай суннатни қилсак жорий
Етар бизга чин манфаат.
Мен ҳам сенга айлай баён,
Ул Набийнинг суннатини.
Таомга қўл чўзар бўлсанг,
Қил Набийнинг одатини.
Не бор асли, айтгин менга
Ҳақ исми-ла бошланмаган.
Таом емоқдан илгари
“Бисмиллаҳ”ни айтсин забон.
Жаҳрий айтгин тасмияни,
Огоҳлик кут ҳар бандадан.
Гар унитсанг охирги дам
Илова қил сўнг қайтадан.
Қўлингни юв аввал-охир,
Кўп барака ҳам шундадир.
Ювмай ётиб етса заҳмат
Ўша банда тушкундадир.
Ибодатинг бўлгай тугал
Таомингда бўлса меъёр.
Сенга хушуъ қилур таъзим
Хайр ҳамда тақво дастёр.
Балки кўпдир этга рағбат,
Ема кўпам қўйнинг гўштин.
Ҳар кун есанг тошар қувват,
Сал пасайтир нафснинг шаштин.
“Ла тусрифу”, демиш Раззоқ
Итоатда бўлдинг банда.
Энди қилма таом исроф
Йўқсилга бер ортса танга.
Агарки қўл бўлса бисёр
Ҳар таомнинг устидаги.
Сенга раҳмат ҳам ёғилгай
Қут-барака қасдидаги.
Кўкатни е, унда оқсил,
Краҳмалдан куч пайдодир.
Угьлеводга бойдир таом,
Қонинг равон тез дарёдир.
Тақво аҳли сенга мадад,
Гар таомда жам бўлишса.
Улар бойлик туганмас кон
Сўзи тилло, кам дейишса.
Иссиқ таом жиғилдонни
Ҳам куйдирар ошқозонни.
Сал совитиб емоқ лозим
Қайнатмасин қизил қонни.
Пашша тушса, қайғурмагин
Бир ботириб сўнгра олгин.
Бир қанотда дарди бўлса
Бошқасида шифо олтин.
Ҳар бир ишни ўнгдан бажар
Расулуллоҳ қилганидек.
Ўнг қўл билан е дўстгинам,
Чапдан ема шайтон, жиндек.
Ким не емоқда, боқмагин
Улар бўлмасин хижолат.
Одоб эрур кўзни тиймоқ
Қийин, лекин зўр ибодат.
Қолма чақирган жойлардан
Ҳурматингдур бу мезбонга.
Ўз олдидан еганида
Озор етмас ҳеч меҳмонга.
Олимлару улуғлардан
Аввал ким ҳам айтарди сўз?
Таомни ҳам бошлаганда
Улардан сўнг қўлингни чўз.
Йўл бу ҳамма ўтар жойдир,
Бири мискин, бири бойдир.
Йўлда есанг агар таом
Назар солар сенга авом.
Қут-барака етар сенга
Ема овқат ўртасидан.
Тик туриб ҳам ема таом
Тайёр бўлсин ожиз бадан.
Ҳам пиёзу саримсоқни
Пишириб е, ҳазмий таом.
Дуо қилинг соҳибини
Яхшидир хўп эзгу калом.
Аллоҳ саломлар йўлласин
Ул азиз Ҳақ Набийсига.
Суннатлари жорий халққа
Далил бўлмиш ваҳийсига.
Аё уммат, қилсанг ҳиммат,
Бу суннатлар сенга бахтдир.
Таом танга қувват бўлса,
Суннат жаннат учун нақддир.
Ахборот ва техник таъминот бўлими
бошлиғи Т.Азимов